Эҳтиром
Ер оҳиста кезар экан самода,
Тинчлик деган зўр неъматга бош эгдим.
Барча халқлар ҳур яшасин дунёда,
Эркин дўстлик, тенг қудратга бош эгдим.
Тонг босқони алвон нурлар учириб,
Қир базмига лола отар жўш уриб,
Гоҳ хаёл, гоҳ ҳақиқатга тўш уриб,
Инсон яшар бу ҳикматга бош эгдим.
Чақмоқ билан қайраб тоғлар зангини,
Ҳар бир гулга қайтарди ўз рангини.
Эскини ёд этди, қўллаб янгини,
Наврўз, Она табиатга бош эгдим.
Қалб – ойина, унда олам жамоли,
Севгидан руҳ олар инсон камоли,
Қўш кабутар қанотининг шамоли
Дилга тушди – муҳаббатга бош эгдим.
Елкасида тўрт фаслни опичган,
Тупроғига юлдузларни оптушган,
Ҳар не мушкул чиқса мағрур олишган,
Танти ўзбек, мард миллатга бош эгдим!
Ёнаётган дарахт
Тунда яшин тушди боғнинг четига,
Зулмат бойўғлидек чекинди карахт.
Вулқондек портлади қоронғуликда
Ёнаётган дарахт!
Салобатли яшил салтанат эди,
Эркин қушчаларга зангор пойитахт.
Учқунлардек тўзитди қушчаларини
Ёнаётган дарахт!
Нега, нега ёнди?! Кечқурун бехос
Булутлар гулдираб қилгандилар жаҳд, –
Уйғоқ эди, ўзи илк зарбни олди
Ёнаётган дарахт!
Ана, ёнар, ёнар тунга ўчма-ўч,
Юракдай потирлар ҳар барг оловсахт.
Огоҳ этаётир ўз боғин хавфдан
Ёнаётган дарахт!
Дарахтлар ёнмоқда бугун дунёда,
Ёниб ўзгаларни уйғотмоқ не бахт!
Дўстларимдир барча ёнаётганлар,
Юрагимдир – ЁНАЁТГАН ДАРАХТ!
Кубро эътирофи
Дилим хун, қирмизи юзлардан қўрқдим,
Макрини юз гулга гизлардан қўрқдим.
Одамлар қўрқарлар ёмон кўзлардан,
Мен эсам шу яхши кўзлардан қўрқдим.
Танда жон комиллиғ учун имкондир,
Ҳар кимдан бир хато излардан қўрқдим.
Киприкким ер чизса, бир суврат қолур,
Ҳадеб ерга ботган тизлардан қўрқдим.
Қўрқмадим узун йўл, залворли юкдан,
Ҳолимни Машҳарда эслардан қўрқдим,
Дала-туз, сувимда, ёраб, не хатар,
Қўнмай ўтиб кетган ғозлардан қўрқдим.
Кўп кездим шўр ҳамла Баҳрул муҳитни,
Оролни тарк этган тузлардан қўрқдим.
Илму иймон кўкка йўл излар бўзлаб,
Дардингдан ҳам бир наф кўзлардан қўрқдим.
Элимнинг биргина, Омон, сўзиман,
Худодан қўрқмаган юзлардан қўрқдим.
***
Ишқдан ҳол сўрдим, ул:
“Ишқ – ҳол эрмас!” – деди.
“Ишқ, айтгил қисматим?!”
“Ишқ – фол эрмас!” – деди.
“Ишқ, суврат ҳадя эт!”
“Ишқ, бу – маъно!” – деди.
“Ишқ, дардинг ўлдирур!”
“Ишқ, бу – даво”, – деди.
“Ишқ, ҳамроҳ ўл!” – дедим,
“Ишқ – сарбон!” – деди ул,
“Ишқ, кел, соғиндим-ай!”
“Ишқ – армон!” – деди ул.
“Ишқ, сен қалбимдасан!”
“Хотиринг жамму?!” – деди.
“Ишқ! Дийдор истадим!”
“Ишқ ўзи камму?!” – деди.
