Бугунги глобал иқтисодиётда давлатлар ўртасидаги рақобат нафақат табиий ресурслар ёки молиявий имкониятлар, балки интеллектуал салоҳият, инновацион тафаккур ва билимга асосланган ривожланиш модели орқали белгиланяпти. Йирик иқтисодиётга эга давлатлар асосий устунликни замонавий таълим тизими, илмий тадқиқотлар ва инсон капиталига инвестиция киритиш орқали қўлга киритмоқда.
Жаҳон банки ҳамда “McKinsey Global Institute” тадқиқотларига кўра, XXI асрда иқтисодий ўсишнинг асосий омили меҳнат бозорида рақобатбардош ва янги технологияларга мослаша оладиган кадрларни тайёрлаш билан боғлиқ кечади. Бу борада етакчи давлатлар таълим тизимини шунчаки академик билим бериш модели тарзида эмас, балки инновациялар генератори сифатида кўришмоқда.

Қолаверса, ҳозир иқтисодиёт билимга асосланган, технологиялар эса меҳнат бозорини қайта шакллантираётган давр. Жаҳон банкининг ҳисоботларига кўра, XXI асрнинг иккинчи ярмига келиб, меҳнат бозорида етук, илмли кадрларга бўлган талаб 10-15 йил мобайнида тубдан ўзгариб боради. Айтайлик, бугун оммалашаётган мутахассисликларга 2030 йилга бориб талаб камайиши ёки янги форматда шаклланиши мумкин. Демак, университетлар эндиликда нафақат таълим беришга, балки талабаларни юқоридаги ўзгаришларга тайёрлашга ҳам эътиборларини қаратишлари лозим.
Энг муҳими, дунёдаги энг ривожланган таълим моделлари назария ва амалиёт ўртасидаги чегарани йўқотиб, саноат, тадқиқот ва таълимни уйғунлаштиришга қаратилган. Бу борада Малайзия тажрибаси эътиборга лойиқ: ушбу мамлакат таълимни иқтисодиётнинг реал эҳтиёжлари билан интеграция қилиш, университетларни тадқиқот марказларига айлантириш ва ёшларни халқаро меҳнат бозорига тайёрлаш бўйича самарали моделларни жорий этган.

Малайзия олий таълим тизими сўнгги йигирма йил ичида кескин ривожланиб, глобал рейтингларда юқори ўринларни эгаллай бошлади. “QS World University Rankings – 2024” маълумотларига кўра, “Universiti Malaya (UM)” дунёнинг энг кучли 100 университети қаторига кирди, “Universiti Putra Malaysia (UPM)” эса тадқиқот ва инновация борасида катта муваффақиятларга эришди. Бу мамлакатнинг таълим модели анъанавий ёндашувлардан кечиб, инновация ва тадқиқотларга асосланган экотизимга айланди.
Шу нуқтаи назардан, Президентимизнинг Малайзияга расмий ташрифи доирасида университетимиз делегацияси ҳам ушбу давлатда бўлиб, олий таълим тизими билан яқиндан танишди. Шунингдек, Таълим сифати аккредитация агентлиги директори, профессор Муҳаммад Шатар Сабран билан мулоқотда халқаро аккредитациянинг босқичлари, талаблар ва жараённи енгиллаштириш бўйича келишувга эришдик. Бу фақат халқаро тажриба ўрганиш эмас, балки миллий таълим тизимига умумэътироф этилган халқаро нормаларни жалб қилиш, пировардида, халқаро алмашинув дастурларини амалга ошириб, кадрларни меҳнат бозори эҳтиёжларига мослаштириш билан аҳамиятли бўлади.

Бугунги глобаллашув шароитида мамлакатимиз олий таълим тизимининг халқаро майдонда тан олиниши ҳар қачонгидан ҳам муҳим. Таълим сифати, илмий тадқиқотлар самарадорлиги ва халқаро алоқалар кўлами университетлар рейтинги ва битирувчиларининг келажакдаги имкониятларини белгилаб беради. Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг асосий стратегик мақсади ҳам миллий таълим тизимимизни жаҳон стандартларига мос равишда такомиллаштириш, халқаро таълим маконида муносиб ўрин эгаллашдан иборат.
Ҳозирги кунда дунёнинг ривожланган давлатларида таълим сифатини кафолатлаш ва халқаро миқёсда тан олинишига асосий тамойиллардан бири сифатида қаралади. Халқаро аккредитацияга эга университетларнинг дипломлари дунё бўйлаб тан олинади, битирувчилари хорижда ўқиш ёки ишга жойлашишда қўшимча афзалликлар, имтиёзлар ва имкониятларга эга бўлади.Малайзия тажрибаси шуни кўрсатадики, халқаро аккредитацияга эга университетлар нафақат ўқув жараёнини халқаро стандартларга мослаштиради, балки иқтисодий жиҳатдан ҳам ўз мустақиллигини мустаҳкамлайди. МҚА агентлиги билан бўлиб ўтган учрашувда таълим сифати бўйича белгиланган талаблар, аккредитация жараёни ва афзалликлар муҳокама қилинди.

Аккредитациядан ўтиш университет учун қуйидаги имкониятларни яратади:
– битирувчиларимиз дипломларининг халқаро майдонда тан олиниши – бу уларнинг халқаро меҳнат бозорида рақобатбардошлигини оширади;
– ўқув дастурларининг халқаро стандартларга мослиги – бу таълим жараёнини замонавий ва инновацион ёндошувлар орқали такомиллаштиришга хизмат қилади;
– университетнинг халқаро рейтингларда ўрнини мустаҳкамлаш – хорижий инвесторлар ва ҳамкорлар учун жозибадорликни оширади.
Шуни тан олиш керакки, Ўзбекистонда олий таълим соҳаси дунё таълим маконига интеграциялашиш жараёнида турли тўсиқларга дуч келмоқда. Шу боис, талабалар алмашинуви, қўшма таълим дастурлари ва илмий ҳамкорлик лойиҳаларида халқаро аккредитацияга эга бўлиш талаб этилади. Шунинг учун ҳам бу жараённи тезлаштириш университетимиз учун стратегик аҳамият касб этади. Университетимиз барча йўналишлар бўйича халқаро талабларга мос келадиган таълим тизимини шакллантириш йўлида иш олиб бормоқда.
Шунингдек, Малайзиянинг INTI Xalqaro Universiteti ва Dewan Bahasa dan Pustaka таълим ташкилоти билан ҳамкорлик бўйича ҳужжатлар имзоланди. Натижада малай тилининг университетимизда ўқитилишини қўллаб-қувватлаш ва ўқув дастурларини бойитиш, талабалар алмашинуви ва қўшма таълим дастурларини йўлга қўйиш (бакалавр 2+2, магистратура 1+1) Малайзияда магистратура ва докторантура босқичларида илмий тадқиқотларни олиб бориш учун имкониятлар яратиш бўйича келишувлар имзоланди. Улар, ўз навбатида, ЎзДЖТУ талабаларининг халқаро таълим майдонига кириб бориши учун янги эшикларни очади. Малайзиянинг илғор технологиялари, таълим методлари ва инновацион ёндашувлари биз учун муҳим тажриба бўлади.
Биз олий таълим тизимини ислоҳ қилишда шунчаки назарий ўзгаришларни эмас, балки амалий натижаларга асосланган ривожланиш моделини яратишни мақсад қилганмиз. Бугунги глобал тенденцияларни инобатга олсак, университетлар халқаро майдонга чиқмас экан, миллий даражада ҳам рақобатбардош бўлиши қийин. Малайзияда имзоланган ҳамкорлик битимлари, халқаро аккредитация жараёнининг бошланиши – ЎзДЖТУнинг халқаро даражага чиқиш йўлидаги муҳим қадам бўлади. Келажакда бу жараённи янада кенгайтириш ва бошқа нуфузли халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни мустаҳкамлашимиз зарур.
