Бундан 30 йил аввал Ватанимиз сиёсий саҳнасида “Адолат” аталмиш, номи ўзига хос ва мос сиёсий куч пайдо бўлган эди. Партия ўтган йиллар мобайнида самарали, сермазмун фаолият юритиб келганига ҳаммамиз шоҳидмиз. Энг аҳамиятли жиҳати эса, биз, ҳаммамиз мана шу жараённинг ҳам бевосита, ҳам билвосита иштирокчиларимиз.
Ҳаммамизга яхши маълумки, ўтган асрнинг тўқсонинчи йиллари ўрталарига келиб мустақил Ватанимизнинг янада тараққий этиши йўлида ҳуқуқий демократик, ижтимоий давлат ва барча учун фаровонлик таъминланган адолатли фуқаролик жамиятини қуришнинг социал-демократик моделини таклиф этувчи сиёсий кучга эҳтиёж ва талаб уйғонганди. Шу эҳтиёж ва талаб ҳосиласи ўлароқ, 1995 йилнинг 18 февраль куни пойтахтимиздаги “Киночилар уйи”да Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг Биринчи таъсис қурултойи бўлиб ўтди.
Қурултойда республикамизнинг барча ҳудудларидан келган 185 делегат иштирок этди. Уларнинг 16 нафари хотин-қизлардан иборат эди.
Партия ташкил этилишининг асосчилари бўлган Ташаббускор гуруҳ ўзаги йирик жамоат арбоблари – “Халқ сўзи” газетаси бош муҳаррири Анвар Жўрабоев, Тошкент давлат университетининг ректори, академик Тўхтамурод Жўраев, Андижон давлат университети ректори, профессор Акмал Қосимов, Тошкент давлат юридик институти ректори, профессор Ҳалимбой Бобоев, 1-Тошкент давлат тиббиёт институти ректори, академик Турғунпўлат Даминов, Олий Кенгаш депутати Улуғбек Дониёров, Тошкент давлат техника университети проректори, профессор Содиқжон Қосимовлардан иборат бўлган.
Таъсис қурултойида Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг “Адолат” ҳафталик газетасини ташкил қилиш ҳақида қарор қабул қилиниб, 1995 йил 22 февралда газетанинг илк сони нашрдан чиқди.
Сиёсий майдонда халқчил ва ҳаётий ғоялари билан қисқа муддат ичида ўз ўрни ва обрўсига эга бўлган Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг асосий электоратини ишчи ва меҳнаткашлар, юқори малакали мутахассислар, бюджет соҳаси хизматчилари, педагоглар, шифокорлар, илмий ва инженер-техник ходимлар, хизмат кўрсатиш соҳаси ходимлари ва бошқалар ташкил этди.
Партиянинг бош мақсади мустақилликни мустаҳкамлаш йўлида ислоҳотларнинг боришига, ҳуқуқий демократик, адолатли фуқаролик жамияти барпо этиш ва пировардида Ўзбекистонни демократик, ҳуқуқий, ижтимоий давлат сифатида жаҳоннинг ривожланган мамлакатлари сафида мустаҳкам ўрин тутишига ҳисса қўшишга қаратилган.
Бугунги кунда Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси мафкурасининг асосий ғоялари давлат сиёсати даражасига олиб чиқилган бўлиб, ҳаётимизнинг турли жабҳаларида қўлланилиб келинмоқда.
Энди айрим рақамларга эътибор қаратсак:
“Адолат” СДП таъсис этилган 1995 йилда унинг сафига 3 400 нафардан ортиқ аъзолар кирди.
1995 йилда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига бўлиб ўтган сайловларда партия 47 депутатлик ўрнига эга бўлди.
1999 йилга келиб партия аъзолари сони 40 минг нафарга етди.
1999 йил декабрида бўлиб ўтган сайловларда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига “Адолат” СДПдан 11 нафар ва маҳаллий Кенгашларга 60 нафар депутат сайланди.
2004 йилнинг 1 октябрига келиб “Адолат” социал-демократик партияси аъзолари сони 50 181 нафарга етди.
2004 йилнинг декабрь – 2005 йилнинг январь ойларида бўлиб ўтган сайловларда “Адолат” СДПдан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолигига икки сафдошимиз – Мир-Акбар Раҳмонқулов ва Мамазоир Хўжамбердиев, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига ўн нафар сафдошимиз – Дилором Тошмуҳамедова, Абдулла Абдуназаров, Мамит Асқаров, Абдурафиқ Аҳадов, Ойша Ахунова, Зуҳра Ботирова, Худоёр Маматов, Юсибжон Нишонов, Исмоил Саифназаров ва Собир Турсуновлар сайландилар. Шунингдек, халқ депутатлари вилоят, шаҳар ва туман Кенгашларига сайловларда эса партиядан 169 нафар депутат сайланди.
2005 йилнинг биринчи чорагида партия ҳаётига тааллуқли яна бир муҳим сиёсий воқеа содир бўлди. Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси фракцияси Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси ва Ўзбекистон “Фидокорлар” Миллий-демократик партияси фракциялари билан биргаликда ташкил этилган Демократик блокка кирди. Бу ҳаракат орқали “Адолат” СДПнинг Қонунчилик палатасидаги фракцияси партия дастурида белгиланган мақсад ва вазифаларни ҳаётга татбиқ этиш учун парламентда кўпчилик овозга эга бўлиш имкониятига эга бўлди.
Ўтган йиллар “Адолат” СДП учун фаолликни янада ошириш даври бўлди. Партия ташкилотларимиз жойлардаги аҳолининг кенг қатламлари, барча жамоат, нодавлат ташкилотлари, жамғармалари, маҳаллий ўзини-ўзи бошқариш органлари, ёшлар ҳаракатлари билан яқин ҳамкорликни янада кучайтириш, партиянинг туман ва қишлоқлардаги бўлимлари фаолиятини қайта кўриб чиқиш, уларни замон талабаларига мос равишда ислоҳ этиш, тарафдорларни кўпайтириб, уларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича ишларни йўлга қўя бошладилар.
Фуқаролар онгида демократик қадриятларни мустаҳкамлаш, уларнинг сиёсий ва фуқаролик фаоллигини ошириш, мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги иштирокини кучайтириш борасидаги ишлар кўламини яхшилаш ҳам шулар жумласидандир.
Албатта, сиёсий партия ўз олдига қўйган вазифаларни самарали амалга оширишда матбуотнинг роли ҳам беқёс. Шу сабабли партиямиз бош нашри – “Адолат” ижтимоий-сиёсий газетаси фаолиятини чинакамига жонлантириш, жойларда учраб турадиган иллатлар, ноҳақлик, бюрократияни аёвсиз фош этиш, ҳар бир ҳолатда адолат тикланиши учун матонат билан курашиш, ҳаётимизда бўлаётган барча ўзгаришлар, янгиликлар, бунёдкорлик ишлари партия матбуоти эътиборидан четда қолмаслигини таъминлаш каби ишларни кучайтириш юзасидан чора-тадбирлар кўрилди.
2007 йилнинг 3 ноябрида бўлиб ўтган “Адолат” СДП IV Қурултойида илк бора Ўзбекистон Республикаси Президентлигига аёл номзод – Ўзбекистон “Адолат” СДПдан Тошмуҳамедова Дилором Ғафуржоновна номзоди кўрсатилди.
Бундай саъй-ҳаракатлар ўз самарасини бермай қолмади. 2009 йил 27 декабрда бўлиб ўтган сайловларда “Адолат” СДПдан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига 19 нафар депутат сайланди. Шунингдек, халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатлигига 68 нафар, туман, шаҳар Кенгашларга ўтказилган сайловларда эса партиядан 370 нафар депутат сайланди.
2014 йилнинг 21 декабрида бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари сайловларида “Адолат” СДП ҳам муносиб иштирок этиб, Олий Мажлис Қонунчилик палатасида 20 та, маҳаллий Кенгашларда эса 834 та депутатлик ўринларига эга бўлди.
2019 йилнинг 25 декабрида бўлиб ўтган сайловларда “Адолат” СДПдан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига 24 нафар депутат сайланди. Шунингдек, халқ депутатлари вилоят Кенгашлари депутатлигига 104 нафар, туман, шаҳар Кенгашларига ўтказилган сайловларда эса 742 нафар депутатлар сайланди.
Партиямиз томонидан Сайловолди дастуримиз муқаддимасида таклиф этилган ҳуқуқий демократик, “ижтимоий давлат” ва “барча учун фаровонлик таъминланган” адолатли фуқаролик жамиятини қуришнинг социал-демократик модели янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 1-моддасида Ўзбекистон суверен, демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлат эканлиги тўғрисидаги нормада акс эттирилди.
2024 йилнинг 27 октябрь куни бўлиб ўтган сайловларда “Адолат” СДПдан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига 21 нафар депутат сайланди. Шунингдек, халқ депутатлари Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгаши депутатлигига 103 нафар, туман, шаҳар Кенгашларига ўтказилган сайловларда эса партиядан 752 нафар депутат сайланди.
Яна бир муҳим кўрсаткич, партия аъзолари сони 2024 йил бошида 620 145 нафарни ташкил этган бўлса, бугунги кунга келиб уларнинг сони қарийб икки баробарга ошиб, партия 1 110 274 нафар аъзолари билан мамлакатдаги етакчи сиёсий кучлардан бирига айланди.
Бугунги кунда партия аъзолари таркибининг 53,8 фоизини аёллар, 39 фоизини ёшлар ташкил этади.
Ҳудудларда 8300 дан ортиқ бошланғич партия ташкилотлари, 209 та туман (шаҳар) Кенгашлари ва 14 та ҳудудий партия Кенгашлари фаолият юритиб келмоқда.
Ўтган йиллар давомида “Адолат” СДП 40 дан ортиқ йирик лойиҳаларини ҳаётга татбиқ этди.
Бундан ташқари, партия Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Миллий телерадиокомпания, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, Ёзувчилар уюшмаси, Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси, Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси, Тошкент давлат иқтисодиёт университети, Белбоғли кураш федерацияси каби бир қатор жамоат ва нодавлат-нотижорат ташкилотлари билан ҳамкорлик меморандуми, битим ва келишувларга эга.
Фаолиятимизда мунтазам равишда олдинга, юксакликка интилаётганимиз ва бунга эришаётганимизни юқоридаги рақамлар намоён этиб турибди.
Шу ўринда халқимизнинг бир ҳикматли нақлини эслаб ўтсак: “Ҳаётда адоват эмас, ҳамиша адолат ғолиб бўлади”. Адолат бор жойда тараққиёт бор, юксалиш бор. Адолат бор жойдан коррупция чекинади. Демак, адолатга ҳамиша ғалаба ёр. Партиямиз номи улуғ, қудратли ва айни пайтда эзгуликка даҳлдор АДОЛАТ тушунчаси билан аталган. Бу номнинг ўзиёқ кишини ўзига беихтиёр жалб этади.
Энди зиммамиздаги масъулиятни тўлиқ ҳис қилган ҳолда фаолиятимизни янада юқори поғонага олиб чиқишимиз, сайловчиларимизнинг юксак ишончини оқлашимиз шарт. Бир сўз билан айтадиган бўлсак, бизнинг куч-қудратимиз – Адолатда!
Робахон МАХМУДОВА,
Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси раҳбари
