Мамлакатимиз раҳбари ташаббуси билан илгари сурилган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси она табиатимизни асраб-авайлаш, иқлим ўзгаришлари туфайли юзага келиши мумкин бўлган салбий оқибатларнинг олдини олишга, энг муҳими, жаннатмакон юртимизни келажак авлодга бекаму кўст қолдириш йўлидаги бирдамлик ҳаракатидир.
“Адолат” СДП фаоли, олтиариқлик тадбиркор Абдухалил Маматов ана шу ташаббусга жавобан 60 000 туп кўчат эккан ватандошларимиздан. Асли касби инглиз тили ўқитувчиси бўлган Абдухалил ота 1972-1985 йилларга қадар Фарғона давлат университетининг инглиз тили кафедрасида талабаларга сабоқ беради. У рус ва инглиз тилларини мукаммал билиши, иқтисодий билимдонлиги боис 1985 йилдан бошлаб Олтиариқ туманидаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари тайёрлов идорасига раҳбар лавозимига тайинланади. Меҳнат фаолияти давомида халқимизни сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлашда нафақат ҳамдўстлик давлатлари, балки хорижий давлатлар билан ҳам шартномалар тузиб, ички бозорларимизнинг арзон ва мўл-кўл бўлиши йўлида тиним билмайди. Кейинчалик ишбилармон Ўрта Осиё тайёрлов масъулияти чекланган жамият раиси сифатида ҳам фаолият олиб боради.
Абдухалил Маматов туманда “Маматхўжа агрофайз” фермер хўжалигига асос солиб, ер билан тиллашди. У бош бўлган фермер хўжалигининг 203 гектар экин майдони бўлиб, ундан 110 гектари ғалла ва 20 гектарида пахта экинлари парвариш қилиниб, ҳар йили юқори ҳосил олиб, муваффақиятларга эришиб келади. Бироқ фермер хўжалигининг чўл ҳудудлари билан туташ 73 гектар ер майдони сув танқислиги сабабли фойдаланилмай қақраб ётар эди.
“Қаловини топсанг қор ҳам ёнади”, дейди халқимиз. 2024 йили Абдухалил отанинг ташаббуси ва шахсий маблағлари эвазига “Қизилтепа-Тошкент-Ўш” автомобиль йўлининг 4 К-910 сонли қисмида 4,5 километр масофага қувур ётқизилиб, сув келтиришга эришилди. Ўзлаштирилган 30 гектар ер майдонига 60 000 туп кўчат экишга муваффақ бўлинди.
Қишнинг изғиринли кунлари бўлишига қарамай далаларда айни кунларда ҳам иш қизғин. Абдухалил ота бу йил 20 гектар ер майдонини ўзлаштириб, яна 40 минг туп кўчат экишни мақсад қилган.
Заминга ниҳол қадаш ишнинг бир қисми, уни парваришлаш инсондан катта сабр ва жиддий меҳнатни талаб этади. Шу боис ҳам ҳар тонг Абдухалил Маматов отига миниб, кўчат қадалган майдонларни бирма-бир айланишни канда қилмайди. Ниҳолларга сув ва табиий озуқа билан бирга, энг аввало, боғбоннинг меҳри даркорлигини яхши билади.
Абдухалил отанинг маънавиятимиз, маданиятимиз ривожига қўшган ҳиссаси алоҳида бир китоб. Қишлоқ хўжалиги соҳасида эришган натижалари ҳам оммалаштирса арзигулик.
– Тил билган асло кам бўлмайди. Ҳаётим давомида Туркия, Миср Араб Республикаси, Ҳиндистон, Германия, Франция, Польша, Эрон давлатларида бўлдим. Улардаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш соҳасидаги илғор тажрибалар билан яқиндан танишдим. Буларнинг барчасига инглиз, рус тилларини мукаммал билганим қўл келди. Ҳозир дунёнинг турли давлатларида етиштирилаётган ноёб дарахтларнинг уруғини, кўчатини келтириб, ўзимизда маҳаллийлаштирилган ҳолда халқимизга етказиб бериш ҳаракатидаман. “Голубой елъ”, “Лимонка”, “Каштан” каби дарахт кўчатларини олиб келиб, арзон нархларда етиштириш учун туркиялик тадбиркорлар билан ҳамкорлик алоқалари ўрнатиш арафасидаман. 55 йиллик меҳнат фаолиятим давомида кўп яхши инсонларни ҳам, ёмонларни ҳам кўрдим. Ерга меҳр қўйсангиз, меҳр бўлиб қайтади, ҳалол бўлсангиз қадрингиз ошади, – дейди Абдухалил ота ўтган умрига назар ташлар экан.
Бундан 3-4 йил аввал Республика раҳбарларидан бири Олтиариққа келади. У Абдухалил отанинг чўл ерларида етиштирган пахта, буғдой экинларини кўриб, жуда хурсанд бўлади. У туман раҳбарларига зудлик билан бир қўчқор топтириб келишларини айтади.
— Мен ўз юмушларим билан бўлиб, у кишининг далаларимни кезиб юрганини билмабман ҳам. Хабардор бўлишим билан шошилиб етиб келдим. Ерда бир қора қўчқор оёқлари боғланган ҳолда ётарди.
Раҳбар менга кўзи тушиши билан қассоб йигитга:
— Қўйни шу одамнинг оёғи остига сўйинглар, – деса бўладими?!
— Мен сизнинг оёғингиз остига қўй сўймай, менинг оёғим остига қўй сўйдирасизми? – дедим хижолат бўлиб.
Раҳбар сўзидан қайтмайдиган одам экан.
— Сизнинг фидойи меҳнатларингиз ҳаммамиз учун ибрат бўлиши керак. Сиз бундан ҳам зиёдасига муносибсиз, – деди.
Ўша куни ўтган умрим бесамар кетмаганига, яхшиликларнинг ажрига эришганимдан қувонч ёшларини тўкканим рост…
80 ёшни қоралаб қолган отахон умр йўлдоши Раҳимахон Маматова билан тарбиялаб вояга етказган 5 нафар фарзандининг барчаси олий маълумотли, жамиятда ўз ўрнига эга эканлигидан севинади. 15 нафар невараларининг қалбига ҳам ҳалолликни сингдиришга интилмоқда.
— Билим эгалла, ҳалол бўл! Шу икки ҳикмат инсонни балолардан асрайди, қадрини улуғлайди, – дейди Абдухалил ота ҳаёт синовларидан ўтган умр йўлларини эслар экан.
Инсон умрини оқар дарёга қиёслайдилар. Абдухалил Маматов эса заминдан бахт излаган ва барча топганларини эзгулик йўлида сарфлай олган инсон. У она замин бағрига қадаган ниҳоллар эса адолатчи боғбон “Абдухалил бобонинг боғи”га айланишига ишонамиз.
Гулчеҳра Аҳмедова,
“Адолат” СДП Фарғона вилоят кенгаши
матбуот котиби
