Таниқли журналист ва моҳир ёзувчи, серқирра ижодкор Маматқул Ҳазратқуловнинг қутлуғ 78 ёш остонасида “Олтин мерос пресс” нашриётида “Варақсиз дафтар” китоби нашрдан чиқди.
Маматқул Ҳазратқулов гарчи узоқ йиллар раҳбарлик лавозимларида давлат юмушлари билан банд бўлган эса-да, сермаҳсул ижод қилган ёзувчилардан бири, дея оламан. “Оққуш”, “Ёруғ кун”, “Чўли ироқ”, “Ҳаётнинг бир парчаси”, “Журъат”, “Қуёш мен томонда”, “Қўзичоқнинг кўз ёшлари”, “Интизор”, “Эшиклар очиқ”, “Икки соҳил”, “Севги сози”, “Гладиолус”, “Китобим ичра сен борсан”, “Қизил ва яшил” каби ҳикоя ва қиссалар тўпламлари буларга мисолдир.
У драматург сифатида ҳам кўплаб асарлар муаллифи ҳисобланади. “Меҳр кўп кўргиздим…”, “Меҳмон”, “Қадрим”, “Ҳақ сўз”, “Афандининг янги саргузаштлари” пьесалари мамлакатимизнинг турли театрларида саҳна юзини кўрди. “Сайёра” балетининг либреттосини яратди, “Ипаклари тиллодан”, “Нон” каби ҳужжатли фильмлари томошабинларга ниҳоятда манзур бўлди.
Адиб таржимасида Озарбойжон халқ ёзувчиси Анарнинг “Албатта учрашамиз” номли ҳикоялар ва қиссалар тўплами илк бор ўзбек тилида нашр этилди. Рус ёзувчилари Лев Толстой, Василий Шукшин, япон ёзувчиси Акутакава Роноэску, озарбойжон ёзувчилари Юсуф Самад ўғли, Элчин, Ашраф Иброҳимов, татар ёзувчиси Тофиқ Айди, тожик ёзувчиси Жума Одинаев, грузин ёзувчиси Григол Абашидзенинг қатор асарларини она тилимизга таржима қилди.
Ўқувчилар эътиборига тақдим этилаётган янги “Варақсиз дафтар” китоби эса адибнинг аввал ҳеч қаерда қайд этилмаган, аммо бугун оммага айтишни истаган юрак тубида сақлаган ҳақиқатларидир.
Бу ҳақда муаллифнинг ўзи шундай дейди: “Ушбу китоб ўзим бевосита иштирок этган, кўрган воқеалар ҳақида. Бировдан эшитган гаплар, воқеалар йўқ. Улар ошириб, бўрттириб, ҳатто бадиий сайқал бериб ёзилмади. Баъзи ўринларда муайян шарҳлар, мулоҳазалар битилди, ўқувчиларга тушунарли бўлиши учун изоҳлар берилди, холос.
Китобга “Варақсиз дафтар” деб ном берилгани – бу воқеалар на ён дафтарга, на диктофонга ёзилган. Ҳаммаси варақсиз дафтарим – хотирамни “титкилаб”, “варақлаб” улардан танлаб олинган ва китобхонлар эътиборига тақдим этиш лозим, деб топилган лавҳалар. Мабодо, айрим сана ёки рақамларда хатолик учраса, азиз ўқувчилардан узр сўрайман”, деб ёзади адиб.
Асар муаллифнинг ҳаёти ва фаолиятига муқояса қилиниб, шартли равишда бешта дафтарга бўлинган. Эришган ютуқлари, юксалиш зинапояларидаги диққатга молик ҳар бир детал инобатга олинган. Шу маънода мазкур китобни муаллифнинг мактаб йилларидан тортиб, салкам 60 йиллик меҳнат фаолиятига нисбатан виждон сарҳисоби, дейиш мумкин.
Махсус монтаж бошқармасида оддий ишчи бўлиб иш бошлаган талаба не-не машаққатли меҳнатлар, сарсону саргардонликларга, тақдир сўқмоқларида эврилишларга учраб, олижаноб инсонлар кўмаги ва устозлар рағбати билан вазир даражасига кўтарилади, йигирмадан ортиқ давлатни кўрган жаҳонгашта журналист, адиб ва арбобга айланади.
Муаллиф ўзи бевосита иштирок этган қизиқарли воқеалар, кўрган-кечирганлари ҳақида, муҳим қарорлар қабул қилишдаги мураккаб ҳолатлар тўғрисида равон тилда ҳикоя қилар экан, уларни бугунги дориломон замон билан таққослайди ва шу кунларга етказгани учун шукрона қилади.
Китобда муаллифнинг яқин дўстлари, ҳамкасблари, устозлари, атоқли шоир ва ёзувчилар, олимлар, санъат дарғалари ҳақида ҳикоя қилинган ва уларни адибнинг ўша улуғ инсонларга чексиз эҳтироми рамзи-ифодаси дейиш мумкин.
Маматқул Ҳазратқулов жамиятимизни қийнаётган ва сурункали тус олган энг оғриқли муаммоларга ўзининг узоқ йиллик кечинма-англамалари ва юксак виждон позициясидан келиб чиқиб баҳо беради, мантиқий мушоҳадаларини журналистик кузатишларидан ҳосил бўлган аниқ таклифлар билан тўлдириб баён этади.
Китобдаги ҳар бир лавҳани ўқир экансиз, муаллифнинг ижтимоий иллатларга эътирози, ҳаётий принципларига зид ишларга нисбатан ўзига хос “қаршилик ҳаракати”, кўплаб инсонлардаги салбий хислатларга чуқур ачиниш-афсусланиш кайфияти, ўша даврдаги бюрократик ва нодемократик бошқарув тизимининг юракзада тартиб-тамойилларига раддиясини турфа манзаралар остида теран сиздириб кетганини тушунасиз.
Ўрни келганда эслатиб ўтиш жоиз. Маматқул аканинг давлат ва жамият олдидаги хизматлари муносиб эътироф этилган. У “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист” фахрий унвони (1988), “Меҳнат шуҳрати” (2011) ва “Фидокорона хизматлари учун” (2017) орденлари билан тақдирланган.
2023 йилда Боку шаҳрида ўтган туркий давлатлар китоб ва адабиёт иккинчи фестивалида халқаро ТУРКСОЙ ташкилотининг “Низомий Ганжавий” медали топширилди, “Энг улуғ, энг азиз” республика танловида “Китобим ичра сен борсан” китоби йилнинг энг яхши публицистик китоби номинациясида биринчи ўринга лойиқ кўрилди.
2019 йилдан “Гулистон” журналининг бош муҳаррири бўлиб ишлаб келаётган Маматқул ака ҳамон ижтимоий фаол, ижодий завқ-шавққа тўлиб меҳнат қилмоқда. Сўзимиз якунида, ғайрат-шижоатдан ҳеч қачон чарчаманг, толманг, доим соғ ва омон бўлинг, устоз, деймиз.
