Ҳуқуқшунослик бошқа соҳалардан фарқли равишда фикр-мулоҳазалар фақат аниқ, асосли ифодаланадиган, пировард мақсадда қонун устуворлиги таъминланадиган шарафли соҳадир.
Бинобарин, ҳуқуқшунослар ўзларининг ана шу касбий фазилатлари билан ён-атрофдагиларга ибрат бўлади. Энг муҳими, бу соҳа вакилларида муомала маданияти юксак даражада шаклланиши лозим. Шундагина “инсон қадри” деган муқаддас ақидани улуғлаш эвазига адолат тамойили тантанасига эришиш мумкинлигини ҳар бир ҳуқуқшунос чин дилдан ҳис қилади. Улар туфайли жамиятнинг қонун ва ҳақиқат устунлари мустаҳкам бўлади.
Дилдора Бозорова бундан 32 йил муқаддам мактабни битираётганда ҳуқуқшунос бўлишни орзу қилган эди. Албатта, у мақсадига етиш учун тинимсиз ўқиди, изланди, интилди. Натижада Тошкент давлат юридик институти (ҳозирги Тошкент давлат юридик университети) талабаси бўлди.
Дилдорахон олийгоҳда ўқиган кезларида ҳам бор эътиборини танлаган касбининг етук соҳибаси бўлишга қаратди. Айрим ёшлар сингари талабалик даврини ўйин-кулги билан ўтказмади. Институтни тамомлаган 1998 йилдаёқ иш фаолиятини собиқ Акмал Икромов (ҳозирги Учтепа) туман фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш бўлими нозирлигидан бошлади. Сўнг Яккасарой туман фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш бўлими нозири, “Униcа Cонститутинг Логистиcс” масъулияти чекланган жамиятнинг юрист-маслаҳатчиси вазифаларида меҳнат қилди. 2011 йилда Тошкент давлат юридик институти аспирантурасига ўқишга кирди. Ҳаракатчан Дилдора “Жиноят ишларини судгача кўриш жараёнида адвокатнинг иштироки” мавзусида номзодлик диссертациясини муваффақиятли ёқлади. Бу муваффақияти билан у устозлари ишончини оқлади.
Таъкидлаш керакки, Дилдорахоннинг меҳнат дафтарчаси кейинги саҳифаларида Тошкент давлат юридик институти “Криминалистика” кафедраси ўқитувчиси, кафедра доценти вазифасини бажарувчи, Тошкент давлат юридик университетининг “Жиноят-процессуал ҳуқуқи ва криминалистика” кафедраси доценти, мазкур кафедра профессори вазифасини бажарувчи, университетнинг “Жиноят-процессуал ҳуқуқи” кафедраси мудири лавозимлари қайд этилган. Бу орада доцент ҳамда профессор илмий унвонларига эга бўлди. 2023 йилда “Жиноят процессида шахс ҳуқуқларининг процессуал кафолатлари” мавзусида докторлик диссертациясини ҳимоя қилди. Юридик фанлари доктори, профессор Дилдора Бозорова кўпдан буён бўлажак ҳуқуқшуносларнинг суюкли устози. Шогирдлар ундан илм билан бирга ҳаётнинг минг бир синоатларини ўрганишади.
Юридик фанлар доктори, профессор Дилдора Бозорова инсон ўз мақсадига интилишлари, изланишлари ва унга илм йўли билан етиш мумкинлигини исботлаб келаётган, ҳамиша Ватан тақдирига, миллат равнақига дахлдорлик ҳисси билан яшаётган олималаримиздан биридир.
Гулчеҳра ТЎЛАГАНОВА,
юридик фанлар доктори, ТДЮУ профессори
