Ўттиз йил давомида “Адолат” социал-демократик партияси шарафли ва масъулиятли йўлни босиб ўтди, сиёсий куч сифатида тобланди, катта тажриба тўплади. Бу йиллар мобайнида партия мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётида ўз ўрнини мустаҳкамлаб, адолат ва тараққиёт ғояларини илгари суришда етакчи кучга айланди. Мустақилликнинг илк йилларидан буён партия ўз сафини кенгайтириб, жамият манфаатларини ҳимоя қилиш йўлида қадамма-қадам олдинга интилиб келмоқда.
Шубҳасиз, партиянинг сиёсий майдонда етакчи мавқега эришишида унинг фаоллари, депутатлари ва садоқатли аъзолари ҳал қилувчи ўрин тутади. Улар орасида Жарқўрғон туман кенгаши раиси лавозимида фаолият олиб бораётган Очил Жияновнинг меҳнати алоҳида эътирофга лойиқ. 30 йиллик олдидан у билан қилган суҳбатимиз айнан ўтган даврдаги партия фаолиятининг туман даражасида қай даражада ташкил этилгани, эришилган ютуқлар ва қўлга киритилган тажриба хусусида бўлди.
– Очил ака, туман кенгашлари етакчилари орасида узоқ йиллардан буён фаолият кўрсатиб келаётган раҳбарлардан бирисиз. Айтинг-чи, партиянинг илк йиллардаги ва ҳозирги кундаги фаолиятини солиштириб қараганда, қандай ўзгаришлар бор?
– Ўтган йилларда партиямиз давлатимизнинг бугунги тараққиётига, демократик қадриятларни мустаҳкамлаш, кучли фуқаролик жамиятини қарор топтиришига муносиб ҳисса қўшди, деб бемалол айта оламан. Менинг ҳам 20 йилдан ошиқ фаолиятим партияга бевосита боғлиқ. 2002 йилда партияга аъзо бўлдим ва 2007 йилда Жарқўрғон туман кенгаши раислигига сайландим. Бу ниҳоятда ҳаяжонли ва масъулиятли жараён эди. Чунки ўша йилларда мамлакатимизда икки палатали парламент тизимига ўтилган ва унинг ваколатлари, назорат функциялари кўпайганди. Шунга яраша фаоллар зиммасидаги масъулият ҳам ошган. Албатта, янги демократик муҳитда биздан ҳам янгича ишлаш талаб қилинарди.
Партия фаолиятини кучайтириш, электорат манфаатларини қатъий ҳимоя қилиш, партиявий тадбирларни такомиллаштириш устида тиним билмай изландик. Ўшанда туман кенгашида 6 нафар депутатимиз бўлган. Ҳаммамиз бор куч-ғайратимизни, билим ва тажрибамизни янги ҳуқуқий шароитда фаолиятни кучайтириш, партиянинг жамият ҳаётидаги ўрнини мустаҳкамлашга қаратдик. Ана шундай муҳим паллада сайлов жараёнларида фаол қатнашдик, партиялараро тортишувларда ўз позициямизда мустаҳкам турдик. Лекин у пайтларда ишлаш учун шарт-шароит кам эди. Кичкина, қишда иситиш тизими йўқ хоналарда ишлардик.
Шундай бўлса-да, амалий натижаларга эришган фаоллардан бири эдик. Туманнинг чекка қишлоқларига борганимизда, ички йўллар кўпроқ таъмирталаб бўлар, таъмирлаш бўйича мутасаддилар билан мазкур муаммоларни ҳал қилар эдик, электр энергиясидан қарздорлиги бўлган фуқароларга ёрдам бериб, бемор фуқароларни касалхоналарга жойлаштириб, бепул дори-дармон билан таъминлашда амалий ёрдамлар кўрсатар эдик. Туман марказида қатнов яхши бўлгани билан чекка қишлоқларга борадиган йўловчи транспорт йўқ эди. Шу боис йўлда қийналардик, қандай улов тўғри келса, шу билан бориб, муаммоларни ечишга ҳаракат қилардик.
– Депутатлик фаолиятингиз давомида аҳолининг ишончини қозонишнинг энг самарали йўллари қандай бўлган, деб ҳисоблайсиз?
– Бу ерда асосийси – одамларни тинглай билиш. Халқ депутатларнинг ўз сўзини амалий ишлар билан асослашини истайди. Бугун ишлаш учун шароит етарли. Масалан, ҳозир интернет, ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш анча оммалашди. Барча мутахассислар компьютер тизими, туманларга қатнаш учун енгил автомашина билан таъминланди. Партия лойиҳалари кенгайди. Тадбирлар, аҳоли билан учрашувлар такомиллашди. Мафкуравий ва тарғибий-ташвиқий масалаларда кўплаб амалий, ижтимоий лойиҳалар амалга оширилди. Барча ҳудудларда аҳоли бандлигини таъминлашга қаратилган форумлар ташкил этдик, кейинчалик бу ҳақида одамларнинг ўзидан жуда яхши, илиқ фикрлар эшитдик. Амалий руҳ билан йўғрилган тадбирларимиз орқали қанчадан-қанча одамларнинг муаммолари бартараф этилди, ижтимоий ёрдамга муҳтож оилаларга кўмак берилди.
– Қийинчиликлар ортида катта ютуқлар ҳам бор, албатта. Узоққа бормасдан, яқин вақт ичида амалга оширилган ишларнинг натижалари бўйича нималар дея оласиз?
– Ўтган йиллар партия ташкилотлари, депутатлари ва фаолларидан катта масъулият талаб этган. Биз шуни чуқур ҳис этган ҳолда, аҳоли ва электоратимиз манфаатларини ҳимоя қилдик. 2019 йилда халқ депутатлари Жарқўрғон туман Кенгаши депутати этиб сайландим, айни пайтда туман Кенгаши раиси лавозимида ҳам фаолиятимни давом эттирдим. Депутатлик фаолиятимда мен яна 5 нафар депутатимиз билан елкама-елка туриб, партия лойиҳалари доирасида ва назорат-таҳлил жараёнларида фаол иш олиб бордик. Сайловчиларни ўйлантириб келаётган кўпдан-кўп масалаларни ҳал қилишда бош-қош бўлдик, электоратимиз манфаатларини ҳимоя қилдик. Биз партиянинг дастурий мақсадларини тарғиб қилишдек масъулиятли ишларда жонбозлик кўрсатдик, дея оламан.
Хусусан, партиянинг “Муаммо билан юзма-юз” лойиҳаси доирасида тумандаги “Деҳқонобод” МФЙ ҳудудида аҳоли билан ўтказган мулоқотларимизда шу маҳаллада истиқомат қилувчи Ҳ.Сафарова хонадонида бўлдим. У менга хорижий давлатларда ишлаб чарчаганини, ўз уйида тадбиркорлик қилишини мақсад қилганлигини айтиб, иссиқхона ташкил этиш учун банкдан имтиёзли кредит олишда муаммоларга дуч келаётганлигини маълум қилди. Мурожаат юзасидан туман ҳокимлиги мутасаддиларига учрашиб, “Микрокредитбанк” туман филиалидан 33 миллион сўм кредит ажратиш орқали масалани ҳал қилишга эришдим.
Шунингдек, пандемия даврида туман кўп тармоқли марказий поликлиникасидаги тиббиёт ходимлари билан бўлган учрашувларда мазкур муассасада электр соҳасида эски трансформатор масаласи анчадан буён ҳал қилинмасдан келинаётганлиги ҳақида шикоят бўлди. Ушбу муаммони ўрганиб, туман электр тармоқлари корхонасига сўровнома юбордим. Сўров ижобий ҳал қилиниб, катта кучланишга эга янги замонавий трансформатор ўрнатиб берилди. Бу каби ишларимизни санасам жуда кўп.
– Юртимиз равнақи ва партиямиз ғояларини мустаҳкамлаш йўлида партиядошларимизга тилакларингиз…
– Шуниси қувонарлики, Ўзбекистондаги янги ислоҳотлар шароитида партиямизнинг дастурий ғоялари ва мақсадлари янада чуқурлашди. Мамлакатни ҳар томонлама тараққий эттириш, барча йўналишдаги ислоҳотларнинг ижтимоий самарадорлигини ошириш, аҳоли турмуш даражасини юксалтириш, фуқаролик жамиятини ривожлантиришга қаратилган энг муҳим масалалар қамраб олинди. Шунга монанд равишда партиямизнинг янги рамзи, логотиплари тасдиқланди. Ўтган йиллар давомида юртимиздаги барча Президентлик ва парламент сайловларида муносиб иштирок этди. Бу жараёнлар партиянинг сиёсий тажрибасини оширди, уни мафкуравий, ташкилий ва услубий жиҳатдан мустаҳкамлади.
Фурсатдан фойдаланиб, барча партиядошларни, фаолларимизни, фахрийларимизни партиямизнинг 30 йиллиги билан табриклайман. Улуғвор ғояларга асосланган ва сафида фидоий инсонларни бирлаштира олган партиямиз жонажон Ватанимизнинг тараққиёти ва халқимизнинг фаровонлиги йўлида хизмат қилишига ишонаман!
Сурхондарё вилоят кенгаши матбуот котиби
Гулшод ТУРСОАТОВА суҳбатлашди
