Вилоятнинг шаҳар ва туманларидаги бунёдкорлик ишларига ўзининг муносиб ҳиссасини қўшган Асқар Икромовни Наманганда кўпчилик яхши танийди ва ҳурмат билан тилга олади.
Зиёли оилада туғилиб вояга етган ёш Асқаржоннинг зеҳни анча баланд эди. Вилоят халқ таълимида инспектор бўлиб ишлаган отаси Шаҳобиддин Икромов беш нафар фарзандининг ўқимишли бўлишини хоҳларди. Улар орасида ўзгача феъли, яъни адолатпарварлиги билан ажралиб турадиган Асқаржонга алоҳида эътибор қаратарди. Байналмилал маҳаллада русийзабон болалар кўп эди. Ўша болалар билан ўртоқлашган Асқаржон тенгқурлари билан рус тилига ихтисослашган 34-ўрта мактабида таълим олган.
– Синфимиздаги 31 нафар синфдошимдан 21 таси мактабни олтин медаль билан битирган, – дея эсга олди Асқаржон Икромов. – Бунда ҳарф танитган биринчи ўқитувчим Бударина Мария Ивановнанинг ҳиссаси катта. Бу аёл бизларни ўз боласидай ўқитган, тарбиялаган.
– Олтин медалчилар орасида сиз ҳам борми? – сўрайман қизиқиб.
– Йўқ, – дейди у. – Кимё фани ўқитувчимиз табелимга уч баҳо қўйиб қўйган. Чунки бу фанга қизиқмасдим. Лекин кимё фани керак экан. Буни олий маълумотли бўлиб, ташкилотларда ишлаб юрган пайтимда сездим.
– Адабиёт-чи, сизга ёқармиди?
Асқаржон Икромов саволни эшитган заҳоти рус тилида Пушкиннинг «Боғчасарой фонтани»дан бир парчасини ёддан айтиб бергач, деди:
– Адабиёт фанидан дарс берадиган ўқитувчидан бир марта танбеҳ эшитиб, рус адибларининг барча, ҳатто дарсдан ташқари асарларини бир бошдан ўқиб чиққанман. Истаган адиб ҳақида сўрасангиз, унинг ҳаёти ва ёзган асарлари ҳақида гапириб бера оламан…
Зийрак ва иқтидор эгаси бўлган Асқаржон Икромов 1958 йилда Тошкент ирригация ва механизация институтига ўқишга кириб, муҳандис-механик мутахассислиги бўйича диплом эгаси бўлди ва дастлабки фаолиятини 1963 йилда Ўрта Осиё илмий текшириш иститутида илмий ходимликдан бошлади. 1965 йилда машина қурилиши заводида муҳандис-технолог, 1969 йилда “Колхозстрой” трестида бош механик, 1970 йилдан механизация бошқармаси бошлиғи, 1979 йил машина қурилиш заводи директори, 1985 йилдан 2000 йилгача Наманган уйсозлик комбинатида директор вазифасида ишлаб келди.
Асқаржон Икромов ҳар соҳада биринчилардан бўлгани каби, «Адолат» социал-демократик партиясида ҳам илк фаоллардан бўлди. У партиядан кўрсатилган номзод сифатида 1995 йилги сайловда 85-«Дўстлик» сайлов округидан Олий Мажлис депутати этиб сайланган ва Олий Мажлиснинг қурилиш ва уй-жой-коммунал хўжалиги масалалари қўмитаси аъзоси бўлган.
Қаҳрамонимиз ўттиз йил аввалги хотиралари билан ўртоқлашаркан, шундай дейди:
– Бир куни вилоят ҳокими Бургутали Рапиғалиев мени ҳузурига чақириб: «Сизни янги ташкил топган «Адолат» партияси вилоят кенгашининг биринчи котиблигига тавсия этдим», деди. Мен ҳайрон бўлиб: “Бургутали ака, ахир мен техник ходимман, ишлаб чиқарувчиман, лекин сиёсатчи эмасман”, дедим. Вилоят ҳокими мийиғида кулганча: «Сиз сиёсатни ҳам уддалайсиз, боринг, қабул қилиб олинг», дея қўлимни сиқиб қўйди.
Шундай қилиб, 1995 йилнинг 27 апрелида Наманган шаҳрида «Адолат» социал-демократик партияси вилоят ташкилотининг биринчи конференцияси бўлиб ўтди.
Уни Учқўрғон туманидаги 20-умумтаълим мактаби директори, Олий Мажлис депутати, «Адолат» СДП таъсис қурултойи делегати Ҳасанбой Қурбоналиев очди.
Конференцияда «Адолат» СДП Марказий аппарати Сиёсий Кенгашининг иккинчи котиби, Республика «Конструктор» илмий ишлаб чиқариш бирлашмасининг бош директори, Олий Мажлис депутати, халқаро Муҳандислик академиясининг академиги, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ихтирочи, техника фанлари доктори, профессор Абдували Ғуломмаҳмудов сўзга чиқиб, конференция иштирокчиларига партиянинг мақсади, Низоми ва Дастури ҳақида гапириб берди. Конференция «Адолат» СДП Наманган вилояти кенгашини тузиш тўғрисида қарор қабул қилди. Конференция иштирокчилари вилоят кенгаши ҳамда тафтиш комиссияси аъзоларини сайладилар. Сўнг «Адолат» СДП вилоят кенгашининг ташкилий пленуми бўлиб ўтди.
Унда «Адолат» СДП вилоят кенгашининг ҳайъати ва котиблари сайланди. Партиянинг вилоят кенгаши биринчи котиби этиб Наманган уйсозлик комбинатининг директори, Олий Мажлис депутати Асқаржон Икромов, иккинчи котиб этиб вилоят ҳуқуқий маслаҳатхона адвокати Ҳакимжон Ҳалилов ҳамда котиби этиб Учқўрғон туманидаги 20-умумтаълим мактаби директори, Олий Мажлис депутати Ҳасанбой Қурбоналиев сайландилар.
Ўша тарихга муҳрланган кундан эътиборан Асқаржон Икромов зиммасидаги масъулият яна бир ҳисса ошди.
– Асқаржон ака, ўша пайтда партия аъзолари қанча эди?
– Ўшанда Чуст ва Учқўрғон туманларида партия аъзолари сони 50-60 нафардан ортиқ эди. Кейин сафимизга кўплаб ёшлар қўшилди. Партиянинг номи ўзига хос танланган – Адолат! Бу жарангдор сўз ҳар қандай кишини сергаклантиради, ўзига чорлайди. Мен «Адолат» партиясининг биринчилар қаторидаги аъзоси, унинг вилоятдаги биринчи котиби ва Олий Мажлисдаги биринчи депутатларидан бири бўлганимдан доимо фахрланаман!
– Ҳозир партияда бир миллиондан ортиқ аъзо бор экан, шундайми?
– Ҳа, шундай! Бир миллион бир юзу ўн мингдан зиёд. Вилоятимиздаги партия аъзолари етмиш беш минг нафардан ошди. Сиз айтмоқчи, ёшларнинг сафи тобора кенгайиб бормоқда…
– Баракалла! Давлат тараққиётида сиёсий партияларнинг, депутатларнинг муносиб ўрни бор. Улар халқчил қонунлар қабул қилинишида, халқнинг таклиф ва муаммоларини ҳукуматга етказишда асосий куч ҳисобланади. Бу билан давлат иқтисоди, сиёсати, обрўси ошади. Қаранг, ўттиз йил ичида қанча ўзгариш бўлди, охирги йилларда мамлакат батамом янгиланди. Иқтисодий жиҳатдан бақувват. Шаҳар билан қишлоқнинг фарқи қолмаяпти. Бизнинг давримизда уйлар икки қаватдан ошмасди. Мен талашиб-тортишиб, зўрға уч-тўрт қаватли уйларни қурганман. Ҳозир вилоятимизда ўн олти, йигирма қаватли уйлар қад ростлаяпти. Маданий-маиший иншоотлар, яшилликка бурканган боғлар барпо этиляпти. Бунинг ҳаммаси биз ва келажак авлод учун бўляпти. Ишлаб чиқаришда Ўзбекистон атрофдаги давлатлардан анча олдинда. Кўчага машина сиғмайди. Бозорлар тўла.
Дарвоқе, Соҳибқирон Амир Темур бобомиз бежиз «Бизнинг куч-қудратимизга шубҳа қилсангиз, қурган иморатларимизга боқинг!» демаганлар.
Ҳа, Республикада хизмат кўрсатган қурувчи Асқаржон ака Икромов ҳаётдан ва бугунги сиёсатдан рози. Халқ таълими аълочиси, физика-математика фани ўқитувчиси бўлган турмуш ўртоғи Мавлуда опа Ҳасанова билан Тошкентда ишлаб юрган пайтда танишиб, тумуш қуришган экан. Фарзандлари — бир қизи-ю тўрт ўғли ва невара, чеваралари ҳам олий маълумотли. Бундан ортиқ бахт борми?!
– Энг муҳими – тинчлик ва хотиржамлик бардавом бўлсин, – дейди Асқаржон Икромов. – Орамиздан оқибат аримасин. Мени йўқлаб келганингизнинг ўзи адолат борлигидан нишона…
Асқаржон ака билан суҳбат чоғида унинг спортни севадиган инсон эканини англаб олдим. Бир пайтлари велопойгаларда қатнашган ва шу тур бўйича спорт устаси бўлган экан. Айтишича, етмиш беш ёшгача дори ичмаган. Бир сўз билан айтганда, ҳалол меҳнат қилиб, ҳеч кимнинг кўнглига озор бермаган, халқ эътиборини қозонган, қўл остидагиларга меҳрибон раҳбар бўлган. Ана шунинг учун ҳам у бугун пиру бадавлат.
Қутлуғ сана олдидан партиямизнинг фахрий аъзоси, 85 ёшни қаршилаётган Асқаржон ака Икромовга узоқ умр ва сиҳат-саломатлик тилаб қоламиз!
Муҳиддин ОМАД,
Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси
