Сўнгги йилларда инсон қадрини улуғлашга қаратилган ижтимоий давлат сиёсати доирасида кўплаб амалий ишлар қилинди. Тиббий-ижтимоий муассасаларда васийликка олинган ногиронлиги бўлган шахсларни ижтимоий мослаштириш ва уларга ўз қизиқишларидан келиб чиқиб касб-ҳунар ўргатиш бўйича етарли шарт-шароит яратишга алоҳида аҳамият қаратилмоқда. Шунингдек, уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш ҳамда интеллектуал, жисмоний ва ижодий қобилиятини ривожлантириш масалалари ҳам эътибордан четда қолмаяпти. Айнан юқоридаги мақсадлардан келиб чиқиб ташкил этилган Фарғона вилояти Ижтимоий қўллаб-қувватлаш маркази ана шундай мурувват ва инсонпарварлик масканларидан бири.
Партия етакчиси Робахон Махмудова вилоятда олиб бораётган ўрганишлари доирасида ушбу манзилда бўлиб, бу ерда яшаётган кексалар ва ногиронлиги бўлган фуқаролар ҳолидан хабар олди. Шунингдек, марказда уларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш, саломатлигини мустаҳкамлаш ва соғлом турмуш тарзини фаол тарғиб қилиш бўйича яратилган шарт-шароитлар билан танишди.
Қайд этиш керакки, давлат раҳбарининг 2022 йил 30 августдаги тегишли қарорига асосан вилоят Божхона бошқармаси ташаббуси билан марказдаги учинчи ва тўртинчи бўлимлар, кутубхона, ёпиқ сув ҳавзаси қайта реконструкция қилинган. Шунингдек, ошхона, васийлар билан учрашув хонаси, ходимлар кийиниш хонаси, марказнинг кириш қисми замонавий услубда қурилиб, керакли мебель ва жиҳозлар билан таъминланган.
– Марказимиз 260 ўринга мўлжалланган бўлиб, 170 ўрин доимий истиқомат қилаётган фуқаролар учун ажратилган, – дейди марказ директори Нигора Асқарова. – Ҳозирги кунда бу ерда 139 нафар ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар доимий равишда яшаб, зарур хизматлардан фойдаланиб келишмоқда. Улар учун барча қулайликлар яратилган: тиббий хизматдан тортиб, маданий ва маънавий тадбирлар мунтазам ташкил этилади. Асосий мақсадимиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳаёт сифати ва ижтимоий фаоллигини ошириш. Уларга нафақат тиббий ёрдам кўрсатамиз, балки руҳий қўллаб-қувватлашга ҳам алоҳида эътибор қаратамиз. Шу мақсадда марказимизда даволаш-меҳнат устахоналари фаолият юритади.
Марказда шартнома асосида пуллик хизмат кўрсатиш тизими ҳам йўлга қўйилган. Битта бўлим 90 ўринга мўлжалланган бўлиб, бугунги кунгача 88 нафар фуқарога хизмат кўрсатилган. Улардан 64 нафари стационар хизматдан, яъни марказда доимий яшаш имкониятидан фойдаланган бўлса, 19 нафар фуқаро кундузги қатнов асосида тиббий-ижтимоий хизматдан баҳраманд бўлган. Шунингдек, 5 нафар кекса ва ногиронлиги бўлган шахсларга мобил шаклда ижтимоий ва реабилитация хизматлари кўрсатилмоқда. Бунда марказ мутахассислари уларнинг уйларига бориб, зарур ёрдам ва маслаҳатларни тақдим этади.

Масканда 44 нафар фуқаро турли касб-ҳунар билан шуғулланиб келмоқда, шундан 8 нафари ногиронлиги бўлган шахслардир. Айниқса, аёллар томонидан яратилаётган каштачилик маҳсулотлари ўзининг ноёб услуби ва бадиий жиҳатдан мукаммаллиги билан ажралиб туради. Тикувчилик, теридўзлик, тўқувчилик, кулолчилик маҳсулотларига талаб юқори. Боғдорчилик ва қуёнчилик каби соҳаларга қизиқувчилар учун ҳам етарли шарт-шароит бор. Робахон Махмудова устахоналарда меҳнат қилаётган фуқароларнинг фаолияти билан танишар экан, уларни “жасорат эгалари” дея таърифлади.
– Инсоннинг, аввало, қалби бутун, орзулари юксак бўлиши даркор, – деди Робахон Махмудова ҳунармандлар маҳсулотлари билан танишув чоғида. – “Адолат” партиясининг дастурий мақсадларида ногиронлиги бўлган ва ёлғиз кексаларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг саломатлигини муҳофаза қилиш ва жамиятда ўз ўринларини топишлари учун кенг шароитлар яратиш устувор аҳамиятга эга. Кекса авлод ҳақида қайғуриш доимий диққат-эътиборимизда бўлади. Бу борада кексаларга мўлжалланган турли-туман тадбирларни ўз ичига олувчи алоҳида комплекс соғломлаштириш дастури ишлаб чиқиш, айниқса, қариялар билан ишлайдиган шифокор-геронтологлар тайёрлашни йўлга қўйиш, шифохоналар ва поликлиникаларда қариялар билан ишловчи шифокор-геронтолог штатини жорий этишга алоҳида эътибор қаратамиз.
Васийликка олинган кекса ва ногиронлиги бўлган шахслар нафақат маҳаллий, балки халқаро кўргазма ва савдо ярмаркаларида ҳам иштирок этиб келмоқда. Каштачи Нодирахон Усмонова шулардан бири.

– Ҳаёт мени ўз синовлари билан синаган бўлса-да, тақдиримдан нолимайман, – дейди у. – 2023 йилда Италиянинг Милан шаҳрида ўтказилган “Artigianо in Fiera” халқаро кўргазмасида иштирок этиш бахтига муяссар бўлдим. Бу мен учун жуда катта ютуқ бўлди. Ўзим каби каштачилар билан бирга тайёрлаган каштачилик маҳсулотларимиз кўргазма иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотиб, ўз харидорларини топди. Шу маблағ ҳисобига Италиянинг Венеция, Верона, Сермионе шаҳарларига ва Франциянинг Париж шаҳрига саёҳат қилиш имкониятига эга бўлдик. Ўтган йилнинг 1-2 май кунлари ўтказилган “Инсон учун” республика савдо кўргазма-ярмаркаларида фаол қатнашиб, ўз маҳсулотларимизни маҳаллий ва хорижий савдо вакилларига тақдим этдик.
Инсонпарварлик ва адолат тамойиллари асосида фаолият юритаётган марказ ва ундаги инсонлар ҳаётида ижобий ўзгаришлар бисёр. Робахон Махмудова миннатдорлик тариқасида бу ердаги тиббиёт ходимлари ва ижтимоий фаол фуқароларга партиянинг эсдалик совғаларини топширди.
“Адолат” СДП Матбуот хизмати
