Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Кенгашининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Кенгаш аъзолари томонидан Қонунчилик палатаси фаолиятига оид қатор масалалар муҳокама қилинди.
Хусусан, депутатларнинг сайлов округларида учрашувларининг якунлари ҳамда Қонунчилик палатасида жисмоний ва юридик шахсларнинг қонун ҳужжатларини такомиллаштиришга қаратилган таклифларини кўриб чиқиш борасидаги ишларни янада самарали ташкил этиш ҳақидаги масалалар атрофлича муҳокама қилинди.
Президентимиз 2024 йил 18 ноябрь куни янги сайланган Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг биринчи мажлисида аҳоли билан бевосита мулоқот қилиш, одамларни қийнаётган муаммоларни жойида ҳал этиш бугун жуда долзарб масалалардан бири эканлигини алоҳида таъкидлаган эди.
Аҳоли билан яқиндан мулоқот қилиш, жамиятдаги мавжуд камчиликларни аниқлаш ва уларни парламент назорати шаклларидан самарали фойдаланган ҳолда ҳал этиш масаласи янги депутатлар корпуси фаолиятининг энг муҳим йўналишларидан бирига айланди.
Ҳозирда депутатлар ҳар ойнинг охирги ҳафтасини ўз сайлов округида ўтказмоқда. Улар аҳоли хонадонлари, тадбиркорлик субъектлари, ижтимоий соҳа объектларига бориб, фуқаролар, тадбиркорлар, жамоатчилик вакиллари ва ёшлар билан юзма-юз мулоқот қилмоқда.
Маълумки, 2024 йилги парламент сайловларида 75 нафар депутат янги пропорционал сайлов тизими асосида сайланди. Парламент тарихида биринчи марта ягона сайлов округи бўйича партия рўйхати асосида сайланган депутатлар ҳам ҳудудларга бириктирилиб, уларни жойларда фаолиятини ташкил этиш бўйича концепция тасдиқланди. Улар ҳам жорий йилда биринчи марта ҳудудларда сайловчилар билан учрашувларини ўтказди. Бу тажриба Қонунчилик палатаси депутатларининг ҳудудлардаги мулоқотлар ва ўрганишлари қамрови кенг бўлишига хизмат қилди.
Хусусан, жорий йил 27 январь – 1 февраль кунлари депутатлар янгича ёндашув, янгича шакл ва услублар орқали халқ билан яқиндан мулоқот қилдилар. Аҳоли ва маҳаллий кенгаш депутатлари билан бўлиб ўтган жонли учрашувларда депутатлар Давлатимиз раҳбарининг ўтган йил ноябрь ойида парламентдаги учта тарихий маърузалари мазмун-моҳияти ва аҳамияти, янги шаклланган парламент, партиялар фракциялари ва қўмиталар фаолияти ҳақида атрофлича маълумотлар беришди. Учрашувларда аҳоли муаммоларини ўрганиш ва уларга ижобий ечим топиш масалалари устуворлик касб этди.
Алоҳида таъкидлаш жоизки, янги шаклланган Қонунчилик палатаси депутатлар корпусининг сайлов округларидаги илк учрашувлари янгича шаклда ташкил қилинди. Учрашувлар давомида жойлардаги муаммоларни партиянинг сиёсий мафкураси ва электорати манфаатидан келиб чиқиб ўрганишга катта аҳамият қаратилди.
ЎзЛиДеП – тадбиркорлик, қишлоқ хўжалигидаги ислоҳотлар, фермер ва деҳқон хўжаликлари фаолияти, “Миллий тикланиш” ДП – миллий туризм, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни ривожлантириш, “Адолат” СДП – тиббиёт соҳасидаги муаммолар, дорилар устидан назоратни кучайтиришга оид масалалар, ХДП – ногиронларни қўллаб-қувватлаш, таълим соҳасидаги муаммолар, Экопартия томонидан “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини амалга ошириш, атмосфера ҳавоси тозалиги, чиқиндилар масалалари ўрганилди. Сиёсий партиялар фракциялари аъзолари маҳаллий кенгаш депутатлари билан ҳамкорликни сифат босқичига олиб чиқиш ва доимий, узвий мулоқотни таъминлашга келишиб олдилар.
Сайловчилар билан ўтказилган учрашувлар ва мулоқотлар давомида мамлакатимизда “Ўзбекистон – 2030” стратегияси доирасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг бориши, янги қабул қилинган қонун ҳужжатларининг мазмун-моҳияти ва аҳамияти етказилди. Очиқ ва самимий мулоқотлар давомида фуқаролар давлат дастури лойиҳасини халқ билан бамаслахат қабул қилинаётгани, дастурда аҳолининг барча зарурий эҳтиёжлари қамрам олингани юртдошларимизнинг алоҳида эътирофига сазовор бўлганлиги қайд этилди.
Мамлакатимиз Президентининг 2024 йил 23 сентябрдаги тегишли қарори билан тасдиқланган “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастурининг моҳияти ва аҳамиятини сайловчиларга тушунтирилиб, унинг йўналишлар ва ҳудудлар кесимида ижро этилиши ҳолати устидан таъсирчан парламент назоратини ўрнатиш чоралари кўрилди.
Шунингдек, фуқароларнинг қабуллари ташкил этилиб, уларга 3 963 нафар фуқаро иштирок этди. Ушбу қабулларга ҳудудлардан қуйи палатага мурожаат йўллаган фуқаролар ҳам таклиф этилиб, уларнинг масалалари жойида кўриб чиқилди.
Депутатларнинг сайлов округларидаги фаолияти аҳоли ва сайловчиларни ўйлантираётган айрим масалалар ва камчиликларни аниқлаш, уларни бартараф этиш имконини бермоқда. Жумладан, депутатлар томонидан маҳаллий ижро органлари билан биргаликда кўрилган чора-тадбирлар натижасида аҳоли томонидан кўтарилган 165 та масала ижобий ҳал этилди. Қолаверса, аҳолини ташвишлантираётган туман ва шаҳар даражасидаги 710 та, вилоят даражасидаги 174 та долзарб масалани маҳаллий ижро ҳокимияти ва бошқа тегишли мутасадди идоралар билан биргаликда ҳал этиш чоралари кўрилди. Вақт ва маблағ талаб этадиган республика даражасидаги 58 та масала эса алоҳида назоратга олинди.
Масалан, депутат Манзура Салимова саъй-ҳаракати билан фуқаро М.Расуловага вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси томонидан бепул жарроҳлик амалиётини ўташ белгиланди. Депутат Тоҳир Полвонов ташаббуси билан Боғот тумани “Оқтепа” маҳалласида фаолияти тўхтаб қолган кўп тармоқли оилавий поликлиника қайтадан иш бошлади.
Қонунчилик палатаси депутатлари ҳудудлардаги ўрганишлар давомида маҳалла еттилиги тизими фаолияти билан танишиб, уларга мамлакатимизда барча соҳаларда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг моҳияти батафсил тушунтирилди. “Янги Ўзбекистон” массивларини қурилиши, инвестициявий лойиҳалар, аграр соҳадаги мавсумий ишларнинг бориши каби бир қатор муҳим масалаларни ҳам ўрганди.
Йиғилишда депутатларнинг сайлов округларидаги фаолияти самарадорлигини янада ошириш мақсадида сиёсий партиялар фракциялари сайлов округларидаги учрашувлар натижасида аниқланган муаммо ҳамда камчиликларни дастурий мақсад ва вазифаларидан келиб чиққан ҳолда бартараф қилиш чора-тадбирларини тизимли давом эттириш бўйича тегишли таклиф ва тавсиялар берилди.
Кенгаш йиғилишида Қонунчилик палатасида жисмоний ва юридик шахсларнинг қонун ҳужжатларини такомиллаштиришга қаратилган таклифларини кўриб чиқиш борасидаги ишларни янада самарали ташкил этиш масаласи ҳам муҳокама қилинди.
Қайд этилганидек, ҳисобот даврида Қонунчилик палатасида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан самарали ишлашга устувор аҳамият қаратилмоқда. Хусусан, 2024 йилда Қонунчилик палатасига жисмоний ва юридик шахслардан жами 5 минг 932 та мурожаат келиб тушган. Улар орасида қонун ҳужжатларини такомиллаштиришга қаратилган таклифлар сони кўпайиб бормоқда.
Масалан, жисмоний ва юридик шахслардан қонунчиликка юборилган таклифлар сони 2023 йилда жами 332 тани ташкил этган бўлса, 2024 йилда уларнинг сони 378 тага етган. Ушбу мурожаатлар Қонунчилик палатасининг қўмиталари томонидан белгиланган тартибда кўриб чиқилиб, уларнинг 120 тасини тегишли давлат органлари билан биргаликда ҳал этиш чоралари кўрилди. 30 дан ортиқ таклифлар қонунларни қабул қилиш жараёнида инобатга олинди.
Илгари фуқароларнинг мурожаатларида асосан муайян муаммо ва масалалар кўтарилар эди. Кейинги пайтларда мурожаатларнинг табиати сезиларли даражада ўзгариб, уларда фуқаролар қонун ҳужжатларини такомиллаштиришга доир асослантирилган таклифларни ҳам билдирмоқда. Ўз навбатида, Қонунчилик палатасида фуқаролар томонидан берилган таклифларни ҳар томонлама ўрганиш, уларни кўриб чиқилаётган қонун лойиҳаларига сингдиришга алоҳида аҳамият қаратилмоқда.
Ҳисобот даврида фуқаролар томонидан асосан Жиноят, Жиноят-процессуал, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги, Меҳнат, Оила, Уй-жой, Солиқ кодекслари ҳамда “Таълим тўғрисида”ги, “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги, “Ахолига психологик ёрдам кўрсатиш тўғрисида”ги, “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги, “Педагогнинг мақоми тўғрисида”ги, “Техник жиҳатдан тартибга солиш тўғрисида”ги қатор қонунларлар бўйича таклифлар юборилган.
Шу билан бирга, таклифлари асосли деб топилган фуқаролар билан учрашувлар ташкил этилиб, таклифлари уларнинг бевосита иштирокида муҳокама қилинган. Масалан, фуқаролар Искандар Расулов ва Хуршида Курбанованинг “Ўзбошимчалик билан эгалланган ер участкалари ҳамда уларда қурилган бино ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасига берган таклифлари инобатга олинган ва қонун лойиҳасининг 12, 16 ва 28-моддаларида акс эттирилган.
Фуқаро Дилшодбек Қаҳҳоровнинг ярашилгани муносабати билан маъмурий жавобгарликдан озод қилинадиган ишлар доирасини 12 тадан 15 тага кўпайтириш бўйича таклифи “Ҳуқуқбузарликлар ва жиноятларнинг олдини олиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар қабул қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳасида ўз ифодасини топган.
Кенгаш йиғилишида Қонунчилик палатаси қўмиталарининг жисмоний ва юридик шахслардан келиб тушган қонунчиликни такомиллаштиришга доир таклифларни кўриб чиқиш борасидаги масъулиятини янада ошириш, келиб тушган таклифларни қўмиталарда таклифлар муаллифлари иштирокида мунтазам равишда муҳокама этиб бориш амалиётини янада кенгайтириш ҳамда асосли таклиф йўллаган фуқароларни рағбатлаштириш чораларини кўриш зарурлиги қайд этилди.
Йиғилишда кун тартибидаги бошқа масалалар муҳокама қилиниб, тегишли қарорлар қабул қилинди.
ОМҚП Матбуот хизмати
