Билими, тарбияси ва кенг дунёқараши билан илм йўлида меҳнат қилаётган, жамиятда аёлларнинг ўрни ва ролини янги босқичга кўтаришга ҳисса қўшаётган ёшлар ҳақида ёзгим келди. Улардан бири – ўз қишлоғида кутубхона очиб, юзлаб ёшларни мутолаа завқига ошно қилган, ёш бўлишига қарамай, кўплаб давлатларда тажриба орттирган, модерн илм соҳасида истиқболли лойиҳа муаллифига айланаётган, “Келажак бунёдкори” медали соҳибаси, Ислом Каримов номидаги стипендия совриндори Маржона Қиёмовадир.
– Маржона, ўзингиз ҳақингизда газетхонларимизга қисқача маълумот бериб ўтсангиз.
– Паркент туманиданман. Илм-фан ва ижодга қизиқишим болалик пайтларимдан бошланган. Ўрта мактабда ўқиб юрган кезларимдаёқ тиббиёт соҳасига иштиёқим кучли бўлган. Мактабни тамомлаганимдан кейин тиббиёт коллежида ўқиб, уни қизил диплом билан битирдим.
Ҳозирда Тошкент тиббиёт академиясининг “Биотиббиёт муҳандислиги” йўналишида 4-босқич талабасиман. Ушбу йўналишдаги таҳсилим мен учун янги имкониятлар эшигини очди. Илм – бу чексиз дунё. Унда ҳар бир қадам янги ютуқлар сари бошлайверади. Бу борада камтарона уринишларим илм кишини элда азиз қилиши, жамият ҳаётида фаол иштирок этишга давъат этишини англаяпман.
– Нима деб ўйлайсиз, бугунги кун тиббиёти сиз танлаган йўналиш ривожига қай даражада боғлиқ?
– Кўпчилик биотиббиёт муҳандислиги йўналишини тушунишда қийналади ва бу соҳага кирган фарзандлари ёки танишлари ишсиз қолади, деб ўйлайди. Ваҳоланки, бугунги тиббиёт ва келажак тиббиёти айнан биотиббиёт муҳандислиги асосида қурилади. Тиббиётни ривожлантираётган энг катта кучлардан бири – бу инновацион технологиялар. Масалан, ультратовуш диагностика ускуналари, роботик жарроҳлик тизимлари, сунъий органлар яратиш, биопринтинг ёки сунъий интеллект ёрдамида ташхис қўйиш каби соҳалардаги барча илғор ютуқлар айнан биотиббиёт муҳандисларининг заҳматли меҳнати ва изланишлари туфайли юзага келмоқда.
АҚШда Илон Маскнинг “Neuralink” компанияси инсон миясига чип ўрнатиш орқали нейрон алоқаларни сунъий равишда яхшилашни мақсад қилган. Бунинг натижасида фалажликка учраган беморларнинг ҳаракат қилиш қобилияти тикланиши мумкин бўлади. Британияда эса “Oxford Nanopore Technologies” компанияси томонидан яратилган генетик таҳлил ускуналари беморнинг ДНКси асосида шахсийлаштирилган даволаш режаларини ишлаб чиқиш имконини бермоқда. Бу тизим орқали ҳатто касалликлар пайдо бўлишидан олдин уларнинг эҳтимолини аниқлаш мумкин. Япония роботлаштирилган жарроҳлик марказига айланган. Уларнинг “da Vinci Surgical System” тизими жуда аниқ ва самарали операцияларни амалга оширади.
Шундай экан, биотиббиёт муҳандислиги фақат бир мамлакатда эмас, балки глобал миқёсдаги инновацион ривожланишларнинг марказида турибди. Тиббиётнинг келажагини фақат шундай илғор технологиялар ва уларни яратаётган муҳандисларсиз тасаввур қилишнинг ўзи қийин.
– Ҳали ўқишни битирмасдан туриб, илмий тадқиқот олиб боришда ҳам анчагина тажриба тўпладингиз. Илмий иш мавзуси ҳам долзарб: “Ультратовушли эластографик ташхиснинг оптимизациясини нейрон тармоқлари орқали амалга ошириш”. Хўш, бу тизимнинг тиббий амалиётдаги аҳамияти ва унинг келажакдаги имкониятлари қандай?
– Ультратовушли эластографик ташхис тизими ҳақида гапирганда, унинг аҳамиятини ҳар бир инсоннинг кундалик ҳаёти билан боғлаб кўрсак, масала янада тушунарли бўлади. Яхши биласиз, сўнгги йилларда саратон ва ортиқча тана вазни каби жиддий касалликларнинг ўсиш суръати глобал миқёсда сезиларли даражада ошмоқда. Статистик маълумотларга кўра, саратоннинг 60 фоиз янги турлари ва 70 фоиз ўлим билан якунланган ҳолатлари асосан 10 турдаги касалликка тўғри келади.
Ультратовуш эластография биомеханикаси алгоритмини сунъий нейрон тармоқлари ёрдамида оптималлаштириш усули бошқа ультратовуш технологиялари самарадорлиги паст бўлган ҳолатларда онкологик тадқиқотларда эластография натижаларининг аниқлигини оширади. Айниқса, биологик тўқималарнинг эластиклик хусусиятларини таҳлил қилиш орқали касалликни илк босқичда аниқлаш ва асосли ташхис қўйишга ёрдам беради. Тадқиқот натижаларига кўра, ҳозирда ҳар уч кишидан бири, яъни дунё аҳолисининг 36 фоизи семиришга мойил. Бу кўрсаткич 2030 йилга бориб яна 20 фоизга ортиши кутилмоқда. Бу эса беморлар учун соғлиқни сақлаш соҳасида самарали ва аниқ ташхис қўйишнинг долзарблигини янада оширади. Бундан ташқари, тадқиқот натижасида ультратовуш эластографияси бўйича йирик маълумотлар базаси шаклланади. Ушбу база шифокорларга ташхис қўйишда ишончли ва тезкор ёрдам беради. Бу технология бирламчи ташхис қўйиш жараёнини енгиллаштиради, натижада шифокорлар беморларга тезкор ва сифатли ёрдам кўрсатиши мумкин бўлади.
– Фаолиятингиз мобайнида Жанубий Корея ва Озарбайжонда бўлиб, халқаро амалиёт дастурларида иштирок этган экансиз. Айтингчи, хорижий тажриба ва мамлакатимизда соҳага қаратилаётган эътибор, тафовут қай даражада?
– Ҳар бир соҳада, хусусан, тиббиётда ҳам халқаро тажриба жуда катта аҳамиятга эга. Жанубий Корея ва Озарбайжонда бўлганимда, бир нарсани яққол англадим: инсон илм йўлида тўхтамаслиги, доимо янги билим ва кўникмаларга интилиши зарур. Бу давлатлардаги тиббиёт тизими, касбий этика ва муносабатлар, инновацион ёндашувлар мен учун жуда қимматли тажриба ўрганишга туртки берди. Халқаро мобиллик дастури доирасида грант асосида Озарбайжон давлат тиббиёт университети ва клиникаларида, Жанубий Кореянинг «Roen», «Yonsei Prime» ва «Yongin Severance» каби нуфузли клиникаларида стажировка ўтаганим бугунги илмий фаолиятимдаги муҳим босқичлардан биридир.
Жанубий Кореяда тиббиёт нафақат фан, балки санъат даражасига кўтарилганини кўрдим. У ерда шифокор, ҳамшира ва бемор ўртасидаги муносабатлар қатъий тартиб ва масъулият асосига қурилган. Масалан, ҳар бир тиббий жараён замонавий технологиялар ёрдамида юритилади, сунъий интеллект ва роботлаштирилган тизимлар диагностикадан тортиб, операция жараёнигача фаол иштирок этади. Корея клиникаларида операция олдидан робот симуляторлари орқали жарроҳларнинг малакаси қайта текширилади. Бу нафақат жарроҳликдаги хатоларни камайтиришга, балки ҳар бир операциянинг аниқлигига кафолат беришга хизмат қилади. Уларнинг лабораториялари ва ташхис марказлари тўлиқ автоматлаштирилган бўлиб, натижаларни юз фоиз ишончли тарзда чиқаради.
Озарбайжон тажрибасига келсак, у ердаги профессорларнинг операция жараёнидаги юқори малакаси ва инсонпарварлиги менда жуда катта таассурот қолдирди. Улар бемор билан мулоқотга алоҳида эътибор қаратишади: ҳар бир жараёнда самимий муносабат ва беморнинг руҳий ҳолатини тушуниш уларнинг иш фалсафасининг асосий қисми.
Мамлакатимизда тиббиёт тизимини такомиллаштириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Бугунги кунда шифохоналаримиз замонавий жиҳозлар билан таъминланмоқда, тиббий таълим сифатини ошириш учун хорижий мутахассислар жалб қилинмоқда. Бироқ ҳали ҳам ҳал этилиши зарур бўлган йўналишлар бор. Аввало, тиббий инфратузилмани ривожлантиришни янада жадаллаштириш зарур. Масалан, қишлоқ шифохоналарида юқори сифатли ташхис ускуналарини ўрнатиш ва шифокорларнинг малакасини ошириш тизимини кучайтириш муҳим.
– Кўпчилик сизга “Кутубхоначи қиз”, деб мурожаат қиларкан. Хорижий грант маблағлари ҳисобидан қишлоғингизда кутубхона қурдирган экансиз.
– Ҳа, шундай. Баъзилар мендан кутубхоначилик йўналишида таҳсил оласизми, деб сўраб ҳам қолишади. Мўъжазгина “Кумушкон” кутубхонамда бугунги кунда 1500 дан зиёд адабиётлар ва электрон кутубхона бор. Қишлоғимиз аҳолиси, айниқса, ёшлари ушбу кутубхонадан фойдаланиб келмоқда. Кутубхонани 2022 йил Германия элчихонасининг 9000 евролик гранти ҳисобига бунёд қилган эдик. Вақт ўтган сари китобхонларимиз сафи ҳам кенгаймоқда. Ҳозирги кунда бу ерда нафақат китоблар ўқилади, балки ёшлар компьютер саводхонлиги бўйича курсларда иштирок этади. Кутубхона аҳоли учун маданий ва маърифий марказга айланди. Кутубхонада “Ўзбек тили: кеча ва бугун”, “Мен учун севимли асар”, “Зулфияхоним издошлари” ва “Икки буюк даҳо” номли ижодий танловлар ҳар йили ўтказиб келинади. Ёшлар орасида китобхонликни ривожлантиришга катта эътибор қаратамиз, чунки бу келажакнинг асоси ҳисобланади. Ҳозирги кунда кутубхона учун янги бино қурилиши давом этмоқда, насиб этса, шу йил кутубхонамизнинг уч йиллигини янги бинода нишонлаймиз.
– Китобхонликдан узоқлашмаймиз. Ўзингиз ҳам тез-тез китоб ўқиб турсангиз керак. Мутолаанинг инсон ҳаётидаги ўрнини қандай баҳолаган бўлардингиз? Ёшлар ўртасида китобхонликни оммалаштириш учун яна нималар қилиш керак, деб ўйлайсиз?
– Китоб – инсоннинг энг яқин ҳамроҳи, улуғ мураббийи ва ақл-идрок манбаидир. Мутолаа эса нафақат билим олиш, балки ҳаёт ҳақидаги тасаввуримиз, чин инсонийлик тушунчасини чуқурроқ англашга ёрдам беради, деб ўйлайман. Китоб орқали инсон ҳаёт ҳақиқатларини англаб, ўз дунёқарашини кенгайтиради. Ўзим ҳар ҳафта камида иккита янги китоб мутолаа қилишни мақсад қилганман.
Ёшлар орасида китобхонликни ривожлантириш учун замонавий электрон кутубхоналарни кўпайтириш, уларни ўзига жалб этувчи интерактив ўқув платформалар ва қизиқарли китобхонлик клубларини ташкил этиш муҳимдир. Танловлар, семинарлар, китобхонлик форумлари орқали ёшлар орасида мутолаага бўлган иштиёқни кучайтириш мумкин. Бироқ энг самарали усул – оила муҳитида китобхонликка меҳр уйғотишдир. Оилавий ўқув кечалари ташкил этиш, фарзандларга болаликдан китобларга бўлган меҳрни шакллантириш – бу ёш авлоднинг маънавий камолотини таъминловчи асосий омил. Чунки китобхонлик нафақат билим олиш, балки маърифатли, кенг фикрлайдиган, жамиятга наф келтирадиган шахс бўлиб етишишнинг биринчи қадами. Бундан ташқари, ёшларга замонавий, ҳаётга тааллуқли, уларнинг қизиқишларига мос келадиган китобларни тавсия этиш, жамоат жойларидаги, мактаблар ва олий ўқув юртларидаги кутубхоналарни замонавий шароитлар билан таъминлаш орқали китобхонликни янада оммалаштириш мумкин.
– Яхши биласиз, бугун жамиятимизда хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини оширишда кўплаб амалий ишлар қилинди, қонунчилик такомиллаштирилди, шарт-шароит кенгайди. Лекин ҳануз “Қиз болага ўқишни ким қўйибди. Унинг ўрни оилада, бекаликда”, дея фикрловчилар ҳам бор. Бунга қандай қарайсиз?
– Қиз бола ўқиса, миллат ўқийди, дейишади. Бу қимматли фикр ҳеч қачон ўз аҳамиятини йўқотмайди, деб ишонаман. Аксинча, ҳар қайси давр ва маконда янада чуқурроқ маъно касб этади. Биласизми, бугун жамиятимизда айнан сиз айтган эски стереотип парчаланмоқда, ота-оналар ўғлидан ҳам кўра қизининг ўқиши нафақат ўзи, балки уларнинг келгусида дунёга келтирадиган зурриётлари учун ҳам фойдали, аҳамиятли эканини англаб етяпти. Аёлнинг таълими шахсий ҳаётининг равнақи, миллатнинг маънавий, иқтисодий ва ижтимоий юксалиши учун ҳам мустаҳкам пойдевор яратишини кўриб турибмиз. Бугунги жамиятда қизларни ўқитиш нафақат уларнинг шахсий ҳуқуқи, балки жамиятнинг умумий фаровонлиги учун ҳам муҳим. Чунки таълимли аёллар янги ғояларни, инновацияларни амалга оширади, ўз оилаларига ва атроф-муҳитга ижобий таъсир ўтказади. Шунинг учун қиз болаларнинг таълим олишига тўсиқ бўладиган ҳар қандай қараш ёки чегаралардан воз кечишимиз лозим. Уларни ҳам моддий, ҳам руҳан қўллаб-қувватлаб, жамиятнинг ҳар бир соҳасида ўз салоҳиятини рўёбга чиқаришлари учун барча имкониятларни яратиш керак, албатта.
– Келгусида илмий изланишларингизни янада чуқурлаштириш ва уларни мамлакатимизда амалиётга жорий этиш борасида қандай режаларингиз бор?
– Бунинг учун Германия, Жанубий Корея каби мамлакатларда тадқиқотлар олиб боришни режалаштирганман. Айниқса, биофабрикация ва тўқима муҳандислиги соҳаларида ўз билим ва малакамни оширмоқчиман. Бу орқали юртимизда тиббиётнинг энг янги технологияларини жорий этишни мақсад қилганман. Шунингдек, илмий изланишлар натижаларини маҳаллий клиникаларда қўллаш ва инновацион тиббий асбоб-ускуналар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш учун янги стартаплар ташкил этишни ҳам режа қилмоқдаман.
– Суҳбатингиз учун раҳмат!
Илҳомжон АБДУСАЛОМОВ суҳбатлашди