Наманган туманидаги 2-сонли касб-ҳунар мактаби ташкил топганига йигирма йил бўлди. Айни пайтда политехникум мақомини олган ушбу таълим масканида партиямиз аъзоси, туман кенгаши депутати Эркин Юсупов директор бўлиб ишлайди.
Ҳамроҳим, туман кенгаши раиси Абдуғаффор Отахонов билан вилоят кенгаши таклифига кўра депутатимиз раҳбарлик қилаётган политехникум фаолияти билан яқиндан танишдик. Бизга ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари Илҳомжон Каримов яқиндан ёрдам берди.
– Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги тизимидаги мазкур таълим масканимизнинг қабул қуввати 1050 ўринли бўлиб, айни пайтда 778 нафар талаба ҳунар сирларини ўрганмоқда. 32 та ўқув хоналари мавжуд. Ўқувчиларга 38 нафар малакали ўқитувчилар сабоқ беришмоқда. Ишлаб чиқариш устахонаси, қишки спорт саройи ва ётоқхона, ошхона мавжуд. Хуллас, ёшларнинг касб-ҳунар эгаллашлари учун барча имконият яратилган, – деди Илҳомжон Каримов.
Ҳа, бугунги кунда мамлакат келажаги ҳисобланган ёшлар нафақат олий таълим олишга, балки қизиқишларидан келиб чиқиб, касб-ҳунар эгаси бўлишга ҳам жиддий киришмоқда.
Давлат раҳбари раислигида шу йил 7 декабрь куни аҳолини талаб юқори бўлган касбларга ўқитиш ва даромадли иш билан таъминлаш чора-тадбирлари бўйича ўтказилган йиғилишда вилоятлардаги ижобий ҳолатлар тилга олиниб, маҳаллий ва хорижий корхоналар билан ҳамкорликда замонавий мутахассислар тайёрланаётгани қайд этиб ўтилди. Шу билан бирга хусусий корхоналарни қўллаш, уларга манфаатли шароит қилиб бериш орқали дуал таълим қамровини ошириш бўйича ҳам чоралар белгилаб берилди.
Ушбу соҳага алоҳида эътибор қаратишдан мақсад шундаки, шаҳару қишлоқларни бой ва обод қиладиган кишиларнинг аксарияти ҳунар эгаларидир. Қолаверса, дунё меҳнат бозорида ҳам яхши касб ва ҳунар эгасига бўлган талаб ортиб бормоқда. Буни ҳисобга оладиган бўлсак, демак, ёшлар хорижий тилларни ҳам пухта билишлари керак бўлади. Айнан шуни эътиборга олиб Президент «Кўп ёшларимиз қизиқиши ва қобилиятига мос касб-ҳунар эгаллашни афзал кўраётгани ҳам давр талаби. Шу боис болаларимизга мактабдаёқ камида иккита чет тилини ва компьютерни ўргатсак, қўлида ҳунари бўлса, ҳаётда ўз ўрнига эга бўлади”, деди.
Мазкур политехникумда таҳсил олаётган йигит-қизлар компьютер графикаси ва дизайн оператори, электрик, тикувчилик, ошпазлик ҳамда автомобилларни таъмирлаш, хизмат кўрсатиш каби касбларни ўзлаштириш билан бир қаторда инглиз тилидан ҳам сабоқ олишмоқда. Шунингдек, талабаларнинг соғлом ва теран фикрли бўлиб ўсиши учун зарур шарт-шароитлар яратилмоқда.
Ўқув масканида саккиз юз нафарга яқин талаба ва уларнинг устозлари соғлигига ҳам жиддий эътибор қаратилаётган бўлиши керак, деган умидда «Тиббиёт хонаси» билан танишдик. Лекин, афсуски, хона бўм-бўш эди.
– Нега бундай? – дея юзландим у ёқ-бу ёқни тартибга келтириб юрган аёлга.
– Бизда ҳамширалик ва лаборант лавозими қисқариб кетган, шунинг учун… – дея изоҳ берди ўзини собиқ ҳамшира дея таништирган Фотима Мамажонова. – Лекин қўлимдан келганча ёшлар соғлигига эътибор қаратиб турибман. Чунки ўсмир ёшдагилар жиддий ўзгаришларни бошдан кечиради.
Ушбу масалага ойдинлик киритдик. Маълум бўлишича, Республика Олий таълим, фан ва инновациялар, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик, Иқтисодиёт ва молия вазирликларининг қарорига асосан бир қатор штатлар қаторида ҳамширалик ва лаборантлик вазифаси ҳам 2023 йилнинг май ойида қисқартириб юборилган экан.
Ажабо! Келиб-келиб ўқув юртидаги саломатлик посбони штати қисқартириладими?
– Шу атрофда шифохона ёки поликлиника борми? – сўрадим туман кенгаши раиси Абдуғаффор Отахоновдан.
– Чамамда, икки чақирим нарида, – деди у.
Касб-ҳунар муассасасида тиббиёт ҳамшираси лавозимини тиклаш, менимча, жуда ҳам муҳим. Чунки яқиндагина соғлиқни сақлаш соҳасида 2025 йилга мўлжалланган устувор вазифалар кўриб чиқилганда, давлат раҳбари соҳадаги сифат ўзгаришлар барча ҳудуддаги болалардан тортиб, кексаларгача – ҳамманинг ҳаётида акс этади, дея таъкидлади. Бундан чиқди, мазкур муассасадаги тиббиёт билан боғлиқ муаммо ҳам тез орада ўз ечимини топади, деган умидимиз бор.
