Мамлакатимизда аҳоли кундан-кунга ўсгани сайин давлатимиз олдида тезкор амалга ошириладиган вазифалар қаторида аҳолини сифатли ва ҳамёнбоп уй-жой билан таъминлаш долзарб ҳисобланади.
Президент раислигида ўтказилган йиғилишда айнан ушбу йўналишда қилинган ишлар сарҳисоби ҳамда ипотека тизимини ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди. Рақамларга юзланадиган бўлсак, 2024 йилда 100 мингдан зиёд хонадонга эга 2 минг 44 та кўп қаватли уй барпо этилди ва 19,1 миллион квадрат метр нотурар объектлар қурилди. Ушбу объектларнинг қурилиши ҳисобига пудратчилар, бошқарув ва сервис, қурилиш материаллари, транспорт каби соҳаларда 350 минг одам иш билан таъминланди. Шунингдек, мебель, электротехника, тўқимачилик, қурилиш материалларини ишлаб чиқариш соҳаларида қўшимча 11 триллион сўмлик бозор пайдо бўлди.
Қурилишни рағбатлантириш мақсадида 2024 йилнинг ўзида аҳолига 17 триллион сўм ипотека кредити ажратилди, қурувчи ташкилотларга эса айланма учун жами 3 триллион сўм маблағ берилди. Демак, замонавий уй-жойлар қурилиши нафақат уй-жойга муҳтожлик каби ижтимоий муаммони ҳал қилади, балки ҳудудларнинг иқтисодий ривожланишига сезиларли туртки бўлмоқда.
Ўзбекистонда аҳоли сони йилига қарийб 1 миллионга ошаётганини ҳисобга олиб, уй-жой қуришни жадаллаштириш мақсадида жорий йилда уй-жой дастурларини молиялаштиришга бюджетдан 15,5 триллион сўм ресурс берилмоқда. Банклар бунга қўшимча 10 триллион сўм йўналтиришни мақсад қилган. “Ипотека компанияси” ҳам бу мақсадларга 2,3 триллион сўм ресурс йўналтиради.
2025 йилда камида 70 мингта хонадон учун ипотека кредити тақдим этиш билан бир қаторда, 30 минг оилага хонадон сотиб олиш учун расмийлаштириладиган кредитнинг бошланғич бадали субсидия шаклида берилиши режалаштирилган. Ушбу субсидия даромади юқори бўлмаган оилаларга берилиб, давлат бюджетидан қопланиши назарда тутилган.
Шунингдек, янги уй-жой оладиган фуқароларга ўзи тўлаган маблағининг бир қисмини кэшбек қилиб қайтарилиши хонадон олаётган инсонларга яна бир молиявий ёрдам бўлиши қувонарли ҳолдир. Айниқса, бундай таклиф амалга оширилиши ёш оилаларнинг бюджетига сезиларли таъсир кўрсатишига ишончимиз комил.
Таъкидлаш лозимки, эндиликда хорижда ишлаётган меҳнат мигрантларимиз ҳам ипотека олиши мумкинлиги белгиланмоқда. Бунинг учун ипотека кредити ажратишда хорижда меҳнат қилаётган ва олти ой ичида мунтазам пул ўтказиб келаётган фуқаролар даромадини ҳисобга оладиган тизим яратилади.
Албатта, уй-жой қурилишида ер билан боғлиқ муаммо ҳам мавжуд. Чунки озиқ-овқат хавфсизлигини инобатга олган ҳолда қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни фақат ўз мақсадида ишлатишимиз зарур. Демак, уй-жой қуришда асосий эътиборни эскирган уйлар ўрнида реновация асосида замонавий кўп қаватли уйларни кўпайтиришга қаратишимиз мақсадга мувофиқдир. Агар уйлар реновация асосида қуриладиган бўлса, ердан фойдаланиш самарадорлиги 4-5 карра ошади, коммуникация харажати 2 карра камаяди.
Бу борада Жиззах, Марғилон, Қўқон, Шаҳрисабз, Қарши шаҳарлари, Дўстлик ва пойтахт туманларида бошланган яхши тажриба барча ҳудудларда оммалаштириладиган бўлса, эскирган уйларда яшаётган фуқароларимиз замонавий, барча қулайликларга эга янги коммуникациялар ўрнатилган хонадонларда яшаши учун шароит яратилади. Йиғилишда реновация асосида бу йил 20 минг хонадон қурилишини ташкил қилиш зарурлиги қайд этилди.
Аҳолини уй-жой билан таъминлаш мақсадида янги уйларни қуриш масаласи депутатлар олдига қатор вазифаларни бажаришни тақозо этади. Энг аввало, реновация асосида янги уй-жойлар қуриш учун мустаҳкам ҳуқуқий пойдеворни яратишимиз зарур бўлади. Мулкдор мулкини ишончли ҳимоя қилиши, фуқароларни эски уйлардан янги уйларга кўчириш жараёнида келиб чиқадиган масалаларни ўз вақтида ечиш мақсадида илғор хорижий тажрибаси асосида “Реновация тўғрисида”ги янги қонун лойиҳасини тез фурсатда ишлаб чиқиб, қабул қилишимиз керак.
Сўнгги пайтларда уй-жой қуриб беришни ваъда қилган қурувчи ва унга ишониб сармоя киритган аҳоли ўртасида низолар ва келишмовчиликлар вужудга келаётганининг гувоҳи бўлмоқдамиз. Бундай ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида фуқароларимизнинг уй-жой қурилишига жалб этилган маблағларини кафолатли ҳимоя қилишга қаратилган, “экскроу” тизимини киритиш бўйича қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш лозим.
Жорий йилда 120 минг хонадонли кўп қаватли уйлар қурилиши ҳисоб-китоб қилинган. Демак, уй-жойлар қурилишида сифат назорати, уйларнинг ўз вақтида топширилиши ва аҳоли маблағлари мақсадли ишлатилиши устидан таъсирчан парламент назоратини амалга ошириш ҳам депутатларга катта масъулият юклайди.
