Бугун “яшил” иқтисодиёт ва энергия тежовчи технологиялар нафақат муҳокамалар марказида бўлиб қолмоқда, балки ҳаётимизда ҳам муҳим ўрин эгаллаб бормоқда.
Мисол учун, шундай технологиялардан энг оддийси бўлган қуёш панелларини олайлик. Ҳозирги кунда улар арзон ва соф энергия манбаи ҳамда барқарор тараққиёт учун инновацион ечим сифатида кўрила бошланди. Боиси ўтган йилдан бошлаб уйда анъанавий электр таъминотидан фойдаланилганда ҳар бир киловатт соат учун тўланадиган ҳақ анча ошди. Бунинг устига, электр энергияни қанча кўп ишлатсангиз, шунча юқори нархда тўлайсиз. Агар қуёш панеллари ўрнатилса, дастлабки сармоя каттароқ бўлиши мумкин, лекин узоқ муддатли фойдасини ҳисобласак, самара яққол кўринади. Масалан, бир марта қуёш панелларини ўрнатиш учун сарфланган маблағ 5-7 йил давомида ўзини қоплайди ва ундан кейин ҳар бир киловатт соат энергия деярли текинга тушади. Энг муҳими, шундай технологиялардан фаол фойдаланаётганлар фақат мавжуд эҳтиёжини қондириш билан чекланмай, ортиқча электр энергиясини давлатга сотиб, қўшимча даромад манбаига ҳам эга бўлишмоқда.
Хўш, бундан кўзланган асосий мақсад фақатгина иқтисодий фойдами? Йўқ, бу технологиялар бизнинг ҳаётга, табиатга муносабатимизни ҳам ўзгартирмоқда. Илгариги “ресурсни сарфлаш” қарашининг ўрнига, эндиликда “ресурсни асраш ва қайта ишлаш” тамойили устунлик қиляпти. Қуёш панеллари, шамол генераторлари, энергия тежовчи қурилмалар – буларнинг барчаси инсон учун қулайлик яратиш билан чекланмасдан, балки табиатни муҳофаза қилишда ҳам катта аҳамиятга эга. Демак, бу бекорга эмас экан. Таъбир жоиз бўлса, замонавий дунёда табиатга зарар етказмасдан, ресурслардан оқилона фойдаланиш ва уларни тежаш орқали иқтисодий манфаатга эришиш – Янги Ўзбекистон яратаётган “яшил иқтисодиёт” моделининг асосий тамойилларидан бири ва бу борада аҳолига манфаатли таклиф ва имтиёзлар ҳам тақдим этилмоқда.
Айниқса, ривожланган давлатлар бу борада улкан ютуқларга эришиб, барқарор энергия манбаларидан фойдаланиш орқали иқтисодий ва экологик муаммоларни муваффақиятли ҳал қилмоқда. Масалан, Германияни олайлик. Бу мамлакатда қуёш ва шамол энергиясидан фойдаланиш аллақачон миллий энергетика тизимининг асосий қисмларидан бирига айланган. Германия ҳукумати “энергетик ўтиш” дастури доирасида қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантиришга миллиардлаб евро сармоя киритди ва натижада мамлакат электр энергиясининг 40 фоизи қайта тикланувчи манбалар ҳисобидан ишлаб чиқарилмоқда. Бундан ташқари, улар қуёш панелларидан фойдаланган ҳар бир фуқаронинг қўшимча энергиясини давлатга сотиш механизмини жорий қилган. Бу нафақат экологик фойдали, балки иқтисодий рағбатлантирувчи чора ҳамдир.
Хитой эса қуёш энергияси ишлаб чиқариш бўйича дунёда етакчи ўринда турибди. Бу давлат 2030 йилга келиб углерод нейтраллигига эришиш мақсадида қуёш ва шамол энергиясини ривожлантиришга улкан сармоя киритмоқда. Уларнинг қуёш панеллари ишлаб чиқариш бўйича қуввати шу қадар каттаки, фақат ўзини таъминлаш билан чекланмай, дунёнинг кўплаб давлатларига ҳам экспорт қилиб келмоқда.
Бизда-чи? Янги Ўзбекистонда бу йўналиш аста-секин ривожланмоқда. Жорий 2025 йилнинг “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт” йили” деб эълон қилиниши, шу йилда амалга оширилиши лозим дея баҳоланаётган мақсадли кўрсаткичлар, амалий чора-тадбирлар орқали “яшил” иқтисодиёт моделини тизимли жорий этишга алоҳида аҳамият берилмоқда. Ўтган ҳафтада якунига етган Давлат дастури ва Президент фармони лойиҳалари муҳокамасида аҳолининг фаол иштирок этиб, келгуси тараққиётни белгилашда 6529 та, шундан Дастур лойиҳасига 2826 та, фармон лойиҳасига 3703 та таклиф юборгани эса лойиҳаларни такомиллаштириб, янада халқчил қилишга ёрдам беради, албатта. Умуман, Ўзбекистоннинг экологик ва ижтимоий-иқтисодий тараққиёти учун муҳим аҳамиятга эга бўлган ушбу ташаббуслари фақат табиатни муҳофаза қилишни эмас, балки иқтисодиёт, ижтимоий соҳалар ва аҳолининг яшаш даражасини яхшилашга қаратилган кенг кўламли стратегияни қамраб олади.
Бу борада тарих зарварақларига нигоҳ ташлар эканмиз, кўҳна ва қадим Шарқда яшил иқтисодиётнинг фалсафий илдизлари асрлар давомида шаклланганига гувоҳ бўламиз. Яхши маълумки, қадимги даврларданоқ инсоннинг табиатга таъсирини тушуниш, унинг барқарорлигини таъминлаш учун масъулиятни ҳис қилиш орқали табиат ва инсон ўртасидаги муносабатлар ҳақидаги фалсафий тушунчалар шаклланган. Жумладан, зардуштийликнинг муқаддас китоби “Авесто”да табиатни бузиш, табиат унсурларига зарар етказиш ёки уларга ҳурматсизлик билан қараш жуда катта айб сифатида кўрилган. Зардушт ҳикматларидан бирида инсон табиатни “йўқ қилиш” ёки “бузиш” йўли билан ўз мақсадларига эришиши мумкин эмас, чунки табиатнинг ҳар бир қисми унинг барқарорлигига ва яхшиликка хизмат қилади, деб эътироф этилган.
Бундан ташқари, муқаддас ислом динида ҳам табиатга, унинг ресурсларига, оламга, инсонга Яратувчи мўъжизаси сифатида қаралган. Буюк файласуф, тиббиёт илмининг султони Абу Али ибн Сино табиатни “бир бутун” сифатида қараган ва инсоннинг ҳаётини шу бутуннинг ажралмас қисми, деб ҳисоблаган. Бу қараш замонавий яшил иқтисодиётнинг ижтимоий жиҳатлари ҳисобланган барқарорлик ва экологик хатарлардан холи иқтисодий ривожланиш принциплари мазмунига ҳамоҳанглигига қадимий манбалар ҳам гувоҳлик беради.
Йилнинг мазмун-моҳиятини талқин этишдан аввал “яшил иқтисодиёт” тушунчаси таърифига тўхталиб ўтиш жоиз. Тушунарлироқ айтганда, “яшил” иқтисодиёт – бу табиатнинг барқарорлигини сақлаш ва замонавий иқтисодий моделлар билан уйғунлаштиришга асосланган иқтисодий ўсиш модели саналади. Ушбу моделда табиат ресурсларидан рационал ва самарали фойдаланиш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва келажак авлодларга соғлом, тоза муҳит қолдириш муҳим масала бўлиб қолади. Яшил иқтисодиётнинг бош мақсади – иқтисодий ўсишни барқарор равишда таъминлаш, шу билан бирга, экологик ва ижтимоий мувозанатни сақлашдир. Демак, янги энергетика манбаларини ишлаб чиқариш ва улардан фойдаланиш, табиат ресурсларини қайта ишлаш ва барқарор фойдаланиш, ушбу соҳага янгиликлар киритиш, энергия самарадорлигини ошириш, чиқиндиларни қайта ишлаш ҳамда экологик инновацияларни жорий этиш унинг асосий фаолият йўналишлари ҳисобланади.
Хўш, энди олдимизда қандай муҳим вазифалар турибди? Энг аввало, электр энергиясини ишлаб чиқаришда атроф-муҳитга зарар етказадиган анъанавий энергия манбалари, яъни кўмир ва табиий газдан фойдаланиш ўрнига, тоза энергия манбаларини жорий этиш ишларини жадаллаштириш лозим. Бунинг учун қайта тикланадиган энергия манбалари, яъни шамол ва қуёш энергиясидан фойдаланиш, шунингдек, янгиланиш технологияларини ишлаб чиқиш, уларни амалиётга жорий қилишни кенгайтириш, соҳани қонунчилик нуқтаи назаридан такомиллаштириш талаб этилади.
Шу ўринда айтиш лозимки, 1992 йил 9 декабрда қабул қилинган “Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни ўтган 32 йил давомида кўп ва хўп хизмат қилди. Гарчи қонунга турли йилларда керакли ва муҳим ўзгартириш ҳамда қўшимчалар киритиб келинаётган бўлса-да, инсон саломатлиги, жамоат хавфсизлиги, табиат унсурларини келгуси авлодларга етказиш, иқлим ўзгаришларига дош берадиган муҳитни яратиш сингари масалаларни давлатнинг ички вазифалари нуқтаи назаридан яна бир бор ўрганиш, таҳлил қилишни тақозо қилади, деб ҳисоблаймиз. Зеро, ўтган давр мобайнида бўлиб ўтган фавқулодда вазиятлар, эпидемиялар ҳамда аҳолининг ҳаёти ва соғлигига атроф табиий муҳитнинг меъёрдан ортиқ даражада ифлосланиши билан боғлиқ хавф юзага келишининг профилактикаси бугунги куннинг долзарб масаласи эканлигини унутмаслигимиз керак.
Мухтасар айтганда, илгари табиий ресурсларни чексиз сарфлашни оддий ҳолат деб билган инсон энди уларни асраб-авайлаш ва қайта ишлашнинг аҳамиятини тушунди ва бу қувонарли. Қолаверса, бугун биз иқтисодиётнинг фақат рақамлар эмас, балки табиат билан уйғун ривожланиши мумкинлигини, лекин бунинг учун «тадбиркорлик» тушунчаси табиат муҳофазасига қаратилган амалий қадам, «ўсиш» тушунчаси эса барқарорлик билан уйғун бўлиши шарт эканини англадик. Демак, Ўзбекистон бу соҳада катта қадамлар ташламоқда, аммо бу йўлда тўхтаб қолиш мумкин эмас. Соҳада тадбиркорларни қўллаб-қувватлашда, жамоатчилик назоратини ўрнатиш орқали самарадорликни оширишга ҳар биримиз масъулмиз.