Янги таркибдаги парламент самарали фаолият кўрсатмоқда. Халқ билдирган ишончни оқлаш, жойлардаги ижтимоий аҳамиятга молик, аҳолини қийнаб келаётган муаммоларни ўрганиш ва бартараф этиш чораларини кўриш, лозим тақдирда қонунчиликни такомиллаштириш учун одамларнинг фикрини ўрганиш ва тегишли таклифлар тайёрлаш пировард мақсад этиб белгиланган. Қуйи палатадаги “Адолат” СДП фракцияси аъзолари ҳам жараёнда фаол иштирок этмоқда, ўрганиш манзилларида олиб борилаётган ислоҳотлар, бунёдкорликлар билан бир қаторда мавжуд муаммо ва камчиликлар бўйича аҳоли мурожаатларига қулоқ тутиб, масалаларни ҳал этмоқдалар. Ҳафта давомида бу борадаги ишлар салмоқли бўлди, ижро назорати ҳам эътибордан четда қолмади.
Андижон вилояти
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари Гулнорахон Абдувоҳидова ва Мавлудахон Адҳамжонова партиянинг Андижон вилоят кенгаши фаоллари билан учрашувда партия фаолияти билан боғлиқ масалаларга алоҳида тўхталиб ўтишди. Халқ вакиллари Қонунчилик палатасининг бугунги кундаги фаолияти, қонунчилигимизга киритилаётган ўзгартиришлар ҳамда партиянинг ўз Сайловолди дастурида белгилаган вазифаларни қай даражада бажараётганлиги тўғрисида маълумот беришди. Ўз ўрнида “Адолат” СДП томонидан партия лойиҳалари доирасида амалга оширилаётган ишлар, уларнинг ҳудуддаги ижроси таҳлил қилинди.
– Авваллари депутатлар билан сиёсий партиялар ўртасида ҳамкорлик мустаҳкам йўлга қўйилмагани ҳар икки институтнинг айро ҳолда ишлашига олиб келарди, – дейди Гулнорахон Абдувоҳидова. – Бугун бутунлай бунинг акси. Аслида мақсад ва қарашларимиз бир. Биз депутатларни сайловчилар олдига сиёсий партия олиб чиққан. Вилоят кенгаши масъуллари билан ўрганиш манзиллари, аҳоли билан учрашув ва мулоқотларни ташкил этиш бўйича келишиб олдик. Бу эса депутатларнинг иш самарадорлигини ошириш, жойлардаги муаммоларни чуқурроқ ўрганиш ва уларга ечим топишга хизмат қилади.

Фракция аъзоси Мавлудахон Адхамжонова эса Олтинкўл туманидаги “Оқтепа” ва “Қўшкўприк” маҳаллаларида бўлиб, ҳудуддаги ижтимоий ўзгаришлар, аҳоли фаровонлигини ошириш, инфратузилмаларни замон талабалари асосида янгилаш бўйича қилинаётган ишлар билан танишди. Шунингдек, айни кунда ижросини таъминлашга жиддий киришилган “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури доирасида маҳаллалар идоралари вакиллари ҳисоботини тинглади ва имтиёзли кредитлар олиб, оилавий барқарор даромадни йўлга қўйган хонадон эгалари билан суҳбатлашди. Шундан сўнг туман Марказий поликлиникасида беморларни даволаш учун яратилган шарт-шароитларни ўрганди.
Бухоро вилояти
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Мақсуд Қурбонбоев Бухоро шаҳридаги Ғафур Ғулом маҳалласида бўлиб, аҳоли билан очиқ мулоқот ўтказди. Унда фуқаролар томонидан маҳалланинг марказий кўчаларида хавфсизликни таъминлаш мақсадида кузатув камераларини ўрнатиш, энергия самарадорлигини ошириш учун қуёш панелларини харид қилиш ҳамда ушбу технологияларни жорий этишга қаратилган тўлов-кредит механизмларини соддалаштириш каби таклифлар билдирилди.
– Депутатлик фаолияти фақат қонунлар муҳокамаси билан чекланмайди, балки жойларда аҳоли билан бевосита мулоқот қилиш, уларни қийнаётган муаммоларни аниқлаш ва ечим топишга ҳисса қўшиш ҳам унинг асосий вазифаларидан бири, – дейди Мақсуд Қурбонбоев. – Фракциямиз учун энг асосий вазифа – аҳоли томонидан кўтарилган муаммоларни диққат билан тинглаб, уларни мутасадди идоралар билан биргаликда таҳлил қилиб, амалий ечим топишдир. Биз бу йўналишда доимий иш олиб борамиз ва ҳар бир мурожаатни назоратимизга оламиз.
Варахшалик аҳоли эса маҳалла йўлларини таъмирлаш, ҳудуддан чиқиндиларни ўз вақтида олиб чиқиб кетиш, тиббий хизмат сифатини ошириш ва меҳнат имкониятлари билан боғлиқ муаммоларини ҳал қилиш бўйича депутатдан амалий ёрдам сўради. Шундан сўнг депутат 34-мактабда бўлиб, ўқув жараёни ва шарт-шароитлар билан танишди, айниқса, иссиқлик таъминоти ва инфратузилма масалаларига алоҳида эътибор қаратди.
Мулоқот давомида фракция вакили билдирилган таклиф ва муаммоларни тинглаб, уларни мутасадди идоралар билан биргаликда таҳлил қилиб чиқиш ҳамда амалий ечим топишини маълум қилди.
Самарқанд вилояти
Кўҳна ва боқий Самарқандда бир йўла 2 нафар фракция аъзоси – Елена Компольшик ва Бехзод Тўхтамуродов ўрганиш олиб борди. Елена Компольшик партиянинг Самарқанд шаҳар кенгаши раиси Зафар Қобилов билан мактабгача таълим муассасалари ва мактаблар фаолияти билан танишди.
Илк манзил – “Севали” маҳалласидаги 50 ўринли оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилоти фаолияти ўрганилганда, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги вилоят бошқармасидан тегишли рухсатнома олишда муаммолар юзага келгани, натижада иш фаолияти бошланмаётгани маълум бўлди. Боз устига маҳалла ҳудудида давлат мактабгача таълим ташкилоти йўқ. Шуни инобатга олиб, боғча ишлашига амалий ёрдам берилса, маҳалладаги 3-7 ёшли болалар, уларнинг ота-оналари учун манфаатли бўлади. Қолаверса, “Боғбонлар” маҳалласидаги “Amina Kids” оилавий нодавлат мактабгача ташкилотида ҳам фаолият олиб бориш учун барча шароитлар мавжуд бўлса-да, юқоридаги муаммо юзага келган.
– Мактабгача таълим – болаларимизнинг келажаги учун муҳим босқич, шу боис бу йўналишдаги ҳар қандай муаммо зудлик билан ҳал этилиши лозим, – дейди Елена Компольшик. – Аниқланган ҳолатлар шуни кўрсатадики, ҳозирги кунда оилавий нодавлат боғчалар ўз фаолиятини тўлиқ бошлашда қийинчиликларга дуч келяпти. Рухсатнома олиш жараёни мураккаблиги, ҳужжатбозлик ва бюрократик тўсқинликлар сабаб ишга тушмаган боғчалар бор. Бу муаммоларни мутасадди ташкилотлар билан биргаликда тезкорлик билан ҳал этиш чораларини кўрамиз.

Депутат мавжуд муаммоларни ўрганиб, тегишлилиги бўйича назоратга олди. Уларни тезкорлик билан бартараф этишга келишиб олинди.
Бехзод Тўхтамуродов эса Булунғур туман тиббиёт бирлашмасига қарашли туғуруқ бўлими, “Диёр” ўйингоҳи, 9-сон Болалар мусиқа ва санъат мактаби фаолияти, шарт-шароитлари билан танишди. Ўрганишлар давомида туғуруқ бўлимида ишчи хоналарнинг етишмаслиги, қўшимча 120 ўринли бинога эҳтиёж сезилаётгани маълум бўлди.
“Диёр” ўйингоҳи фаолиятини ўрганишда футбол майдонининг трибунаси, ечиниш ва кийиниш хоналари, том қисми, шунингдек, 3000 ўринли томошабинлар жойлари ва футбол майдони ёнидаги енгил атлетика югуриш йўлаклари замонавий стандартларга мос равишда қайта таъмирлаш масаласи муҳокама қилинди. Мусиқа мактабидаги маданият зали капитал таъмирлашга муҳтожлиги аниқланди.
– Тиббиёт, спорт ва маданият – инсон камолоти ва жамият тараққиётининг асосий таянч устунларидир, – дейди Бехзод Тўхтамуродов. – Ўрганишларимиз давомида ушбу йўналишларда бир қатор тизимли муаммолар мавжудлиги аниқланди. Улар ечимини кечиктириш мумкин эмас. Чунки тиббиёт – соғлом миллат келажаги, спорт – ёшлар тарбияси, маданият эса маънавий юксалишнинг негизи. Шу боис, аниқ таклифлар ишлаб чиқилиб, тегишли идоралар билан ҳамкорликда амалий чоралар кўрилади.
Аниқланган камчиликлар депутат томонидан назоратга олинди.
Сурхондарё вилояти
Қонунчилик палатаси депутати Зуҳриддин Мавлонов партиянинг Сурхондарё вилоят кенгаши фаоллари билан биргаликда Шеробод туман Халқ қабулхонасида бўлиб, аҳоли мурожаатлари билан ишлаш бўйича ижро интизоми билан танишди. Шунингдек, депутат туман тиббиёт бирлашмасига қарашли 20 ўринга мўлжалланган Наврўз ҳудудий бўлимида ўрганиш олиб борди.
– Аҳоли муаммолари аниқ ечим талаб этади, – дейди Зуҳриддин Мавлонов. – Ҳар бир мурожаат ортида инсон тақдири, унинг муаммолари ва уларни ҳал этишга бўлган умиди туради. Шу боис, фуқароларимиз билан очиқ мулоқот қилиб, уларни қийнаётган масалаларни ўрганиш, уларга мантиқий ва амалий ечим топиш – бизнинг бурчимиз. Муаммоларни тизимли таҳлил қилиш ва уларни ҳал этиш бўйича аниқ механизмларни ишлаб чиқишимиз зарур. Фуқароларнинг давлатга, депутатларга бўлган ишончи айнан амалий ишлар билан мустаҳкамланади.
Ўрганишлар доирасида Зуҳриддин Мавлонов “Хўжақия-2” маҳалласидаги Ҳошим Норсоатов ёрдамчи хўжалигида мавсумий ишлаётган хотин-қизлар билан ҳам учрашди. Мулоқотлар чоғида Д.Юсупова маҳаллада болалар стадиони, болалар боғчаси қуришда амалий ёрдам беришни сўради. Фуқаро Марғуба Қодирова қарамоғидаги ногиронлиги бор Темур Пардаевга оиласи алоҳида бўлаётганлиги сабабли газ балон билан таъминлашда амалий ёрдам сўраб, қилган мурожаати жойида ҳал этилди.
Наманган вилояти
Фракция аъзоси Дилмурод Исмоилов партиянинг Наманган вилоят кенгаши вакиллари иштирокида ҳудудларда ўрганиш ишларини олиб бормоқда. Депутат дастлаб Давлатобод туманидаги “Янги тонг”, “Истиқлол” ва “Навбаҳор” маҳаллаларида ўрганиш ишларини олиб борди. Маҳаллалар аҳолиси билан ўтказилган учрашувида депутат дастлаб партиянинг Сайловолди дастурида амалга оширилиши кўзда тутилган вазифалар ва уларнинг ижроси, янги қонунлар қабул қилиниши ва қонунчиликдаги ўзгаришлар ҳақида сўзлаб берди.
Жараёнда “Янги тонг” маҳалласидаги чиқинди тўплаш шохобчаси биноси яроқсиз ҳолга келиб қолгани, ички йўлларнинг баъзи қисмлари пиёда ва транспорт воситалари ҳаракатига ноқулайлик туғдираётгани маълум бўлди. Шунингдек, фойдаланилмай ётган биноларни тадбиркорларга бериш, ижтимоий иншоотларда кузатув камералари ва «ташвиш тугмалари»ни ўрнатиш ҳамда “Истиқлол” маҳалласи учун янги бино қурилишини бошлаш масалалари ўртага ташланди.
– Ҳар бир маҳалламиз аҳолининг яшаш сифати ва фаровонлиги намоён бўладиган масканга айланиши бўйича республикамизда умуммиллий ҳаракат бошланган, – дейди Дилмурод Исмоилов. – Олиб борилган ўрганишлар маҳаллаларда инфратузилмани яхшилаш, ижтимоий масалаларга ечим топиш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгилаш зарурлигини кўрсатди. Айниқса, чиқинди тўплаш майдонларидан тортиб, фуқаролар хавфсизлигини таъминлашгача бўлган бир қатор йўналишларда амалий ишлар талаб этилмоқда. Шу сабабли, мазкур масалаларни тегишли идоралар билан биргаликда ҳал этиш учун ташаббус билан чиқамиз ва уларни ижобий натижага эришишга ҳаракат қиламиз.

ЖИЗЗАХ ВИЛОЯТИ
Қонунчилик палатаси депутати Шуҳрат Яқубов Жиззах вилоятида бўлиб, дастлаб Жиззах шаҳрида жойлашган «Заргарлик» МФЙ аҳолиси билан учрашди.
Мулоқот давомида ҳудудида фақат кўп қаватли уйлар ҳамда ижтимоий объектлар жойлашган маҳалладаги долзарб муаммолар, аҳолини қийнаётган масалалар ва уларнинг ечимлари муҳокама қилинди.
Жумладан, аҳоли томонидан маҳалладаги айрим кўп қаватли уйлар ёнида болалар майдончасининг йўқлиги, кўп қаватли уйларнинг 1-қаватида ноқонуний қурилишлар қурилганлиги, уй ертўлалари аҳоли томонидан ноқонуний эгаллаб олингани ҳамда бошқа масалалар кўтарилди. Депутат барча муаммоли масалаларни назоратга олиб, мутасадди ташкилотлар билан биргаликда ечим топишга ваъда берди.
Шунингдек, Шуҳрат Яқубов Жиззах политехника институтида ташкил этилган қуёш панеллари ишлаб чиқарувчи корхона фаолияти билан яқиндан танишди ҳамда олий таълим муассасасида талабалари учун яратилган шароитлар, талабалар турар жойларини кўздан кечирди.
Депутатимиз вилоят марказидаги Алишер Навоий номли маҳаллада ҳам бўлиб, МФЙда фуқаролар учун яратилган шарт-шароитларни ўрганди.
Тошкент шаҳри
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари Ойдин Абдуллаева ва Гулруҳ Агзамова ўрганиш ишлари ҳафталигини пойтахтимизда ўтказмоқда. Ойдин Абдуллаева Чилонзор туманидаги “Тирсакобод” маҳалласида бўлиб, аҳоли вакиллари билан мулоқот қилди ҳамда уларни қийнаб келаётган ижтимоий масалаларни ҳал қилиш чора-тадбирларини ишлаб чиқди.
Жумладан, маҳалла ҳудуди ва унга туташ бўлган темир йўл яқинида фақат битта йўл борлиги, унда икки томонлама автомобиллар қатнаши, пиёдалар учун йўлак йўқлиги сабабли ноқулайлик ва хавф-хатар вужудга келаётгани аниқланди. Шунингдек, маҳаллага кириш ҳудудидаги Гавҳар ва Юқори Дархон кўчаларининг кесишмасида аҳолининг хавфсизлиги учун светофор ҳамда пиёдалар ўтиш жойи зарурати бор.
– Ҳар бир маҳалланинг тараққиёти унда яшаётган фуқароларнинг хавфсизлиги ва фаровонлиги билан чамбарчас боғлиқ, – дейди Ойдин Абдуллаева. – “Тирсакобод” маҳалласининг инфратузилмасидаги камчиликлар эса нафақат кундалик ҳаётга ноқулайлик туғдиряпти, балки аҳоли хавфсизлигига ҳам таҳдид солмоқда. Биз бу масалалар бўйича аниқ таклифлар шакллантириб, тегишли идоралар билан ҳамкорликда амалий чоралар кўришни таъминлаймиз. Мақсадимиз – аҳоли муаммоларини кечиктирмай ҳал этиш, уларнинг ҳаётини янада қулай ва хавфсиз қилиш.

Гулруҳ Агзамова Яшнобод туманидаги 30-сон оилавий поликлиникаси фаолияти билан танишди. Тумандаги “Бирлашган” МФЙда истиқомат қилувчи Ўткир ота хонадонида ҳам бўлиб, у кишининг ҳолидан хабар олди.
Фарғона вилояти
Қуйи палатадаги “Адолат” СДП фракцияси аъзолари Манзура Салимова ва Муҳаммад Валиевлар ўрганиш ишларини олиб бориш учун водий гавҳари Фарғонага йўл олишди. Манзура Салимова дастлаб республика ихтисослаштирилган Онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази Фарғона филиалида бўлиб, замонавий диагностика ва даволаш стандартларини амалиётга жорий этиш, касалликларни эрта аниқлаш борасида амалга оширилаётган ишларни ўрганди. Шифокорлар билан юзма-юз мулоқотда аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, онкологик касалликларни эрта аниқлаш ва даволаш борасидаги таклифларини тинглади.
Шундан сўнг депутат Қува туманидаги 17-умумий ўрта таълим мактаби фаолияти билан танишди. Мактабда 940 нафар ўқувчи икки сменада таълим олади. Ўқувчиларнинг замон талаблари даражасида зарур ўқув жиҳозлари билан таъминланган хоналарда билим олишлари учун шароитлар етарли эмаслиги очиқланди. Хусусан, ўқув хоналари етишмаслиги, электр ва иссиқлик таъминоти билан боғлиқ муаммолар ўз ечимини кутмоқда. Мактаб капитал таъмирга муҳтож. Муаммолар масъуллар иштирокида кўриб чиқилди ва уларни ҳал этиш юзасидан чора-тадбирлар белгиланди.
– Онкологик касалликларни эрта аниқлаш ва даволаш имкониятларини кенгайтириш, тиббиёт муассасаларини замонавий ускуналар билан таъминлаш – фуқаролар саломатлигини муҳофаза қилишдаги муҳим вазифалардан бири, – дейди Манзура Салимова. – Шунинг учун вилоят Онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази фаолиятида самарадорликни янада юксалтириш масалаларини таҳлил қилдик. Қува туманидаги 17-умумтаълим мактабидаги шароитлар таълим тизимидаги жиддий муаммолардан дарак бермоқда. Бинолар етишмовчилиги, электр ва иссиқлик таъминотидаги камчиликларни бартараф этиш чораларини кўрамиз.
Муҳаммад Валиев эса Қўқон шаҳридаги “Чорчинор”, “Собир Абдулла”, “Саодат” маҳаллалари аҳолиси билан учрашув ўтказди ҳамда 7-сонли оилавий поликлиника фаолиятини ўрганди. Шунингдек, халқ депутатлари Қўқон шаҳар Кенгашидаги “Адолат” СДП депутатлик гуруҳи аъзолари Муяссар Аҳмедова, Неъматжон Ҳамидовлар ҳамроҳлигида Абу Али ибн Сино жамоат саломатлиги техникуми педагоглари ва ўқувчи ёшлар билан учрашди.
Учрашувда Муҳаммад Валиев 30 йиллик тарихга эга “Адолат” СДП тўғрисида, шунингдек, партиянинг Сайловолди дастуридаги муҳим ҳаётий ташаббуслар, жумладан, партиянинг асосий электорати бўлган тиббиёт ходимларининг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш ва уларнинг ҳуқуқларини кафолатлаш, аҳолига кафолатли тиббий хизмат кўрсатиш “Ақлли тиббиёт” тизимининг ҳуқуқий асосларини ишлаб чиқиш ҳақида маълумот берди.
Қолаверса, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлами манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида давлат ҳисобидан кўрсатиладиган тиббий хизматлар ва дори воситалари рўйхатини такомиллаштириш, ижтимоий дорихоналарни ривожлантириш, оғир касалликларни давлат томонидан даволашни кенгайтириш каби ташаббусларнинг қонунларимизда ифодаланиши ҳақида сўз юритди. Қизғин баҳс-мунозараларга бой учрашувда жамоа вакилларининг таклиф ва ташаббуслари ҳам тингланди.
Хоразм вилояти
Фракция аъзоси Тоҳир Полвонов ўрганиш тадбирларини Боғотдан бошлаб, халқ депутатлари туман Кенгашининг навбатдаги V сессиясида сўзга чиқди. Депутат ўз нутқида ҳудуднинг ижтимоий-иқтисодий муҳитидан келиб чиқиб эришилган ютуқлар билан бир қаторда йўл қўйилган камчиликларга ҳам тўхталди. Шунингдек, давлатимиз раҳбари томонидан онкология соҳасига қаратилаётган эътибор, оила қуриш арафасида турган қизларни кўкрак бези саратонига қарши эмлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар юзасидан ҳам фикрларини билдирди.
– Биз депутат сифатида жойлардаги вазиятни бевосита ўрганиш, одамларнинг дардини тинглаш ва уларга амалий ёрдам беришни устувор вазифамиз, деб биламиз, – дейди Тоҳир Полвонов. – Ўрганиш тадбирларини Боғотдан бошладик. Чунки ҳудуднинг ижтимоий-иқтисодий ҳолати, амалга оширилаётган ислоҳотлар, шунингдек, ҳал этилиши лозим бўлган муаммолар ҳақида аниқ тасаввурга эга бўлишимиз керак. Бизга маълумки, таълим, тиббиёт, бандлик, камбағалликни қисқартириш каби соҳаларда муайян ютуқлар билан бир қаторда, ечимини кутаётган муаммолар ҳам бор. Уларни ҳал этиш эса ҳар бир депутатнинг фуқаролар олдидаги масъулиятидир.

Мулоқотлар чоғида вилоят, шаҳар ва туман кенгашлари депутатлари фаолиятини кенгайтириш, жамоатчилик назорати тадбирларини кучайтириш чора-тадбирлари кўриб чиқилди. Фуқаролардан келиб тушаётган мурожаатлар асосида сессияларга масалалар киритиб бориш, депутатлик сўровларини ташкил этиш каби бир қатор масалалар ҳам эътибордан четда қолмади.
