Бош қомусимизнинг 68-моддасига мувофиқ, ер, ер ости бойликлари, сув, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси ҳамда бошқа табиий ресурслар умуммиллий бойликдир, улардан оқилона фойдаланиш зарур ва улар давлат муҳофазасидадир.
Аммо баъзи овчи ҳамюртларимиз ўзбошимчалик билан ёввойи ҳайвонларни тутиб, ўз хонадонларида сақлашни хуш кўришади. Агар уддалай олишса, улар йиртқич ҳайвонларни ҳам қопқонга тушириб, қафасга тиқишади. Бундай қалтис ҳаракат ён-атрофдагиларнинг хавфсизлигига, тинчлигига раҳна солишини эса ўйлашмайди.
Жорий йилнинг 16 январь куни қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш ҳақида”ги қонуни юқоридагидек салбий ҳолатларнинг олдини олишга хизмат қилади.
Таъкидлаш жоизки, мазкур қонун асосида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс янги 921-модда билан тўлдирилди. Унга биноан, ярим эркин шароитларда, сунъий яратилган яшаш муҳитида ёки тутқунликда сақланиши тақиқланган ёввойи ҳайвонларни жисмоний шахслар томонидан сақлаш ана шу ҳайвонларни мусодара қилиб, фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади. Борди-ю, худди шундай ҳуқуқбузарлик одамларнинг соғлиғига, юридик ва жисмоний шахсларнинг мол-мулкига зарар етишига олиб келса, башарти жиноят аломатлари мавжуд бўлмаса, ўша ҳайвонлар мусодара қилиниб, айбдор шахс базавий ҳисоблаш миқдорининг ўттиз бараваридан эллик бараваригача миқдорда жарима жазосига тортиладиди.
Кези келганда юртдошларимизга нафақат ёввойи ҳайвонларни, балки бошқа турдаги ҳайвонларни ҳам сақлаш қоидаларини бузиш тегишли жавобгарликка сабаб бўлишини эслатиб ўтмоқчимиз. Бундай ҳуқуқбузарлик кодекснинг 110-моддаси билан малакалангади. Унда шаҳарлар ва бошқа аҳоли пунктларида ҳайвонларни сақлаш қоидаларини бузиш, худди шунингдек мансабдор шахслар томонидан эгасиз ҳайвонларни туттириш ва сақлаш чораларини кўрмаслик, фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг уч бараваридан беш бараваригача, мансабдор шахсларга эса беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима билан жазоланиши қайд этилган. Агар худди шундай ҳуқуқбузарлик одамларнинг соғлиғига, юридик ва жисмоний шахсларнинг мол-мулкига зарар етишига олиб келса, башарти жиноят аломатлари мавжуд бўлмаса, фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн бараваридан ўн беш бараваригача, мансабдор шахсларга эса — ўн беш бараваридан ўттиз бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Шундай экан, Она табиатнинг бошқа ресурслари қатори ҳайвонот дунёсига ҳам қонуний муносабатда бўлиб, жонзотларни асраб-авайлашимиз шарт.
Беҳзод ЭРГАШЕВ,
жиноят ишлари бўйича
Олтиариқ туман суди раиси
