Бугунги илм-фан ва технологиялар ривожи нафақат ҳаётимизни ўзгартирмоқда, балки ёш авлод учун чексиз имкониятлар эшигини очаётир. Бир пайтлар орзу қилинган ихтиролар айни замонда кундалик ҳаётимизда енгилликлар яратиш орқали турмушимизнинг бир қисмига айланган. Бу бир сўзга бевосита боғлиқ – инновация! Зеро, кашфиётлар дунёсининг мазкур тренддаги атамаси илмий фикрнинг амалиётда натижага айланиши, мураккаб муаммоларга креатив ечим топиш ва янгилик орқали дунёда ўз ўрнини топиш имкониятини англатади.
Демак, бугунги дунё шиддати ушбу сўз атрофида айланмоқда, дейишга етарлича асосларимиз бор. Қолаверса, инновациялар асрининг замонавий ёшлари бугун фақат шахсий муваффақият ҳақида эмас, балки ўз ижоди ва илмий изланиши ёрдамида жамиятга қай даражада фойда келтира олиши ҳақида ўйлай бошлагани қувонарли. Хўш, рақамли тараққиётнинг асосий кучи бўлган технология ва ижодкорлик, илмий ғоялар ва инновацион ечимлар улар қўлида қандай шаклланяпти? Шу саволга жавоб топиш мақсадида суҳбатга
“Мард ўғлон” давлат мукофоти совриндори,
ёш инноватор Асадбек Уруновни таклиф қилдик.

Суҳбат давомида қаҳрамонимиз соҳадаги синов ва муваффақиятлар, жамоавий ишлаш ҳамда ҳар бир ғоянинг ижтимоий манфаатга хизмат қилишидаги аҳамияти, шунингдек, келгусидаги режаларига тўхталди.
– Асадбек, ёш бўлишингизга қарамай, инновациялар соҳаси бўйича миллий ва халқаро даражада ўз ўрнингизни топишга муваффақ бўлгансиз. Шундай экан, бу борадаги иштиёқингиз ва қизиқишларингиз ҳақида гаплашсак.
– Бу соҳага мен тугул сиз ҳам, ён-атрофдагилар, деярли барча қизиқиб кўрган. Ўйинчоқ машиналар, кичик маиший техникалар тузилишини ўрганган, ҳатто носозлик кузатилса, тузатишга уринган ҳам. Бўлмаган деманг (кулади). Тўғри таъкидладингиз. Ҳақиқатан ҳам, инсоннинг келгусида танлайдиган касб-кори унинг болаликдаги қизиқиш ва иштиёқига бевосита боғлиқ бўлади. Бироқ мен 5-6 синфда ўқиб юрган пайтларимданоқ кимё ва биология фанларига қизиқиб, ҳаттоки шу йўналишда олий таълимга ҳам муайян тайёргарлик кўрган эдим. Лекин вақт ўтиши билан технологиялар, айниқса, турли қурилмалар ва механизмлар ишлаш тамойиллари мен учун кўпроқ қизиқарли туюла бошлади. Охир-оқибат, 11-синфда қароримни ўзгартириб, физика ва математика бўйича пухта билим олдим.
Пойтахтимиздаги нуфузли олийгоҳлардан бири саналган Турин политехника университетига ўқишга қабул қилинганим наинки биргина мени, оила аъзоларим ва маҳалладошларимни ҳам чексиз хурсанд қилганди. Бу муваффақиятларимнинг илк калити, десам янглишмаган бўламан. Ўқув жараёнларида болаликдаги қизиқишларим янада жонланди. Электр энергиясини ишлаб чиқарувчи қурилмалар, ўзи ҳаракатланувчи техника ва турли генератор технологияларини ўрганишга иштиёқим ошди. Шу орқали шахсий лойиҳаларим устида ишлай бошладим.
– Ҳар қандай ихтиро ғоядан бошланади, дейишади. Асадбек, айтинг-чи, илк инновацион ғоянгизнинг бугунги кундаги аҳамияти қай даражада? Уни амалиётга татбиқ этиш жараёни қандай кечган?
– Саволингиз 2020 йилдаги биринчи инновацион ғояларимни эслашга имкон берди. Ўша йили Тошкентга илк бор келганимда, Инновацион ривожланиш вазирлиги (ҳозирги Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Инновацион ривожланиш агентлиги) томонидан ўтказилаётган “Technofest” технологик ривожланиш марафонининг республика босқичи ҳақида эшитиб қолгандим. Бу тадбир мен учун янги билим олиш имконияти бўлди. Марафонда кузатувчи сифатида иштирок этдим. У ердаги муҳит жуда ажойиб эди: қатнашчиларга берилган махсус гувоҳнома ва кийимлар, инновацион муҳит, соҳада анча йиллардан бери фаолият юритаётган тенгдошларим ва уларнинг катта иштиёқ билан ўз лойиҳаларини ҳимоя қилаётгани. Жамиятимизнинг энг истеъдодли ёш олимлари ва ихтирочилари ўз ғояларини ҳаётга татбиқ қилиш йўлида меҳнат қилаётганини кўриш мени соҳага ниҳоятда қизиқтирди. Шу пайтда ўзимни анча йиллардан буён қийнаб келаётган савол билан ҳакамлар ҳайъатига мурожаат қилдим: «Менда жамиятимиз учун фойдали бўлиши мумкин бўлган ғоялар кўп, лекин уларни амалга ошириш учун на билимим, на тажрибам, на маблағим бор? Қандай йўл тутишни маслаҳат берасизлар?»
Бу қадамим инновацион ишлаб чиқаришда ўз йўналишимни белгилаб берди. Турин политехника университетида ўқишни бошлаганимдан сўнг, биринчи лойиҳамни ишлаб чиқишга киришдим. Бу “Fresh Energy” номли электромобиль аккумуляторларини иссиқ иқлим шароитига мослаштирилган универсал модули бўлиб, унинг асосий мақсади ёзнинг жазирама ҳарорати туфайли аккумуляторларнинг хизмат муддати қисқаришининг олдини олиш эди. Маълумки, электромобиллар учун ишлаб чиқарилган аккумуляторларнинг ўртача хизмат муддати 8-10 йил, баъзан эса 15 йилгача давом этади. Аммо Ўзбекистонда ёз ойларидаги юқори ҳарорат ушбу кўрсаткични сезиларли даражада камайтиради.
Шу сабабли мен янги совутиш тизимига эга бўлган қурилма прототипини яратдим. “Fresh Energy” номли ушбу қурилмам билан электромобилларнинг аккумуляторларини ҳимоя қилишда дастлабки қадамни қўйдим. Мазкур қурилмамиз Турин политехника университети лабораториясида синовдан ўтказилди ва муваффақиятли натижаларга эришди. Ҳозирда биз уни янада такомиллаштириш ва амалиётга жорий этиш устида ишламоқдамиз. Шуниси қувонарлики, бу лойиҳа нафақат техник ечим, балки мен учун илм-фан ва амалиёт уйғунлигининг ҳақиқий ишланмаси бўлди.
– Бугунги кунда инновациялар замон шиддатига монанд асосий ҳаракатлантирувчи кучга айланди. Сиз ўз лойиҳаларингиз орқали айнан қандай муаммоларга ечим таклиф қиляпсиз?
– Ўзбекистонда инновацияларга бўлган эҳтиёж тобора ошиб бормоқда ва бу жараёнда амалиётда ўз аксини топаётган инновацион ғоялар муҳим ўрин тутади. Шундан келиб чиқиб, иқтидорли инноваторлардан ташкил топган мамлакатимиздаги энг кучли инножамоа «Cosmos Innovation» айнан шу эҳтиёжни қондириш мақсадида ташкил этилди. Шиоримиз “Инновацион келажакни биз билан бирга қуринг!” Бу нафақат ғояларимизни, балки юксак мақсадларимиз ва жамоавий ишга бўлган садоқатимизни акс эттиради. Очиғини айтсам, бугун инновациялар бозори очиқ ва деярли ҳар бир соҳада янги лойиҳаларни амалга ошириш учун катта имкониятлар мавжуд. Жамоамизнинг асосий мақсади – қайси йўналиш бўлишидан қатъи назар, инновацияга муҳтож бўлса, таъсирчан ечимлар таклиф қилиш. Биз яратган лойиҳалар амалиётда ўз самарасини берибгина қолмай, келажакдаги ривожланиш учун мустаҳкам пойдевор яратади, албатта.
Айни пайтда жамоамиз электромобиль аккумуляторлари, ёпиқ ҳудудлар учун мўлжалланган “Baggy 1” va “Anor 3” номли биринчи ўзбек электромобилларини ишлаб чиққан ва уларни такомиллаштириш устида иш олиб бормоқда. Улардан ташқари, “Body tester” номли стартапимиз билан катта муваффақиятга эришдик. Бу стартап доирасида «Биринчи ўзбек робо доктори» қурилмасини яратдик. “Body tester” одамнинг олти турдаги тиббий маълумотини таҳлил қилиш ва еттинчисини тавсия этиш хусусиятига эга бўлиб, уни турли давлат органлари, поликлиникалар, мактаблар, жамоат жойлари ва савдо марказларида қўллаш имконияти мавжуд. Биз ушбу лойиҳа орқали 2030 йилга қадар аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш, тиббий маданиятни ошириш ва жамиятдаги ҳар бир инсоннинг саломатлигини яхшилашни мақсад қилганмиз.
– Ҳар бир ихтиро – янгиликка интилиш, керак бўлса, муваффақиятсизликлар имтиҳони ҳисобланади. Демак, бир пайтлар «Бу йўлдан қайтсаммикин?» деган фикрлар кўнглингиздан ўтган бўлиши табиий…
– Жуда тўғри таъкидладингиз. Ихтирочилик ва инновациялар соҳаси мураккаб ва қийин жараёнлардан иборат. Чунки жамиятда инновацияларга бўлган эҳтиёж жуда катта бўлса-да, бозор имкониятлари ҳануз чекланган. Бунинг асосий сабаби шундаки, ҳар қандай инновацион маҳсулот ёки стартап ғояси бир неча йил давомида ишлаб чиқилиши ва ривожлантирилиши лозим. Бу жараён эса халқаро стандартларга ва глобал бозордаги талабларга жавоб беришни талаб қилади. Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, глобал миқёсда ишга туширилган стартапларнинг тахминан тўқсон фоизи инқирозга юз тутади. Сабаб эса янги ва ноодатий маҳсулотларни бозорга киритишда учрайдиган мураккабликларда. Хўш, нега бундай? Биласиз, истеъмолчилар янги маҳсулотларга ишонч билан ёндашишлари учун вақт керак бўлади. Бизда ҳам шундай лойиҳалар бор, улар инновацион ечимларни таклиф этади, аммо уларни бозорга чиқариш қийинлиги сабабли кўпинча ортга чекинишга мажбур бўламиз.
Шу билан бирга, бу соҳадаги фаолиятимизни қўллаб-қувватлайдиган бир нарса бор – Ўзбекистоннинг инновацияларга бўлган катта эҳтиёжи. Биз, ёш авлод вакиллари, мамлакатимизнинг технологик ривожланишини жуда истаймиз. Очиғи, бизнинг илмий ва ижодий фаолиятимиз орқали юртимизда янги замонавий технологиялар ва инновацион маҳсулотлар жорий этилишини кўриш иштиёқи юқори.
Шунинг учун ҳам турли қийинчиликларга қарамай, ушбу соҳада янада юқори мотивация билан меҳнат қиляпмиз. Инновацияларнинг барқарор ривожланишига эришиш, уларни амалиётга татбиқ этиш ва жамият манфаати учун ишга тушириш борасида ҳам. Ҳар бир лойиҳамизда нафақат бозор эҳтиёжларини, балки унинг истиқболли йўналишларини ҳам ҳисобга оламиз. Ишонамизки, Ўзбекистоннинг келгуси тараққиёти инновацияларга бўлган қизиқишимиз ва меҳнатимиз билан янгича қиёфа касб этади.
– Инновация – ижодкорлик ва технологиянинг уйғунлигидир. Бу борада сиз қандай тамойилларга амал қиласиз? Лойиҳаларингизда ижодий ёндашув қанчалик муҳим аҳамиятга эга?
– Ҳа, бугун дунёда имкониятлар чексиз. Айниқса, Ўзбекистонда янгича ғоялар ва инновацияларга бўлган эҳтиёж ортиб бораётган бир пайтда ҳар бир ёшнинг ўз соҳасида чуқур билимга эга бўлиши ва технологиялардан унумли фойдаланиши муҳим аҳамиятга эга. Мен ёшларга ихтирочилик ва инновацияларни ўз фаолиятининг асосига айлантиришларини тавсия қиламан. Қайси соҳа бўлишидан қатъи назар, замонавий технологиялардан самарали фойдаланиб, илғор билимларни эгаллаш улар учун асосий мақсад бўлиши керак.
Бундан ташқари, нетворкинг, яъни ўзаро мулоқот ҳам ҳар қандай иш ёки лойиҳани амалга оширишда энг зарур омиллардан биридир. Масалан, биз, ихтирочилар, лойиҳамизнинг муайян қисмини мустақил ҳал қила олмасак, тегишли соҳадаги мутахассислардан ёрдам сўраймиз. Бу мутахассислар танловларда бирга қатнашган ҳамкасбларимиз ёки биз каби ижодий лойиҳалар билан шуғулланган тенгдошларимиз бўлиши мумкин.
Ўзбекистонда ўтказилаётган кўргазмалар ва танловларнинг асосий вазифаси ҳам айнан шу – соҳадаги инсонларни бирлаштириш, улар ўртасида ижтимоий алоқаларни мустаҳкамлаш ва янги имкониятлар яратишдир. Шунинг учун мен ёшларга, айниқса, ўзи қизиққан соҳаларда фаол ННТлар, бирлашмалар, корхона ва ташкилотларга аъзо бўлишни, танлов ва семинарларда фаол иштирок этишни тавсия қиламан. Бу нафақат тажриба ва билим алмашиш имкониятини беради, балки келажакдаги муваффақиятлар учун мустаҳкам пойдевор ҳам яратади. Ёшлар шунга ишонч ҳосил қилишлари керакки, уларнинг ҳар қандай ғоялари қимматли ва амалга ошириш учун зарур бўлган ресурслар, албатта, топилади. Энг муҳими, мақсадга интилувчанлик ва ижтимоий алоқалар орқали муваффақиятга эришишни билишдир.
– Инновацияларни амалга оширишда жамоавий меҳнат қанчалик муҳим? Жамоа ёки ҳамкорлар билан ишлашда қандай асосий қоидаларга амал қиласиз?
– Тан олиш керак, ҳар бир соҳада етук мутахассислар иштироки ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Тўғрисини айтсам, ёшлигимда бу ҳақда «Менинг билимим етарли, агар бироз қийналсам ёки маълум қийинчиликларни енгиб ўтсам, барчасини ўзим амалга ошира оламан”, деб ўйлаган эканман. Бироқ вақт ўтиши билан тушундимки, бу – энг катта хатоларимдан бири бўлган экан. Чунки ҳақиқий муваффақиятга эришиш учун жамоа кераклигини англаб етдим.
Бугунги кунда қайси соҳада иш юритишидан қатъи назар, жамоада турли малака ва қобилиятга эга инсонлар бўлиши зарур. Масалан, бизда уч моделчи, бир муҳандис, бир лойиҳа ва тақдимот менежери бор. Бундан ташқари, ташкилий ишлар учун алоҳида масъул инсонлар керак бўлади. Масалан, электроника дўконларига бориш, зарур эҳтиёт қисмларни харид қилиш ёки уларни етказиб беришни ташкил қилиш каби вазифалар ҳам муҳим. Яъни жамоа – инновация лойиҳаларининг асосий таянч нуқтаси. Ҳар бир иштирокчининг малакаси ва тажрибаси умумий муваффақият учун ўзаро боғлиқ механизмдек ишлайди. Буни тушуниш ва тўғри ташкил қилиш – ҳар қандай катта мақсадга эришишнинг калити, деб биламан.
– Инновациялар дунёси доим ўзгарувчан. Сиз учун ҳар қандай ўзгариш янги имкониятдек туюладими ёки уларга мослашиш қийин кечадими?
– Ўзгариш – мен учун янги имконият. Негаки, ўзгаришлар жамият ва бозорнинг эҳтиёжларини қайта шакллантиради, янги муаммолар ва талабларни пайдо қилади. Булар эса инновацияга асосий туртки бўлувчи куч саналади. Шунинг учун ўзгаришлар менга тўсиқ сифатида эмас, балки янги кашфиётлар учун майдон сифатида кўринади.
Албатта, ўзгаришларга мослашиш осон иш эмас. Улар тажриба, сабр ва ишончни талаб қилади. Масалан, биз кўп марта шундай вазиятларга тушдикки, дастлабки режаларимиз ўзгаришлар сабаб бажарилмай қолди. Бироқ биз буни ноодатий жараён эмас, балки янги йўналишларни излаш имконияти деб қабул қилдик. Мен учун ўзгаришлар янги ечимлар яратишнинг асосий драйвери ҳисобланади. Инновациялар дунёсида муваффақиятга эришиш учун, ўйлайманки, одам доимо ўзгаришларга очиқ бўлиши, уларни таҳлил қилиши ва ўз йўлини топиши керак. Шу орқали биз нафақат ўзгаришларга мослашамиз, балки уларни бошқаришга ҳам қодир бўлишимиз кундек равшан.
– Донолардан бири “Ҳар бир ғалаба – бу аввалги мағлубиятларнинг натижасидир,” деган экан. Хўш, тажрибангизда, уддалаб бўлмасдек туюлган қийинчиликлар бўлганми?
– Эҳ-ҳе, сиз сўраманг, мен айтмай. Бундай қийинчиликлар фақат бўлибгина қолмай, мен учун чинакам сабоққа айланган. Илк марта инновацион лойиҳа устида ишлаётганимда, ўзимга жуда катта ишонч билдириб юборган эканман. Хаёлимда ҳамма ишни ўзим уддалайман, ҳам маблағ тежайман, ҳам тезроқ натижага эришаман, деб ўйлаганман. Аммо лойиҳамда четдан буюртма қилинган қисмлар ўз вақтида етиб келмади, маҳаллий бозор эса бизнинг талабларимизга мос келадиган маҳсулотни таклиф қила олмади. Оқибатда бутун иш бир неча ойга тўхтаб қолди. Шу пайт тушундимки, инновация йўлида муваффақиятга фақат технология ёки билим орқали эмас, балки сабр, ҳамкорлик ва стратегик фикрлаш орқали эришилади.

Қийинчиликлар доим бўлади. Улар қачонлардир мени умидсизликка туширган, ҳа, лекин улар сабоқ эканини кечроқ англадим. Ҳар бир омадсизлик эса ҳақиқатда кичкина ғалабанинг бошланғич нуқтаси экан. Чунки менинг ҳар бир мағлубиятим менга бир нарсани ўргатди: ҳар қандай синов ортида янги имконият яшириниб ётади. Келажакка юзлансак, мен фақат шуни айта оламан: уддалаб бўлмасдек кўринган ҳар бир қийинчилик, аслида, улкан ғалабаларга олиб борадиган йўлдир. Муҳими, шубҳаларни енгиб, ҳаракатдан тўхтамаслик. Натижа бор, фақат уни кўриш учун қатъият ва ишонч керак. Бу сўзларим ҳаётимнинг асосий қоидасига айланди: йиқилиш айб эмас, балки йиқилганда турмасдан, ётиб олиш – айб.
– Бугунги кунда “енгилликларни кашф қилувчилар” сифатида инновацияларга қизиқувчи ёшлар сони ошиб бормоқда. Уларга қандай маслаҳатлар берган бўлардингиз?
– Инновация – бу фақат кашфиёт ёки технология эмас, балки дунёга бошқача нигоҳ билан қараш, мавжуд муаммоларга янги ечим топишдир. Шунинг учун мен ёшларга, биринчи навбатда, шуни маслаҳат берар эдим: «Савол беришдан ҳеч қачон қўрқманг». Ҳар бир инқилобий ғоянинг илк қадами айнан савол билан бошланади: «Нега бу шундай?», «Нима учун бошқача қилмаслик керак?»
Иккинчиси – “хато қилишдан чўчиманг”. Ҳар қандай катта ихтиро ортида хато ва синовлар бор. Илк самолётлар учолмаган, илк дастурлар ишламаган, илк ғоялар эса жуда катта танқидларга учраган. Аммо ҳар бир хато янги сабоқ, янги имконият. Ёшларга шундай бир қарашни тавсия қилардим: ҳар бир хато – бу қадамдир, лекин орқага эмас, олдинга.
Бундан ташқари, инновацияга қизиқувчи ҳар бир ёшга шундай маслаҳат берардим: жамоа йиғинг. Ёлғиз инсоннинг кучи чекланган, лекин турли билим ва маҳоратга эга инсонлар гуруҳи ҳар қандай муаммони енгишга қодир. «Фойдадан кўра мақсадни изланг». Агар ғоянгиз фақат пул ишлаш учун қаратилган бўлса, у тезда йўқолиши мумкин. Лекин агар ғоянгиз инсонларга ёрдам бериш, уларнинг ҳаётини енгил қилиш ёки жамиятда бирор муаммога ечим бўлишни мақсад қилган бўлса, у, албатта, муваффақият қозонади.
Бугунги ёшларнинг қўлида имкониятлар кўп: ахборот манбалари очиқ, технологиялар тез ривожланмоқда. Улардан фойдаланиш, ўрганиш ва эксперимент қилиш орқали ёшлар нафақат ўзлари учун, балки жамият учун ҳам технологик келажак ярата оладилар.
– Мазмунли суҳбатингиз учун раҳмат!
Илҳомжон Абдуқаюм ўғли
суҳбатлашди
