Шу кунларда мамлакатимизда “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил” иқтисодиёт йилида амалга ошириш бўйича давлат дастури тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони лойиҳаси кенг жамоатчилик томонидан қизғин муҳокама қилинмоқда.
5 та устувор йўналиш бўйича амалга ошириладиган мақсадли кўрсаткичларни ўз ичига олган Давлат дастури лойиҳасидаги чора-тадбирлар Ўзбекистон “Адолат” СДП фаоллари ва хайрихоҳларини ҳам бефарқ қолдирмаётир. Партиядошларимиз 2025 йилги Давлат дастури лойиҳаси муҳокамасида фаол иштирок этиб, ўз таклифларини билдиришмоқда. Жойларда ҳудудий партия ташкилотлари томонидан ўтказилаётган сўровномалар, давра суҳбатларида сафдошларимиз яқин келажакда амалга ошириладиган истиқболли лойиҳалар бўйича асосли ва конструктив таклифлар беришмоқда.
Кези келганда шуни айтиб ўтиш лозимки, лойиҳада партиямиз Сайловолди дастурида илгари сурилган бир қатор ғояларга ҳамоҳанг чора-тадбирлар мавжудлиги бизни хурсанд қилди.
Хусусан, Дастур лойиҳасида педагогларни хорижий давлатларга малака ошириш ва стажировкага юбориш таклиф этилаётгани электоратимизнинг асосий қатлами бўлмиш педагогларни мамнун қилиши табиий. Ёшларимизга билим бераётган педагоглар ўз устида ишласа, хорижий мамлакатларда қўлга киритилган ютуқ ва натижалар билан яқиндан танишиш имконига эга бўлса, улардан сабоқ оладиган янги авлод вакилларига сифатли ва малакали билим бериш имконияти ҳамда педагогларнинг дунёқараши янада кенгаяди. Бу каби самарадор ва халқчил лойиҳалар Сайловолди дастуримизда белгиланганидек, ўқитувчиларнинг машаққатли меҳнатини муносиб қадрлаш ва рағбатлантиришга ҳам хизмат қилади.
Эътиборлиси, хорижий ташкилотларга қисқа муддатли стажировкаларга юбориладиган ёш тадқиқотчиларнинг улушини 47 фоизга етказиш кўзда тутилаётгани ёш олимларимизни қўллаб-қувватлашда муҳим туртки вазифасини ўтайди, деб ҳисоблаймиз.
Дунёда тан олинган илмий мактаблар билан ҳамкорликда математика, биология, кимё, геология, физика, эпидемиология, сейсмология, биохилма-хиллик каби йўналишларда фундаментал тадқиқотларни амалга ошириш учун комплекс илмий дастурларни амалга ошириш кўзда тутилаётгани ҳам аҳамиятлидир. Муҳаммад ал-Хоразмий, Аҳмад Фарғоний, Абу Райҳон Беруний, Мирзо Улуғбек сингари улуғ аждодларимиз тамал тошини қўйган аниқ фанларни янада ривожлантириш мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий салоҳиятини янада юксалтиришда муҳим аҳамият касб этади.
Маълумки, партиямиз ва партиядошларимиз таълим тизимидан ташқари соғлиқни сақлаш соҳасини ривожлантиришга қаратилган салмоқли ғояларни ҳам илгари суриб келмоқда. Давлат дастури лойиҳасида электоратимиз манфаатига уйғунлаштирилган чора-тадбирлар белгилангани ҳам диққат марказимизда. Кўпчиликка маълум, партиямиз “Ақлли тиббиёт” тизимининг ҳуқуқий асосларини ишлаб чиқиб, соғлиқни сақлаш тизимини тўлиқ рақамлаштириш, “электрон поликлиника” ва “ягона электрон анкета” тизимларини йўлга қўйишни мақсад қилган. 2025 йилга мўлжалланган Давлат дастури лойиҳасида ҳам ягона электрон тиббиёт тармоғини шакллантиришни давом эттириш, рақамли технологиялар жорий этилган тиббиёт муассасалари улушини 70 фоизга етказиш вазифаси белгилангани сафдошларимизни мамнун қилишига ишонамиз.
Қолаверса, 2025 йил 1 ноябрга қадар тиббий суғурта механизмлари жорий қилинаётган ҳудудларда рецепт асосида бериладиган дори воситаларини “электрон рецепт” тизими асосида тайинлаш амалиётини йўлга қўйиш кўзда тутилгани муҳим аҳамиятга эга. Бу каби янги механизмлар аҳолининг мушкулини осон қилиб, турли хил қоғозбозликларни камайтиради. Ривожланган хорижий тажрибалар натижасига кўра, “электрон рецепт” тизимининг ишга туширилиши анъанавий, бироқ эскириб қолган қоғозли “рецепт”ларнинг сиқиб чиқарилишига сабаб бўлади.
Биз соҳага оид миллий қонунчилик, ҳуқуқни қўллаш амалиётининг чуқур таҳлили ва илғор хорижий тажрибани ўрганиш тарафдоримиз. Шу ўринда айтиб ўтиш керак, “электрон рецепт”ни ишга туширишдан аввал бу борада етакчи ўринларни эгаллаб келаётган Дания, Швеция, Туркия, Франция, Германия каби ривожланган мамлакатлар тажрибасини ўрганиш мақсадга мувофиқ бўлади, деб ҳисоблаймиз. Хусусан, Дания ва Швецияда барча рецептларнинг 99 фоизи электрон шаклда тақдим этилади. Данияда уни олиш учун фуқаро аввалига тегишли давлат ташкилотига шахсини тасдиқловчи ҳужжатини кўрсатиши керак бўлади. Швецияда эса фуқародан банк реквизитларидан фойдаланган ҳолда тегишли тизимдан бирламчи рўйхатдан ўтиш талаб этилади. Туркияда эса “электрон рецепт” тизими нафақат тиббий маҳсулот ва дориларга нисбатан, балки ветеринар маҳсулотларга нисбатан ҳам татбиқ этилади.
2025 йилга мўлжалланган Давлат дастури лойиҳасида бу каби янгилик ҳозирча тажриба тариқасида тиббий суғурта тизими жорий этилаётган ҳудудларда амалга оширилишига оид вазифа белгилангани муҳим аҳамиятга эга. Биз, депутатлар бу борадаги қонунчиликни такомиллаштириш, аҳоли учун энг қулай ва самарадор тизим ишлаб чиқилишига ҳисса қўшмоғимиз лозим.
Бундан ташқари, “Қонун устуворлигини таъминлаш, халқ хизматидаги давлат бошқарувини ташкил этиш” йўналишида суд ҳокимиятининг мустақиллигини кучайтириш ва унинг фаолиятида очиқликни таъминлаш орқали одил судловга эришиш даражасини ошириш билан боғлиқ мақсаднинг белгиланиши айни муддао бўлган. Зеро, партиямиз Сайловолди дастурида қайд этилганидек, фуқароларнинг суд ҳокимиятига ишончини оширишда судьяларнинг мустақил бўлиши муҳим мезон саналади. Шу боис, биз судьялар ҳуқуқларини юқори даражада кафолатлаш ва иш юкламаларини мақбуллаштириш мақсадида «Судьялар мақоми тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг қонунини ишлаб чиқишни мақсад қилганмиз.
