Султон Жалолиддин фаолияти билан боғлиқ тарихий воқеаларни, ҳодисаларни кузатар экансиз, ҳаёт уни адоқсиз ташвишлар гирдобида синовдан ўтказганига гувоҳ бўласиз. У мўғуллар устидан қозонилган бир неча порлоқ ғалабалардан кейин аламли мағлубият, оғир йўқотиш, мислсиз фожиаларни бошидан кечирди. Қалбидаги умид учқуни сўнди. Аммо бу учқун яна пайдо бўлди. Бу учқун унинг мардлиги, матонати, қудрати, Аллоҳнинг марҳамати билан оловга айланди. У бу оловнинг куч-қудрати нималарга қодирлигини кўрсатди. Босқинлар остида топталган ва қулаган давлатни қайтадан тиклади.
У улкан мамлакатга, ўзи эса улуғ ҳукмдорга айланди. Ўлим билан бир неча бор юзма-юз келди. Унинг босиб ўтган йўлларига назар ташласангиз ҳайратга тушасиз. Гурганждан Хуросонга, Хуросондан Қандаҳорга, Қандаҳордан Ғазнага, Ғазнадан Деҳлига, Деҳлидан Макрон орқали Кирмонга, Кирмондан Форс кўрфазига, Форс кўрфазидан Исфахонга, Исфахондан Озарбайжонга, Озарбайжондан Грузияга, Грузиядан Туркияга, Туркиядан Ширвоншоҳлар ўлкасига қадар йўлларни тинч-осойишта ҳолда эмас, курашлар, жанглар, беаёв қон тўкишлар билан кечиб ўтди. Бу йўлларда, мамлакатларда эришган ғалабалари, турли ўлкалар, юртларнинг аҳолисига кўрсатган ғамхўрликлари, мусулмон дунёсини мўғуллар зулмидан халос этиш борасидаги интилишлари унинг қалбида қадимги афсоналардагина учрайдиган қандайдир мўъжизавий куч борлигини яққол намоён қилди. У ҳукмдорлик қилган ўн бир йил давомида ўн тўрт марта оғир ва даҳшатли, ҳал қилувчи жангларга бошчилик қилди. Ана шулардан фақат иккитасидагина – Синд дарёси бўйида ва Ясси Чаманда мағлуб бўлди. Қолган жангларнинг ҳаммасида фақат ғалабага эришди. Тарих саҳнасида бундай қаҳрамонлар камдан-кам учрайди. Шу сабабли Мирзо Улуғбек «Тўрт улус тарихи»да «Отадан дунёда ҳали бундай ўғил туғилмаган. У саҳрода шер каби ғолиб жангчи, дарёда эса наҳанг каби ботир. У мардликнинг додини берди. Қазойи қадар қаршисида қудрат қўлини очди», дея улуғлайди.
Султон Жалолиддин тақдири ҳақида XIII асрлардан бошлаб то XIX асргача ва ундан кейин ҳам сўз юритган муаррихлар, қадимшунослар, тарихчиларнинг аксарияти унинг жангларда кечган фаолияти, мўғулларга ва бошқа душманларига қарши курашлари, давлат барпо этиши ва уни бошқариши ҳамда бошқа турфа жиҳатлари билан боғлиқ жараёнлар хусусида сўз юритадилар. Ваҳоланки, у аввал Ҳиндистонда, кейин Форс Ироғида, Озарбайжонда давлат барпо этиб, ҳукмдорлик қилган экан, бу ўлкаларда қурилиш, бунёдкорлик, яратувчилик ишларини олиб бориши ҳам табиий эди. Шу маънода айрим тарихий битикларда унинг бунёдкорлик фаолияти билан боғлиқ баъзи маълумотлар ҳам мавжуд. Отамалик Жувайний ва Рашидиддин асарларида Жалолиддин Ҳиндистонда пайтида Дамрил ва Давол шаҳарлари оралиғида катта қароргоҳ барпо эттиргани ҳақида маълумот беради. Бу қароргоҳ қўшин вақтинча жойлашадиган маскан бўлмаган. У шаҳар, қалъа сифатида тикланган. Султон шу қароргоҳда туриб 1222 йилдан 1224 йилгача Шимолий Ҳиндистондаги қўл остидаги мулкларни бошқарган. Шу билан бирга Давол шаҳрида жанг пайтида бузилган бутхона ўрнида жуда катта масжид қурдиради. Бу масжид кейинчалик мусулмонлар учун улуғ «қиблагоҳ»га айланади. Даволга яқин бўлган Садусан шаҳри ва унинг арки Султон қўшини томонидан босиб олинганда вайронага айланади. Жалолиддин ушбу шаҳарни қўлга киритганидан сўнг унда салкам икки ойга яқин туради ва уни бутунлай қайтадан, обод қилиб тиклатади. Жалолиддин Озарбайжонни қўлга киритганидан кейин Табриз шаҳрини ўзининг давлати учун марказ сифатида белгилайди. Бу ерда Озарбайжоннинг аввалги ҳукмдори отабек Ўзбекнинг саройига яқин жойда ўзи учун катта сарой ва муҳташам айвон тиклатади. Айнан ана шу саройда у ўзини янги ташкил этилган давлатнинг, бир томони Хуросондан Форс кўрфазигача, иккинчи томони Ҳиротдан Грузия чегараларигача бўлган мамлакатнинг ҳукмдори, Хоразмшоҳ деб эълон қилдиради.
Жалолиддин Муҳаммад Хоразмшоҳ фарзандлари орасида билим жиҳатидан устун, илм-фаннинг кўп соҳаларини яхши билгани учун ҳукмдорлик даврида илм аҳлига, алломаларга, уламоларга, даврининг етук ва закий инсонларига алоҳида эҳтиром билан муносабатда бўлган. Атрофидаги давлат аъёнлари, акобирлари, хос мулозимларидан аксарияти илм-фан аҳллари, шоирлар, муаррихлар, қозилар, даврининг илғор фикрли шахслари ҳисобланган. Оловуддин Муҳаммад шарафига Исфахонда мадраса ва мақбара қуришга жўнатилган Муҳаммад ибн Иброҳим – Муқарробиддин амирликдан ташқари улуғ аллома ҳам бўлган. Шу сабабли ҳам мадраса ва мақбара қуриш ишига жалб этилган.
Бундан ташқари, Султон Хуросонда мадраса барпо этишни имом Азизиддин Али Балхийга, Нишопурда мадраса, масжид, хонақо қуришни муфти, мударрис Фахриддин Абу Собит ал-Азиз ибн Абдужаббор ал-Куфийга топширган. Бу мадрасалар, масжидларни қуриш учун у ўз хазинасидан маблағ ажратган ва уларнинг фаолият олиб бориши, талабаларнинг таълим олиши, мударрисларнинг иш юритиши учун қўл остидаги қишлоқлардан икки-учтасини вақф қилиб берган. Жалолиддиннинг саройида фақиҳ, адиб Абу Тоҳир Муҳаммад ибн Маҳмуд ат-Таржимон, аллома Абу Муҳаммад ал-Қосим ал-Бухорий, «Китоб фил-адабийат» асари муаллифи Зайниддин Абу Бакр ал-Бухорий, Оловуддин Муҳаммад Хоразмшоҳга бағишлаб «Шоҳаншоҳнома» шеърий асарини яратган Мажидиддин Муҳаммад анНасавий, «Тарихи Хоразмшоҳий» асарини ёзган Саййид Садриддин Нишопурий ва бошқа кўплаб ижодкорлар фаолият юритган. Шамсиддин ат-Туғроий, Изиддин Қазвиний, Мужириддин Умар ибн Саъд ал-Хоразмий, Тоқиддин Ҳофиз, Нусратиддин Муҳаммад ибн ал-Ҳасан ал Хурмил, Тожулмулк Нажибиддин Ёқуб ал-Хоразмий, Тожиддин Муҳаммад ал-Балхий, Сайфиддин Сунқуржа, Шамсиддин Муҳаммад Муставфий ал-Жувайний (Отамалик Жувайнийнинг бобоси), Бадриддин Дудоғ ибн Инонжхон каби алломалар Султон давлатида турли вазифаларни бажарганлар. Жалолиддин Хоразмшоҳнинг илм аҳллари, уламолар билан ҳамкорлиги мустаҳкам бўлганлиги ва уларга нисбатан талабчанлиги хусусида «Сийрат» муаллифи шундай бир воқеани келтиради: «Султон 1225 йилнинг рамазон ойида Табризда турди ва рўза тутди. У саройига минбар ўрнаттирди ва турли вилоятлардан бу ерга келган энг ҳурматли ўттизта уламони номма-ном танлаб, ваъз ўқишга тайинлади. Улардан ҳар бири бир кундан ваъз ўқирди, бу пайтда Султон минбар яқинидаги тахтида ўтирарди. У ваъз ўқиш асносида ҳақиқатни айтганларга миннатдорлик билдирар, аксинча, ўзини ҳаддан ошиқ мақтаб, ҳақиқатни хаспўшлайдиганларга танбеҳ берарди. Садриддин ал-Аълавий ал-Мароғий (у машҳур уламо, жамоат арбоби бўлган, Қазвин шаҳри атрофидаги ҳимоя деворини ўз маблағи ҳисобига қурдирган) Султон мақтовига сазовор бўлганлардан бири эди».
Бу маълумот Жалолиддиннинг нафақат алломаларга бўлган ҳурмат-эътибори, талабчанлигини кўрсатади, балки унинг ўзининг ҳам инсонийлик жиҳатдан етук, закий шахс бўлганлигини, адолат, ҳақиқат ҳар қандай шароитда унинг чинакам маслагига айланганлигини намоён қилади. Эътибор беринг, ер юзида мақтовга учмайдиган, ёлғонга алданмайдиган ва бу иккисининг олдида талтайиб кетмайдиган, ўзлигини йўқотмайдиган одам камдан-кам топилади. Гарчи мақтов ва ёлғоннинг умри қисқалигини билсак ҳам, улар инсон ҳаёти учун чинакам безак бўла олмаслигини англасак ҳам, уларга маҳлиё бўлишдан ўзимизни тия олмаймиз. Жалолиддин эса мақтов ва ёлғонларга маҳлиёликдан ўзини тия олган инсон бўлган. Ваҳоланки, бу пайтда у бор-йўғи 26 ёшдаги ҳукмдор эди. Демак, шахснинг камолоти, унинг етуклик даражаси ёш билан ва мансаб билан боғлиқ эмас экан.
Жалолиддин хоразмлик улуғ алломалар Нажмиддин Кубро, Шиҳобиддин Абу Саъд ибн Имрон ал-Хивақий, Сирожиддин Саккокий, Маҳмуд Чағминий ва бошқа шу кабилар билан ҳам яқин бўлганлиги ва ҳамкорлик қилганлиги тўғрисида маълумотлар мавжуд. Айниқса, Хоразмнинг фахри, улуғ алломаларидан бири бўлган, санъатнинг барча турларини мукаммал эгаллаган, фанларнинг олий даражадаги билимдони Сирожиддин Саккокий билан ҳамкорлик мўғуллар босқинидан кейин ҳам давом этган. Саккокий 1226 йилнинг охирларида Хоразмдан Форс Ироғида турган Жалолиддин олдига ишончли одамини жўнатади ва Бағдод билан боғлиқ бир масалани ҳал қилишда ёрдам сўрайди. Султон санъатда туғдор, ижодда мўъжизакор бўлган бу инсонга ҳар жиҳатдан амалий ёрдам кўрсатади.
Отамалик Жувайний «Тарихи Жаҳонгушо»да улуғ сўфий шоир Камолиддин Исмоил Исфахоний бир куни имомлар гуруҳи билан Султон қароргоҳига борганлиги ва Жалолиддинга бағишлаб катта қасида ёзганлиги ҳақида маълумот беради. Ўша қасиданинг матлаъидан бир қисмининг насрий ифодасини келтиради: «Дунё ва диннинг буюги Менгбурний исмли ўша подшоҳни Аллоҳ жаҳон подшоҳлигига мос кўрди. Баракалла, унинг қудратига ва етук қобилиятига, санаб адоғига етилмас феълининг ўзига хослигига офарин! Аллоҳ сени дунёни фатҳ қилиш учун юборгандир. Бориб ол, дунёнинг тўрт бурчаги сенинг мулкингдир. Сенинг подшоҳлигингнинг шоҳиди адолатдир». Жалолиддинни мадҳ этувчи ва унинг қаҳрамонлигини, ажойиб хислатларини, адолатпарварлигини улуғловчи бундай шеърий асарларни, қасидаларни ўша даврда яшаб ўтган барча шоирлар, ижодкорлар яратганлар. Тарихчи Рашидиддин ана шундай қасидалардан бири – Жалолиддиннинг муншийси Шиҳобиддин Муҳаммад ан-Насавий қаламига мансублигини тилга олади.
