Мамлакатимизда ҳам иқтисодий самарадорлик, ҳам одамларга қулайлик нуқтаи назаридан темир йўл соҳасида катта ўзгаришлар қилинмоқда. Жумладан, “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти таркибида 6 та мустақил корхона ташкил этилди. 1 минг 200 та янги юк вагони олинди, ички йўналишда юк ташиш вақти 2 карра камайди. Рақамлаштириш натижасида вагонга буюртма бериш 7 босқичдан 3 босқичга, бунга кетадиган вақт 72 соатдан 12 соатга қисқарди. Тошкент атрофида поездларни ўтказиш имконияти 30 фоизга ошди. Илгари зарар билан ишлаган акциядорлик жамияти йилни фойда билан якунлади.
Темир йўлларни иқтисодиётнинг қон томири деймиз. Темир йўллар ва транспорт қанчалик муҳимлигини дунёдаги мураккаб вазият ҳам кўрсатаяпти. Шу боис йўналишларни диверсификация қилиш, ташиш жараёнларини тезлаштириш, транспорт хизматлари таннархини пасайтириш жуда муҳим. Боз устига, мамлакатимизда иқтисодиёт, савдо алоқалари ҳам йилдан-йилга ривожланаяпти. Аҳоли даромади, ҳудудларнинг туризм салоҳияти ҳам ошаяпти. 2030 йилга бориб, ялпи ички маҳсулот ҳажмини 200 миллиард долларга етказиш мақсад қилиб қўйилган. Шунинг учун транспорт “артерия”ларига алоҳида аҳамият бериш давр талаби.
Бунинг учун барча ҳуқуқий-ташкилий асослар яратиб берилмоқда. Соҳада 25 йил олдин қабул қилинган қонун бўйича иш юритиб келинар эди. Шу жиҳатдан, янги таҳрирда имзоланган “Темир йўл транспорти тўғрисида”ги қонун тарихий аҳамиятга эга бўлди. Бу соҳага хусусий компаниялар ва инвестицияларни жалб қилиш, инфратузилмани ривожлантиришга кенг йўл очади. Бу ҳақда сўз кетганда, 2024 йилда Қорақалпоғистон Республикасини Хоразм вилояти билан боғлайдиган Шовот – Қораўзак янги темир йўл тармоғи ҳамда Амударё орқали ўтадиган, темир йўл ва автомобиллар учун мўлжалланган муҳташам кўприк фойдаланишга топширилганини таъкидлаш лозим. Ўтган даврда 3 минг километрдан зиёд темир йўллар электрлаштирилди. Бухоро – Урганч – Хива ҳамда Мискин – Нукус темир йўл тармоқларини электрлаштириш ишлари эса жадал давом эттирилмоқда. Шунингдек, азим пойтахтимиздан Самарқанд, Бухоро, Қарши каби тарихий шаҳарларимизга “Афросиёб” электропоездларининг қатновлари сони оширилмоқда. Бу ишларнинг давоми сифатида Тошкент – Бухоро – Хива ҳамда Тошкент – Чирчиқ – Хўжакент йўналишларида ҳам юқори тезликда ҳаракатланадиган поездлар қатнови йўлга қўйилгани халқимиз кўнглини янада кўтариб юборди.
Давлатимиз раҳбари “Тошкент – Хўжакент” йўналишида янги электропоездга чиқиб, ҳаракатланиши ва қулайликларини кўрди. Вагонлар шинам ва ёруғ, йўловчилар учун қулай. Ўриндиқлар сони 586 та. Маълумот таблолари ва ёнғин хавфсизлиги тизими ўрнатилган. Поезд соатига 120 километргача тезликка чиқа олади. Ҳар бир тарафга кунига учтадан қатнов йўлга қўйиладиган бўлди. Президентимиз Тошкент ва Хўжакент оралиғидаги темир йўлга туташ майдонларни 2025 йилги реновация дастурига киритиб, уларни тартибга келтиришга кўрсатма берди. Йўналишдаги эгри қисмларни тўғри қилиб қайта қуриш орқали кунлик экспресс поездлар қатновини кўпайтириш ва кўпроқ йўловчиларга хизмат кўрсатиш учун шароит яратиш мумкин.
Бугунги кунда мамлакатимизнинг халқаро транспорт ва транзит салоҳиятини юксалтириш борасида ҳам янги уфқлар очилмоқда. Стратегик аҳамиятга эга Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон темир йўлини қуриш бўйича амалий ишлар бошлангани бу фикрни яққол тасдиқлайди. Сўнгги йилларда Ўзбекистон темир йўлларида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Натижада тизим зарур инфратузилмага эга, аҳоли ва иқтисодиёт тармоқлари эҳтиёжини қондирувчи муҳим тузилмага айланмоқда. Тармоққа бўлган эътибор туфайли Ўзбекистон замонавий транспорт коммуникациялари ва юксак транзит салоҳиятига эга давлатга айланди. Пировардида юртимиз Шарқ ва Ғарб, Шимол ва Жанубни боғлайдиган халқаро темир йўлнинг маркази сифатида эътироф этилмоқда. “Бир макон, бир йўл” ташаббуси туфайли трансминтақавий алоқаларнинг муҳим таркибий қисми бўладиган Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон темир йўли бутун минтақа тараққиётига кучли суръат бағишлайди. 2024 йилнинг 27 декабрь куни Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон янги магистраль темир йўли қурилишига старт берилди. Шу муносабат билан Президентимиз Шавкат Мирзиёев маросим иштирокчиларига йўллаган мурожаатида халқаро аҳамиятга эга бўлган янги транспорт артерияси яратилаётганини, бу мамлакатлар иқтисодиёти ва бепоён минтақамиз учун катта самара беришини алоҳида қайд этди. Бундан ярим йил олдин мазкур стратегик трансминтақавий лойиҳани амалга ошириш бўйича биринчи тўлақонли битим имзоланган эди. Ўтган қисқа даврда техник ҳужжатларни тайёрлаш ишлари якунланди. Бу уч дўст мамлакатлар салкам 30 йил давомида интилиб келган том маънодаги тарихий воқелик ҳисобланади. Янги транспорт артерияси Марказий Осиё минтақасини Хитой билан қисқа ер усти йўли орқали боғлайди, давлатларимизнинг кўп қиррали ҳамкорлигини янада кенгайтириш ва стратегик шериклигини мустаҳкамлашга хизмат қилади. Ҳамкор давлатлар ўртасида узоқ муддатли ижтимоий-иқтисодий барқарорликни кафолатлайди. Ушбу темир йўл лойиҳаси минтақа давлатлари ўртасида транспорт-коммуникация алоқаларини янги босқичга олиб чиқади. Бир томондан, Ўзбекистон, Қирғизистон ва Хитой ўртасидаги логистика занжирини кескин қисқартириш, юк ташиш харажатларини камайтириш ва транзит муддатини оптималлаштириш имкони яратилади. Иккинчи томондан, бутун Марказий Осиёда мавжуд транзит йўлларига муқобил бўлган янги йўналиш пайдо бўлади. Бу нафақат минтақа ичидаги иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлайди, балки Европа ва Осиё ўртасидаги халқаро транспорт йўлларига ҳам ижобий таъсир кўрсатади. Натижада Марказий Осиё минтақасининг глобал савдо-сотиқ тармоқларидаги ўрни ошади, рақобатбардошлик кучаяди. Хусусан, “Бир макон, бир йўл” ташаббуси доирасида мультимодал транспорт коридорларини ривожлантиришда яна бир мустаҳкам пойдевор яратилади, бу эса халқаро иқтисодий ва геосиёсий интеграцияни кучайтиради.
Ушбу темир йўлнинг аҳоли турмуш тарзига таъсири хусусида тўхталадиган бўлсак, унинг ишга туширилиши билан юк ташиш харажатлари сезиларли даражада камайиши кутилади. Натижада четдан келтириладиган товарларнинг нархи арзонлашиши, маҳаллий ишлаб чиқариш учун хомашё ва бутловчи қисмларнинг ўз вақтида ва арзонроқ етиб келиши таъминланади. Темир йўл атрофидаги инфратузилма, логистика марказлари, чегара постлари, хизмат кўрсатиш тармоқлари ривожланиши сабабли минглаб янги иш ўринлари пайдо бўлади. Бу эса аҳоли бандлиги ва даромадларини оширади. Кошғар – Торугарт – Макмал – Жалолобод – Андижон йўналиши бўйича 20 та станция, 42 та кўприк, 25 та тоннель барпо этилади. Бундан ташқари, замонавий транзит-логистика инфратузилмаси, омборхона ва терминаллар қурилади. Ҳисоб-китобларга кўра, ушбу магистраль йўлнинг ишга туширилиши минтақавий савдо ва инвестициялар ҳажмини бир неча баробар кўпайтириш, транспорт харажатларини сезиларли даражада қисқартириш, Марказий Осиёнинг улкан транзит салоҳиятини юзага чиқаришга хизмат қилади. Ушбу йўл орқали йилига 15 миллион тонна юк ташилади. Хитойдан Европа мамлакатларига юкларни етказиб бериш масофаси ва муддати бир неча минг километр ва деярли бир ҳафтага қисқаради. Йўловчиларни мунтазам ташишни йўлга қўйиш имконияти пайдо бўлади.
Келгусида ушбу темир йўл линияси Трансафғон йўлаги билан туташиб, Хитой, Марказий Осиё ва Жанубий Осиё ўртасидаги транспорт-коммуникация тармоқларини самарали бирлаштириш ва кучайтиришга имкон яратади. Бундан, ҳеч шубҳасиз, барча мамлакатлар иқтисодий фойда кўради. Юзлаб янги корхоналар ва ўн минглаб иш ўринлари яратилади. Албатта, мазкур лойиҳа Буюк Ипак йўлининг қайта тикланишига, маданий-гуманитар алмашувлар ривожига, халқларимизнинг янада яқинлашувига хизмат қилади.
Товарларни якуний истеъмолчиларга етказиш муддати эса 7 кунга қисқаради. Бундан ташқари, замонавий транзит ва логистика инфратузилмаси, омборхоналар, терминаллар, ўн минглаб иш ўринлари яратилади. Ўзаро товар айрибошлаш ҳажми ва саноат кооперацияси кўлами, инвестицион жозибадорлик ўсиб, мамлакатлар фаровонлиги ортади. Президентимиз таъкидлаганидек, янги темир йўл Хитой билан иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириб, мамлакатлар ўртасидаги дўстлик ва ҳар томонлама стратегик шериклик муносабатларини чуқурлаштиришга хизмат қилади. У Хитойни минтақа билан боғловчи энг қисқа қуруқлик йўлига айланади. Умуман олганда, тизимдаги ислоҳотлар ана шундай йирик лойиҳаларни рўёбга чиқаришга мустаҳкам пойдевор яратмоқда.
Юқорида айтганимиздек, мустақиллик йилларида темирйўлчиларимиз томонидан 3 минг километрдан ортиқ темир йўл қурилди. Навоий – Учқудуқ – Султон Увайстоғ – Нукус, Тошгузар – Бойсун – Қумқўрғон, Ҳайратон – Мозори Шариф, Ангрен – Поп электрлаштирилган темир йўли, Қамчиқ темир йўл туннели қурилди, Бухоро – Мискин, Мароқанд – Қарши, Қарши – Термиз каби темир йўл участкалари электрлаштирилди. Президентимизнинг 2023 йил 10 октябрдаги “Ўзбекистон Республикаси темир йўл транспорти соҳасини тубдан ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида эса яна бир қатор вазифалар белгилаб берилди. Натижада “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ таркибида янги тузилмалар ташкил этилди. Қозоғистон – Ўзбекистон чегарасидаги Оқкўприк темир йўл ўтказиш пунктида қўшимча 2 та йўл қурилди. Ушбу станцияда поездларни қабул қилиш қуввати 28 жуфтдан 40 жуфтга етказилди.
“Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти Жанубий Кореянинг “Hyundai-Rotem” компанияси билан юқори тезликда ҳаракатланувчи 6 та электропоезд харид қилиш бўйича меморандум имзолаган. Мазкур замонавий электропоездлар Тошкент – Бухоро – Хива йўналиши бўйлаб қатнайди.
Ҳозирги вақтда ҳаётимизга тобора чуқур кириб бораётган pақамли технологиялар темир йўл транспортига ҳам фаол жорий этилмоқда. Натижада хизмат кўрсатиш даражаси кескин ошиб боряпти. Айниқса, юкларни етказиш вақти сезиларли даражада қисқаргани, темир йўл участкаларининг ўтказувчанлик қобилияти ортгани, йўловчилар оқими кўпайгани, операцион харажатлар қисқаргани, божхона ҳужжатларини расмийлаштириш соддалаштирилиб, юк ортиш ва тушириш ишлари бўйича енгиллаштирилган тартиб ўрнатилганини қайд этиш жоиз.
Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан соҳа ходимлари томонидан Марказий Осиёда ягона Тошкент ер усти метрополитенига асос солинди. Бугунги кунда умумий узунлиги 23,7 километр бўлган, 14 та бекатдан иборат Тошкент шаҳрида ер усти ҳалқа метро линияси пойтахт аҳолиси ва меҳмонларга сифатли хизмат кўрсатмоқда. Соҳа ходимларининг 6 нафари “Ўзбекистон Қаҳрамони” деган юксак унвонга мушарраф бўлгани темир йўллар ривожига кўрсатилаётган улкан эътибордан дарак беради. “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти ва унинг таркибидаги корхоналар негизида алоҳида йўналишлар бўйича “Темирйўлинфратузилма”, “Темирйўлкарго”, “Темирйўлэкспресс”, “O‘ztemiryo‘lyo‘lovchi” акциядорлик жамиятлари ва бошқа ташкилотлар ташкил этилди. Шунингдек, болалар оромгоҳлари, соғлиқни сақлаш, маданий-маърифий ва спорт объектлари, аҳолига кўрсатиладиган хизматлардан тушадиган тушумларни ошириш ҳамда уларни босқичма-босқич ўзини-ўзи молиялаштиришга ўтказиш юзасидан тизимли ишларни амалга ошириш бўйича “Темир йўл ижтимоий хизматлар” муассасаси ташкил этилиб, бу муассаса фаолиятини давом эттирмоқда. Соҳа ходимларининг саъй-ҳаракати туфайли юк ва йўловчи ташишда ҳам хавфсизлик тўлиқ таъминланиб, барқарор фаолият кузатилмоқда. Аҳамиятлиси, амалга оширилаётган ишлар шу соҳа ходимларининг залворли меҳнати билан бўлмоқда. Бугун шиддат билан ўзгариб бораётган замонда қўлга киритилган ютуқлар билан кифояланиб қолиш бўлмайди. Янада катта марралар, вазифалар, буюк лойиҳалар устида ишлаш давр талаби, тараққиёт кафолати, халқимиз ҳаётининг янада фаровон бўлиши, демакдир.
Янги Ўзбекистонни барпо этишдек улкан ва эзгу мақсад олдинга қўйилган экан, замонавий тараққиёт омили бўлган темир йўл соҳаси ривожига алоҳида аҳамият беришимиз табиийдир. Шу мақсадда кейинги йилларда шу борада Президентимиз ташаббуси асосида амалга ошираётган кенг кўламли ишлар туфайли Ўзбекистоннинг транзит салоҳияти ва нуфузи ортиб бормоқда. Ҳеч шубҳасиз, юртимизда темир йўл тармоқларининг кенгайиб бораётгани барча ҳудудларни ўзаро мутаносиб ривожлантириш, бой минерал хомашё ресурсларини комплекс ўзлаштиришда янги-янги имкониятлар очмоқда.
Албатта, халқимизнинг узоғини яқин, оғирини енгил қилишда темир йўл энг қулай ва хавфсиз транспорт тури. Айниқса, “Инсон қадри учун” деган эзгу тамойил барча ислоҳотлар марказига қўйилаётган бугунги кунда ушбу транспортнинг ҳаётимиздаги ўрни ва аҳамияти янада ортиб бормоқда. Шунинг учун темир йўл орқали юк ва йўловчи ташиш ҳажмини ошириш, уларнинг хавфсизлигини таъминлаш, хизматлар сифатини яхшилаш, соҳанинг моддий-техник базаси ва кадрлар салоҳиятини янада мустаҳкамлашга устувор вазифа сифатида қаралмоқда. Хусусан, локомотивлар, юк ва йўловчи вагонлари парки модернизация қилиниб, янги вокзаллар, муҳандислик иншоотлари барпо этилмоқда, юқори малакали кадрлар тайёрлаш, уларнинг билим ва тажрибасини мунтазам ошириб боришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Янги Ўзбекистон Тараққиёт стратегияси талаблари асосида мамлакатимиз темир йўл тизимини модернизация қилиш, соҳага хорижий инвестицияларни кенг жалб этган ҳолда, йирик ва истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш, янгича фикрлайдиган, халқимиз ва Ватанимизга садоқат билан хизмат қиладиган замонавий кадрларни тайёрлаш борасида жуда кўп хайрли ишлар амалга ошириляпти. Албатта, бугун шиддат билан ўзгариб бораётган замонда қўлга киритилган ютуқлар билан кифояланиб қолиб бўлмайди. Янада катта марралар, вазифалар, йирик ва замонавий лойиҳаларни ўз вақтида амалга ошириш давр талаби, тараққиёт кафолати, ҳаётимизнинг янада фаровон бўлиши пойдеворидир.
Ўтаётган ҳар бир йил тарихий бунёдкорликларга бой бўлмоқда. Замонавий хизмат кўрсатишнинг янгидан-янги жиҳатлари фаолиятимизнинг таркибий қисмига айланиб боряпти. Шу маънода, темир йўл транспортини янада ривожлантириш, соҳада кўрсатилаётган хизматлар турини кўпайтириш ва уларнинг сифатини яхшилаш, муҳим замонавий коммуникация объектларини барпо этиш бўйича олдинда бизни катта ишлар кутмоқда.
