Янги Ўзбекистонда демократик жамият тамойилларини янада мустаҳкамлашга қаратилган ижтимоий-маънавий соҳаларда кенг қамровли ислоҳотларнинг амалга ошишида таълим соҳаси энг муҳим омил бўлиб, у барча йўналишлардаги ҳаракатларимизнинг диққат марказидан муқим ўрин эгалламоқда. Маърифатпарвар жадид бобокалонимиз Абдулла Авлонийнинг «Тарбия бизлар учун ё ҳаёт, ё мамот, ё нажот, ё ҳалокат, ё саодат, ё фалокат масаласидур», деган ғояси бугунги кунда таълим сифати ҳамда ўқув салоҳиятини янада яхшилаш, таълимнинг барча ижтимоий табақалардаги моҳияти билан боғлиқ жараёнларни маънавий юксалтиришга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир.
Ўзбекистон Республикасининг Конституциясида “Давлат узлуксиз таълим тизими, унинг ҳар хил турлари ва шакллари, давлат ва нодавлат таълим ташкилотлари ривожланишини таъминлайди”, дея қайд этилган. Шундай экан, конституцион меъёрларнинг тўлақонли ишлашини таъминлаш мақсадида сўнгги йилларда таълим соҳасининг ривожига қаратилган хуқуқий-меъёрий асос яратилиб, кўплаб фармонлар, ҳукумат қарорлари имзоланди, давлат бюджетидан улкан маблағлар йўналтирилиб, соҳага юқори салоҳиятли илмий-педагогик кадрлар жалб этилди.
Сир эмаски, 7-8 йил аввал юртимизда олий таълим квоталари етарли бўлмагани сабабли аксар иқтидорли ёшларимиз хориж мамлакатларига кетиб ўқишга мажбур эдилар.
Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармони билан мамлакатимизда олий таълимни ривожлантиришнинг стратегик мақсадлари, устувор йўналишлари, вазифалари, ўрта ва узоқ муддатли истиқболдаги босқичлари аниқ белгиланди ҳамда соҳага оид илмий-назарий таҳлиллар негизида реал дастурлар ва комплекс чора-тадбирлар ишлаб чиқилди.
Сўнгги йилларда олий таълим соҳасига йўналтирилган инвестициявий маблағлар натижасида олий таълим муассасалари сони кўпайди. Масалан, яқинда 11 та олийгоҳ негизида яна 4 та янги университет ҳамда янги 5 та олийгоҳ фаолияти ташкил этилгани бунинг ёрқин намунасидир. Умуман, мамлакатимизда олий ўқув юртларининг сони 208 тага етди. Бунинг натижасида ёшларнинг олий таълим билан қамров даражаси тўрт баравардан кўпроққа ошиб, ушбу кўрсаткич 2016 йилги 9 фоиздан 43 фоизга етказилди. Олий таълим билан қамраб олинган талабалар сони 1 миллион 400 минг нафардан ортди.
Мазмун жиҳатидан яқин бўлган бакалавриат таълим йўналишлари 40 фоизгача (306 тадан 183 тага) мақбуллаштирилди. 183 та таълим йўналиши ва 546 та мутахассислик бўйича малака талаблари, 1 278 та ўқув режа ва 4 мингдан ортиқ ўқув дастурлари тасдиқланди.
7 та олийгоҳдаги 39 та таълим дастурлари халқаро аккредитациядан ўтказилди. Топ-500 га кирган 9 та хорижий олийгоҳ билан ҳамкорликда 15 та қўшма таълим дастури ташкил этилди.
Соҳада ўқув, илмий ва экспериментал тажриба жараёнларида соғлом рақобат муҳитини яратиш ва хусусий секторни жалб этиш орқали учта нодавлат олий таълим муассасаси ташкил этилди. Давлат университетлари сони 114 тадан 116 тага кўпайди. Республиканинг давлат олий таълим муассасаларида ўқиш учун 190 мингдан ортиқ квота ажратилди. Шундан 34 930 таси давлат гранти ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти стипендиялари ва номдор давлат стипендияларига 1 147 нафар бакалавриат талабаларининг ҳужжатлари қабул қилиниб, улардан 695 нафари ушбу стипендияларга сазовор бўлдилар. Худди шу стипендияларни олиш учун рўйхатдан ўтган 120 нафар магистрантдан 18 нафари ғолиб деб топилди.
Касб-ҳунар таълими тизимида ҳам тизимли ташкилий ва институционал ишлар амалга оширилди.
Хотин-қизларнинг касб-ҳунар таълими олиши учун давлат грантлари, дуал таълим ва кредит-модуль тизимини жорий этиш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг учта қарори қабул қилинди.
Касбий таълим соҳасига квоталарнинг оширилиши натижасида муассасаларга 169 195 нафар ёшлар қабул қилинди.
Шуни ҳам такидлаш лозимки, демократик давлат барпо этишда фуқаролар ўзини-ўзи бошқариш институти аҳолининг аксар лаёқатли табақалари таълим билан қамраб олиниши ҳамда уларни касб-ҳунарли қилиш орқали бандлигини таъминлашда муҳим бўғин вазифасини ўтамоқда. Бинобарин, маҳаллаларда инсонларнинг яшаш даражасини ўрганиш ва муҳтож инсонларга зарурий кўмак кўрсатиш борасида аниқланган 14 673 нафар ишсиз фуқаролар 38 та касб бўйича ўқитилди.
Касбий таълим классификатори такомиллаштирилиб, 241 та меҳнат бозорида эҳтиёж бўлмаган касблар классификатордан чиқарилди, 24 та янги касблар қўшилди.
2024 йилда 418 та касбий таълим ташкилотида 7 677 та корхона билан 30,8 минг нафар (2023 йилга нисбатан 24,8 минг нафар кўпайган) ўқувчилар (16 955 нафари қизлар) 114 та касб бўйича дуал таълимга жалб этилди. Ўқувчиларга корхоналарнинг 7 789 нафар мутахассиси устоз-шогирд сифатида бириктирилди.
90 та мутахассисликлар бўйича барча техникумларда кредит-модул тизими жорий этилди. 17 та касб бўйича 4 та давлатнинг халқаро таълим дастурлари амалиётга жорий этилди.
Касбий таълим ташкилотларида педагог кадрларнинг профессионаллик даражасини назорат қилиш ҳамда педагогларга зарурий илмий-услубий ёрдам кўрсатиш мақсадида 12 131 нафар педагогларнинг малака тоифаси баҳоланиб, аттестациядан ўтказилди. Малака тоифасига эга педагог кадрлар 30 фоизга етказилди.
Бугунги кунда таълим соҳасида ўқув адабиётларини янги сифат босқичига олиб чиқиш долзарб вазифа бўлиб қолмоқда. Шу мақсадда умумкасбий ва махсус фанлардан 158 номда 138 178 нусхадаги янги ўқув қўлланмалар нашр этилиб, касбий таълим муассасаларига етказилди.
Касбий таълим муассасаларининг 5 174 нафар педагог кадрлари ва раҳбари учун малака ошириш курслари ва методик семинарлар ташкил қилинди. Ушбу курсларга Германия, Швейцария, Туркия давлатидан ҳамда Европа Иттифоқининг Марказий Осиёда салоҳиятли ёшлар учун мулоқот ва амалий ҳаракатлар (DARYA) лойиҳасидан тажрибали мутахассислар жалб этилди.
Давлатимиз Конституциясида таълим ташкилотларида алоҳида таълим эҳтиёжларига эга бўлган болалар учун инклюзив таълим ва тарбия таъминланиши кафолатланган.
2025 йилга келиб, юртимиз мактабларининг камида 51 фоизи инклюзивликка эришишни мақсад қилган. Бундан ташқари, болалар учун хавфсиз, ҳимояланган ва инклюзив таълим муҳитини яратиш давлатимиз тараққиётининг устувор йўналишларидан биридир.
Бу вазифа “2020-2025 йилларда халқ таълими тизимида инклюзив таълимни ривожлантириш концепцияси” доирасида амалга оширилмоқда. Жумладан, 2022-2023 ўқув йилида мамлакатимизнинг аксарият вилоятларидаги 225 та умумтаълим мактаби имконияти чекланган болалар учун ўз эшикларини очди.
Илк босқичда айрим мактаблар ва ҳудудларда тажриба-синов синфлари бу борада иш бошлади. Масалан, алоҳида таълимга муҳтож болалар учун бошланғич асосий тузатиш синфлари ёки 9-синф ўқувчилари учун ихтисослаштирилган гуруҳлар тузилди. Концепцияга мувофиқ, 2021-2022 ўқув йилидан бошлаб ихтисослаштирилган таълим муассасаларида 11 йиллик мажбурий умумий ўрта таълим, ихтисослаштирилган таълим муассасаларининг 10-11-синф ўқувчиларини касбга ўргатиш мақсадида касб-ҳунарга ўргатиш курслари ташкил этилди.
Шунингдек, Республика ўқувчиларни касбга йўналтириш ва психологик-педагогик диагностика марказида “Инклюзив таълим лабораторияси” ташкил этилди. Унинг вазифаси умумтаълим мактабларида инклюзив таълим учун шарт-шароитлар яратиш, инклюзив таълим сифати ва самарадорлигини аниқлаш мезонларини ишлаб чиқиш, шунингдек, уларнинг амалга оширилишини назорат қилиш ҳисобланади. Ўзбекистоннинг янги таълим тизими ўқувчиларга шунчаки академик билимларни сингдириш эмас, балки уларда кундалик ҳаётда ва келажакда зарур бўладиган кўникмаларни шакллантиришга қаратилган.
“Янги Ўзбекистон тараққиётининг ягона тўғри йўли – таълим сифатини ошириш”, деган эди давлатимиз раҳбари Олий Мажлисга ва Ўзбекистон халқига қилган Мурожаатномасида. Зеро, бунинг замирида мамлакатимизни ривожланган давлатлар қаторига олиб чиқишга қодир юқори малакали мутахассисларни тайёрлаш масаласи ётади. Бинобарин, замонавий дунёда интеллектуал ва ижтимоий капитал давлатлар ривожланишида тобора муҳим ўрин эгалламоқда.
Шубҳасизки, сифатли таълим юксак марраларни забт этувчи энг қисқа ва оқилона йўл. Шундай экан, Ўзбекистонда бу борада амалга оширилаётган ислоҳотлар яқин келажакда ўз самарасини беришига ишончимиз комил.
