Президентимизнинг Ўзбекистон халқига йўллаган Янги йил байрам табригини катта қизиқиш ва ҳаяжон билан кутиб олдик. Ўтган йил давомида эришилган натижалар ва 2025 йилда мамлакатимиз олдида турган стратегик мақсадлар кўрсатиб берилган табрикда, жаҳонда рўй бераётган мураккаб вазиятга қарамасдан, юртимизда йил баракали бўлгани, меҳнаткаш халқимизнинг фидокорона меҳнати, сиёсий-ижтимоий фаоллиги билан Янги Ўзбекистон ғоясининг реал воқеликка айланаётгани қайд этилди.
Табрикда ижтимоий соҳага, айниқса, таълим тизимига алоҳида урғу берилгани, бу борада аниқ вазифалар баён этилгани соҳа ривожида катта аҳамият касб этиши шубҳасиз.
2025 йилда стипендиялар миқдорининг оширилиши, ёшларнинг замонавий билим ва касб-ҳунар эгалари, баркамол бўлиб тарбия топишлари учун бор куч ва имкониятларнинг сафарбар этилиши, илм-фан, таълим, маданият ва санъат, спорт соҳаларига эътибор янада кучайтирилиши устувор вазифалар этиб белгиланди.
Ҳозирги кунда Наманган давлат университети жамоаси ҳам мазкур вазифаларнинг ижросини таъминлаш бўйича 2024 йил давомида бир қатор натижаларга эришди ҳамда 2025 йилда натижаларни янада яхшилаш бўйича аниқ мақсадларни белгилаб олди.
Жумладан, якунланган йилда университет талабалари халқаро ва республика миқёсида ўтказилган 41 та танлов ва мусобақаларда қатнашиб, 39 тасида совринли ўринларни қўлга киритди. Талабаларнинг йил давомида спорт соҳасида эришган ғалабалари ҳам эътироф этишга арзирли. Хусусан, йил давомида 100 нафардан ортиқ талаба спортнинг 10 та тури бўйича Ўзбекистон, Осиё ва жаҳон чемпионатлари, Ўзбекистон ва Осиё кубоги мусобақаларида олтин ва кумуш медалларга сазовор бўлди.
Университет жамоасининг “Заковат” интеллектуал ўйинларида иштирок этиши бўйича ҳам алоҳида тажриба мактаби яратилди. Жумладан, жамоамиз водий олийгоҳлари талабалари ўртасидаги баҳсларда мунтазам ғолиб чиқаётган бўлса, республика миқёсида кучли учликда эътироф этилиб келинмоқда. Йил сўнггидаги “Интеллектуал олимпиада” ўйинларида ҳам эрудит-квартет баҳсларида иккинчи ўрин ва 60 миллион сўм миқдоридаги пул мукофотига лойиқ кўрилди.
Университетда маънавий-маърифий ишларни янги босқичга кўтариш, хусусан, талабаларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш, улар истеъдодини юзага чиқариш, интилишларини қўллаб-қувватлаш мақсадида Кузатув кенгаши қарори асосида “Истеъдодли талабалар билан ишлаш бўлими” ташкил этилди. Ушбу бўлим томонидан 69 та янги тўгарак ташкил қилиниб, қўшимча 1800 нафар талаба жалб қилинди.
Олийгоҳимизда талабаларни ижтимоий ҳимоя қилиш бўйича ҳам ижобий ишлар амалга оширилди. 2024 йил давомида ижара ҳуқуқи асосида яшаётган 1200 нафардан ортиқ талабанинг 1,2 миллиард сўм ижара пуллари қоплаб берилган бўлса, 300 нафардан ортиқ истеъдодли талаба 1,1 миллиард сўм миқдорида моддий рағбатлантирилди. 2025 йилда бу кўрсаткични янада ошириш режалаштирилган.
Шунингдек, 2025 йил давомида талабаларни тўлиқ турар жой билан таъминлаш режаси амалга оширилади. 95 миллиард сўм бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобига 1200 ўринли учта замонавий янги талабалар турар жойи биноси қурилиб, фойдаланишга топширилади. Натижада талабаларни турар жой билан қамраб олиш 100 фоизга бажарилади.
Университетимизда 400 ўринли трансформацион хусусиятга эга бўлган “Маънавият ва маданият маркази” лойиҳаси амалга оширилади. Марказда талаба-ёшлар ижодий салоҳиятини юксалтириш учун барча шарт-шароит ва имкониятлар яратилади ҳамда мақом, рақс, вокал ва чолғу тўгараклари фаолият олиб боради.
Қолаверса, университет талабалар турар жойи ҳудудида ёпиқ мини футбол майдони, волейбол ва баскетболга ихтисослашган универсал спорт майдончаси, паралимпия йўналишлари инобатга олинган замонавий усти ёпиқ воркаут майдончасининг қурилиш ишлари ниҳоясига етказилади.
Бир сўз билан айтганда, Наманган давлат университети профессор-ўқитувчилар ва талабалар жамоасининг мамлакатимизда “Инсон қадри учун, инсон бахти учун!”, деган олижаноб мақсадни амалга оширишда бир тан, бир жон бўлиб, фидойилик ва садоқат намунасини кўрсатишига ишонамиз.
