Ҳаётимизда баъзида кутилмаган воқеалар юз берадики, сифатли тиббий ёрдам ниҳоятда зарур бўлиб қолади. Балки бу яқинларимиздан бирига юқори ҳароратни туширувчи дори керак бўлган вақтдир ёки тез тиббий ёрдамга муҳтож бўлган кундир. Мана шундай ҳолатларда тиббиётнинг инсон ҳаётида нақадар муҳим ўрин тутиши янада яққол сезилади. Сабаби, соғлиқ ҳар биримизнинг бебаҳо бойлигимиздир.
Бугунги кун тиббиёти инсон ҳаётини сақлаб қолиш ва соғлигини тиклашда улкан қадамлар ташлаётган бўлса-да, соҳа олдидаги айрим муаммоларни ечишни талаб этмоқда. Замонавий технологиялар, янги дори воситалари ва инновацион ёндашувлар ўз самарасини бериб келаётган бўлса ҳам, тиббий хизмат сифатини янада ошириш устувор вазифа бўлиб қолмоқда. Бироқ зарур дори воситалари ва тиббий ускуналарнинг мавжудлиги ҳар доим ҳам кафолатланмаган, баъзан уларнинг қимматлиги ёки етишмовчилиги инсонларни қийин аҳволга солиб қўяди. Айниқса, чекка-чекка ҳудудлар аҳолиси учун дори-дармонларни ўз вақтида топиш муаммоси ҳамон долзарблигича қолмоқда. Бир томондан, бугунги кунда фармацевтика маҳсулотларининг кенг ассортименти бозорда мавжуд бўлса-да, лекин уларни адолатли тақсимлаш ва барча қатламларга етиб боришини таъминлаш муҳим масалага айланган.
Дунёнинг кўплаб давлатларида тиббий хизмат инсоннинг асосий ҳуқуқи сифатида кафолатланган. Масалан, Европанинг бир қатор мамлакатларида аҳоли учун дори воситалари ва диагностика хизматлари давлат томонидан молиялаштирилади ёки минимал нархларда тақдим этилади. Ўзбекистонда ҳам бу йўналишда муайян қадамлар ташланаётгани қувонарли, албатта. Масалан, сўнгги йилларда ҳукумат томонидан маҳаллий фармацевтика тармоғининг ривожланишига жиддий эътибор қаратилмоқда. Мамлакатимизда инновацион технологияларни жорий этиш орқали янги дори воситаларини ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Аммо ушбу ислоҳотларнинг амалий самараси фақатгина тизимдаги муаммоларни аниқлаш ва уларни ҳал қилишда намоён бўлади.
Бугунги кунда Ўзбекистонда фармацевтика соҳасининг шиддат билан кенгайиб, шу билан бирга, муайян муаммолар борлиги ҳам ҳеч кимга сир эмас. Бир томондан, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар кўпайди, импорт дори-дармонлар сони ортди, дорихоналар ҳисоб-китобга тўғри келмайдиган даражада кўпайди. Бошқа томондан эса дорихоналарнинг кескин кўпайиши ва дори воситалари нархларининг тартибга солинмагани асосий муаммолардан бирига айланган. Масалан, бир дорининг нархи шаҳар марказидаги дорихона билан четроқ ҳудуддаги дорихонада бир-биридан кескин фарқланади. Бу аслида бозор қонунлари натижаси эмас, балки тартибсизлик ва шаффофлик етишмаслиги натижасидир.
Дорихоналар кўпайгани билан аҳолининг тиббий саводхонлиги ёки тиббиёт муассасаларига бўлган ишончи ортаяпти, дейишимизга эса ҳали эрта. Одамлар биргина шамоллаш ёки ўткир респираторнинг бирламчи белгилари кузатилганда ҳам шифокорга бориш ўрнига дорихонага югуради. У ерда эса баъзан дорихона сотувчиларининг ўзлари “мана шу ёрдам беради” деган тавсияси асосида дори олишади. Натижада ортиқча дори истеъмоли ёки нотўғри муолажа аҳволни янада оғирлаштириши мумкин.
Бундан ташқари, аҳолининг давлат тиббиёт муассасаларида бепул бериладиган дори воситалари ҳақидаги билимсизлиги уларни ортиқча харажатларга олиб келади. Ҳар бир давлат муассасасида аниқ рўйхатга асосланган дори-дармонлар бепул тақдим этилиши белгиланган бўлса-да, кўпчилик бу ҳақда билмайди ёки ўз ҳақ-ҳуқуқини талаб қила олмайди.
Аслида фармацевтика тизими тиббиёт тизимидаги бўшлиқларни тўлдирибгина қолмай, балки унинг тараққиётига ҳам хизмат қилиши керак. Фақат зарурат туғилгандагина дори истеъмол қилинишини таъминлаши керак. Тиббий диагностика, касалликларнинг олдини олиш бўйича дастурлар ва профилактика ишларининг самарадорлигини ошириш орқали дориларга бўлган талабни кескин қисқартириш мумкин.
Хўш, бунинг учун нима қилиш керак?
Аҳолининг бепул дори-дармон олиш ҳуқуқини талаб қила олишини таъминлаш учун, энг аввало, давлат тиббиёт муассасаларида мавжуд дори воситалари рўйхатини кенг жамоатчиликка етказиш ҳамда махсус мобиль илова ёки онлайн платформа орқали бепул дори-дармонларни текшириш ва талаб қилиш имкониятини яратиш лозим бўлади. Шунингдек, дорихоналарда нархларни тартибга солиш ва уларни умумий реестр орқали шаффофлаштириш билан бир қаторда фармацевтика соҳасида импорт-экспорт сиёсатида очиқликни таъминлаш муҳим аҳамиятга эга.
Шу боис давлатимиз раҳбари томонидан 2024 йил 29 ноябрда қабул қилинган “Тиббиёт муассасаларини фармацевтика маҳсулотлари ва тиббий жиҳозлар билан таъминлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни соҳада туб бурилиш ясашга қаратилган амалий ташаббус сифатида кўриш мумкин. Боиси, янги қарор тиббий таъминотни янги босқичга олиб чиқишга қаратилган бўлиб, бугунги кун талабларини ҳисобга олган ҳолда, тизимни тубдан такомиллаштиришни кўзда тутади.
Қарорга кўра, жорий йил 1 январдан бошлаб бир қатор дори воситалари ва тиббий буюмларнинг давлат хариди тўғридан-тўғри шартномалар асосида амалга оширилади. Бу тартиб шошилинч тиббий ёрдамга зарур бўлган воситаларнинг тезкор етказиб берилишини кафолатлайди. Шунингдек, ҳақиқий дори воситалари ишлаб чиқарувчилар ёки расмий етказиб берувчилар орқали харид қилинади, бу эса, ўз навбатида, аҳолининг сифатли маҳсулотлардан фойдаланишини таъминлашга хизмат қилади. Ёпиқ лаборатория ускуналари учун махсус реагент ва сарфлов материаллари ҳам ана шундай шаффоф ва тўғридан-тўғри шартномалар асосида олиб келинади.
Яна бир ўзига хос жиҳати – тизимда шаффофлик ва самарадорликни таъминлаш мақсадида Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузурида Харидлар маркази ва унинг 13 та ҳудудий филиали ташкил этилади. Бу чора-тадбирлар орқали тиббиёт муассасалари учун дори воситалари ва тиббий жиҳозларни етказиб беришдаги сусткашлик ва бюрократик тўсиқлар бартараф этилади. Энг муҳими, аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатиш кафолати яратилади.
Шуни ҳам алоҳида таъкидлаш жоизки, фармацевтика соҳаси мамлакат ривожида доимо энг нозик ва мураккаб йўналишлардан бири бўлиб келган. Нега деганда, дори воситалари ва тиббий жиҳозлар соҳасидаги ҳар қандай хатолик фақат иқтисодий зарар келтириб қолмасдан, аҳоли саломатлигига ҳам салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Қолаверса, коррупция хавфи юқори бўлган бу соҳада шаффофликни таъминлашга алоҳида эътибор қаратиш талаб этилади.
Янги қарорга мувофиқ, Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти соғлиқни сақлаш тизимида дори воситалари ва тиббий буюмлар харидининг қонунийлиги ҳамда мақсадли сарфланишини қатъий назорат қилади. Бундай ёндашув орқали аҳоли фармацевтика соҳасидаги ҳар қандай салбий ҳолатларга қарши давлатнинг қатъий иродасини ҳис қилади ва бу жараён жамиятда адолат принципларини мустаҳкамлашга хизмат қилади. Чунки тиббий хизматнинг сифатли ва самарали бўлиши ҳар бир инсоннинг ҳаётида ҳал қилувчи аҳамиятга эга.
“Адолат” социал-демократик партияси ушбу қарорни фуқароларнинг ҳаёт сифати ва тиббий хизматдан қониқиш даражасини оширишга қаратилган муҳим ташаббус, деб ҳисоблайди. Сабаби соғлиқни сақлаш соҳасини такомиллаштириш, жумладан, фармацевтика соҳасини ривожлантириш, унинг шаффоф ва самарали фаолиятини таъминлаш партиямиз дастурининг энг муҳим йўналишларидан биридир. Янги Сайловолди дастуримизда ҳам фармацевтика ва тиббиёт ходимлари орасидаги яширин келишув ва ноқонуний мулоқот, фармацевтларнинг тиббиёт муассасаларига ғаразли ҳомийлигини тўлиқ тақиқлаш, бу каби ҳаракатлар учун жиноий жавобгарлик белгилаш тарафдори эканимиз қатъий белгиланган.
Шу билан бирга, дори воситалари ва тиббиёт буюмларининг аҳолига арзон ва қулай бўлишини таъминлаш мақсадида “дориларнинг ягона электрон базасини шакллантириш ва мамлакат бўйлаб яхлит электрон тизимни жорий қилиш”, “дорихоналарда рецептсиз сотиладиган дори воситалари рўйхатини қисқартириш ҳамда дорихоналар сонини мақбуллаштириш”, “нодавлат тиббиёт муассасаларида тиббий хизматлар учун тўловлар миқдори устидан давлат назоратини ўрнатиш” каби бир қатор долзарб аҳамиятга эга самарали таклифларни илгари сурганмиз.
Демак, бугунги кун талабига мос равишда, биз юқоридаги қарор ижросини таъминлашда ўз зиммамизга бир қатор вазифаларни оламиз. Жумладан:
– Парламент назоратини кучайтириш: депутатларимиз қарор ижросини мунтазам назорат қилади ва ҳудудларда унинг самарадорлигини ўрганади.
– Жамоатчилик билан ҳамкорлик: фуқаролар ва нодавлат ташкилотлар билан ҳамкорлик қилиб, фармацевтика маҳсулотларининг адолатли тақсимланиши бўйича таклиф ва муаммоларни таҳлил қилиб борамиз.
– Мутахассислар билан мулоқот: соҳа мутахассисларининг фикри ва тавсияларини инобатга олиб, тизимни янада такомиллаштириш йўлида ўз таклифларимизни билдирамиз.
Мухтасар айтганда, фармацевтика тармоғини янада такомиллаштириш тизимидаги ислоҳотлар нафақат тиббий хизмат сифатини оширади, балки аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, ижтимоий фаровонликни таъминлашда муҳим омилга айланади. Бинобарин, соғлом миллат ҳар қайси давлат иқтисодиётида барқарорликни таъминловчи мустаҳкам куч эканини унутмаслигимиз лозим.
