Ҳаёт янгиланиб, тараққиёт кучайгани сари яратувчиликлар, бунёдкорликлар, улуғвор ўзгаришлар юзага келиши аниқ. Ана шу янгиланишлар нафаси мамлакатимиз ва халқимиз тақдирида ҳар қадамда, ҳар дақиқада сезилиб турибди. Шаҳарларда аввал қурилган бир-икки қаватли иморатлар ўрнида осмонўпар бинолар қад ростламоқда, кичик корхоналар ўрнида йирик саноат мажмуалари фаолият юритмоқда. Тор йўллар ўрнини кенг ва равон трассалар эгалламоқда. Қишлоқ хўжалиги, чорвачилик соҳаларида катта қувватли, саноатлашган агрокомплекслар пайдо бўлмоқда. Янги қишлоқлар, янги “siti”лар, янги илм-фан марказлари бунёд бўлмоқда. Энг муҳими, юртимиз ҳаётида рўй бераётган бундай ўзгаришлар, янгиланишлар халқимиз қалбида ва тафаккурида янгича ҳиссиётларни, қарашларни, ғояларни, янгича муносабатларни шакллантирмоқда.
Ҳаётимиздаги бундай ўзгаришлар ижодкорлар, матбуот вакиллари, журналистларни ҳам бефарқ қолдирмаётибди. Амалга оширилаётган улуғвор ишлар оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилмоқда. Кейинги йилларда мамлакатимиздаги йирик саноат мажмуалари фаолияти, қўлга киритаётган ютуқлари, бунёдкорлик ишлари билан яқиндан таништириш мақсадида медиа турлар ўтказиш анъанага айланди. Яқинда ана шундай медиа тур Олмалиқ кон-металлургия комбинати акциядорлик жамияти билан ҳамкорликда ўтказилди. Медиа тур доирасида комбинатнинг олис ва яқин ўтмиши тарихи, бу ерда амалга оширилган ишлар, республикамиз саноатини ривожлантиришдаги ўрни, истиқболдаги режалари журналистларга таништирилди. Ушбу мақола ана шу медиа тур таассуротлари асосида ёзилди.
Ўзбекистон табиий ва қазилма бойликларга бой ўлка ҳисобланади. Бу заминда Менделеев даврий тизимидаги элементларнинг деярли барчаси бор ва уларнинг захираси ниҳоятда мўл. Ушбу табиий бойликларни қазиб олиш ва улардан фойдаланиш сирларини аждодларимиз олис ўтмишдан бошлаб яхши билишган. Тарихий маълумотларга кўра, мамлакатимизда кончилик саноати милоддан олдинги даврларда вужудга келган. 2-2,5 минг йиллик қадимий конлар излари юртимизнинг Самарқанд, Бухоро, Навоий, Фарғона, Сурхондарё, Жиззах вилоятлари ҳудудларида сақланиб қолганлиги шундан далолат беради.
Ана шундай қадимий конлар Тошкент вилояти ҳудудларида ҳам бўлганлиги тарихий манбаларда келтирилади. Бугунги кунда Оҳангарон, Олмалиқ, Ангрен туманлари билан боғлиқ ҳудудлар қадимда Илоқ ноҳияси деб юритилган. Бу ноҳия кончилар ўлкаси сифатида шуҳрат қозонган. Х асрда ёзилган муаллифи номаълум “Ҳудуд ул-олам” асарида Илоқ хусусида шундай маълумот берилади: “ Илоқ – катта ноҳият, тоғ ва чўл оралиғида жойлашган. Аҳолиси кўп, экинзорлари бор, обод жой, одамлари меҳнаткаш. Унда шаҳар ва рустолар кўп.Тоғларида кумуш ва олтин конлари бор. Унинг ҳудуди Фарғона, Жадғал (Чотқол), Чоч ҳамда Хашарт (Сирдарё) дарёси билан туташ. Бу ноҳият ҳокимларини Илоқ деҳқони деб атайдилар. Ноҳиятнинг бир неча шаҳарлари бор. Куҳисим – шаҳарча, тоғ ёнбағрида. Унинг тоғида кумуш кони бор. Дахкас – шаҳарча, унинг тоғидан маргимуш олинади. Тункат – Бухорнон – қасаба, савдогарлар жойидир (Бу шаҳар Илоқнинг пойтахти бўлган). Ёлопон – шаҳарча, унда дирам (танга) зарб қилинадиган сарой бор. Халлух (Чотқол) тоғ тизмаларида кумуш, олтин, қўрғошин, темир ва бошқа минераллар жуда кўп”.

Ушбу маълумотлар, агар қадимий Илоқ ноҳияти маркази ҳозирги Олмалиқ билан боғлиқлигини ҳисобга оладиган бўлсак, мамлакатимизда кончилик саноатининг такомилида бу ҳудуд етакчи ўрин тутганлиги намоён бўлади. Шу билан бирга милодий IX-XIII асрларда бу ерда кончилик ишлари жадал ривожланган. Абу Райҳон Беруний “Минералогия” асарида “Чоч ўлкаси, баъзан уни Тошкент деб ҳам айтишади, қимматбаҳо тошлари, нодир маъданлари билан Ўрта Шарқ ўлкаларида шуҳрат қозонган” деб ёзгани бежиз эмас. Айнан шу даврда очилган кон ўринлари, рудалар қолдиқлари бу ерда қўрғошин, мис, руҳ, олтин, кумуш, темир, феруза ва бошқа қимматбаҳо тошларнинг қазиб олинганлигини, бу эса олтин дирамлар зарб қиладиган саройлар барпо этилганига омил бўлганини тасдиқлайди.
Не бахтки, олис ўтмиш, тарих ҳақиқатлари бугун ҳам ушбу масканда ўз исботини топмоқда. Бир пайтлари аждодларимиз ақл-идроки, пешона тери эвазига очилган қадимий шахталар, турли қазилма бойликлар олинган кичик-кичик очиқ ҳавзалар ўринларида эндиликда янгидан барпо этилган, ишлаб чиқариш қуввати ниҳоятда юксак, илғор технологияларга асосланган замонавий конлар бунёд қилингани Олмалиқ кон-металлургия комбинатини рангли, нодир ва қимматбаҳо металлар қазиб чиқаришда нафақат мамлакатимизда, балки халқаро миқёсда ҳам етакчи корхоналардан бирига айлантирмоқда. Бошқача айтганда, аждодларимиз бошлаб берган кончилик соҳасидаги ишлар авлодлар томонидан муваффақиятли давом эттирилмоқда.
Медиа тур давомида журналистлар Олмалиқ кон-металлургия комбинатининг тарихи, фаолияти, кончилик соҳасидаги ютуқлари билан ҳам танишдилар. Комбинат 70 йилдан ошиқ тарихий йўлни босиб ўтиб, республикамизнинг иқтисодий салоҳиятини ривожлантиришга катта ҳисса қўшиб келмоқда. Корхона мамлакатимиз мустақиллигидан кейин акциядорлар жамиятига айлантирилди. Ҳозирги пайтда унинг бағрида Тошкент, Жиззах, Наманган, Сурхондарё вилоятларида жойлашган мис, молибден, қўрғошин, руҳ, олтин ва кумуш каби ноёб рангли металлар қазиб олинадиган “Қалмоққир”, “Ангрен”, “Чодак”, “Хондиза”, “Ковулди” каби 6 та кон фаолият юритади.

Бундан ташқари, корхонанинг бир нечта бойитиш фабрикаси, Мис эритиш, Руҳ, Марказий таъмирлаш-механика заводлари, Автомобиль транспорт, Технологик транспорт, Саноат темирйўл транспорт бошқармалари, Оҳак, Портлатиш материаллари заводлари, Иссиқлик электр маркази, Саноат сув таъминоти цехи, Электр тармоқлари, лойиҳа ишлари, Капитал қурилиш, Ихтисослашган таъмирлаш ишлари бошқармалари, “Олмалиқ металлург қурилиш” трести кабилар етакчи тармоқлари ҳисобланади. Умуман, Ўзбекистон рангли металлургиясининг пешқадами бўлган Олмалиқ кон-металлургия комбинатида 40 дан ошиқ миллат вакилларидан иборат 36 мингдан ортиқ кончи-металлурглар хизмат қилишади. Комбинат Ўзбекистонда ва Марказий Осиёда ўз соҳаси бўйича етакчи саналиб, мис маҳсулотларини ишлаб чиқариш бўйича дунёнинг 30 та йирик корхоналари сафидан ўрин олган.
Комбинатда ишлаб чиқариш жараёнини модернизация қилишга, янги технологияларни амалиётга жорий этишга алоҳида эътибор берилган. Бу рақамларда ҳам ифодасини топмоқда. Масалан, 2012-2016 йилларда комбинат барқарорлиги учун 123 миллион доллар сарфланган бўлса, 2017-2024 йилларда бу йўналишга сарфланган маблағ 35 бараварга ошиб, 4,5 миллиард долларга етган. Натижада саноат маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳажми 1,8 бараварга, саноатни маҳаллийлаштириш даражаси эса 7,7 бараварга ошган. Бунда, табиийки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 1 мартда “Тошкент вилоятида саноат ишлаб чиқариш ҳажмларини янада кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида ишлаб чиқилган инвестициявий лойиҳаларнинг аҳамияти катта бўлди. Ютуқлар кўламини биргина ўтган йилнинг ўзида 110 минг тонна мис, 17 тоннадан зиёд олтин, 90 минг тонна руҳ метали, 162 тонна кумуш ишлаб чиқарилгани, 1 миллиард 100 миллион доллар инвестиция ўзлаштирилиб, 662 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилинганлиги ҳам исботлайди. Айни пайтда мамлакатимиз ялпи саноат маҳсулотининг 5 фоизи, саноат маҳсулотлари экспортининг 6 фоизи ушбу комбинат ҳиссасига тўғри келмоқда.
Корхона ютуқлари халқаро миқёсда ҳам эътироф этилмоқда. Комбинатда ишлаб чиқарилаётган олтин ва кумуш маҳсулотларига Лондон қимматбаҳо металлар биржасининг “Яхши маҳсулот етказиб берувчи” халқаро сертификати, Мис эритиш заводи маҳсулотига эса сифат белгиси бўйича “Юқори сифат эгаси” халқаро мувофиқлик сертификати берилган. Ушбу мувофиқлик сертификатига комбинатнинг Жиззахдаги цемент ишлаб чиқариш корхонаси ҳам лойиқ кўрилган.

– Мен ушбу корхонада ишлаётганимдан мамнунман. Бу ерда шахтёр сифатида фаолият юритаётганимга 35 йил бўлди. Биз кончилар маъданларни саралаб юзага чиқарамиз ва меҳнатимиз орқали корхонамиз тараққиётига, юртимиз ривожига ҳисса қўшамиз, – дейди ОКМК “Шахтақурилиш” бошқармаси бошлиғи, “Дўстлик” ордени совриндори Зокиржон Абдуллаев. – Тўғри, кончилик соҳасига эътибор сусайган, ёшлар бу соҳани хушламаган пайтлар ҳам бўлди. Эндиликда кончилик шарафли касбга айланди. Комбинатда бўлаётган ўзгаришлар, амалга оширилаётган йирик лойиҳалар, технологик янгиликлар нафақат кончиларни қувонтирмоқда, ёшларни ҳам соҳага қизиқишини оширмоқда. “Шахтақурилиш” бошқармамиз кейинги йилларда иккита йирик конни фойдаланишга топширди. Иш жадаллик билан давом этмоқда.
Мис эритиш заводи комбинатнинг 85 фоиз маҳсулотларини ишлаб чиқаради. Заводда мис катоди, олтин, кумуш, селен, темир, мис купороси, рений, сульфат кислотаси, эмалланган мис симлари, полладий кукуни, суюлтирилган кислород, молибден куйиндиси, қўрғошин висмут шлами, суюлтирилган азот каби маҳсулотлар тайёрланади. Бу йилдан бошлаб заводда янги маҳсулотлар, яъни юртимиз заргарлик саноати учун грануланган олтин ва кумуш тайёрлаш бошланди. Бу ерда Гидрометаллургия участкаси фаолияти ҳам йўлга қўйилди.
Корхонада металлурглар, кончилар ва етук олимлар иштирокида экспертлар гуруҳи ташкил этилган. Гуруҳ томонидан ОКМКни узоқ муддатли модернизация қилиш бўйича дастур ишлаб чиқилган. Дастурда корхонага кончилик соҳасида илғор хорижий технологияларни жорий қилиш белгиланган. Ҳисоб-китобларга кўра ушбу дастурни ишлаб чиқаришга тадбиқ этиш учун 502 миллион доллар маблағ сарфланиши режалаштирилган. Бу эса йилига мис ишлаб чиқаришни 110 минг тоннадан 148 минг тоннагача, руҳ ишлаб чиқаришни 78 минг тоннадан 120 минг тоннагача, олтингугурт кислотаси ишлаб чиқаришни 845 минг тоннадан 1,6 миллион тоннагача ошириш имконини беради.
– Комбинатда 2007 йилдан бери ишлаяпман. Кейинги йилларда кон ва металлургия саноатини илмий асосда, инновацион йўналишда ривожлантиришга жиддий эътибор берилмоқда. Ахир илм-фансиз, замонавий технологияларсиз тараққиётга эришиб бўладими? – дейди ОКМК илм-фан ва инновациялар бўлими етакчи муҳандиси, “Шуҳрат медали соҳиби Наргиза Бекбўтаева. – Эътибор беринг, комбинатнинг модернизация дастури илмий ишланмалар асосида яратилган. Ана шу илмий ишланмалар туфайли бу ерда келгусида қимматбаҳо ва нодир металларни қазиб олиш ва қайта ишлаш ҳажми аввалги йилларга нисбатан 1,3 марта ортади. Маҳсулотларни сотишдан олинадиган даромад 1,5 баробарга ошиб, комбинатнинг ялпи маҳсулот ҳажми 12 триллион сўмга етади. Давлат бюджетига тушумлар ҳажми 5 триллион сўмдан ортади. Комбинатнинг соф фойдаси 1,6 триллион сўмни ташкил қилади. Шунинг учун ҳам ҳар йили комбинатда бир неча ўнлаб илмий ишланмалар кўриб чиқилади ва уларнинг энг яхшилари ишлаб чиқаришга жорий қилинади. Ютуқларимиз омилларидан бири ҳам ана шунда!
Кейинги йилларда геологик қидирувлар ва инвестициялар миқдори ошиши натижасида ишлаб чиқаришнинг янги имкониятлари топилмоқда. Айни пайтда эса комбинатни 2030 йилгача ривожлантириш концепцияси доирасида “Ёшлик-1” конини ўзлаштириш ишлари олиб борилмоқда. Бу кон ниҳоятда улуғвор. Унинг ҳудуди 11 минг гектарни ташкил этади. Захираси ҳам ниҳоятда кўп – ҳар йили 65 миллион тонна маъдан қазиб олиш имконияти бор. Бу конда олтин, мис, кумуш, молибден, селен каби 13 турдаги қимматли ва нодир металлар мавжуд. Ҳозирги кунда конни ўзлаштириш ишлари жадал олиб борилмоқда. Коннинг 200 миллион куб метр юзаси очилди. Бунинг учун 210 миллион куб метр бўш тоғ жинслари қазиб олинди. Натижада 235 метр чуқурликда узунлиги 4 километр, эни 2 километрдан иборат кон барпо этилди. Бундан ташқари 41 километрдан ошиқ темир йўл ётқизилди, 650 мегавватли подстанция қурилди. АҚШ, Буюк Британия, Германия, Туркия, Хитой, Россия ва Европанинг бошқа давлатларидан техник ускуналар олиб келиниб, ўрнатилмоқда.
Шу билан биргаликда “Ёшлик-1” конини ўзлаштириш инвестициявий лойиҳасининг биринчи босқичи доирасида комбинатнинг 3-Мис бойитиш фабрикаси ҳам барпо этилмоқда. Унинг қурилиши 2021 йилда бошланган эди. Бу ерда маъданни биринчи босқич майдалаш жараёни “Ёшлик-1” конида амалга оширилади. Конда майдаланган маъдан конвейер транспортлари ёрдамида 3-Мис бойитиш фабрикаси омборига етказиб берилади. Ушбу конвейер линияси ер рельфидан келиб чиққан ҳолда баландлиги 44 метр бўлган кўприк орқали ўтади. Конвейер тизимининг жорий этилиши маъданни ташиш харажатларини 30 фоизга камайтиради.
Бу йирик лойиҳа турдош саноат тармоқларининг ривожланишига ҳам туртки берди. Масалан, фабрика қурилишига металл конструкциялар етказиб бериш учун 6 та завод ишга туширилди. Муҳандислик, дастурий таъминот ва касб-ҳунар таълими янги даражага чиқмоқда. Янги турар жойлар ва хизматларга талаб пайдо бўлмоқда.
Бу йирик лойиҳанинг қиймати 4,6 миллиард доллар бўлиб, у конни қазиш, фабрика ва унинг инфратузилмасини қуришни ўз ичига олади. Ушбу фабрика биринчи босқичда йилига 60 миллион тонна маъданни қайта ишлаш қувватига эга бўлади ва у ишга туширилганидан кейин 3 мингга яқин иш ўринлари яратилади. Умуман, 2025 йилда 60 миллион тонна маъданни қазиб олиш қувватига тенг 3-Мис бойитиш фабрикаси, 180 минг тонна маҳсулот берувчи 6-сон сульфат кислотаси цехи, 3-Мис бойитиш фабрикасида тўлиқ автоматлаштирилган янги насос-гидроциклон ускуналари фойдаланишга топширилиши режалаштирилган.
Маълумки, жорий йилнинг 15 октябрида давлатимиз раҳбари Олмалиқ кон-металлургия комбинатига ташриф буюриб, амалга оширилаётган ишлар билан танишиб, бунёдкорлик, қурилиш жараёнларини юқори баҳолади. Шу билан бирга комбинатда қурилишнинг навбатдаги иккинчи босқичи – 4-Мис бойитиш фабрикасини қуриш ишларига ҳам старт берилди. Корхонада бу фабриканинг барпо этилиши мис ва мисдан янги турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмини янада оширади.
Белгиланган режа амалга ошса, иккинчи босқич қурилишидан кейин комбинатнинг маъдан қазиб олиш қуввати 160 миллион тоннага етади, яъни иш ҳажми ҳозиргидан 3 бараварга ошади. Ушбу икки босқичли қурилиш ишлари амалга оширилиши натижасида корхона 2028 йилга бориб йилига 400 минг тонна мис, 50 тонна олтин ва 270 тонна кумуш ишлаб чиқариш қувватига эга бўлади. Шу тариқа Олмалиқ комбинати тоғ-кон металлургияси соҳасида дунёдаги энг йирик саноат мажмуаларидан бирига айланади.
Халқаро баҳолаш мезонларига кўра, Олмалиқда миснинг ялпи захираси 45 миллион тоннани, олтин захираси эса 5 минг тоннадан зиёдни ташкил этиши аниқланган. Бу дунё миқёсида кон-металлургия соҳасида энг йирик ва захираси бой кўрсаткич ҳисобланади.
Яна бир муҳим томони, бугун дунёда “яшил иқтисодиёт”, электр техникаси, электромобиллар саноати жадал ривожланмоқда. Бунинг натижасида 2030 йилга бориб мис маҳсулотларига бўлган эҳтиёж 40 фоизга ортиши кутилмоқда.
Бу дегани Олмалиқ комбинати маҳсулотларига узоқ йиллар давомида халқаро даражада талаб ниҳоятда катта бўлишини кўрсатади. Келгусида комбинат ишлаб чиқарадиган маҳсулотлар ҳажми 3 мартадан зиёд кўпайиб, унинг қиймати қарийб 8 миллиард долларга етади. Яна 3 мингтадан ортиқ янги, юқори технологик иш ўринлари яратилади.
– Комбинатимизда ишлаб чиқаришнинг юқорилиги ва маҳсулотлар сифатининг яхшилиги учун хорижий мамлакатларнинг ишбилармонлари унга катта қизиқиш билдиришмоқда. Хусусан, сўнгги бир йил ичида комбинат раҳбарияти ва мутахассислари Япония, Корея, Германия, Финландия, Буюк Британия, Хитой, Сингапур каби ривожланган давлатларнинг юзлаб инвесторлари билан мулоқот олиб бориб, янги инвестицион ва инновацион лойиҳалар устида иш олиб боришмоқда, – дейди ОКМК Ахборот хизмати раҳбари Умида Қаршибоева. – Комбинатимиз республикада биринчилардан бўлиб давлат кафолатисиз тўғридан-тўғри хорижий кредитларни ишлаб чиқаришга жалб қилишни бошлаган бўлиб, бу йил уларни ўзлаштириш кўрсаткичи 1,8 миллиард долларга етказилмоқда. Бу эса, табиийки, хорижий ишбилармонларнинг ҳам, банкларнинг ҳам корхонамиз фаолиятига юксак ишончидан далолат беради.
Йилдан-йилга ОКМК экспорт географияси ҳам кенгайиб бормоқда. Ҳозир комбинат маҳсулотлари 19 та давлатга экспорт қилинмоқда. Хорижда асосан мис, руҳ, молибден, рений, қўрғошин концентрати, кадмий, палладий кукуни каби маҳсулотларга талаб кучли.
Ўтаётган 2024 йилда бир қатор янги бозорлар ўзлаштирилди. Жумладан, Гвинея, Сенегал, Сербия, Жанубий Африка Республикаси, Марокаш, Португалия каби давлатларга ҳам мис катанкаси ва мис купороси экспорти амалга оширилмоқда.
Маҳаллийлаштириш дастурига кўра, шу йил январь-ноябрь ойларида 266 та лойиҳа бўйича 1382,4 миллиард сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқарилиб, режа 103,6 фоизга бажарилган. Ўтган йилнинг мос даврига нисбатан ўсиш 3,6 баробарни, импорт ўрнини босиш самарадорлиги 108,5 миллион долларни ташкил қилмоқда.
Бунда янги лойиҳалар бўйича 1109,1 миллиард сўмлик маҳаллийлаштирилган маҳсулотлар ишлаб чиқарилган. Ҳисобот даврида маҳаллийлаштириш дастурига киритилган маҳсулотлардан 2,1 миллион долларлик маҳсулотлар экспорти амалга оширилган.
Саноат кооперацияси орқали январ-ноябрь ойларида маҳаллий ишлаб чиқарувчи корхоналардан 1225,6 миллиард сўмлик маҳсулотлар харид қилинган.
Импортни қисқартириш бўйича жорий йилнинг январь-ноябрь ойлари якуни бўйича комбинат томонидан 142,9 миллион долларлик маҳсулотлар ишлаб чиқарилган.
Комбинат эҳтиёжлари учун профессионал муҳандис-техник ходимларни қайта тайёрлаш мақсадида муҳандислик мактаби барпо этилган. Мактабни лойиҳалаш Германиянинг “Aurubis” компаниясининг ўқув маркази намунасида амалга оширилди. Муҳандислик мактабида геология, кончилик иши, кон саноати транспортлари, маркшейдерлик иши, фойдали қазилмаларни бойитиш, металлургия, механика, энергетика, ишлаб чиқаришни автоматлаштириш йўналишларида фаолият олиб бораётган мутахассислар ўқитилмоқда.
2024 йилда “Fitch Ratings” халқаро рейтинг агентлиги томонидан Олмалиқ кон-металлургия комбинатининг узоқ муддатли кредит рейтинг кўрсаткичини “ВВ-” барқарор даражасида тасдиқлаган. Медиа тур давомида журналистларга комбинат ҳаёти билан боғлиқ ана шундай қизиқарли маълумотлар етказилди.
Олмалиқнинг бир томони Чотқол тоғ тизмаларига туташиб кетади. Бу тизмаларнинг юксак нуқталаридан назар ташласангиз кон-металлургия комбинатининг каскадлари, ўнлаб корхоналари, уфқларга қадар чўзилиб кетган далалар, машиналар турнақатор ўтаётган йўллар, ялтираб оқиб ётган Сирдарё, сув омборлари, шаҳар ва қишлоқлар, юрт кенгликларидан бир бўлаги кўзга ташланади. Ҳамма жойда жўшқин меҳнат давом этаётганлигига гувоҳ бўласиз.
Комбинатда бир марта бўлган одам Олмалиқда нафақат замин устида, балки замин остида ҳам тинимсиз меҳнат давом этаётганлигига, корхонанинг фидойи кончилари, металлурглари Ватан истиқболи йўлида беҳисоб нодир бойликлар яратаётганига тўла ишонч ҳосил қилади.
