Азим Тошкентда қиш айни забтига олган пайт…
Ишдан ёки ўқишдан чиқдингиз. Севимли мусиқангизни тинглаш учун қулоқчин тақиб, таниш бекат томон келяпсиз. Аввалгидек автобусим кетиб қолади ёки улгурмайман, деган хавотир йўқ. Смартфонингиздаги махсус иловага кириб, унинг қаерда келаётгани ва неча дақиқада бекатда бўлишини аниқ билиб оласиз. Мана, автобусингиз ҳам келди. Эшикдан кира туриб, валидаторга карточкангизни теккизасиз. Тўлов амалга ошди.
Фасл зийнати бўлмиш қор яна пойтахт аҳолисига байрамона кайфият улашяпти. Ташқарида совуқ ҳаво ҳукмрон. Лекин иссиқ автобусда мусиқа тинглаб кетиш ёки эртанги кун режаларига андармон бўлиб, манзилга тез фурсатда етиб олиш қанчалар ёқимли. Бу шунчаки орзу эмас. Балки бугун мамлакатимиз, хусусан, пойтахт жамоат транспорти соҳасида қилинган муҳим ўзгаришлар ва ундан кунда-кунора фойдаланаётган одатий ҳаётимизнинг бир қисми.
Умуман олганда, шиддатли урбанизация жараёнини бошдан кечираётган бугунги дунёнинг барча йирик мегаполисларида жамоат транспорти фақатгина ижтимоий тизим эмас, балки жамиятнинг барқарор ривожланиши учун стратегик восита сифатида баҳоланяпти. Боиси, ундаги кенг қамровли йўналишлар, атроф-муҳитга зарари кам бўлган “яшил” технологиялар ва қулай хизмат кўрсатиш сифати инсонлар ҳаётини енгиллаштириб, давлатлар иқтисодиёти ва экологиясига ҳам катта фойда келтириши билан аҳамиятли.
Жаҳон тажрибасида бу борада кўплаб мисоллар бор. Масалан, ҳар бир фуқаронинг жамоат транспорти хизматларидан унумли фойдаланишини таъминлаш мақсадида Сингапур жамоат транспортида ягона ва адолатли тарифлар жорий этилган. Бу турли табақаларга мансуб фуқароларнинг бир хил шароитда жамоат транспортидан фойдаланишини кафолатлайди. Қолаверса, «Осиё йўлбарслари»дан бири сифатида эътироф этилган мазкур мамлакатда шахсий автомобиллар ҳаракатини чеклаш орқали жамоат транспортига талабни ошириш стратегияси самарали амалга оширилган. Натижада шаҳар йўлларидаги тирбандликлар камайтирилган ва экологик вазият яхшиланган. Ёки бўлмаса Германияни олайлик. Бу давлатнинг кўплаб шаҳарларида дизель ёқилғиси билан юрадиган автобуслар ўрнига электр токи билан ҳаракатланадиган автобуслар ёки гибрид транспорт воситаларидан фойдаланилади. Бу атроф-муҳитга зарарни сезиларли даражада камайтиради. Немис автобус тизими фақат йўловчи ташиш билан чекланмайди. Шаҳарлар орасидаги транспорт тизими юкларни тез ва арзон ташиш учун ҳам самарали интеграция қилинган…
Шу ўринда мамлакатимиз, хусусан, пойтахт жамоат транспортини ривожлантириш учун амалга оширилаётган ислоҳотлар ўзининг стратегик йўналишлари билан дунё тажрибасига уйғун ҳолда олиб борилаётганига алоҳида тўхталиб ўтсак. Соҳадаги ислоҳотлар аҳолининг кундалик ҳаётини енгиллаштириш, ижтимоий адолатни таъминлаш ҳамда транспорт инфратузилмасини замонавий стандартларга мослаштиришни ўз ичига олади. Жумладан, ортда қолаётган 2024 йилда ҳам тизим моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва халқаро стандартларга мувофиқ йўловчи ташиш хизматларини кўрсатиш масалаларига устувор аҳамият қаратилди.
Тан олиш керакки, ҳар биримиз учун транспортнинг энг асосий жиҳатларидан бири – ишончлилик. Чунки йўловчи қатнов вақтига ишона оладиган тизимни қадрлайди. Шуни инобатга олган ҳолда айтиш мумкинки, ўтган 2-3 йилда Тошкентда жамоат транспортидан кунлик фойдаланиш даражаси ўртача 650 минг нафарни ташкил қилган бўлса, 2024 йилга келиб бу кўрсаткич 1 миллион нафарга етди. Бу, албатта, ишонч ва сифатга асосланган тизим яратиш йўлидаги самарали натижалардир.
Аҳамиятлиси, жамоат транспорти тизимини такомиллаштириш учун жорий йилда кўплаб янги механизмлар жорий этилди. Ҳар бир автобус ва электробуснинг ҳаракат йўналиши қайта кўриб чиқилиб, йўловчилар талаб-истакларига мослаштирилди, маҳаллий ҳокимликлар тадбиркорларга манфаатли кредитлар бериш орқали янги транспорт воситаларини харид қилишга кўмаклашди. Тизимнинг асосий мақсади – одамлар учун қулай, хавфсиз ва тезкор транспорт хизматини яратишдир. Шу мақсадда Германиянинг “Deutsche Bahn” компанияси мутахассислари томонидан “Toshshahartransxizmat” АЖ автобус ҳайдовчиларининг малакасини оширишга катта эътибор берилди. 21 нафар йўриқчи махсус курсларни тамомлаб, 1050 нафар ҳайдовчини ўқитди.
Маълумотларга кўра, жорий йилда маҳаллий ҳокимликлар, «Миллийбанк» ҳамда тадбиркорлар ҳамкорлигида йирик инвестициялар йўналтирилиб, атроф-муҳитга зарари кам бўлган 421 та автобус ва 496 та микроавтобус харид қилинган ва йўналишларга чиқарилган. Бу ҳудудлар миқёсида таҳлил қилинганда, Самарқандга 112 та (шундан, 74 та электробус), Фарғонага 76 та, Тошкент шаҳрига 67 та, Хоразмга 50 та, Наманганга 36 та, Қашқадарёга 32 та, Навоийга 19 та, Сирдарёга 13 та, Бухорога 6 та, Нукус шаҳри ҳамда Тошкент вилоятига 5 та автобус харид қилинган.
Бундан ташқари, Нукус шаҳри ва вилоят марказлари жамоат транспорти йўналишларининг янги тармоғи ишлаб чиқилди ва Марказлашган диспетчерлик хизмати ташкил қилинди. Бу ўзгариш нафақат йўловчилар учун қулайлик яратиш, балки жамоат транспорти тизимини умумий равишда самарали ва замонавийлаштириш мақсадида амалга оширилди. Марказлашган Диспетчерлик хизмати орқали барча йўналишлар назорат қилиниб, транспорт воситалари ҳаракатини аниқ кузатиш имконияти яратилди. Бу тизимнинг қуйидаги афзалликларини алоҳида таъкидлаш мумкин.
Биринчидан, ҳар бир автобус ёки микроавтобуснинг ҳаракати марказлашган назорат остида бўлади. Бу орқали транспорт воситаларининг белгиланган вақтдан кечикиши ёки жадвалдан четга чиқиши минималлаштирилади.
Иккинчидан, диспетчерлик хизмати орқали йўловчилар жамоат транспорти жадвалига риоя қилинишини таъминлашга ишонч ҳосил қилишади. Шунингдек, транспорт воситалари қайси йўналишда ва қаерда эканини реал вақт режимида кузатиш имконияти яратилади.
Учинчидан, Марказлашган бошқарув хавфсизликни таъминлашда муҳим омил ҳисобланади. Агар фавқулодда ҳолат юз берса, диспетчерлик хизмати зудлик билан вазиятни назоратга олиш ва тегишли чора кўриш имконига эга бўлади.
Шу ўринда алоҳида таъкидлаш жоизки, 2024-2025 йилларда жамоат транспорт тизимини янада замонавийлаштириш, йўловчиларни самарали ва қулай транспорт билан таъминлаш мақсадида 700 та автобус ва 200 та электробус харид қилиш режалаштирилган. Шу билан бир қаторда 2030 йилга қадар 5000 та автобус ва 2000 та электробус сотиб олиниши кўзда тутилмоқда.
Очиғини айтганда, бугун ушбу тизим пойтахт ҳаётида қанчалик муҳим аҳамиятга эга бўлаётганини тасаввур қилиш учун кечаги кунга назар ташланса, тизимда олиб борилаётган ислоҳотлар бор бўй-басти билан намоён бўлади. Ҳа, бундан 3-4 йил илгари шаҳар аҳолиси ва меҳмонларининг автобусга бўлган эҳтиёжини тўла қондиришда жиддий муаммолар бор эди. Йўналишлар қисқа ва қамрови паст, ҳайдовчилар сони кам ва кўпчилик учун ҳаракат жадвали қулай эмасди. Бугун эса вазият ўзгарди. Тошкент йўлларида қишда иссиқ, ёзда салқин, экологик тоза автобуслар ҳаракат қилмоқда.
Хизмат кўрсатиш сифати ҳақида гап борар экан, бугунги жамоат транспорти интерактив тизимларга асослангани билан манфаатли ва қулай эканлигини таъкидлаш жоиз. Масалан, Тошкент шаҳрида жорий қилинган электрон тўлов тизими йўловчиларда транспортга бўлган муносабатни тубдан ўзгартирди ва бугун ундан 70 фоиз йўловчилар фойдаланмоқда. Сабаби, бу тизим нафақат вақтни тежайди, балки хизмат кўрсатишдан тушган маблағларнинг шаффофлигини ҳам таъминлайди. Шуниси эътиборлики, 2025 йил январидан бошлаб Тошкент шаҳрида йўл ҳақи тўловлари фақат электрон шаклда амалга оширилади. Бу, ўз навбатида, ортиқча қоғоз ва нақд пул сарфининг олдини олади.
Қолаверса, ҳудудларда халқаро автобус йўналишларининг кенгаяётгани мамлакатимизнинг транспорт инфратузилмасини яхшилаб, иқтисодий жиҳатдан самарали ва фойдали экани муҳим аҳамиятга эга. Масалан, Россия, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон билан мунтазам халқаро автобус йўналишлари ташкил этиш орқали одамлар учун транзит йўналишларини аниқ ва қулай қилиш имконияти мавжуд. Рақамларга кўра, жорий йилда Россия, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистонга 39 та мунтазам халқаро йўналиш ташкил этилди. Натижада 11 ой давомида 778 минг нафар йўловчи ташилди. Бу ўтган йилга нисбатан 53 фоизга кўп демакдир. Мазкур ишларнинг давоми сифатида 2025 йилда халқаро йўналишлар сони 50 тага етказилиши режалаштирилган бўлиб, ушбу жараён халқаро майдонда мамлакатимизнинг транспорт салоҳиятини оширишга хизмат қилади.
Энди пойтахт жамоат транспортининг энг қулай, хавфсиз ва ишончлилиги билан алоҳида ўрин тутувчи метрополитен хизматига ҳам бир назар ташласак.
Ҳа, Тошкент метрополитени нафақат Ўзбекистон, балки Марказий Осиёнинг энг гўзал ва бетакрор транспорт иншоотларидан бири сифатида тан олинган. Унинг архитектураси, миллий безаклари ва замонавий техник ечимлари йўловчилар учун қулайлик кафолати, эстетик завқ улашишда ҳам ўзига хос мемориал маскандир. Метрополитен бекатлари ҳар бир саёҳатчини ҳайратлантириб, фақатгина транспорт воситаси тўхташ жойи эмас, балки маданият ва санъатнинг дурдонаси сифатида ҳам эътироф этилмоқда.
Метрополитен ҳозирги кунда пойтахт аҳолиси ҳаётининг ажралмас қисмига айланган. Миллионлаб йўловчилар кунига бир неча бор унинг хизматидан фойдаланмоқда. Бунга арзирли сабаблар бор: метро, энг аввало, вақтни тежайди, хавфсизлик ва экологик жиҳатдан ҳам самарали транспорт воситасидир. Тошкент метрополитенида 2024 йилда амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар шаҳарнинг транспорт инфратузилмасини замонавийлаштиришда катта қадам бўлди, дейиш мумкин.
Хусусан, ўтган март ойида “Тошкент ер усти халқа метро линиясининг II босқичи” доирасида узунлиги 3,6 км. бўлган “Қурувчилар-Қипчоқ” қисми ишга тушди. Янги йўналиш йўловчилар оқимини тежамкор ва самарали бошқаришга имкон яратди. Шунингдек, 2017-2024 йиллар давомида метрополитен линияларининг умумий узунлиги сезиларли даражада кенгайтирилди. Илгариги 38 километр ўрнига, ҳозир бу кўрсаткич 70,8 километрга етди. Бекатлар сони эса 29 тадан 50 тагача кўпайди. Ушбу ўзгаришлар аҳоли учун жамоат транспортида ҳаракатланиш имкониятларини кенгайтириб, уларнинг ҳаётини енгиллаштиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Кейинги икки йилда метрополитен йўловчи ташиш ҳажми бўйича ҳам юқори натижаларга эришди. Агар 2022 йилда кунлик ўртача 375 минг нафар йўловчи ташилган бўлса, 2024 йилда бу кўрсаткич 1 миллион нафарга етди. Бу фуқароларнинг Тошкент метрополитенига ишончи ўсиб бораётганидан далолат беради.
Қайд этилишича, метрополитен ҳаракат таркиблари паркини янгилаш ишлари ҳам изчил давом эттирилмоқда. 2019 йилда 5 та поезд, 2021 йилда 10 та поезд ва 2024 йилда 14 та замонавий поездлар харид қилинди. Натижада, умумий ҳаракат таркиблари сони 78 тага етди. Бу поездлар оралиғидаги интервални 2-4 дақиқагача қисқартиришга имкон яратди. 2025 йилда эса яна 14 та янги поезд сотиб олиниши режалаштирилган.
Мухтасар айтганда, жамоат транспортини ривожлантириш масаласи ўзида фақат транспорт тизимини яхшилашни кўзда тутмасдан, балки инсонларнинг кундалик ҳаётига таъсир этувчи асосий омиллардан бири бўлиб келган. Ҳақиқатан ҳам, бир автобуснинг йўлга чиқиши бир оила мисолида катталарни ишхона, болаларни мактаб ёки боғча, қўйингки, турли сабаблар билан шифохона, бозор ёки банкка элтади. Юқоридагилардан хулоса қилиш мумкинки, пойтахтнинг бугунги жамоат транспорти, у хоҳ автобус бўлсин ёки метро, халқ ҳаётини енгиллаштирадиган стратегик лойиҳа сифатида ривожланишда давом этмоқда. Ундаги ислоҳотлар ва янгиликлар шаҳар транспорт тизимини дунё стандартларига мослаштириш орқали аҳолини хавфсиз ва тезкор хизматлар билан таъминлашни мақсад қилган.
