Якунланаётган 2024 йил давлат ва жамият ҳаётида ижтимоий, иқтисодий ҳамда сиёсий янгиликларга, муҳим тарихий воқеа-ҳодисаларга бой бўлди. Мамлакат равнақи ҳамда жамият ривожида энг долзарб масалаларни кўтариш ва уларга ечим топишда сиёсий партияларнинг иштироки ҳам сезиларли даражада ортди. Ушбу жараёнда “Адолат” социал-демократик партияси фаолияти, эришилган ютуқлари, амалга оширган лойиҳалари билан ажралиб турди. Партиянинг ўтган бир йиллик фаолиятини сарҳисоб қилар эканмиз, салмоқли амалий ишлар қилинганига гувоҳ бўламиз.
Жумладан, январь ойида партия XII Пленумини ўтказди. Унда партия Сиёсий Кенгаши ҳамда Ижроия қўмитаси аъзолари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, сенаторлар, маҳаллий Кенгаш депутатлари, партия фаоллари ва ОАВ вакиллари иштирок этишди. Пленумда партия Сиёсий Кенгаши раиси этиб Махмудова Робахон Анваровна очиқ овоз бериш орқали сайланди.
Бу партия ҳаётида муҳим воқеа сифатида қайд этилди. Янги Сиёсий Кенгаш раиси партия фаоллари олдига партиянинг дастурий вазифалари ва лойиҳаларини самарали рўёбга чиқариш, бу борадаги ишларни янада кенгайтириш бўйича устувор вазифаларни белгилаб берди.
Февраль ойида партия етакчиси ташаббуси билан илк бор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ҳамда партия Сиёсий Кенгаши ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Бу – оилани мустаҳкамлаш, хотин-қизларимиз бандлиги ва сиёсий фаоллигини ошириш, оилада зўравонликка чек қўйиш борасида амалий чоралар кўриш учун партиянинг давлат ташкилотлари билан ҳамкорлик алоқаларини ривожлантиришда янги саҳифа очди.
март ойида партия Марказий аппарати, “Адолат” СДП Тошкент шаҳар кенгаши ҳамда Ўзбекистон миллий университети ҳамкорлигида ўтказилган “Жамиятда хотин-қизларнинг сиёсий-ҳуқуқий билимларини ошириш, оилада зўравонликнинг олдини олиш” мавзусида давра суҳбати бошланган эзгу ишларнинг мантиқий давоми бўлди. Унда хотин-қизларимиз сиёсий жараёнларда ҳар томонлама фаоллик кўрсатаётгани, гендер тенглиги йўлида мамлакатимизда кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётгани эътироф этилди.
Апрель ойи ҳам республика ихтисослаштирилган Онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази ҳамда партия Марказий аппарати билан ҳамкорликда ўтказилган “Саломатлик йўлида бирлашайлик” лойиҳаси доирасидаги амалий тадбирлар билан аҳамиятли бўлди. Уларда тиббий хизматлар сифати, аҳолига яратилган шароитлар, бу борадаги партиянинг амалий чора-тадбирлари яхши самара бераётгани билан диққат марказида бўлди. Тадбирлар доирасида минглаб тиббиёт соҳаси вакиллари партия сафига қабул қилингани уларнинг натижадорлигини ошириш ҳамда партия хайрихоҳлари сафини кенгайтиришда муҳим аҳамият касб этди.
Шунингдек, 2024 йилнинг 30 апрель куни янги таҳрирдаги Конституциямиз қабул қилинганининг бир йиллиги муносабати билан партия томонидан Бош қомусимизнинг аудио форматдаги китоби яратилди. Мазкур аудио китоб ўрта ва олий таълим муассасалари, имконияти чекланган фуқаролар билан ишловчи жамиятларга, давлат ва нодавлат ташкилотларига, республикамизнинг Марказий ва ҳудудий ахборот-ресурс марказларига ҳамда партиянинг ҳудудий кенгашларига бепул тарқатилди.
Май ойида партия раҳбари Робахон Махмудова Ўзбекистон Миллий медиа бирлашмаси томонидан ташкил этилган “Миллий медиа маҳсулот яратишда аёллар сиймоси” мавзусидаги халқаро конференцияда қатнашди. Аёл-қизларимизга нисбатан турли кўринишдаги зўравонликларнинг олдини олишда ОАВ муҳим восита экани, медиа маҳсулотларда аёллар сиймосини тўғри шакллантириш эса гендер тенгликни ҳаётга татбиқ этишда асосий роль ўйнаши қайд этилди. Шу аснода партия аёлларимиз ҳақ-ҳуқуқлари ҳимоячиси экани яна бир бор намоён бўлди.
Маълумки, партия томонидан анъанавий тарзда ҳар йили 1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни ҳамда 3 декабрь – Халқаро ногиронлар куни муносабати билан «Бор меҳримиз сенга, болажон!» шиори остида беғараз донорлик акцияси ўтказиб келинади. Акция 700 га яқин донорларни бир мақсад йўлида бирлаштириб, бемор болажонларнинг саломатлигини тиклаш учун 200 литрдан ортиқ ҳаёт томчиларини жамғаришга хизмат қилди. Мазкур акция партиянинг жамиятда инсонпарварлик ғояларини тарғиб этиш, болалар саломатлиги йўлида амалий иш билан ёрдам кўрсатаётганидан далолатдир.
Албатта, ортда қолаётган йил мамлакатимиз сиёсий ҳаётидаги йирик сиёсий жараён – маҳаллий вакиллик органлари сайловлари йили сифатида аҳамиятли бўлди. Июль ойида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий вакиллик органларига сайловлар жараёнларига расман старт берилди. Шу муносабат билан сайлов олдидан “Адолат” СДП XIV Пленуми “Адолат – ҳар бир инсон учун!” шиори остида ўтказилиб, партия Сайловолди дастурининг асосий йўналишлари эълон қилинди. Унда аралаш сайлов тизимида партия рақобатбардош бўлиши учун электорат ишончини қозониш, партия обрў-эътиборини янада оширишга хизмат қилувчи таклифлар ва ташаббуслар билдирилди.
Август ойида Марказий сайлов комиссияси сиёсий партияларнинг ваколатли вакилларига сайловчилар имзосини тўплаш учун белгиланган тартибда имзо варақаларини топширди. Республикамизнинг барча вилоятларида партиямиз фаоллари томонидан кенг кўламда имзо йиғиш тадбирлари ўтказилди. Жараённинг қизғин уюшқоқликда бўлиб ўтгани партиядошларимиз сафининг мустаҳкамлиги ҳамда партиянинг аҳоли ўртасидаги обрўсини намоён қилди. 17 август куни партия раҳбари имзолаган ариза ва бошқа белгиланган ҳужжатлар “E-saylov” ахборот тизими орқали Марказий сайлов комиссиясига жўнатилди. Шунингдек, шу куннинг ўзида Марказий аппарат ходимлари йиғилган имзо варақаларини МСКга расман топширди.
4 сентябрь куни “Адолат” СДП ХII Қурултойи бўлиб ўтди. Унда партия Сайловолди дастури, сайловга оид стратегик режалар ва муҳим сиёсий жараёндаги устувор вазифалар кенг муҳокама қилинди. Қурултойда партия фаоллари сайловлар жараёнида бирдамлик ва фаоллик билан астойдил иш олиб боришларини билдирди.
Октябрь ойида партия сайлов жараёнларининг энг қизғин палласига кирди, турли тарғибот акциялари, ташвиқот тадбирлари ташкил этилди. Хусусан, 10 октябрь куни Тошкент вилояти Нурафшон шаҳрида партиянинг 2025–2029 йилларга мўлжалланган янги Сайловолди дастурини кенг жамоатчиликка тақдим этишга бағишланган оммавий тадбир бўлиб ўтди.
27 октябрда бўлиб ўтган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашларга сайловлар сиёсий партиялар учун муҳим синов бўлди. Боиси маҳаллий вакиллик органлари сайлови янгича – аралаш тизимда ўтказилиб, партиялардан ҳар бир округда ҳар бир овоз учун муносиб кураш олиб боришни талаб этди. Айтиш жоизки, “Адолат” СДП бу жараёнда фаол қатнашди. 28 октябрь куни партия Сиёсий Кенгаши раиси Робахон Махмудова сайлов натижалари юзасидан брифинг ўтказди. Унда партия ушбу сайловларда 21 та депутатлик ўрнини эгаллаб, жамият ҳаётида муносиб овозга эга бўлгани қайд этилди.
20 ноябрь куни партия фаолларидан иборат делегация Камбоджа пойтахти Пномпень шаҳрида бўлиб, глобал муаммоларни ҳал этишда жаҳон ҳамжамияти билан ҳамкорлик қилиш, сиёсий партиялар фаолиятида муроса ва тараққиёт йўлини танлаш лозимлиги юзасидан мунозараларда қатнашди.
3 декабрь – Халқаро ногиронлар куни муносабати билан партия мамлакатимиз бўйлаб кенг кўламда “Бор меҳримиз сенга, болажон!” донорлик акциясини ўтказди. Жорий йилда республика миқёсида ўтказилган ушбу хайрия акцияларида 3978 нафар донордан 1 тонна 706 литр “ҳаёт томчилари” йиғилиб, минглаб болажонлар саломатлигини тиклаш ва ҳаётини сақлаб қолишга ҳисса қўшилди.
5 декабрь куни партия томонидан анъанавий тарзда ташкил этиладиган “Конституция билимдони” кўрик-танловининг республика босқичи бўлиб ўтди. Унда Бош қомусимиз борасидаги билимлари бўйича энг зукко ёшлар беллашишди. Ёшларнинг билимларини рағбатлантириш мақсадида совғалар ва дипломлар билан тақдирлаш маросими ташкил этилди.
“Repost.uz” томонидан ўтказилган “Халқ рейтинги – 2024” танловида “Адолат” СДП раиси Робахон Махмудова энг фаол партия раҳбари сифатида эътироф этилди. 15 715 нафар фуқаронинг овози партия етакчисининг сиёсий майдондаги қатъийлик, ташаббускорлик ва халқчиллик сифати билан ажралиб турганини кўрсатди.
Мухтасар айтганда, “Адолат” СДП учун 2024 йил кўплаб янгиланишлар, сиёсий ташаббуслар ва амалий ютуқлар йили бўлди. Партия раҳбариятидан тортиб, қуйи бўғин фаолларигача ўзаро ҳамжиҳатлик, бирдамлик билан иш олиб боришди ҳамда йил бошида режалаштирилган мақсадларининг салмоқли қисми амалга оширилди.
2025 йилда ҳам партия кўплаб янги лойиҳаларни бошлаб, амалга ошмаган режаларини рўёбга чиқариш, инсон қадри, ҳуқуқий-демократик қадриятлар устувор бўлган жамиятни барпо этиш йўлида қатъият билан олдинга ҳаракат қилишни мақсад қилган.
“Адолат” – ҳар бир инсон учун!” деган партия шиори янада кенг қамровли амалий ишлар билан бойиб, мамлакатимиз жамоатчилиги ўртасида партия обрўси, электорат ишончи мустаҳкамланиши, шубҳасиз.
“Адолат” СДП Матбуот хизмати
