Пойтахтимиздаги Тиббиёт ходимларининг касбий малакасини ривожлантириш марказида даргоҳнинг офтальмология кафедраси мудири, тиббиёт фанлари доктори, профессор, Ўзбекистон Қаҳрамони, “Адолат” СДП фаоли Холиджон Комиловнинг 80 йиллик юбилей кечаси ўтказилди.
Унда марказ раҳбарияти вакиллари, “Адолат” СДПнинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзолари, партия Марказий аппарати ходимлари ва турли идора-ташкилотлар раҳбарлари, кенг жамоатчилик ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этишди.
Тадбирни кириш сўзи билан очган Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири Асилбек Худаяров Холиджон Комиловнинг соҳадаги 56 йиллик фаолияти давомида клиник офтальмология, нейро-офтальмология каби долзарб илмий йўналишлар ривожига катта ҳисса қўшаётгани, бугунги кунда офтальмология, кўз микрохирургияси ва офтальмик кибернетика йўналишларига оид самарали ва долзарб аҳамиятга эга илмий тадқиқот ишларини ривожлантиришда кўплаб ёш олимларга раҳбарлик қилиб келаётганини алоҳида таъкидлади.
Жараён давомида сўзга чиққан Олий Мажлиc Қонунчилик палатаси депутати, “Адолат” СДП фракцияси аъзоси Наримон Умаров Холиджон Комиловнинг партиянинг ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги фаол иштироки, “Адолат” СДПнинг аҳоли орасидаги танилувчанлигини ошириш ҳамда ғояларини кенг тарғиб қилишда жонбозлик кўрсатаётганини қайд этди. Шундан сўнг йиғилганларга партия Сиёсий Кенгаши раиси Робахон Махмудованинг юбилей табригини ўқиб эшиттирди.

Таъкидлаш жоизки, табрикда олимнинг мамлакатимиз ва дунё тиббиёти соҳасидаги бой тажрибаси, юксак билим ва маҳорати билан юртдошларимиз саломатлигини мустаҳкамлаш, соҳани ривожлантиришга қўшаётган улкан ҳиссаси эътироф этилиб, етук шифокор сифатида халқимизнинг чуқур ҳурмат-эътиборига сазовор бўлгани алоҳида таъкидланган.
“Меҳнат фаолиятингиз давомидаги ҳалоллик, қатъият, принципиаллик, ҳаққонийлик ва фидойилик каби фазилатларингиз партиямиз сафидаги минглаб аъзоларимиз, айниқса, ёшлар учун ибрат намунасидир.
Шундай файзиёб кунда сизни юбилей айёмингиз муносабати билан яна бир бор муборакбод этиб, мустаҳкам соғлик, оилавий бахт, узоқ умр, партиямиз ривожи, юртимиз фаровонлиги ва тиббиёт соҳаси равнақи йўлидаги ишларингизда бардавом муваффақиятлар тилаймиз!” дейилади табрикда.
Тадбир давомида Ўзбекистон Қаҳрамони Холиджон Комиловнинг ҳаёт йўли ва тиббиётдаги 56 йиллик меҳнат фаолиятига бағишланган “Кўз мардуми” номли махсус ҳужжатли фильм иштирокчиларга намойиш этилди.
“Адолат” СДП Матбуот хизмати
