Давлат ва жамиятнинг барқарор ривожланиши қонун устуворлиги, адолат ва шаффофлик принципларига асосланган ҳолда амалга ошади. Аммо бугунги кунда бу қадриятларга коррупция иллати жиддий хавф туғдиряпти. Сабаби коррупция нафақат давлат бошқаруви самарадорлигини пасайтиради, балки жамиятда тенгсизлик, ишончсизлик жараёнини кучайтиради. Шундан келиб чиқиб, уни давлатнинг ички механизмини бузадиган «кўринмас душман» деб аташ мумкин. Ўзининг яширин ва чуқур илдизларига эга бўлган бу иллат миллий ва халқаро миқёсдаги муаммоларнинг бирламчи омили ҳамдир.
Маълумот ўрнида айтиш жоизки, “коррупция” сўзи лотинча “corruptio” сўзидан келиб чиққан бўлиб, “пора бериб сотиб олиш”, “сотқинлик” ёки “манфаат учун сотилиш” маъноларини англатади. Замонавий дунёда мазкур атама давлат ёки жамоат манфаатларини шахсий ёки гуруҳ манфаати йўлида қурбон қилишни ифодалайди. Шу билан бир қаторда инсонлар ўртасидаги тенглик тамойилларини бузиб, давлатнинг асосий вазифаларини бажариш жараёнига путур етказади. Муаммо шундаки, коррупция жамиятда ҳуқуқий онгнинг пастлиги, бошқарув тизимида шаффофликнинг йўқлиги ва мансабдор шахслар масъулиятининг сустлигидан авж олади.
Демак, мазкур иллат жамият ва давлатнинг барча жабҳаларига салбий таъсир кўрсатишига яна қуйидаги жиҳатларни ҳам келтириш мумкин. Давлат бошқарувининг қарорлар қабул қилиш жараёнида шаффофлиги йўқолади, манфаатдорлик асосида нотўғри қарорлар қабул қилинади. Иқтисодиётда бўлса, инвестицион муҳит ёмонлашади, хорижий сармоялар оқими тўхтайди, хусусий сектор ривожи пасаяди. Ижтимоий соҳага бу иллат бош суқса, инсон ҳуқуқлари ва ижтимоий тенглик бузилади, фуқаролар давлатга нисбатан ишончсизлик ҳисси билан яшай бошлайди. Қолаверса, унинг яна бир хавфли жиҳати —жамиятда ижтимоий беқарорликка сабаб бўлишидир. Бу эса ўз навбатида, инсонларнинг давлат органларига бўлган ишончини пасайтириб, ниҳоят, инқирозли ҳолатларга олиб келиши мумкин.
Бироқ коррупцияга қарши самарали кураш борасида дунё тажрибасида муваффақиятли амалга оширилган усуллар ҳам йўқ эмас. Масалан, Осиёнинг Финляндия ва Сингапур мамлакатлари бу йўналишда дунёга намуна бўла олади. Қандай қилиб дейсизми? Энг аввало, Финляндияда коррупцияга қарши курашнинг асосий услуби — жамоат назоратини кучайтириш, аҳоли ва оммавий ахборот воситалари ўртасида самарали ҳамкорликни қўллаб-қувватлашдир. Яъни бу мамлакатда ҳар қандай жамоатчилик органининг фаолияти очиқ-ойдин кузатилади ва уларда фуқароларнинг фаол иштироки таъминланади. Сингапурда эса қонуний асос ва қаттиққўл ёндашув коррупцияни жиловлашда ҳал қилувчи ўрин тутади. Бу давлатда мансабдор шахсларга нисбатан юқори талаблар қўйилади, уларнинг молиявий операциялари қатъий назорат қилинади. Шу туфайли Сингапур нафақат коррупцияни минимал даражага тушира олди, балки сармоя муҳитини барқарорлаштириб, иқтисодий тараққиётга эришди.
Мамлакатимизда 2017 йил 3 январда қабул қилинган «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги қонун мазкур иллатга қарши тизимли ёндашувнинг ҳуқуқий асосини яратди. Бу қонун давлат органларининг масъулиятини ошириш, жамоат назоратини кучайтириш ва коррупциянинг келиб чиқишини олдини олишга қаратилган. Шунингдек, фуқаролар йиғинлари, нодавлат нотижорат ташкилотлар ва оммавий ахборот воситалари коррупцияга қарши курашда фаол иштирок этмоқда. Аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, қонунчиликнинг устуворлигини таъминлаш ва манфаатлар тўқнашувини минималлаштириш асосий вазифалардан ҳисобланади.
Коррупцияга қарши курашиш давлатнинг ва жамиятнинг ҳамкорликдаги вазифаси бўлиб, бу борада барча қатламларнинг ҳамжиҳатлиги талаб этилади. Шаффофликни таъминлаш, аҳолининг ҳуқуқий онгини юксалтириш ва қонун устуворлигини кучайтириш орқали тараққиётга йўл очиш мумкин. Бундан кўринадики, иллатдан қутулиш нафақат қонуний, балки ахлоқий бурчимиз ҳисобланади. Зеро, барқарор ва адолатли жамиятни яратиш учун ҳар бир фуқаро ўз масъулиятини ҳис қилиши зарур.
Лайло ЯХШИБОЕВА,
Жиноят ишлари бўйича Учтепа туман судининг судьяси
