Маълумки, Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари Ўзбекистон Республикасининг такомиллашиб бораётган қонунлари, кодекслари ва бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларида ҳам яққол намоён бўлмоқда. Албатта, киритилаётган ҳар бир ўзгартиш ва қўшимчалар ҳамюртларимизнинг у ёки бу ҳуқуқларини ҳимоялашга хизмат қилади. Натижада фуқароларнинг давлатга, республикамиз қонунларига бўлган ишончи ортиб боради.
Шу маънода айтганда, жорий йилнинг 4 ноябрь куни қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг “Спорт соҳасида коррупциянинг олдини олиш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонуни тизимда коррупцияга қарши курашишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Унга мувофиқ, Жиноят кодекси “Спорт мусобақалари иштирокчилари ва ташкилотчиларининг қонунга хилоф равишда моддий қимматликлар олиши ёки мулкий манфаатдор бўлиши” деб номланган 2141-модда ҳамда “Спорт мусобақалари иштирокчилари ва ташкилотчиларини пора эвазига оғдириб олиш” дея аталган 2142-модда билан тўлдирилиб, айни йўналишдаги жиноятлар учун тегишли жавобгарлик чоралари белгиланди.
Баъзан мусобақаларда иккинчи ёки учинчи ўринни эгаллаган спортчидан ёхуд мағлуб жамоадан ҳакам нохолислик қилганини эшитиб қоламиз. Ёинки ташкилотчилар спортчининг мураббийига тазйиқ ё босим ўтказгани ҳақида гап-сўзлар қулоққа чалинади. Энди эса бундай қилмишлар жиноий жавобгарликни келтириб чиқаради. Яъни спорт мусобақалари натижаларини ёки уларнинг боришини қасддан ўзгартириш мақсадида спортчининг, тренернинг, спорт ҳакамининг ёхуд спорт мусобақалари бошқа иштирокчиларининг ва ташкилотчиларининг улар бажариши лозим ёки мумкин бўлган муайян ҳаракатни пора эвазига оғдириб олаётган шахс манфаатларини кўзлаб бажариши ёхуд бажармаслиги эвазига қонунга хилоф эканлигини била туриб, моддий қимматликлар олиши ёки мулкий манфаатдор бўлиши, ушбу Кодекснинг 210 ва 214-моддаларида назарда тутилган жиноят аломатлари мавжуд бўлмаганда, базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёхуд бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёки бир йилдан уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Агар ўша ҳаракатлар такроран, кўп миқдорда, тамагирлик йўли билан ёки бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб содир этилган бўлса, базавий ҳисоблаш миқдорининг юз бараваридан уч юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилдан беш йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёхуд уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёки уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилишга сабаб бўлади.
Борди-ю, ўша ҳаракатлар жуда кўп миқдорда, уюшган гуруҳ томонидан ёки унинг манфаатларини кўзлаб содир этилса, бунинг учун базавий ҳисоблаш миқдорининг уч юз бараваридан олти юз бараваригача миқдорда жарима ёки беш йилдан саккиз йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланади.
Бундан ташқари, илгари мусобақанинг у ёки бу иштирокчиси, аниқроғи унинг ташкилотчиси ёхуд ҳомийси ҳакамни манфаатдор қилиш эвазига ғолибликни “сотиб олиш”га уриниш ҳолатлари ҳам юз берган. Чунки мутлоқ ғолибга жуда кўп миқдорда мукофот ёинки соврин эълон қилинган бўлиши мумкин. Бинобарин, қонун ижодкорлари масаланинг бу жиҳатини ҳам эътибордан четда қолдиришмаган.
Спорт мусобақалари натижаларини ёки уларнинг боришини қасддан ўзгартириш мақсадида спортчига, тренерга, спорт ҳакамига ёхуд спорт мусобақаларининг бошқа иштирокчилари ва ташкилотчиларига улар бажариши лозим ёки мумкин бўлган муайян ҳаракатни пора эвазига оғдириб олаётган шахс манфаатларини кўзлаб бажариши ёхуд бажармаслиги эвазига қонунга хилоф эканлигини била туриб, моддий қимматликлар бериш ёки уларни мулкий манфаатдор этиш, ушбу Кодекснинг 211 ва 213-моддаларида назарда тутилган жиноят аломатлари мавжуд бўлмаганда, базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёхуд бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёки бир йилдан уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Ўша ҳаракатлар такроран, кўп миқдорда ёхуд бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб содир этилган бўлса, базавий ҳисоблаш миқдорининг юз бараваридан уч юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилдан беш йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёхуд уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёки уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазосига маҳкум этилади.
Агар ўша ҳаракатлар жуда кўп миқдорда ёинки уюшган гуруҳ томонидан ёки унинг манфаатларини кўзлаб содир этилган бўлса, айбдор базавий ҳисоблаш миқдорининг уч юз бараваридан олти юз бараваригача миқдорда жарима ёки беш йилдан саккиз йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазосига тортилади.
Агар моддий қимматликлар берган ёки мулкий манфаатдор этган шахсга нисбатан моддий қимматликлар ёки мулкий манфаат сўраб товламачилик қилинган бўлса ва ушбу шахс жиноий ҳаракатлар содир этилганидан кейин бу ҳақда ўттиз сутка ичида ўз ихтиёри билан арз қилса, чин кўнгилдан пушаймон бўлса ва жиноятни очишда фаол ёрдам берган бўлса, у жавобгарликдан озод этилади.
Таассуф билан таъкидлаш лозимки, сўнгги пайтларда қўштирноқ ичидаги сохта табиблар томонидан даволаш муолажаларини олиб бориш, беморларни алдаш, уларга касаллигига номувофиқ бўлган даво воситаларини қўллаш сингари ғайриқонуний ҳолатлар кўзга ташланмоқда. Ҳатто инсон ўлимига сабабчи бўлганлари ҳам бор. Шу боис Президентимиз томонидан шу йилнинг 5 ноябрь куни имзоланган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун асосида ҳамюртларимизга халқ табобати хизматини кўрсатишга оид талаб кучайтирилди.
Қонунга мувофиқ, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси “Халқ табобати тўғрисидаги қонунчиликни бузиш” деб номланган 595-модда билан тўлдирилди. Мазкур моддага биноан, халқ табобати соҳасида фаолият олиб бориш учун тегишли ҳуқуққа эга бўлмаган шахс томонидан фуқароларга тиббий ташхис қўйиш ва уларни даволаш хизматларини кўрсатиш ҳамда мазкур хизматларни омма олдида тарғиб қилиш, башарти жиноят аломатлари мавжуд бўлмаса, фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн беш бараваридан йигирма бараваригача, мансабдор шахсларга эса — йигирма бараваридан йигирма беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Халқ табобати йўналишида рухсат этилмаган усулларни қўллаган ҳолда фуқароларга тиббий ташхис қўйиш ва уларни даволаш хизматларини моддий қимматликлар олиш ёки мулкий манфаатдор бўлиш эвазига кўрсатиш, шунингдек мазкур хизматларни омма олдида тарғиб қилиш, башарти жиноят аломатлари мавжуд бўлмаса, базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн беш бараваридан йигирма бараваригача миқдорда жарима билан жазоланади.
Агар юқоридаги ҳуқуқбузарликлар маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такроран содир этилган бўлса, ҳуқуқбузар базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма бараваридан ўттиз бараваригача миқдорда жарима ёки ўн беш суткагача муддатга маъмурий қамоқ жазосига тортилади.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг 2022 йил 7 июнда қабул қилинган “Реклама тўғрисида”ги қонуни 45-моддаси “Халқ табобати йўналишида рухсат этилмаган усулларни қўллаган ҳолда фуқароларга тиббий ташхис қўйиш ва уларни даволаш хизматларини реклама қилиш тақиқланади” деган сўзлардан иборат учинчи қисм билан бойитилди.
Хулоса ўрнида айтиш жоизки, биз судьялар қабул қилинаётган ёки амалдаги қонун ва кодексларга киритилаётган ўзгартиш ҳамда қўшимчалар мазмун-моҳиятини содда, халқчил тилда жамоатчиликка етказишимиз керак. Бу эса юртдошларимизнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини оширишнинг энг муҳим омилларидан бири ҳамдир.
Султонмақсуд ХОЛБОТИРОВ,
Жиноят ишлари бўйича Шаҳрихон туман судининг судьяси
