Ўтган асрнинг 60-йиллари охири, 70-йиллари бошларида ўзбек матбуотига бир гуруҳ иқтидорли фотомухбирлар кириб келдилар. Равиль Альбеков, Содиқ Маҳкамов, Нўъмон Муҳаммаджонов, Рўзмат Жуманиёзов, Фарҳод Қурбонбоев ва бошқалар газета ҳамда журналлар саҳифаларида мамлакатимизнинг турли ҳудудлари тасвирлари, шаҳар ва қишлоқларимиз қиёфаларини, замондошларимизнинг фаолиятларини янгича ракурс, кўринишларда акс эттирдилар. Ўзбек журналистикасини янгича фотоолам билан бойитдилар. Ана шулар сафида яна бир фотомухбир – Даврон Аҳмад ҳам бор эди.
Даврон Аҳмад етмиш йиллик ҳаётининг ярим асрини фотожурналистикага, 40 йилини эса “Тошкент ҳақиқати” газетасида фотомухбирликка бағишлади. У шу йиллар давомида 3 мингдан ортиқ турли мавзудаги суратларни матбуот саҳифаларида эълон қилдирди. Республиканинг барча вилоятларини, айниқса, Тошкент шаҳри ва вилоятини неча марта қадамба-қадам кезиб чиқди. Халқимизнинг қалбидаги қувонч ва ташвишларни, муваффақият ва муаммоларни матбуот саҳифаларига муҳрлади.
Ўрта бўйли, ихчам гавдали, жингалак сочли, ўзидан олдин мўйлови кўринадиган Даврон Аҳмад тиним билмайдиган, ҳақиқатгўй, адолатпарвар инсон эди. Бирор жойда камчиликни, ноҳақликни кўрса чидаб туролмасди. Фотокамераси билан ўша камчиликни, ноҳақликни фош қилишга интиларди. “Фотоайбнома”, “Фотомухбир танқид қилади”, “Суратлар фош қилади”, “Фотонигоҳ” рукнлари остида берилган фотолавҳа ва мақолалар орқали қанча муаммоларга ечим топди, камчиликларни бартараф этишга интилди.
У таҳририятимиз билан яқиндан ҳамкорлик қиларди. Кейинги 5-6 йил ичида унинг юзлаб фотолавҳа ва мақолалари газетамиз саҳифаларида эълон қилинди. “Газетанинг номи улуғ, унда ҳақиқатни акс эттирмасангиз, адолатни ёзмасангиз уят бўлади”, дерди. Шунинг учун гоҳ у табиатга етказилаётган зарарлар, гоҳ Тошкент шаҳридаги истироҳат боғларидаги бузғунчиликлар, гоҳ маданий мерос ёдгорликларига эътиборсизликлар, гоҳ шаҳарсозликдаги камчиликлар ва бошқа кўплаб мавзуларда куюниб фотолавҳалар тайёрларди.
Фото – юртимиз тарихининг оний лаҳзасини ўзида акс эттирувчи тасвир. Даврон Аҳмад ўз суратлари билан, ўша оний лаҳзалик ҳаёт лавҳалари билан тарихимизни нафақат газеталар ва журналлар саҳифаларига, балки халқимизнинг кўнглига ҳам муҳрлаб кетди.
У яхши, жонкуяр дўст эди. Дўст ёди эса унитилмайди.
К.Муҳаммад Ёқуб
