Кейинги вақтларда айрим корхона ва ташкилотлар, аҳоли вакиллари томонидан табиий газ, электр энергияси ва ичимлик суви қонунга хилоф равишда ишлатилаётгани, очиқроғи, ўғирланаётгани ҳақида кўп эшитаяпмиз.
Ўғирлик дейишимиз бежиз эмас. Чунки қонунчилигимизда умумий фойдаланишдаги электр, иссиқлик, газ ёки водопровод тармоқларига тижорат мақсадларида ўзбошимчалик билан уланиш ёхуд уларнинг ҳисобга олиш асбоблари ва пломбаларига қасддан шикаст етказиш, шунингдек, ушбу қилмишларни мансабдор шахслар ёки соҳа ходимлари билан тил бириктириб содир этилган жиноят ҳолатлари ўғирлик жинояти деб баҳоланади ҳамда мазкур ҳуқуқбузарлик учун озодликдан маҳрум қилиш жазоси ҳам қўлланилиши мумкин.
Мамлакатимизда истеъмолчилар томонидан табиий газ ва электр энергиясидан фойдаланиш қоидаларига риоя этилишини таъминлаш юзасидан амалга оширилаётган ишларга қарамасдан энергия ресурсларини талон-торож қилиш билан боғлиқ қонунбузарликлар салмоғи юқорилигича қолмоқда.
Аслида газ, электр ва тоза сув халқ бойлиги ҳисобланади. Сўнгги пайтларда газ ва электр учун ақлли ҳисоблагичлар ўрнатилди, ичимлик суви учун ҳам шундай замонавий ҳисоблагичлар жорий этилмоқда. Бунинг самараси ўлароқ, аҳоли ўртасида тўлов интизоми бирмунча ошди. Бироқ хусусий бизнес эгалари ва тадбиркорларни бунга кўниктириш қийин бўляпти. Кўпчиликнинг ҳақидан ҳазар қилмайдиганлар сув, газ, электрни ўғринча, демакки, хўжасизларча ишлатиб, давлат бюджетига зарар етказиш билан бирга, бу неъматларнинг тақчиллигига ҳам сабабчи бўлмоқдалар. Улар бу қилмишини амалга оширишда асосан энергия ресурслари ва сувдан ҳисоблагичсиз фойдаланиб, тармоққа ўзбошимчалик билан уланиб ёки ҳисоблагич пломбасини бузган ҳолда кўрсаткичларини ўзгартириб, катта миқдорда зарар етказишади. Бу ишга қўл урганлар қилмиши жиноят экани, ўғирлик эканини заррача ҳис қилмайди. «Қўлга тушмадимми – ўғри эмасман», деб ўйлашади.
Жиноят ишлари бўйича Зомин туман судининг очиқ суд мажлисида ана шундай “уддабурон” фермер хўжалиги раҳбарига нисбатан жиноят иши кўриб чиқилди. Гап шундаки, Зомин туман электр таъминоти корхонаси мутахассислари томонидан ўтказилган назорат тадбири давомида Зомин туманида жойлашган “Салим Норбўтаев” фермер хўжалиги раҳбари сув насосини электрга ўзбошимчалик билан улаб, ишлатиб келгани аниқланган. У осон бойлик орттириш, сув насоси орқали фермер хўжалиги ер майдонидаги экинларни текинга суғориш мақсадида ушбу фермер хўжалигига тегишли трансформаторга ўрнатилган электр ҳисоблаш ускунасининг симларини қасддан узиб қўйиб, электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиб келган. Бу билан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 12.01.2018 йилдаги 22-сонли қарори билан тасдиқланган “Электр энергиядан фойдаланиш қоидалари” талабларини бузган. Ушбу ножўя ҳаракати билан жами 43 миллион 740 минг сўмлик электр энергиясини яширин равишда талон-торож қилган.
Судда сўроқ қилинган судланувчи Нодир Расулов (исм-фамилия ўзгартирилган – таҳ.) айбига тўлиқ иқрорлик билдирди. У электр энергиясидан ноқонуний равишда фойдаланганлиги учун айбдор эканини, тузилган ҳужжатларга ҳеч қандай эътирози йўқлигини, етказилган зарарни тўлиқ қоплаганлигини, оилавий шароитини, оиласининг ёлғиз боқувчиси эканлигини, муқаддам судланмаганлигини инобатга олиб, суддан енгиллик беришини сўради.
Судда айбланувчи Нодир Расулов Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 169-моддаси 2-қисми “б, д” бандларида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилди. Унга Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 169-моддаси 2-қисми “б, д” бандлари билан базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн баравари, яъни 3 миллион 400 минг сўм жарима жазоси тайинланди. Зомин туман электр таъминоти корхонасига етказилган зарар тўлиқ қопланди.
Электр тармоқларига ўзбошимчалик билан уланиб олиш, электр ҳисоблагичларни “айланиб ўтиш”, ҳисоблагичлар ишига таъсир кўрсатувчи воситалардан фойдаланиш, истеъмол қилинган электр энергияси тўғрисидаги маълумотларни қалбакилаштириш каби ноқонуний ҳолатларга жуда кўп дуч келмоқдамиз. Бундай жиноятлар жазосиз қолмайди, албатта.
