Жорий йил 27 октябрда ўтказилган депутатлик сайловларида халқ депутатлари Пахтакор туман Кенгаши депутати этиб сайландим. Албатта, бу мен учун юксак шараф ва шу билан биргаликда улкан масъулиятдир. Депутат ҳамма вақт халқнинг бугуни ва эртасини ўйлаши, фидойилар сафининг олдинги қаторида туриши, халқнинг ишонган вакили, ҳақ-ҳуқуқи ва манфаати ҳимоячиси бўлиши керак.
Бизнинг олдимизда кейинги беш йилда катта масъулият ва халққа берган ваъдаларимизни бажариш вазифаси турибди. Уларнинг ишончини оқлаш учун амалий ишларимизни кўрсата олишимиз керак. Депутатлик бу мартаба эмас, балки халққа кўмакчи бўлиб, аҳолини ўйлантираётган муаммоларни чуқур ўрганадиган, ечимини топишда фаоллик кўрсатадиган заҳматли меҳнатдир.
Сўнгги пайтларда давлат раҳбари айнан депутатларга қарата кўп мурожаат қиляпти. Президент демократия учун, тараққиёт учун, фарзандларимизнинг келажаги учун депутатларнинг фаол бўлишини кутяпти. Халқнинг меҳрини қозониш, ишончини оқлаш осон эмас. Бунинг учун депутат доим одамлар орасида бўлиши, мавжуд муаммоларга ечим топиши керак бўлади.
Жиззах вилоятида “Адолат” СДПдан сайланган депутатлар орасида энг ёш депутатлардан бириман. Тўғриси, бу мен учун ҳаяжонли ва шу билан биргаликда зиммамга катта масъулият юклайди. Депутатлик фаолиятим давомида қонунийлик, ижтимоий адолат, сайловчилар олдидаги масъулиятни ҳамиша ҳис қилиш, очиқлик ва ҳисобдорлик, ҳалол, тўғрисўз, фаоллик ҳамда ҳозиржавоблик тамойилларига таянган ҳолда иш олиб бормоқчиман. Шунингдек, ўз Сайловолди дастуримга амал қилиб, сайловчиларга берган ваъдаларимни бажаришга ҳаракат қиламан. Мен, энг аввало, сайлов округи ҳудудида ҳал қилиниши лозим бўлган муаммолар рўйхатини шакллантиришга ва уларга ваколатим доирасида ечим топишга эътибор қаратмоқчиман. Шу билан биргаликда, халқнинг сиёсий фаоллигини ошириш, хотин-қизлар ҳамда ёшлар масалаларига алоҳида эътибор қаратишни ўз олдимга мақсад қилиб қўйганман.
Депутатлик фаолиятимни бошлашда “Адолат” социал-демократик партияси билан яқиндан ҳамкорлик қилиб, ўз иш режамни партия билан келишган ҳолда ишлаб чиқдим. Мен бежиз бу партияни танламаганман. Менга партиянинг мақсад ва вазифалари, Сайловолди дастурида илгари сурган ғоялари ва муҳим ташаббуслари, ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаши, шу билан биргаликда, партиянинг бир қатор лойиҳалари жуда маъқул келган.
Бугун халқнинг ишончига сазовор бўлиб, кўксига депутатлик нишонини таққан ҳар бир депутат, жамият тақдирига масъулдир.
