Яқин-яқингача тадбиркорлик деганда кўпчилигимиз соҳадаги моддий қийинчиликлар, сарсонгарчилик ва олиб ташлаш мушкул бўлган тўсиқларни кўз олдимизга келтирганмиз. Қолаверса, ишбилармонлик фақат фойда олиш манбаи сифатида кўринарди. Бугун эса вазият ўзгарди. Мамлакатимизда тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга қаратилган амалий эътибор ва кўмак туфайли у фақат даромад манбаи бўлибгина қолмасдан, балки янги иш ўринлари яратиш, маҳаллий ва халқаро бозорларда юртимиз имижини юксалтириш имконияти эканини теран англадик.
Дунё шиддат билан ўзгариб борар экан, бозорда муваффақият қозониш учун бугунги тадбиркордан нафақат капитал, балки самарали ғоя, режа ва ижодий ёндашув ҳам талаб этиляпти. Соддароқ айтганда, энди тадбиркорликдаги ҳар бир янги қадам инновацияга асосланиши, ғоя эса ижтимоий манфаатга хизмат қилиши керак. Ҳа, тадбиркорлик мамлакатимизда нафақат шахсий тараққиёт, балки жамият тараққиётининг ҳам муҳим омилига айланмоқда.
“Янги замон одамлари” рукнининг навбатдаги меҳмони – 10 йиллик тажрибага эга тадбиркор Бобур Умаров. У ўз бизнеси йўлида бир нечта йирик лойиҳаларни муваффақиятли амалга оширган ва уларни турли йўналишларда самарали бошқариб келмоқда. Қаҳрамонимиз ҳозирда меҳмонхона, ресторан ва қаҳвахона соҳаларида ўз брендини яратиб, 400 га яқин ҳамюртларимиз бандлигини таъминлагани таҳсинга лойиқ, албатта. Қолаверса, юқори рақобат муҳитида барқарор ўсишга эришган. Бобур Умаров билан суҳбатимиз тадбиркорликка қизиқиш сабаблари, бизнесдаги муваффақият ва муаммолар, мижозлар билан ўзаро алоқа ва муносабатларнинг соҳага таъсири, вақтни самарали бошқариш усуллари ҳақида бўлди.
– Бобур ака, тадбиркорликка қизиқишингизга айнан қайси омиллар сабаб бўлган?
– Тадбиркорликка қадам қўйишимдаги асосий сабаб эркинликка интилиш бўлган. Ўз-ўзимга раҳбар бўлиш ва вақтимни ўзим бошқариш истаги тадбиркорликка йўл очди. Бунда эса асосий илҳом манбаим – оилавий муҳит. Менинг биринчи устозим – отам. Ундан меҳнатсеварлик, масъулият ва қатъиятлиликни ўргандим. Оиламизда ҳар доим меҳнат қилиш, ўз кучи билан натижага эришиш устувор қадрият бўлган. Шунинг учун тадбиркорликни танладим.
Биринчи бизнес ғоямга келсак, 2015 йилда Қашқадарё вилоятида қаҳвахона очиш ғояси пайдо бўлди. Ўшанда пойтахт одамларида қаҳва ичиш маданияти энди-энди шаклланаётган, лекин вилоятларда бундай шароит деярли йўқ эди. Мана шу бўшлиқни кўриб, бундан фойдаланишга қарор қилдим. Бошида қийинчиликлар кўп бўлди: бозорни ўрганиш, тажрибасизлик, молиявий масалалар. Лекин тадбиркорликда энг муҳим жиҳат шуки, муаммоларга тўсиқ эмас, имконият сифатида қараш керак. Биз сифат ва мижозларга эътибор бериш орқали ишонч қозондик. Орадан вақт ўтиб, қаҳвахона нафақат Қашқадарёда, балки Тошкентда ҳам ўз ўрнини топди. Ҳозирги кунга келиб, Қозоғистондан қандолат маҳсулотларини олиб кириб, маҳаллий бозорда фаолият юритяпмиз. Соҳадаги биринчи сабоқ эркинликнинг қиймати, вақтингиз ва ресурсларингизни қандай бошқаришингизга боғлиқ бўлади. Шундан келиб чиқиб хулоса қиламанки, тадбиркорлик нафақат даромад, балки ўзингизни эркин инсон сифатида ҳис қилиш имконияти ҳамдир.
– Биламизки, ҳар қайси тадбиркор, энг аввало, бозор эҳтиёжини пухта ўрганган ҳолда кўплаб ғоялар, янги бизнес лойиҳалар устида ишлайди. Сиз ҳам бир неча йирик, аммо турли йўналишлардаги лойиҳаларни муваффақиятли бошқариб келяпсиз. Бизни қизиқтиргани – уларнинг орасида қайси бирини амалга оширишга иккилангансиз, бироқ натижа сиз ўйлагандан яхши бўлган?
– Ҳақиқатан ҳам, тадбиркор ҳар бир янги ғояни ҳаётга татбиқ этиш олдидан уни етти ўлчаб, бир кесиши табиий. Лекин мен доим бир нарсани англаганман: ҳар қандай шубҳа фақат вақт йўқотишга олиб келади. Шунинг учун ҳам, ҳар бир лойиҳа олдидан асосий эътиборимни бозор эҳтиёжини ўрганишга қаратаман.
Масалан, Қашқадарёда меҳмонхона очиш ғоясига тўхталсам. Ўша пайтларда вилоятда туризмга эътибор янги босқичга кўтарилганди. Қолаверса, воҳа иқтисодиёти, саноатини ривожлантиришда инвестицион муҳит жозибадорлиги ошди. Бу, ўз навбатида, маҳаллий ва хорижий сайёҳлар оқими кўпайишига, Қашқадарё кўплаб инвестор ва ишбилармонларнинг барқарор бизнес ғояларига манзил бўлишига сабаб бўлди. Аммо мазкур талабни қондириш учун ҳудудда қулай ва замонавий шароитларга эга меҳмонхоналар етарли эмаслигини тушундим. Шундан келиб чиқиб, ҳаракатни бошладим. Бугунги кунда меҳмонхонамиз минтақага ташриф буюраётган меҳмонлар учун қулай масканга айланган, дея оламан.
Қаҳва бизнеси ҳақида гапирадиган бўлсак, бу лойиҳа аввалида очиғи иккиландим. Чунки кўпчилик “Ўзбекларга қаҳва ёқмайди, биз чойхўр халқмиз”, дейишган. Қаҳвага талаб асосан пойтахтда юқори, вилоятларда эса унчалик оммалашмагандай туюлганди ҳам. Аммо одамлар кундалик турмуш тарзида кўпроқ енгилликни, руҳий тинимни истайди. Албатта, оғир меҳнат ёки доимий иш вақтидан сўнг бир финжон қаҳва ичишни ким ҳам хоҳламайди?! Шу жумладан, чой ёки бошқа ичимлик ўрнига қаҳвани танлаш одати ҳам жадал ривожланмоқда. Ҳозирда қаҳва бизнеси яхши натижа бермоқда.
Менинг асосий тамойилим шундай: ғоялар билан ишлашда чўчимаслик, ўзингга ишониш ва иккиланишлар ўрнида ҳаракатни биринчи ўринга қўйиш.
– Албатта, сўнгги ўн йилликда тадбиркорлик оламида кўплаб ўзгаришлар кузатилди. Тадбиркорлар сафи кенгайди. Ушбу даврда фаолиятингизда сезиларли бурилишлар, ўзгаришлар қилолдингизми?
– Тўғри таъкидладингиз, сўнгги йилларда мамлакатимизда тадбиркорликни қўллаб-қувватлашдаги ўзгаришлар, ҳақиқатан ҳам, янгиликлар, ташаббуслар ва қулайликлар олиб келди биз учун. Масалан, Президентимиз томонидан август ойида тадбиркорлар билан очиқ мулоқотлар ўтказилаётганини олайлик. Бу, албатта, тадбиркорлар ва давлат ўртасидаги ишончни мустаҳкамламоқда ва бизга ўз муаммоларимизни эркин ва аниқ намоён қилишга ёрдам беряпти.
Бизнес омбудсман фаолиятининг йўлга қўйилиши ҳам бизнинг ишимизга кучли таъсир кўрсатди. Бу орган тадбиркорлар учун зарур бўлган барча ёрдамларни кўрсатишда муҳим роль ўйнамоқда. Биз унинг ёрдамида кўплаб ҳуқуқий ва амалий саволларга жавоб олиш, иш билан боғлиқ муаммоларни осонлик билан ҳал қилиш имкониятига эга бўлдик.
Солиқ соҳасидаги ислоҳотлар яна бир муҳим масала. Давлатимиз раҳбари солиқ сиёсатига янгиланишлар киритиш орқали биз, тадбиркорларга катта қулайликлар яратишни мақсад қилган. Бу янгиликлар биз учун нафақат енгиллик, балки фаолиятимизни қайта кўриб чиқиш учун ҳам улкан рағбат бўлди.
Эътибор беринг, илгари ҳар бир харидимиз, ҳатто гўшт ёки картошка олишда ҳам ҳар бир тўловимиз солиқ ҳисобида акс этарди. Энди бу қийинчиликлар олиб ташланди. Эндиликда бизнес юритиш осонроқ бўлди. Тўланган солиқларнинг маълум қисми бизга “кэшбек” сифатида қайтарилмоқда. Бунда давлатимиз томонидан берилган имтиёзлар жуда катта аҳамиятга эга бўлди.
Ҳар қандай тадбиркор учун молиявий барқарорлик муҳим. Қўлга киритилган маблағлардан тўртинчи қисмини қайта олиш имконияти бизга нафақат қўшимча ресурс, балки ишга бўлган иштиёқ ва ишончни ҳам оширди. Чунки ҳар қандай янгилик, ҳар қандай қулайлик – бу, аввало, келажакка бўлган ишонч демакдир. Шундай экан, бу ислоҳотлар фақатгина иқтисодий жиҳатдан эмас, балки шахсий ва профессионал ўсишимда ҳам катта ўрин тутди.
– Ўзингизга яхши маълум, бугунги мижозга биргина хизмат ёки маҳсулотнинг ўзи етарли эмас. Улар қўшимча афзаллик, барқарор қадрият излашади. Бу борада сиз мижозларга нималар таклиф қиласиз?
– Ҳар бир тадбиркорнинг бизнесдаги энг муҳим мақсади – мижознинг эҳтиёжларига жавоб бериш. Лекин ҳозирги кунда фақат маҳсулот ёки хизматдан кўра, мижозлар янада кўпроқ нарсаларга эътибор беради. Товар ёки хизматни танлаш, сотувдаги самимий муносабат, тезкор хизмат кўрсатиш шулар жумласидандир.
Биз ўз фаолиятимизда «мижоз ҳар доим ҳақ» деган принципга амал қилишга ҳаракат қиламиз. Бу биз учун фақатгина касбий қадрият эмас, балки ҳар бир мижозга нисбатан масъулиятни англатади. Кўпинча, мижозлар фақат товар ёки хизматнинг сифатини эмас, балки биз билан бўлган мулоқотнинг қандай эканини ҳам баҳолашади. Мижозга тушунарли, самарали ва индивидуал ёндашув вақтида жавоб бериш ва ёрдам кўрсатиш уларнинг бизга қайта мурожаат қилишларига сабаб бўлади. Бизнинг асосий мақсадимиз савдодан фойда кўриш эмас, балки мижозлар билан ишончли ва узоқ муддатли муносабат ўрнатишдир.
– Бир вақтнинг ўзида бир нечта лойиҳани самарали бошқариш осон иш эмас. Уларни оёққа қўйиш эса икки карра мушкул вазифа. Шундан келиб чиқиб, сиз вақт ва ресурсларни бошқаришда қандай стратегияларга амал қиласиз? Бунда қайси омилларни муҳим, деб биласиз?
– Бу, албатта, осон иш эмас, лекин менимча, бунинг асосий хусусияти адолатли ва ишончли бошқарувга таянади. Ҳозирда «SUBAMIN» МЧЖ таркибида “ARBAT” меҳмонхонаси ва ресторани фаолият юритмоқда. Уларда 100 нафар иш ўрни яратганмиз. Қолаверса, «MOCACCINO» МЧЖ таркибида «MAGMA» қаҳва брендига асос солганмиз. Мазкур тадбиркорлик субъектида 300 нафар фуқаро доимий иш билан таъминланган. Мен ҳар бир ходимга ўз вазифаларини адолатли тақсимлашга, уларнинг самарали ишлаши учун зарур шарт-шароитлар билан таъминлашга интиламан. Агар ҳар бир ходим ўз ишига масъул бўлса, у ҳолда биз самарали ва муваффақиятли ишлай оламиз. Бунда ҳар бир одамнинг ишга бўлган муносабатини юксалтириш учун адолатнинг ўзи етарли. Ходимларим билан доимий мулоқот қилиш мен учун муҳим. Чунки суҳбатлар орқали ҳар бир ходимнинг кайфияти, ишга бўлган муносабати ва шахсий эҳтиёжлари ҳақида тўлиқ маълумотга эга бўлиш мумкин.
Мен уларнинг фикрларини эшитиб, ишни самаралироқ бажариш учун қандай ёрдам беришим мумкинлигини аниқлайман. Ҳар бир ходимнинг ҳаётидаги кичик бир ўзгариш ҳам ишдаги натижаларига таъсир кўрсатиши мумкин, шунинг учун уларни тушуниш ва қўллаб-қувватлаш менинг асосий мақсадимдир.
Ҳар бир ходимга муносабатим ўзгача, чунки мен уларни нафақат ҳамкор, балки инсон сифатида ҳам қадрлайман. Шунинг учун ҳар доим ишдан ташқари уларнинг оилавий ҳолати, шахсий муаммолари ва эҳтиёжлари билан ҳам қизиқаман. Агар ёрдам керак бўлса, қўллаб-қувватлайман. Натижада ходимларнинг ишга бўлган иштиёқини оширади. Суҳбатлар ва ёрдам бериш – биз учун фақатгина ҳамкорликни яхшилаш эмас, балки иш муҳитини тўғри, самарали ва қулай ташкил қилишга ёрдам беради.
– Тажрибали тадбиркор сифатида мижозлар билан тўғридан-тўғри мулоқотнинг ўрнини қандай баҳолайсиз? Сизнингча, шахсий алоқалар ва ижтимоий тармоқлардаги фаол муносабат тадбиркорга моддиятдан ташқари яна нималар бера олади?
– Юқори баҳолаган бўлардим. Чунки ҳар бир мижоз ўз фикрини билдирганда, маҳсулот ёки хизматни яхшилаш йўлида компания учун янги изланишлар манбаси сифатида қабул қилиниши керак. Яъни, мижозлар билан мунтазам алоқада бўлиш, уларнинг фикрларини тинглаш ва эҳтиёжларини тушуниш товар ва хизмат сифатини ошириш билан кифояланмайди. Балки уларнинг ишончини қозонишга ёрдам беради.
Ижтимоий тармоқларда фаол бўлиш эса тадбиркорга моддий фойда билан бирга, янада кенгроқ имкониятлар яратади. Ижтимоий тармоқлар орқали мижозлар билан алоқани кучайтириш, уларнинг фикрларини ўрганиш ва энг муҳими, компаниянинг брендини янада оммалаштириш мумкин. Бунинг натижасида тадбиркорда янги ғоялар туғилади ва бу, ўз навбатида, компаниянинг ривожланишига ижобий таъсир кўрсатади. Ижтимоий тармоқлардаги фаол муносабат мижозлар билан тўғридан-тўғри алоқани янада осонлаштиради, деб ўйлайман.
– Маълумки, тадбиркорларнинг катта қисми “доимий барқарорлик”ка катта ишонч билан қарайди. Бу бир ҳисобдан, албатта, яхши. Аммо ҳар соҳанинг ўз тошу тарозиси бор. Сизнингча, бу тушунча ҳақиқатга яқинми ёки тадбиркор ҳам ўзгариш ва ривожланиш борасида ҳали кўп “қовун пишиғи”ни кўриши керакми?
– Тадбиркорлик ҳам кези келганда ўзига хос, ўрни келса мураккаб. Ҳеч ким бир кунда иш бошлаб, бир кунда муваффақиятга эришмайди. Шунинг учун ҳам бу йўлни танлаган ҳар бир инсон сабр-тоқатли бўлиши керак. Тадбиркорликда кўплаб қийинчиликлар бўлади: баъзан тушишлар, баъзан муваффақиятлар, лекин энг муҳими – ҳаракатда бўлишдир. Мен ўзим тадбиркорликни фақат хобби, деб биламан, ёқтираман. Негаки, бу мени эртанги кунимнинг янада порлоқ бўлишига, янги ғоя ва имкониятлар устида изланишга ундайди. Тадбиркор бўлиш – бу доимий ўсиш, ҳар куни янги нарсалар ўрганиш ва ўз мақсадингга эришиш учун интилиш бўлса, ҳар бир муваффақиятсиз ҳолат ҳам ўрганиш ва ўсиш учун имконият, менимча.
Мен ҳар доим шундай ўйлайман: агар ҳозир ҳаракат қилмасам, эртага чандон қийин бўлади. Ҳаракатни тўхтатмаслик керак, шунинг учун ҳар куни янги имкониятлар излаб, янги йўлларни ўрганиш керак, албатта. Иш фаолиятини бошлаш, муваффақиятсизликка учраганида тўхтамаслик – бу мен учун энг асосий ғоя! Бу борада фақат сизда ички ишонч бўлиши устувор аҳамият касб этади. Ҳаётда ўз мақсади ва унга элтадиган босқичларни аниқ билган одамгина муваффақиятга эришади. Тадбиркорлик фақат бизнес эмас, бу – ўзини таҳлил қилиш, янги ғояларни амалга ошириш ва доимий ўсишдир.
– “Бошлаш учун буюк бўлиш шарт эмас, аммо буюк бўлиш учун бошлаш керак”. Америкалик машҳур мотиватор Зиг Зигларнинг юқоридаги ҳикмати бугун ҳам ўз аҳамиятини йўқотган эмас. Бежиз бу ҳақида сўз очмадим. Биласиз, кўпчилик наздида “тадбиркорликда бошлаш қийин” деган одатий фикр бор. Сизнингча, бошлаш қийинми ёхуд давом эттириш?
– Мен учун ишни бошлаш ҳам, давом эттириш ҳам осон бўлди. Нега? Чунки ўз касбимни севаман. Биринчи жавобимда айтганимдек, буни отамдан ўрганганман. У киши менга шундай деб ўргатган: “Касбингни севсанг, ишнинг оғири ҳам лаззатли туюлади”. Бу сўзлар менинг ҳаётимда асосий тамойилга айланган. Ёш тадбиркорларга маслаҳатим шуки, касбни пул ёки шуҳрат учун эмас, қалбингиздаги қизиқиш ва муҳаббат билан танланг. Агар ишингизни чин юракдан севсангиз, ҳар куни ишга ўзгача ғайрат ва иштиёқ билан бориб, ривожланиш учун янги имконият топа оласиз.
– Бугун ижтимоий тармоқлар ва рақамли маркетингдан фойдаланиш кўпроқ тадбиркорга тош босади. Хўш, бу борада сизда қандай таклифлар, “синовдан ўтган” ечимлар бор?
– Ижтимоий тармоқларда ишлаш – бу шунчаки реклама ёки пост чиқариш эмас. Бу минглаб одамларнинг диққат марказида брендингиз обрўсини сақлаш масъулияти. Унга билдирилган ҳар бир лайк, изоҳ ёки фикр қимматли. Шунинг учун биринчи қоида рақамли майдонга жасорат билан кириш, деб биламан. “Синовдан ўтган” ечимларми? Марҳамат.
Кўпчилик реклама қилишга берилади, лекин мен тажрибамдан биламанки, одамларга фактлар эмас, воқеа ёқади. Ҳар бир маҳсулот ёки хизматнинг ортида шахсий тарих ётади. Шуни айтиб беринг. Масалан, бир маҳсулот яратилиш жараёнидаги қизиқарли ҳодиса ёки биринчи мижоздан тушган энг таъсирли фикр – ана шундай воқеалар брендга ҳаёт бағишлайди. Рақобатда устунликни сақлаш учун фақат трендга эргашиш етарли эмас.
Трендни олдиндан ҳис этиш ва уни ўзингиз яратишингиз муҳим. Буни қандай қилиш мумкин? Мижозларнинг фикрларини доимий ўқинб боринг, уларни тингланг. Одамлар қандай муаммоларни муҳокама қилаётганини билинг ва уларнинг муаммоларига ечим таклиф қилинг. Алгоритмлар, реклама инструментлари – ҳаммаси яхши. Лекин сизга садоқатли жамоа ҳам керак.
Бу жамоа мижозларнинг эҳтиёжларини англаб, тезкорлик билан жавоб бериши лозим. Тадбиркор учун рақамли дунё – бу нафақат бозор, балки синов майдони. Жазоси ҳам бор, мукофоти ҳам. Муҳими, сиз бу майдонда жонли бўлинг, самимий бўлинг ва ҳар доим бир қадам олдинда юринг. Ана шунда мукофот ўзини узоқ куттирмайди.
– Самимий суҳбатингиз учун ташаккур!
