Кундуз кунлари қуёш, тунда ой шуъласидан баҳраманд бўлиб яшаган аждодларимиз шу икки мўъжизани олиб келиб, ўз уйини иситиш ва ёритишни орзу қилган. Ана шу орзуга етгунга қадар инсоният олис йўлни босиб ўтди. Тун зулматини ёритиш ва қиш совуғидан асраниш учун дастлаб оловдан фойдаланган бўлса, сўнгра шам ва чироқни ихтиро қилди. Охир-оқибат аждодлар орзуси ушалди, ҳазрати Инсон улкан қуёшнинг бир бўлагини ўз хонадонига олиб киришга муваффақ бўлди.
Электр кашф этилгани туфайли ер юзида тараққиёт жадаллашиб кетди. Одамлар қўл меҳнатидан халос бўлди: узоқ йўли яқин, оғир юки енгил бўлди.
Юртимизда қуёшли кунлар давомийлиги 270 кунга қадар чўзилишини ва нур узлуксизлиги 3000 соатдан ошишини эътиборга олсак, ундан олинадиган электр қуввати биз учун ҳар жиҳатдан манфаатли ҳисобланади.
Айни пайтда халқимиз атроф-муҳитга зарарсиз бўлган қуёш панелларидан ўз мақсадлари йўлида фойдалана бошлади. Бу борада Наманган вилояти илғорлар қаторида бормоқда. Айни дамда вилоятда кичик станциялар сони 4000 тадан ошиб, қарийб 32 мегаватт миқдорида энергия истеъмол қилинмоқда. Бунда ижтимоий соҳалар, айниқса, тадбиркор ва хонадон эгалари улуши ортиб, улар узлуксиз энергиядан баҳраманд бўлишмоқда.
Яқинда бошқа вилоятлар қатори Поп туманининг «Қўшминор» маҳалласи ҳудудида жойлашган «NEXT SOLAR ENERGY GROUP» қўшма корхонасининг биринчи босқичи ишга туширилиб, 1 миллиард 100 мегаватт «яшил» энергия ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.

Бугун вилоятнинг 614 мингдан ортиқ хонадони ва 31 минг улгуржи истеъмолчиси 35-110 кВ кучланишли 210 та подстанция, 7 минг 397 та трансформатор пункти ҳамда 22 минг километрдан зиёд узунликдаги 0,4-110 кВли электр узатиш тармоғи орқали электр энергияси билан таъминланмоқда.
Байрам арафасида куйинчак партиядошимиз, Янги Наманган туман ҳудудий электр тармоқлари бошлиғи, халқ депутатлари туман Кенгаши депутати Адҳамжон ҲАМРАЕВ билан учрашиб, энергетика соҳаси, бугунги кунда бу борада Янги Наманган туманида амалга оширилаётган ишлар билан қизиқдик.
– Дунёда касблар кўп, лекин бизнинг касбимиз бугунги кунда улар ичида энг керакли касбга айланган, десам муболаға бўлмайди, – дейди Адҳамжон Ҳамраев. – Чунки энергетика тармоғи мамлакатнинг барча бўғинлари ичига кириб борган қон томирлари кабидир. Унинг бир толаси узилса, мамлакат иқтисодиёти ва халқ кайфиятига таъсир қилади. Шу боисдан юртимизда энергия узлуксизлигини таъминлаш бўйича улкан ишлар амалга оширилмоқда. Қуёш, шамол ва сув тараққиётимиз таянчи бўлган электр энергиясини кўпайтиришга кўмаклашмоқда.
Давлатимиз раҳбари томонидан 2025 йилнинг “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил” иқтисодиёт йили” деб эълон қилингани ҳам бежиз эмас. Йил якунланаётган пайтда энергетика соҳасида яна бир муҳим қадам қўйилди. Президент 18 та «яшил» энергетика мажмуасининг ишга туширилишига ва 6 тасининг қурилишига рухсат берди. Бу, албатта, энергияга бўлган эҳтиёжни қондиришга хизмат қилади. Чунки аҳоли сонининг ўсиб бориши ҳамда ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш, даволаш ва таълим тармоқларининг ортиб бориши энергияга бўлган талабни ҳам оширмоқда.
Аҳоли сони жиҳатидан миллиончи шаҳар тоифасига кирган Наманган шаҳри таркибида тузилган туманимиз катта марралар сари қадам қўйган. Бизнинг ҳудудий электр тармоғи 36 минг 882 та хонадонга ва 1720 дан ортиқ улгуржи истеъмолчига хизмат кўрсатади. Туман тасарруфида 12 та подстанция, 743,2 км. 10-6-0,4 кВ. электр узатиш тармоғи ва 426 та трансформатор пунктлари мавжуд.
Жорий йилнинг куз-қиш ойларида барча иқтисодиёт тармоқлари, ижтимоий иншоотлар ҳамда аҳолини узлуксиз электр энергияси билан таъминлаш мақсадида кўплаб ишлар амалга оширилди. Жумладан, Президентнинг «2024 йилда маҳаллалар инфратузилмасини янада яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ижросини таъминлаш бўйича еттита маҳалла фуқаролар йиғинида 796 та темир-бетон таянчлари ўрнатилди, 38,1 километрга электр узатиш тармоғи тортилиб, 14 та трансформатор пунктлари ишга туширилди. 213,2 километр масофадаги электр тармоғи ва 130 та трансформатор пунктлари мукаммал таъмирдан чиқарилди. Хусусан, 6-10 киловаттли узатиш тармоғидаги 70 дан ортиқ изоляторлар янгиланиб, 27 та эскирган симёғоч замонавий темир-бетон устунларга алмаштирилди. «Ёшлик», «Мустақилликнинг 5 йиллиги», «Ахсикент», «Сиҳатгоҳ» ва «Меҳнатобод» маҳаллаларидаги истеъмолчиларнинг электр таъминотини яхшилаш учун қўшимча тармоқлар қурилди. Бундан ташқари, 2025 йилда аҳоли мурожаатлари бўйича 252,2 километрли узатиш тармоқларида ва 176 та трансформатор пунктларида жорий ва мукаммал таъмирлаш ишлари амалга оширилади.
Фаолиятимиз нуқтаи назаридан келиб чиқиб, аҳоли мурожаатлари билан мунтазам ишлашга тўғри келади. Мураккаб шароит вужудга келганда баъзи қизиққон кишиларнинг оғир гапларини кўтарамиз. Муаммони оғир-босиқлик билан бартараф этамиз. Жорий йилда юқори ташкилотлар орқали келиб тушган мурожатлар бўйича ички имконият ҳисобидан 27 та таянч ўрнатилиб, 34 километрга тармоқ тортилди ҳамда 7 та трансформатор пунктлари ўрнатилиб, ишга туширилди. Куз-қиш ойларини беталофат ўтказиш, истеъмолчилар мурожаатларига ўз вақтида ечим топиш мақсадида 24 соат давомида иш олиб борадиган «Call centr» бўлими ташкил этилган. Хизмат учун махсус техника, еттита автомашина, тўртта тезкор-ишчи ва 21 нафар малакали ходимдан иборат бригадалар ташкил этилиб, зарурий жиҳозлар билан таъминланган.

Ҳудудий тармоғимизда меҳнат қилаётган малакали ва ўз касбининг устаси бўлган ишчи-ходимларимиз билан фаҳрланамиз. Уларнинг аксарияти ёшлардан иборат. Шунинг учун уста-шогирд анъанаси йўлга қўйилган. Ҳар бир ишчининг меҳнатини қадлаган ҳолда уларнинг кўнгилли дам олиши учун шароит яратилади ва оммавий тадбирлар, спорт мусобақаларидаги иштироки рағбатлантириб борилади.
Декабрь ойининг 22-санаси энг қисқа кун ва энг узун тун сифатини олган. Чунки шу куни сайёрамизнинг бош энергетиги — Қуёш бизга энг кам ёруғлик ва иссиқлик улашади. Демак, шу куни электр қуввати истеъмолига бўлган талаб энг юқори даражага кўтарилади ва бу ҳолат энергетиклар учун масъулият ҳиссини оширади. Соҳа вакиллари ушбу дахлдорликни ҳис этган ҳолда ишга масъулият билан ёндошадилар ва узоқ тунни бедорликда ўтказишади. Шундай бўлишига қарамай, 22 декабрь улар учун қадрли ва рамзий маънода байрам куни этиб белгиланган. Демак, қувончли лаҳзаларда ҳам машаққатли ва шарафли касб эгалари истеъмолчилар олдидаги мажбуриятни икки карра ҳис этган ҳолда ҳар қандай мураккаб ишга шай бўлиб турадилар. Чунки энергетиклар Ватан сарҳадларида, ҳар бир хонадонда инсон закоси билан ихтиро қилинган «митти қуёш» ҳамиша порлаб туришини чин кўнгилдан хоҳлайдилар. Касбимиз тақозосига кўра доимо мураккаб шароитда ишласак-да, мудом халқнинг розилигини ўйлаймиз. Ҳеч кимнинг хонадонида чироқ ўчмасин. Юртимиз тинч, халқимиз хотиржам ва фаровон яшасин!
Янги йилда ҳам барча истеъмолчиларимизнинг орзулари ушалсин, истаклари амалга ошсин!
Муҳиддин Имомадиев,
Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси
