Маҳаллаларда камбағалликни қисқартириш бўйича Президентимиз раислигида ўтказилган йиғилиш мамлакатимиздаги ижтимоий сиёсатнинг янада самарали йўналишини белгилаб берди. Бу жараёнда банк хизматларининг маҳалла даражасига туширилиши муҳим ижтимоий ўзгаришларга сабаб бўлгани таъкидланди.
Хусусан, Сайхунобод, Уйчи, Зарбдор ва Ғиждувон туманларида тадбиркорлик муҳити тубдан ўзгариб, аҳолининг даромадлари ошди. Уйчи туманида 3 минг 200 фаол мижоз банклар кўмагида муаммоларини ҳал қилиб, 9 мингга яқин аҳоли доимий ишли бўлди. Камбағаллик даражаси эса 6 мингга камайди. Сайхунободдаги 3 мингдан ортиқ хонадонда тадбиркорлик лойиҳалари йўлга қўйилиб, 12 мингдан зиёд аҳоли ўз томорқасидан даромад топишни бошлади.
Йил бошидан буён тажриба доирасида 3 миллион 300 мингдан зиёд аҳоли доимий даромад манбаига эга бўлди. Бунда хонадонларнинг ойлик даромади ўртача 7,5 миллион сўмдан 10,5 миллион сўмгача ошгани қайд этилди. Бошқа ҳудудларда ҳам шундай ижобий ўзгаришлар кузатилмоқда. Хўжайли, Асака, Вобкент, Янгиер каби 57 та туманда ҳокимлар, банклар ва ҳоким ёрдамчилари биргаликда иш олиб бориб, ишсизлик даражаси 5 фоиздан пасайди.
Президентимиз йиғилишда маҳалла даражасида янги ва аниқ вазифалар белгилади. Камбағалликни қисқартиришда кичик бизнес ва тадбиркорликни ривожлантириш устувор йўналиш сифатида белгиланди. Оилавий тадбиркорлик дастури доирасида ишончли мижозларга “Кичик бизнесни қўллаб-қувватлаш” дастури асосида 300 миллион сўмгача шартсиз кредит ажратиш имконияти яратилади. Бундай дастурлар аҳолининг молиявий мустақиллигига эришишида муҳим қадам бўлади.
Мисол учун, уйида новвойхона очиб, кичик бизнес билан шуғулланаётган тадбиркор ойлик айланмаси 70 миллион сўмга, унда ўртача 3 та иш ўрни яратилган ва ишчилар маоши 1,5-2 миллион сўмга тенг, дейлик. Шундай ҳолда унга қўшимча равишда 300 миллион сўм шартсиз кредит берилса, унинг айланмаси камида 4 баробар ошади ва ишчилар сонини 10 нафарга етказиш мумкин. Энг муҳими, шартсиз кредит ёрдамида уларнинг маошини ўртача 4 миллион сўмгача ошириш имкони бўлади. Эътиборли томони 7 нафар фуқарони иш билан таъминлаш имконияти бор.
Йиғилишда жаҳон иқтисодиётидаги мураккаб вазиятларга қарамай, миллий иқтисодиётимиз барқарорлигини сақлаш ва аҳолини камбағалликдан чиқариш бўйича ҳаракатлар тизимини янада кучайтириш муҳимлиги қайд этилди. Бу фақат давлат органлари ёки банкларгагина эмас, балки барча раҳбарлар, депутатлар ва жамоат ташкилотлари зиммасига жиддий масъулият юклайди.
Мазкур йиғилиш халқимизга яна бир нарсани яққол англатади: мамлакатимизда ҳар бир инсоннинг турмуш даражасини яхшилаш, уни даромадли қилиш – давлат сиёсатининг марказида туради. Ижтимоий адолатга асосланган бундай ёндашувни қўллаб-қувватлаш ва унинг ижросида фаол қатнашиш эса ҳар бир инсоннинг, шу жумладан, биз, парламент вакилларининг ҳам асосий бурчимиз, деб ҳисоблаймиз.
Зеро, ҳар бир депутат ушбу жараёнда ўзи сайланган округда аҳолини камбағалликдан чиқариш учун қабул қилинаётган тегишли қонун ва қонуности ҳужжатлари мазмун-моҳияти, уларнинг амалиётдаги аҳамиятини нафақат кенг тушунтириши, балки ўзи ҳам мазкур чора-тадбирларнинг ижро этилишида фаол қатнашиши зарур.
