Ҳар бир жамиятнинг тараққиёти унинг инсонпарварлик тамойиллари ва ўз фуқароларига тенг имкониятларни яратишга қаратилган саъй-ҳаракатлари билан ўлчанади. Шу боисдан ҳам мамлакатимизда ногиронликнинг оғир турларига дучор бўлган болаларга ғамхўрлик кўрсатиш борасида ҳам кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда, имконияти чекланган шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг жамият ҳаётига фаол интеграциясини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Ўтаётган 2024 йил якунларига назар соларканмиз, ижтимоий ҳимоя тизими самарадорлиги ва манзиллилигини ошириш орқали ижтимоий ҳимояни маҳалла даражасигача ташкил этиш бўйича тизимли ислоҳотлар амалга оширилганига гувоҳ бўламиз.
Эътиборли томони шундаки, йил мобайнида аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш соҳаси янги босқичга олиб чиқилиб, ягона марказлашган тизим сифатида шакллантирилди. Жумладан, юртимизнинг 208 та туман ва шаҳарларида “Инсон” марказлари ва ҳар бир маҳаллада ижтимоий ходимлар фаолияти йўлга қўйилди.
Маҳалла даражасида 12 тоифадаги ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга 100 дан ортиқ ижтимоий хизматлар ва ёрдамлар кўрсатиш тизими яратилди.
Қаровчисиз қолган 2 429 нафар шахс аниқланиб, ўзгалар парваришига муҳтож ёлғиз яшовчи ёки якка-ёлғизлар реестрига киритилди.
Бундан ташқари, 852 нафар шахсга ижтимоий-маиший хизмат кўрсатиш, ҳамроҳлик қилиш ёки қараб туриш бўйича пуллик хизматлар ташкил этилди. Шунингдек, 10 169 нафар ногиронлиги бўлган шахсларнинг ногиронлик гуруҳи аниқланди.
Ногиронлиги бўлган шахсларга кўмаклашиш, жамиятга интеграция қилиш, сифатли протез-ортопедия ва реабилитация воситалари билан таъминлаш тизими такомиллаштирилди.
Протез-ортопедия мосламалари ва реабилитация қилишнинг техник воситалари турларини 18 тадан 30 тага, қоплаб бериладиган маблағлар миқдори ўртача 10 бараваргача оширилди. Бу борада энг муҳими – инсонларга зарур воситаларни электрон тарзда ўзлари танлаб олиш имконияти яратилди.
Яна бир муҳим кўрсаткич – ишлаш истагида бўлган 3,3 минг нафар ногиронлиги бўлган шахслар очиқ танлов орқали давлат ташкилотларидаги бўш иш ўринларига жойлаштирилди.
Бу жараёнда ҳукуматимиз томонидан ногиронликнинг оғир турларига дучор бўлган болаларга ғамхўрлик кўрсатиш масалалари сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқилгани эътирофга лойиқ, албатта. Чунончи, Республика бўйича 66 та ихтисослаштирилган мактабгача ва мактаб таълим ташкилотларида ногиронликнинг оғир турларига дучор бўлган болалар учун “Ғамхўрлик” гуруҳлари ташкил этилди. Мазкур гуруҳларга 500 дан ортиқ оғир турдаги ногиронлиги бўлган болалар йўналтирилди.
Ушбу болаларнинг «Ғамхўрлик» гуруҳларига қатнаши натижасида уларнинг ота-оналари ёки ўрнини босувчи шахсларга ижтимоий ҳордиқ олиш ва бирор-бир фойдали меҳнат фаолияти билан шуғулланиш имконияти яратиб берилди.
“Ғамхўрлик” гуруҳлари ҳар бир боланинг ижодий қобилиятларини ривожлантириш, тарбиялаш ва жамиятга мослашишида оилаларга ёрдам бермоқда.
Уй-жойга муҳтож етим ва ота-она қарамоғисиз қолган болаларни уй-жой билан таъминлаш тизимининг самарадорлиги оширилди. 2021 йилдан 2024 йилнинг бугунги кунига қадар 2481 та етим бола ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар давлат томонидан уй-жойлар билан таъминланди (Ушбу эзгу ишларни амалга ошириш учун 418 миллиард 988 миллион сўм маблағ сарфланди). Ўтаётган 2024 йилда шу мақсадда давлат бюджетидан 140 миллиард сўм, Ижтимоий ҳимоя давлат жамғармасидан эса 42 миллиард сўм, жами 182 миллиард сўм маблағлар ажратилди. Солиштириш учун келтириб ўтайлик, ўтган 2023 йилда бу мақсад учун 72 миллиард сўм маблағ ажратилган эди. Жорий йилда 775 нафар бола уй-жой билан таъминланди ва йилнинг сўнггига қадар яна 15 нафар боланинг тураржой билан таъминланиши режалаштирилган.
Бу мавзуда гап кетаркан, яна бир бор ҳаммамиз учун оғриқли бўлган масаланинг самарали ечими борасида қилинган ишларга алоҳида тўхталиб ўтмасак бўлмайди. Амалга оширилган изчил саъй-ҳаракатлар натижасида тазйиқ ва зўравонликка учраган шахсларга ижтимоий хизматлар кўрсатиш амалиёти тубдан ўзгартирилди. Тазйиққа учраганларга уч босқичли “маҳалла-туман-вилоят” тамойили асосида комплекс ижтимоий хизматлар кўрсатиш тизими жорий қилинди. Эндиликда тазйиқ ҳолати доимий ўрганилиб, кузатиб борилади, ҳимоя ордери талаб қилмасдан ижтимоий хизматлар кўрсатилади, ариза талаб этмаган ҳолда бошпана ва чуқур реабилитация қилиш учун психологик ва ҳуқуқий хизматлар кўрсатилади.
Шу билан бир қаторда. ижтимоий нафақаларни тайинлаш тизими такомиллаштирилиб, адолат тамойилларига амал қилинмоқда. Жумладан, кам таъминланган оилаларга болалар нафақаси ва моддий ёрдам тайинлаш тизими 2024 йил 1 январдан бошлаб Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги тасарруфига ўтказилди.
“Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизими орқали 1 208,8 мингта кам таъминланган оилаларга болалар нафақаси ёки моддий ёрдам тайинланди.
Шунингдек, иситиш мавсумида табиий газ учун – ойига базавий меъёрдан ортиқ фойдаланилган 250 куб метргача; электр энергияси учун – ойига базавий меъёрдан ортиқ фойдаланилган 150 кВт соатгача истемол учун компенсация қилиб бериш тизими жорий этилди.
Албатта, ногиронликнинг оғир турларига эга бўлган фуқароларга доимий ғамхўрлик кўрсатиш жараёнида сиёсий партияларнинг ҳам масъулияти катта эканидан келиб чиқиб, партиямиз томонидан ўтган давр мобайнида кўплаб хайрли ишлар амалга оширилди.
Хусусан, партия имконияти чекланган юртдошларимизнинг ижтимоий мавқеини ошириш, уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, билим олиш ва ижтимоий-сиёсий ҳаётда фаол иштирок этишлари учун янги таҳрирдаги Бош қонуннинг аудиокитобини тайёрлади. Бу улар учун ҳуқуқий билим ва ахборот манбаларини етказишнинг қулай усуллари яратилишини қўллаб-қувватлаш доирасида замонавий технологиялардан унумли фойдаланиши, интерактив юридик адабиётларга бўлган эҳтиёжини қондиришда муҳим аҳамиятга эга. Шу йўл билан кўзи ожизлар давлат қонунлари ва ҳуқуқларини тўлиқ ўрганиб, ўзлари учун зарурий билимларга эга бўлишлари мумкин. Бу эса уларнинг жамиятда фаоллигини ошириб, ижтимоий ролини янада кенгайтиришга ёрдам беради.
Шу билан бирга, партиямиз жорий йилнинг 27 октябрида бўлиб ўтган мамлакатимиз сиёсий ҳаётидаги муҳим тадбир – маҳаллий вакиллик органлари сайлови кампаниясида ўз Сайловолди дастурини брайл алифбосида ҳам чоп этиб, кўришда нуқсони бор ҳамюртларимиз орасида партиянинг келгуси беш йилликдаги истиқболли режа ва мақсадларини фаол тарғиб қилди.
Чунончи, партиямиз ўзининг 2025-2029 йилларга мўлжалланган Сайловолди дастурида ҳам бу йўналишга алоҳида аҳамият қаратиб, “биринчи гуруҳ ногиронлиги бор фуқароларни қўллаб-қувватлаш ва ижтимоий ҳимояни кучайтириш”, “пиёдалар йўллари ва жамоат жойларида ногиронлар учун қулай шароитлар яратиш”, “ногирон фарзандли оилаларга тиббий ва реабилитация хизматларини тўлиқ таъминлаш” каби ижтимоий ҳимояни кучайтириш ва имконияти чекланган фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган аниқ чора-тадбирларни илгари сурган.
Яна бир эътибор қаратиш лозим бўлган жиҳат. Партиямиз ташаббуси асосида ҳар йили 3 декабрь – Халқаро ногиронлар куни муносабати билан республика Қон қуйиш маркази ва унинг ҳудудий филиалларида “Бор меҳримиз сенга, болажон!” шиори остида беғараз донорлик акцияси ўтказилиб келинмоқда. Қонга муҳтож бўлган бемор болаларнинг ҳаётини сақлаб қолишда донорликнинг роли катта эканлигини англаган кўнгиллилар ҳар йили ушбу акцияда фаол иштирок этиши анъанага айланган.
Бу хайрли ташаббуснинг бош мақсади – тиббий ва ижтимоий ёрдамга муҳтож инсонларни қўллаб-қувватлаш, фуқароларни ихтиёрий равишда қон топширишга ундаш орқали оғир касалликка чалинган болаларнинг ҳаётини сақлаб қолиш билан бирга жамиятда меҳр-оқибат ҳамда инсонийлик ғояларини мустаҳкамлашдир. Бу йил ҳам ана шу анъана давом этди. Натижада акция жараёнида саховатпеша кўнгиллилар сафи янада кўпайди, яна бир бор меҳр-саховат ва инсонийликнинг нечоғлик қадрли экани намоён бўлди. Айниқса, ушбу хайрли акциянинг Республика бўйлаб барча ҳудудларда ўтказилиши тиббий-ижтимоий кўмакка муҳтож болаларни қўллаб-қувватлашга, фуқароларни кўнгилли равишда қон топширишга чақиришга ва бу орқали бемор болаларнинг ҳаётини сақлаб қолишга, жамиятда эса инсонпарварлик ва меҳр-оқибат ғояларини тарғиб этишга хизмат қилади.
Жорий йилда партия ташаббуси билан Республика миқёсидаги ўтказилган акцияларда жами 3978 нафар донор иштирок этиб, 1 тонна 706 литр 8 миллиграмм қон йиғилди ва йиғилган қонлар 7956 нафар қонга муҳтож болажонлар ҳаётини сақлаб қолиш учун ишлатилди. Бу каби мисолларни яна кўплаб келтириш мумкин.
Ўтган ҳафтада Президентимиз раислигида бўлиб ўтган ижтимоий ҳимоя соҳасидаги натижадорлик ва келгуси вазифалар муҳокамасига бағишланган йиғилишда мамлакатимиз аҳолисининг эҳтиёжманд қатламини қўллаб-қувватлаш, инклюзив таълим сифатини янада юксалтириш, шунингдек, камбағалликни қисқартириш бўйича аниқ чора-тадбирларни амалга оширишга доир устувор йўналишлар белгилаб берилди. Бу ҳам мазкур соҳадаги ислоҳотларнинг ортга қайтмаслиги, изчил ва самарали давом этишининг яққол намоён бўлишидир.
Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси ижтимоий ҳимояни кучайтириш, ҳар бир фуқарога тенг имкониятлар яратиш ва уларни сифатли таълим ва ижтимоий хизматлар билан таъминлаш учун бундан кейин ҳам бор куч ҳамда имкониятларини ишга солиб фаолият кўрсатади.
