Коррупция ҳар қандай давлат ва жамиятнинг сиёсий-иқтисодий ривожланишига жиддий путур етказади, давлатнинг конституциявий асосларини ва қонун устуворлигини заифлаштиради ва халқнинг давлат сиёсатига ишончини кескин сусайтиради. Давлат ва жамиятда соғлом муҳитнинг қарор топиши, барқарорлиги, тинчлиги ва тараққиёти учун хавф солади.
Коррупцияга қарши кураш ҳамиша давом этиши керак, бу иллатнинг жамиятга, тараққиётга ва хавфсизликка катта таҳдид эканини ҳар бир онгли инсон чуқур англаши лозим. Унга барҳам беришга фақат давлат ва ҳукуматнинг кучи билангина эришиб бўлмайди. Шунинг учун бу иллатга қарши бутун жамият, барча бирдек курашмоғи зарур. Ҳар қандай жамият учун ушбу жиноятга қарши курашиш энг долзарб масалалардан биридир.
Шу боис мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш, жамиятда ушбу иллатга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни ўз вақтида аниқлаш, уларга чек қўйиш, уларнинг оқибатларини бартараф этиш бўйича кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
9 декабрь – Халқаро коррупцияга қарши кураш куни муносабати билан “Адолат” СДП ва Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси қошидаги “Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари сифатини баҳолаш маркази” давлат муассасаси ҳамда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳамкорлигида семинар-тренинг ташкил этилди.
Тадбирда партия Сиёсий Кенгаши раиси Робахон Махмудова, “Адолат” СДП Марказий аппарати масъуллари, марказ ходимлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.
Унда коррупцияга қарши курашда самарали механизмларни шакллантириш, хусусан, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг сифати ва назоратини таъминлаш орқали шаффофликни ошириш масалалари муҳокама қилинди. Семинар-тренинг доирасида коррупцияга қарши курашишнинг ҳуқуқий асослари, халқаро тажриба ва миллий сиёсатдаги илғор ютуқлар бўйича маълумотлар тақдим этилди.
Тадбирда cўзга чиққан партия етакчиси сўнгги йилларда мамлакатимизда коррупцияга қарши кураш борасида муҳим ислоҳотлар амалга оширилаётгани, хусусан, қонун устуворлигини ва давлат бошқаруви тизимида шаффофликни таъминлашга қаратилган бир қатор қонунлар қабул қилингани ҳамда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ташкил этилиб, бу ташкилот соҳада ягона давлат сиёсатини юритувчи органга айланганини эътироф этди. Шунингдек, давлат харидларида очиқликни таъминлашда электрон тендер тизими коррупция хавфини камайтиришга хизмат қилаётганини таъкидлади.
Семинар давомида “Адолат” СДП вакиллари ушбу муҳим масалада фаол ташаббус кўрсатиб келаётгани ҳамда коррупцияни жамият ривожига тўсиқ бўлувчи энг асосий иллат деб билиши ва уни бартараф этишда фақат давлат органлари эмас, балки жамиятнинг ҳар бир аъзосининг иштироки муҳим эканини таъкидлади.
Партия вакиллари қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг сифати ва хавфсизлигини назорат қилишда коррупциянинг олдини олишнинг долзарблиги ҳақида сўз юритиб, бу борада аниқ таклифларни илгари суришди.
Семинарда халқаро тажрибага асосланган амалий дарслар ва муҳокамалар ўтказилиб, иштирокчиларга коррупцияга қарши кураш воситаларидан самарали фойдаланиш бўйича махсус тренинглар ҳам ташкил этилди. Тадбир давомида инновацион ёндашувлар ва илғор технологиялар асосида иш юритиш орқали коррупция хавфини камайтириш йўллари ҳақида батафсил маълумот берилди.
Мазкур тадбир нафақат коррупцияга қарши кураш масалаларини муҳокама қилиш майдони, балки бу борада давлат ва жамоат ташкилотлари ўртасида ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш учун қулай платформа ҳам бўлди. Тадбир якунида коррупцияга қарши курашда фаол иштирок этган мутахассислар ва тадбир ташкилотчиларига миннатдорлик билдирилиб, ушбу йўналишда ҳамкорликни давом эттириш бўйича келишувга эришилди.
Семинар якунида “Адолат” партияси билан кўп йиллардан буён ҳамкорликда ишлаб келаётган “Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари сифатини баҳолаш маркази” давлат муассасасининг бир гуруҳ вакиллари “Адолат” кўкрак нишони билан тақдирланди ва партия сафига қўшилишга хайрихоҳлик билдирган ходимларга аъзолик гувоҳномалари партия етакчиси томонидан топширилди.
“Адолат” СДП Матбуот хизмати