“Адолат” СДП ва Тошкент давлат иқтисодиёт университети ҳамкорлигида “Конституция – эркин ва фаровон ҳаёт гарови” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.
Унда “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси Робахон Махмудова, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Адолат” СДП фракцияси аъзолари, олийгоҳ вакиллари, “Адолат” СДП Марказий аппарати ходимлари, профессор-ўқитувчилар, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.
Тадбирнинг бош мақсади – фуқаролик жамиятининг ривожланишида Конституциянинг ўрни ва аҳамиятини яна бир бор чуқур ёритиш, ёшларни конституциявий билимлар билан бойитиш ҳамда уларни мамлакатимизнинг барқарор ва фаровон келажагини таъминлаш йўлидаги ўзига хос масъулиятларини англашга чорлашдан иборат бўлди.
Тадбирда сўз олган партия етакчиси Конституциянинг мамлакатимиз демократик тамойилларини мустаҳкамлашдаги ўрни, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини кафолатлашда тутган роли, шунингдек, жамиятимиздаги барча қатламларнинг манфаатларини ҳимоя қилишдаги аҳамияти ҳақида сўз юритди.
Шунингдек, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Адолат” СДП фракцияси аъзолари Наримон Умаров, Нодира Жанибекова, Дилмурод Исмоилов ўз чиқишларида Конституция нафақат қонунларнинг асосий манбаи, балки ҳар бир фуқаронинг ҳуқуқ ва эркинликларининг ишончли кафолати эканлигини таъкидлашди. Шу билан бирга, ёшларга партиянинг ҳуқуқий маданиятни юксалтириш, адолатни қарор топтириш ҳамда ижтимоий тенгликни таъминлаш борасидаги фаолиятлари ҳақида маълумот беришди.
Тадбир давомида иштирокчилар конституциявий билимларни мустаҳкамлаш, ҳуқуқий тафаккурни ривожлантириш ҳамда давлатимизнинг сиёсий-ҳуқуқий тараққиёти йўлида амалга оширилаётган ислоҳотлар юзасидан фикр алмашдилар. Айниқса, талаба ёшларда ҳуқуқий саводхонликни ошириш ва Конституциямиз қоидаларини кундалик ҳаётда қўллашнинг аҳамияти бўйича қизиқарли мунозаралар бўлиб ўтди.
Мазкур давра суҳбати нафақат муҳим мавзуларни муҳокама қилиш, балки ёш авлодни эркин фикрлашга, ҳуқуқий масъулиятни ҳис қилишга ҳамда Ватанига муносиб хизмат қилишга илҳомлантирувчи платформа сифатида хизмат қилди. Бу каби тадбирлар мамлакатимизда фуқаролик жамиятининг янада мустаҳкамланишига, ёшларнинг фаоллиги ва ҳуқуқий саводхонлигини оширишга ҳисса қўшиши шубҳасиз.
“Адолат” СДП ва Тошкент давлат иқтисодиёт университети ўртасидаги бундай ҳамкорлик натижасида ёшларнинг адолат ва тенглик тамойилларига асосланган жамиятни қуришга бўлган интилиши янада кучайиб бораётгани яна бир бор ўз тасдиғини топди.
Давра суҳбати якунида партия етакчиси томонидан университет ахборот-ресурс марказига янги таҳрирдаги Конституциянинг партия томонидан яратилган аудиокитоби топширилди.