3 декабрь — Халқаро ногиронлар куни муносабати билан “Адолат” социал-демократик партияси ва Сув спорт турларига ихтисослаштирилган Себзор спорт базаси ҳамкорлигида “Спорт ҳамма учун!” мавзусида тадбир ўтказилди.
Тадбирда «Адолат» СДПнинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракция аъзолари, партия Марказий аппарати ходимлари, Сув спорт турларига ихтисослаштирилган мактаб вакиллари, имконияти чекланган спортчи ёшлар, партия фаоллари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари фаол иштирок этишди.
Тадбир имконияти чекланган шахсларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамиятдаги ўрнини мустаҳкамлаш ва спорт орқали ижтимоий интеграция ҳамда инсонпарварлик қадриятларини тарғиб қилишга қаратилганлиги билан аҳамиятли бўлди.
Тадбирни партия Сиёсий Кенгаши раиси Робахон Маҳмудова кириш сўзи билан очиб, ҳар қандай синов инсон учун чеклов эмас, балки юксалиш учун имконият эканлигини таъкидлади.
“Жисмоний чекловлар тананинг ҳаракатини сустлатиши мумкин, аммо ақл ва руҳият ҳеч қандай тўсиқни тан олмайди”, – деди партия етакчиси.
Шунингдек, партия Сиёсий Кенгаши раиси давлат томонидан ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлашга қаратилган саъй-ҳаракатларга алоҳида тўхталди. Сўнгги йилларда Президентимиз ташаббуси билан қабул қилинган қонунлар ва давлат дастурлари мазкур қатлам учун ҳар томонлама қулай шароитлар яратишга қаратилганини эътироф этди. Айниқса, уларнинг сифатли таълим олиши, соғлиғини сақлаш ва иш билан таъминлаш ва ижтимоий ҳимоя соҳаларида сезиларли ўзгаришлар амалга оширилмоқда.
Таъкидлаш жоизки, партия ўзининг Сайловолди дастурида ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш борасида қатор таклифларни илгари сурган. Жумладан, биринчи гуруҳ ногиронлиги бўлган фуқароларни самарали ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини яратиш, ногиронлар аравачаларига мос йўлаклар ташкил этиш, йўлларда махсус товушли светофорлар ўрнатиш орқали уларнинг ҳаракатланишини осонлаштириш, ногирон фарзандли оилаларга давлат томонидан тўлиқ тиббий ёрдам ва реабилитация хизматларини тақдим этиш каби бир қатор муҳим ташаббуслар ногиронлиги бўлган шахсларнинг жамиятдаги фаол иштирокини таъминлашга хизмат қилади.
Айтиш жоизки, Себзор спорт базаси мамлакатимизда бир қатор паралимпия чемпионларини етиштиришга ҳисса қўшган салоҳиятли спорт маскани ҳисобланади. Тадбирда партия етакчиси ушбу масканнинг спортчи ёшларни тарбиялашдаги аҳамиятига, қолаверса, Паралимпия ўйинларида Ўзбекистон спортчиларининг юксак ютуқларига алоҳида урғу берди. Жорий йилда Парижда ўтказилган XVII ёзги Паралимпия ўйинларида Ўзбекистон спортчилари 26 та медаль (10 та олтин, 9 та кумуш, 7 та бронза) қўлга киритгани мамлакатимизда паралимпия бўйича спортга бўлган эътиборнинг самараси эканлиги таъкидланди.
Тадбир давомида халқаро ареналарда иштирок этган спортчилар ва ёш спортчиларнинг кўргазмали чиқишлари ташкил этилди.
“Спорт ҳамма учун” тадбири ногиронлиги бўлган шахсларни жисмоний тарбия ва спортга жалб этишга, уларнинг жамиятда ўз ўринларини мустаҳкамлашга қаратилган муҳим ташаббус бўлди.
“Адолат” СДП Матбуот хизмати