Инсон қалбида эзгулик ҳамиша етакчилик қилган, шунинг учун у ҳар доим яхшилик қилишга ошиқади. Айниқса, бу эзгулик кимнингдир ҳаётини сақлаб қолишга хизмат қилса, унинг аҳамияти янада ошади. Ана шундай эзгу ишларнинг энг ёрқин намуналаридан бири бу – донорлик. Донорлар ҳар доим жамиятга беғараз ёрдам кўрсатадиган, меҳр-саховатни, яхшиликни амалда намоён қилувчи фидокор инсонлардир. Боиси сизнинг меҳр-мурувват туфайли берган қонингиз қанча болажонларнинг тезроқ соғайиши учун кўмак бўлиши мумкин. Болалар эса бизнинг келажагимиз, уларнинг саломатлиги ва келгусида ҳар жиҳатдан баркамол инсон бўлиб етишишлари бутун жамиятнинг юксалишига хизмат қилади.
Шундан келиб чиқиб, “Адолат” социал-демократик партияси ташаббуси асосида ҳар йили 3 декабрь – Халқаро ногиронлар куни муносабати билан Республика қон қуйиш маркази ва унинг ҳудудий филиалларида “Бор меҳримиз сенга, болажон!” шиори остида беғараз донорлик акцияси ўтказилиб келинмоқда. Қонга муҳтож бўлган бемор болаларнинг ҳаётини сақлаб қолишда донорликнинг роли катта эканлигини англаган кўнгиллилар ҳар йили ушбу акцияда фаол иштирок этиши анъанага айланган.
Бу хайрли ташаббуснинг бош мақсади – тиббий ва ижтимоий ёрдамга муҳтож инсонларни қўллаб-қувватлаш, фуқароларни ихтиёрий равишда қон топширишга ундаш орқали оғир касалликка чалинган болаларнинг ҳаётини сақлаб қолиш билан бирга жамиятда меҳр-оқибат ҳамда инсонийлик ғояларини мустаҳкамлашдир. Бу йил ҳам ана шу анъана давом этди. Натижада акция жараёнида саховатпеша кўнгиллилар сафи яна кўпайди, яна бир бор меҳр-саховат ва инсонийликнинг нечоғлик қадрли экани намоён бўлди.
Меҳр-мурувват акциясида “Адолат” СДПнинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракция аъзолари, партия Марказий аппарати ходимлари, Ички ишлар вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Мудофаа вазирлиги, Миллий гвардия вакиллари, давлат ва нодавлат ташкилотлари ходимлари, шунингдек, партия хайрихоҳлари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари фаол иштирок этишди.
– Қонга муҳтож бўлган болаларнинг ҳаётини сақлаб қолишда донорларнинг роли катта эканлигини англаган кўнгиллилар ҳар йили ушбу акцияда фаол иштирок этишни анъанага айлантирган, – дейди партия Марказий аппарати бошқарма бошлиғи Райҳона Ўрманова. – Партиянинг бу ташаббуси нафақат тиббий кўмак кўрсатиш, балки жамиятда донорлик маданиятини шакллантиришга ҳам хизмат қилмоқда. Агар 8 йилдан буён ўтказилиб келинаётган мазкур акцияда бугунги кунгача 28 833 нафар ҳамюртимиз донор сифатида иштирок этиб, 9 517 литр ҳаёт томчилари йиғилишига ва бу орқали 44 321 нафар болажоннинг саломатлигини тиклаш ва ҳаётини сақлаб қолишга ҳисса қўшганини инобатга олсак, бунинг нақадар шарафли ва савобли эканига яна бир бор амин бўламиз.
2-3 декабрь эрта тонгдан Республика қон қуйиш марказида тиббиёт соҳаси вакиллари, тажрибали мутахассислар ҳам иштирок этиб, жараён давомида кўнгилли фуқароларга фойдали тиббий маслаҳатлар берди.
– Қон топшириш – инсон ҳаётини сақлаб қолишга қўшиладиган энг олийжаноб амаллардан бири, албатта, – дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, тиббиёт фанлари бўйича фалсафа доктори Тоҳир Полвонов. – Бугунги тадбирда кўплаб фуқароларнинг фаол иштирок этгани уларнинг жамиятга бўлган меҳр-мурувватини ва юксак фуқаролик масъулиятини намоён этди. Жамиятда донорлик маданиятини шакллантириш орқали инсонларнинг саломатлигини муҳофаза қилиш ҳамда шошилинч ҳолатларда керакли қон захирасини таъминлаш мумкин. Шу маънода, бу каби хайрли ташаббусларни қўллаб-қувватлаш, уларни оммалаштириш муҳим аҳамиятга эга. Ҳар бир қон топширган одам бошқа бир инсон ҳаётини сақлаб қолиш имкониятини яратади. Бу эса ҳам шахсий, ҳам ижтимоий маънода катта савобли ишдир.
Шунингдек, ушбу акция партиянинг ҳудудий кенгашлари томонидан ҳам уюшқоқлик билан ўтказилди. Жумладан, Андижонда меҳр ва эзгулик байрамига айланиб кетган акцияга бемор болаларимиз учун донорлик қилиш мақсадида партиядошларимиз эрталабдан вилоят қон қуйиш станциясига кириб келдилар. Беғараз қон топширувчилар сафида “Ёш адолатчилар”нинг кўпчиликни ташкил этади. Дастлаб уларга донорлик савобли иш экани, улар топширган қон бемор болаларни соғлом ҳаётга қайтариши тўғрисида тушунча берилди. Шундан сўнг иштирокчилар текширувдан ўтказилиб, қон топширди. Якунда фаол қатнашган турли давлат ва жамоат ташкилотлари, тиббиёт ходимлари, шунингдек, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар вакиллари ва кўплаб кўнгиллилар партиянинг ташаккурномаси ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
– Сўнгги йилларда аҳоли орасида гематологик ва бошқа даволаш қийин бўлган беморлар сони ошиб боряпти. Шунга яраша қон компонентларига бўлган талаб ҳам кўп. Шу сабабли уларга ёрдам кўрсатишда донорларнинг ўрни ниҳоятда катта. “Адолатчилар” бир неча йилдирки, бу борада ташаббус кўрсатяпти. Ўз имкониятларидан келиб чиқиб, бугунги акцияда иштирок этаётган партия аъзоларидан миннатдормиз, – дейди Андижон вилоят қон қуйиш станцияси бош шифокори Дилфуза Аҳмедова
Шунингдек, Хоразм вилоят Қон қуйиш марказида кўплаб кўнгилли юртдошларимиз, вилоятда фаолият юритиб келаётган нуфузли ташкилот ва даво масканларидан – вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси, Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази Хоразм филиали, Кўп тармоқли вилоят тиббиёт маркази, Кўп тармоқли вилоят болалар тиббиёт маркази, вилоят Эндокринология диспансери, вилоят Фавқулодда вазият бошқармаси, ҳарбий қисмлар ва бошқа бир қатор мутасадди ташкилотлардан кўнгиллилар, партия фаоллари, депутатлар акцияда фаол иштирок этишди.
Сирдарё вилояти қон қуйиш марказида ҳам 3 декабрь – Халқаро ногиронлар куни муносабати билан “Бор мехримиз сенга, болажон!” донорлик хайрия акцияси юқори савияда ўтказилди. Хайрия тадбирида Сирдарё вилоят Миллий гвардия ва ФВВ Сирдарё вилоят бўлими, “Адолат” СДП Сирдарё вилоят Кенгаши ходимлари, Ёшлар қаноти, Аёллар қаноти, вилоят ва туман шаҳар Кенгашлари раислари ва депутатлари, кўнгилли фуқаролар фаол иштирок этишди. Мазкур тадбирда 108 нафар донор 55 литр 404 грамм қон топширди.
– “Бор меҳримиз сенга, болажон!” хайрия акцияси жуда муҳим эзгу амал бўлди. Кунига тезкор жарроҳлик операциялари, туғуруқ, автоҳалокат ва ҳар хил фавқулодда вазиятлар бўлади. Шунда бизга қон керак бўлади. Захирадаги қон миқдори бўлмаса, биз беморга қон етказиб бера олмаймиз. Мазкур акция туфайли донорларнинг сони кўпайиб, қон захирамиз сезиларли даражада кўпайди, – дейди Сирдарё вилоят қон қуйиш маркази донор бўлими мудири М.Алиқулова.
Акция Фарғона вилоятида ҳам уюшқоқлик билан ташкил этилди. Қон қуйиш марказига вилоят, шаҳар ва туман Кенгашлари раислари, депутатлар ва ҳамкор ташкилотлар вакиллари етиб келиб, беғараз донорлик акциясида иштирок этди.
– Тиббий-ижтимоий кўмакка муҳтож фуқароларни қўллаб-қувватлаш, беморларнинг ҳаётини сақлаб қолиш, жамиятда инсонпарварлик ва меҳр-оқибат ғояларини кенг тарғиб қилишга қаратилган донорлик акцияси бугун юзлаб инсонларни ягона мақсад сари бирлаштираётганидан жуда ҳам хурсандман, – дейди “Адолат” СДП Фарғона вилоят кенгаши раиси ўринбосари Орифжон Ўлмасов.
Шунингдек, инсонпарварлик тадбири Қорақалпоғистон Республикаси, Наманган, Қашқадарё, Сурхондарё, Навоий, Бухоро, Жиззах, Самарқанд, Тошкент вилояти ва шаҳрида ҳам кўтаринки руҳда ўтказилди.
Якунда фаол қатнашган турли давлат ва жамоат ташкилотлари ходимлари, шунингдек, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар вакиллари ва кўплаб кўнгиллилар партия Марказий аппарати ҳамда ҳудудий кенгашларининг ташаккурномалари ва эсдалик совғалари билан тақдирландилар.