Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган конституциявий ислоҳотлар қисқа фурсатларда ижтимоий, иқтисодий, сиёсий ва маданий соҳаларда ўз самарасини бермоқда. Сабаби, мазкур ислоҳотларнинг мақсади “инсон – жамият – давлат” ўртасидаги халқ ҳокимиятчилиги муносабатларига асосланган. Зеро, халқнинг ўзи бевосита мазкур конституциявий ислоҳотларнинг бош ташаббускори бўлди. Айнан шу мавзуда “Adolat” газетаси мухбирининг Адлия вазири Акбар Жўрабоевич Тошқулов билан уюштирган суҳбати кенг жамоатчилик эътиборига ҳавола этилмоқда.
– Конституцияга киритилган сўнгги ўзгартишларнинг асосий мақсадлари ва ушбу ўзгартишларнинг халқ фаровонлигига таъсири ҳақида тўхталиб ўтсангиз.
– Конституциямизнинг муқаддимасида унинг фалсафаси, юридик табиати, мафкураси ва асосий мақсади мустаҳкамланган. Асосий қонуннинг муқаддимаси билан танишган шахс халқимизнинг хоҳиш иродаси, мақсад-муддаоси ва орзу-умидлари ҳамда қадриятларини англаб етади.
Конституциямизнинг дастлабки моддасини мен унинг ядроси, асосий мақсади, деб ҳисоблайман. Чунки унда “Ўзбекистон – бошқарувнинг республика шаклига эга бўлган суверен, демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлат…” эканлиги мустаҳкамланган. Мазкур конституциявий норма мазмун-моҳиятига кўра янги саналади.
Мантиқан олиб қараганда, мамлакатнинг суверен, демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлат даражасига эришуви сиёсий, ҳуқуқий ва ижтимоий ва иқтисодий жиҳатдан стратегик аҳамият касб этади. Шу боис мазкур конституциявий норманинг аҳамияти бевосита “инсон қадри”нинг том маънода юксалиши билан боғлиқ саналади.
Шу ўринда биргина ҳуқуқий давлат масаласи юзасидан амалга оширилаётган конституциявий ислоҳотларга тўхталмоқчиман. Унда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш давлатнинг олий мақсади, деб кўрсатилган. Хусусан, инсон ҳуқуқларига оид нормалар 3 бараварга ошди. Давлат органлари ҳамда мансабдор шахсларнинг фақат ва фақат фуқароларнинг манфаатларини кўзлаб фаолият кўрсатишига асос бўлди.
Бинобарин, қонунлардаги ноаниқликлар инсон фойдасига ҳал бўлиши шарт ва зарурлиги белгиланди. Бунга кўра, давлат ва инсон ўртасида муносабатларни тартибга солувчи қонунчиликдаги ноаниқликлар, турли тушунмовчиликлар бартараф этилади, фуқароларнинг ортиқча оворагарчиликлари олди олинди (20-модданинг бешинчи қисми).
Конституцияда давлат органлари томонидан инсонга нисбатан қўлланадиган ҳуқуқий таъсир чоралари мутаносиблик принципига асосланиши ва қонунларда назарда тутилган мақсадларга эришиш учун етарли бўлиши кераклиги мустаҳкамланди. Қонунчиликда белгиланмаган мажбурият ҳеч кимнинг зиммасига ўз розилигисиз юклатилиши мумкин эмаслиги қайд этилдики, ушбу норма одамлар ҳаётини янада енгиллаштирди (20-модданинг тўртинчи қисми).
Инсон ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатлари сезиларли даражада кучайтирилди.
Хусусан, Ўзбекистонда ўлим жазоси тақиқланди. Ўлим жазосини тақиқлаш конституциявий даражада белгиланиши инсонни ҳаётдан ҳатто давлат ҳам маҳрум этишга ҳақли эмаслигини кафолатлади (25-модданинг иккинчи қисми).
Бундан ташқари, шахсни суднинг қарорисиз 48 соатдан ортиқ муддат ушлаб туриш мумкин эмаслиги белгиланди. Яъни, шахснинг эркинлигини чеклаш билан боғлиқ ҳар қандай ҳаракат фақатгина суд қарори асосида амалга оширилиши шарт. (27-модданинг учинчи қисми).
Илк бор шахсни ушлаш чоғида унга тушунарли тилда унинг ҳуқуқлари ва ушлаб турилиши асослари тушунтирилиши кераклиги айбланувчи ва судланувчиларга ўзига қарши кўрсатма бермаслик (халқаро эътироф этилган “Миранда қоидаси”), сукут сақлаш ҳуқуқи берилди (27-модданинг тўртинчи қисми).
Ҳар кимнинг ёзишмалари, телефон орқали сўзлашувлари, почта, электрон хабарлари ҳамда бошқа хабарлари сир сақланиш ҳуқуқига эга эканлиги белгиланди. Бундай ҳуқуқларнинг чекланишига ёки уй-жойда тинтув ўтказишга фақат қонунга мувофиқ ва суднинг қарорига асосан йўл қўйилиши белгилаб қўйилди (31-модданинг иккинчи қисми).
Шахснинг судланганлиги ва бундан келиб чиқадиган ҳуқуқий оқибатлар унинг қариндошлари ҳуқуқларини чеклаш учун асос бўлиши мумкин эмаслиги мустаҳкамланди, табиийки, буларнинг ҳаммаси мустабид тузумдан қолган иллатга, қанча ёшларимизни ўз орзу-умидларидан воз кечишга мажбур қилган ноинсоний тақиқларга чек қўйди (28-модданинг еттинчи қисми).
Конституцияда ҳар ким ўз шахсига доир маълумотларни ҳимоя қилиш, нотўғри маълумотларнинг тузатилишини, ўзи тўғрисида қонунга хилоф йўл билан тўпланган ёки ҳуқуқий асосларга эга бўлмаган маълумотларнинг йўқ қилинишини талаб қилиш ҳуқуқига эга эканлиги мустаҳкамланди (31-модданинг учинчи қисми).
Ҳар бир шахснинг республика ҳудудида эркин ҳаракатланиш, турар ва яшаш жойини эркин танлаш ҳуқуқи, республикадан ташқарига чиқиш ҳуқуқи ҳамда Ўзбекистон фуқароларининг Ўзбекистонга монеликсиз қайтиш ҳуқуқи белгиланди. Эндиликда мазкур конституциявий қоида киритилиши билан эркин ҳаракатланиш қадрият даражасида олий ҳуқуқий норма сифатида мустаҳкамландики, бу “прописка” тизими муаммосига ҳам барҳам берди (32-модданинг биринчи қисми).
Давлатнинг фуқароларга Интернет тармоғидан фойдаланишни таъминлаш учун шарт-шароитлар яратиши кафолатланди (33-модданинг учинчи қисми).
Суҳбатимиз доирасида регламентга риоя қилиш нуқтаи назаридан мен суверен, демократик, ижтимоий ва дунёвий давлат борасидаги конституциявий ислоҳотлар масаласига тўхталмадим. Ва бу борада шу фикрларим билан чекланаман.
– Конституциявий ислоҳотлар жараёнида аҳоли фикри қандай ўрганилди ва ҳисобга олинди?
– Бир нарсани алоҳида айтиш керак, янги таҳрирдаги Конституциянинг мазкур матни олиму мутахассислар томонидан фақат кабинетларда яратилмади. Балки дастлаб икки босқичда халқимизнинг фикри, таклифлари ўрганилди, шундан кейин Конституция лойиҳаси тайёрланди. Авваллари эса Конституция қабул қилишда дастлаб лойиҳа ишлаб чиқилиб, кейин халқ муҳокамасига қўйилар эди.
Дастлабки босқичда Конституция лойиҳасини шакллантириш учун фуқароларимиз 60 мингдан зиёд таклиф беришди. Уларнинг тахминан ҳар тўрттасидан биттаси лойиҳадан жой олган эди.
Кейинги босқичда Конституция лойиҳаси умумхалқ муҳокамасига қўйилди. Оммавий ахборот воситалари, Интернет тармоқлари орқали лойиҳа билан 5 миллион аҳоли танишиб, 150 мингдан ортиқ таклиф ва мулоҳазалар билдиришганди.
Давлатимиз раҳбари Ш.Мирзиёев Конституциявий комиссия аъзолари билан учрашувдаги нутқида: “Бош мақсадимиз – ҳар бир юртдошимиз ушбу ҳужжатни менинг Конституциям деб фахрланадиган мукаммал даражага олиб чиқишдир”, деб таъкидлаган эди.
Шунингдек, меҳнат жамоалари, олийгоҳлар, маҳалла фаоллари ва зиёлилар билан бўлиб ўтган муҳокамаларда ҳам яна қарийб 10 мингта қўшимча таклиф келиб тушган эди. Ва ниҳоят, халқаро-ҳуқуқий ҳужжатлар ва 190 дан ортиқ давлатлар тажрибаси ўрганилиб, лойиҳа 6 турдаги экспертизадан ўтказилди.
Буларнинг ҳаммаси янгиланган Конституцияда жамиятнинг барча қатламлари манфаатлари инобатга олингани, Янги Ўзбекистонни қуриш ғояси атрофида бутун жамият жипслашгани, Бош қомусимиз том маънода халқ Конституцияси бўлаётганидан далолат беради.
Энг муҳими, тарихимизда илк бор 2023 йилнинг 30 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонунни халқимизнинг ўзи қабул қилди.
– Янги демократик ислоҳотларни амалга оширишда Конституция қандай роль ўйнайди? Янги ўзгартишлар ёки ислоҳотлар ҳақида тўхталсангиз.
– Фикримизча, янги демократик ислоҳотлар давлат бошқарув соҳасидан бошлаб амалга оширилиши тўғри бўлганини бугун ҳаётнинг ўзи кўрсатмоқда. Инсон фаровон яшаши, давлат барқарор ривожланиши учун самарали, ихчам ва халқчил демократик давлат бошқаруви жорий қилинди, парламентаризмни кучайтириш сари дадил қадам қўйилди.
Янгиланган Конституция халқпарвар давлат қуриш мақсадида кучли парламент, ихчам ва масъулиятли ҳукумат, мустақил ва адолатли суд, эркин сайлов тизимини барпо этишга қаратилган.
Парламент палаталарининг ваколатлари қайта кўриб чиқилди. Унга кўра, Қонунчилик палатаси ва Сенатнинг ваколатлари сезиларли даражада кенгайди, икки палата фаолиятидаги такрорланишлар бартараф этилиб, ҳар бирининг масъулият соҳаси аниқ белгиланди.
Хусусан, Қонунчилик палатасининг мутлақ ваколатлари амалдаги 5 тадан 12 тага, Сенатда эса 14 тадан 18 тага кўпайгани бевосита халқ фаровонлигига хизмат қилмоқда.
Сенат олдига қўйилаётган янги вазифалардан келиб чиқиб, уни ихчам, халқчил ва ҳудудлар манфаатини ифода этадиган идорага айлантириш бўйича нормалар Конституцияда кўзда тутилди. Хусусан, сенаторлар сонини ҳозирги 100 нафардан 65 нафарга тушириш, бунда ҳар бир ҳудуддан тенг равишда 4 тадан сенатор сайланиши, Президент томонидан тайинланадиган сенаторлар сони эса 16 тадан 9 тага камайтирилиши белгилангани демократик ислоҳотлар натижаси ҳисобланади.
Парламентнинг суд ва назорат органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва махсус хизматлар фаолияти устидан назорат функциялари кучайтирилди.
Янги Конституцияда Бош прокурор, Ҳисоб палатаси раҳбарлигига номзодлар аввал Сенатда кўриб чиқилиб, кейин Президент томонидан тайинланиши, шунингдек, Монополия қўмитаси ва Коррупцияга қарши курашиш агентлиги раҳбарлари Сенат томонидан сайланиши амалиётини жорий этиш таклиф этилди.
Махсус хизматлар фаолияти устидан парламент назоратини кучайтириш мақсадида Давлат хавфсизлик хизмати раҳбарлигига номзод Сенат билан маслаҳатлашувлардан сўнг Президент томонидан лавозимга тайинланиши белгиланди.
Олий Мажлис палаталарининг биргаликдаги ваколатлари ҳам кучайтирилиб, парламент назоратининг муҳим шакли бўлган парламент текшируви институти Конституцияда алоҳида мустаҳкамлаб қўйилди.
Суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш мақсадида Судьялар олий кенгашининг барча аъзоларини Сенат томонидан сайлаш тизими киритилди.
Айрим олий мансабдор шахсларнинг лавозимга сайланиш ёки тайинланиш муддатлари бўйича чекловлар белгиланади.
Сенат Раиси ва Қонунчилик палатаси Спикери, Олий суд ва Судьялар олий кенгаши раислари, уларнинг ўринбосарлари, Бош прокурор, Марказий сайлов комиссияси раиси, ҳокимларни лавозимга икки муддатдан ортиқ сайлаш ёки тайинлашга чеклов киритилгани ҳам мамлакатимизда демократик ислоҳотларнинг интенсив ривожланаётганидан дарак беради.
Ҳокимларнинг халқ депутатлари Кенгашларига раҳбарлик қилиш институти босқичма-босқич бекор қилинмоқда.
Маҳаллий ижро этувчи ва вакиллик ҳокимиятининг бўлиниши мамлакатда бутун давлат бошқаруви тизимини чуқур ислоҳ қилиш учун асос бўлмоқда. Шу асосда, маҳаллий Кенгаш раиси билан ҳоким лавозимини бир-биридан ажратиш амалга оширилиш жараёни бошланди.
Барча масалалар ечими чинакам халқ овози бўлган маҳалла даражасига туширилмоқда.
Фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари давлат ҳокимияти органлари тизимига кирмаслиги мустаҳкамланди. Конституциямизда мазкур кафолатнинг белгиланиши маҳаллаларга ўз ҳудудини мустақил бошқариш, аҳоли манфаатларидан келиб чиқиб давлат билан шериклик асосида муаммоларни ҳал этиб бориш, ҳудудни ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан ривожлантириш, самарали жамоатчилик назоратини амалга ошириш, аҳоли фаровонлигини таъминлашга муҳим имкониятларни тақдим этмоқда.
Мазкур демократик конституциявий ислоҳотлар Янги Ўзбекистонда “Инсон қадри учун” деган устувор ғоя реал ҳаётда амалга ошаётганини яна бир бор кўрсатмоқда.
– Конституция аҳоли ҳаётида қанчалик самарали ишлаяпти?
– Давлат оиланинг тўлақонли ривожланиши учун ижтимоий, иқтисодий, ҳуқуқий ва бошқа шарт-шароитлар яратиши конституциявий мустаҳкамланди. Ушбу норманинг киритилиши жамиятимизда оила мустаҳкамлиги ва мўътабарлигини барқарор таъминлашга хизмат қилишига замин яратди (76-модданинг учинчи қисми).
Энди фарзандлар тарбияси, уларга таълим бериш, баркамол вояга етказиш ҳам ота-она мажбурияти сифатида белгиланди. Боланинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш ҳамда ҳимоя қилиш, унинг жисмоний, ақлий ва маданий жиҳатдан тўлақонли ривожланиши учун энг яхши шарт-шароитларни яратиш эса давлатнинг бурчи сифатида белгиланди (77-модда).
Конституцияда ҳар кимнинг меҳнати учун ҳеч қандай камситишларсиз ҳамда меҳнатга ҳақ тўлашнинг белгиланган энг кам миқдоридан кам бўлмаган тарзда адолатли ҳақ олиш ҳуқуқи кафолатланди. Мазкур норманинг Конституцияда белгиланиши фуқароларнинг иш ҳақлари миқдори шунчаки эмас, айнан уларнинг муносиб турмуш кечиришини таъминлашда, пировард натижада аҳоли турмуш даражасини яхшилашда ва мамлакатимизда ижтимоий адолатни устувор қадриятга айлантиришда муҳим аҳамиятга эга (42-модданинг биринчи қисми).
Ҳомиладорлиги ёки боласи борлиги билан боғлиқ сабабларга кўра аёлларни ишга қабул қилишни рад этиш, ишдан бўшатиш ва уларнинг иш ҳақини камайтириш тақиқланиши мустаҳкамландики, мазкур янги норма республикамизда гендер тенглиги принциплари тўлақонли амал қилишига олиб келишига асос бўлди (42-модданинг учинчи қисми).
Бундан ташқари, давлат фуқароларнинг бандлигини таъминлаш, уларни ишсизликдан ҳимоя қилиш, шунингдек, камбағалликни қисқартириш чораларини кўриши ҳам мустаҳкамланди (43-модданинг биринчи қисми).
Қолаверса, давлат фуқароларнинг касбий тайёргарлигини ва қайта тайёрланишини ташкил этиши ҳамда рағбатлантиришни мустаҳкамлади (43-модданинг иккинчи қисми). Бу янги норма иш билан таъминланмаган фуқароларнинг камбағаллик ҳолатига тушиб қолишининг олдини олишга ёки камбағаллик тоифасига кириб қолган фуқароларни ундан чиқариш бўйича давлат томонидан тегишли чоралар кўрилишига конституциявий кафолат сифатида хизмат қилмоқда.
Конституцияда боланинг соғлиғига, хавфсизлиги, жисмоний, ақлий ва маънавий жиҳатдан тўлақонли ривожланишига хавф солувчи, унинг таълим олишига тўсқинлик қилувчи болалар меҳнатининг ҳар қандай шакллари тақиқланиши мустаҳкамланди (44-модданинг иккинчи қисми). Шу боис, бугун Ўзбекистонда узоқ йиллар юртимизнинг халқаро имиджига салбий таъсир қилиб келган мажбурий меҳнатга тўлиқ барҳам берилди.
Ҳар ким ишсизликда ижтимоий таъминот олиш ҳуқуқига эгалиги мустаҳкамланди. Пенсия, нафақа ва бошқа ижтимоий ёрдамлар миқдори энг кам истеъмол харажатларидан оз бўлиши мумкин эмаслиги белгилаб қўйилди (46-модданинг иккинчи қисми).
– Давлат идоралари Конституция талабларига қандай мослашяпти? Конституцияни амалга ошириш доирасида вазирлик томонидан бажарилган ишлар қай тарзда кечмоқда?
– Миллий ҳуқуқ тизимимизда Конституциянинг ҳар бир нормасини давлат фуқаролик хизматчилари фаолиятида асосий қоидага айлантириш ҳар қачонгидан ҳам долзарб бўлиб қолмоқда.
Бу борада барча вазирлик ва идораларда Конституциянинг мазмун-моҳиятини кенг тушунтириш, давлат фуқаролик хизматчиларининг Конституция борасидаги билимларини мунтазам ошириб бориш, ўз фаолиятида конституциявий нормаларнинг ижросини сўзсиз таъминлаган ходимларни рағбатлантириш тизимларини яратиш муҳим аҳамият касб этади.
Шу нуқтаи назардан Адлия вазирлиги ўз олдига давлат бошқарувининг юқори бўғинидан бошлаб, қуйи бўғинигача ўз ваколати доирасида амалий ёрдам кўрсатиб келаётгани ҳеч кимга сир эмас. Шу боис бу борада вазирлик ўз фаолиятини тизимли равишда давом эттиради.
Президентимиз раҳбарлигида давлат ташкилотлари ўзининг энг асосий вазифаси сифатида халқнинг оғирини енгил қилишга киришган, яъни, аҳоли билан мулоқот қилиб, уларнинг муаммоларини аниқлаш ва ҳал этиш устувор вазифага айланди. Мана шу жабҳада вазирлигимизга ҳам муҳим вазифалар юклатилган. Жумладан, “Маъмурий ислоҳотлар доирасида адлия органлари ва муассасаларининг масъулиятини ошириш ҳамда ихчам бошқарув тизимини шакллантириш тўғрисида”ги фармон билан Адлия вазирлиги янгича ишлаш тизимига ўтди. Бунда аҳолининг ҳуқуқий муаммоларини жойларда, маҳаллаларда ҳал этиш асосий вазифа сифатида белгиланди.
Фармон қабул қилинишидан олдин Президентимиз топшириғи бўйича жойларда муаммоларни аниқлардик. Уларни ўрганиш жараёнида ҳудудларда ушбу фармоннинг аҳамияти ва муҳимлигига амин бўлдик. Жуда кўп аҳоли ўзининг шахсий, уй-жой ҳужжатлари ёки мерос масалалари билан боғлиқ ҳуқуқий муаммоларга дуч келарди. Эндиликда бу муаммоларни халқнинг ичига кириб ҳал қилишга ўтганмиз.
Шу билан бирга фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашга қаратилган нормалар ва стандартларнинг ишлашини мониторинг қилиш ҳамда аҳолининг ҳуқуқий муаммоларини аниқлаш ва бартараф этиш мақсадида “Ҳуқуқий маҳалла” лойиҳаси йўлга қўйилди. Аввало, Жиззах вилоятининг Зарбдор тумани “Тараққиёт” маҳалласида намунавий йўлга қўйилган ушбу лойиҳада ҳудуддаги жами 728 та хонадонлар қамраб олиниб, биринчи босқичда муаммолар ўрганилган бўлса, кейинги жараёнларда уларни ҳал этиш, бирламчи ҳуқуқий кўмак кўрсатиш, методик ёрдам бериш, манзилли ва предметли тарғибот тадбирларини ўтказиш борасида уюшқоқлик билан амалий ишлар олиб борилди.
Олиб борилган саъй-ҳаракатлар давомида жами 2 687 та ҳуқуқий муаммолар аниқланиб, шундан 2 053 таси ижобий ҳал этилишига эришилди. Хусусан, 642 та хонадоннинг кадастр ҳужжатларида камчиликлари борлиги аниқланиб, тегишли ташкилотлар кўмагида ҳал этиш чоралари кўрилмоқда. Ишчи гуруҳ кўмаги билан 20 нафар фуқароларнинг ногиронлиги белгиланди, 7 нафар аёлларнинг алимент пуллари ундириб берилди, 15 нафар фуқароларнинг пенсия ва нафақалари борасидаги камчиликлари бартараф этилди, 5 нафар фуқаро манфаатида юридик фактни белгилаш бўйича судларга даъво аризалари киритилди. Шу билан бирга аҳолига мерос иши, уларни дафтарларга киритиш, коммунал, тадбиркорлик, турли имтиёзларни қўллаш борасида ҳам қатор ёрдамлар кўрсатилди.
Эндиликда, Зарбдор тажрибаси асосида мазкур лойиҳани бутун республикамиз бўйлаб амалга ошириш юзасидан аниқ режалар ва чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб, келгусидаги вазифалар белгилаб олинди.
Ҳуқуқий муаммолар ҳал бўлганидан сўнг фуқароларнинг йўли очилади. Яъни, имтиёзлар, давлат ижтимоий ҳимоя тизимидан фойдаланиш имкониятига эга бўлади. Бу жараённи рақамлаштириш орқали яна ҳам тезлаштириш ниятидамиз. Бунинг учун ходимларимиз томонидан махсус иккита дастур ишлаб чиқилди. Жойларда ҳуқуқий муаммолар бевосита электрон тизимда қайд қилинади. Ҳар бир муаммо ечилгандан сўнг назоратдан олинади.
Бундан ташқари, онлайн маҳалла тизими орқали бевосита фуқароларнинг ўзлари ёки “маҳалла еттилиги” томонидан ҳар қандай муаммони қайсидир идорага келмасдан туриб ҳам тизим орқали бизга мурожаат қилиб келмоқда. Шу тариқа биз бу муаммолар ечимини ҳал қилиб келяпмиз.
Шунингдек, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлами вакилларида алимент ундириш ёки судларга даъво киритиш масаласи бўйича ҳам жуда кўп муаммолар юзага келмоқда. Юридик хизматлар анча қимматлиги боис, уларнинг имкони чекланган, шу сабабли бепул юридик ёрдам тизимини шакллантирганмиз. “Мадад” нодавлат ташкилоти ҳамма туманларда очилиб, юртдошларимизга судлар ёки бошқа идораларга ҳужжатни бепул тайёрлаб бериш тизими яратилди. Уч ойда алимент, мерос, ажрим, оилавий ёки меҳнат низоси билан боғлиқ ҳужжатларни бепул тайёрлаб бердик. Умуман олганда, юридик ёрдам тизимини ривожлантириш аҳолининг ҳуқуқий муаммолари камайишига олиб келди. Ўз навбатида, юртдошларимизнинг муаммоли масалалари бу тарзда ҳал этилиши уларда бугунги юритилаётган сиёсатдан розилик ҳиссини пайдо қилади, эртанги кунга ишончини мустаҳкамлайди, юрт тақдирига дахлдорлигини оширади.
– Конституция билан боғлиқ ҳолда аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш мақсадида қандай ишлар олиб борилмоқда?
– Сўнгги етти йилда эришган ютуқларимизни, хусусан, иқтисодиёт, инсон ҳуқуқлари, одил судлов, сўз ва эътиқод эркинлиги, ижтимоий ҳимоя соҳаларидаги юзлаб чекловларнинг олиб ташлангани, нақд пул, валюта, кредит масалаларидаги муаммолар ҳал қилингани ва бошқа ижобий ҳаракатлар ортга қайтмаслигининг конституциявий ҳимоясини таъминлаш зарурати мавжуд эди. Бу ютуқлар, ҳуқуқ ва эркинликлардан нафақат ҳозирги, балки келажак авлодларимиз ҳам эмин-эркин фойдаланиши учун, уларни, албатта, Конституцияда муҳрлаб қўйиш талаб этилди. Бу масаланинг бир томони холос. Масаланинг иккинчи томони, Янгиланган Конституциянинг мазмун моҳияти ва аҳамиятини аҳоли томонидан талаб даржасида англаш ҳамда ундан фойдалана олиш кўникмасини шакллантириш масаласи саналади.
Президентнинг 2019 йил 9 январдаги ПФ-5618-сон фармони билан тасдиқланган Жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш концепциясида унинг асосий мақсади аҳолининг барча қатламларининг ҳуқуқий саводхонликка эришиши, ўз ҳуқуқларини биладиган ва қонунларни ҳурмат қиладиган, ҳуқуқий билимларни кундалик ҳаётда қўллай оладиган, фаол фуқаролик позициясига эга бўлган ва ҳуқуқбузарликка нисбатан муросасиз муносабатда бўладиган фуқароларни тарбиялашнинг кенг қамровли тизими белгилангани билан аҳамиятли саналади. Ва мазкур концепция ўз мақсадига кўра янги таҳрирдаги Конституциямиз асосида фуқароларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтиришда муҳим асос бўлиб хизмат қилади.
Аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, фуқароларнинг ижтимоий-сиёсий ўзгаришлар билан уйғун равишда ҳуқуқий билимларини ошириш мақсадида адлия органлари томонидан ўтган даврда жойларда тарғибот тадбирлари ўтказилди.
Янги таҳрирдаги Конституциянинг мазмун-моҳиятини тарғиб қилиш ва кенг жамоатчиликка етказиш бўйича ҳудудлар кесимида ҳамда тарғибот гуруҳлар таркиби шакллантирилган ҳолда тарғибот тадбирлари дастури ишлаб чиқилиб, ижрога қаратилди.
Дастурга мувофиқ бугунги кунга қадар 40 мингдан ортиқ ҳуқуқий тарғибот тадбирлари ўтказилди. Жумладан:
“Huquqiy axborot” телеграм каналида #Конституцияни_ўрганамиз, #МенингКонституциям хештеги остида маълумотлар улашилмоқда;
Kurslar.huquqiyportal.uz порталида янги таҳрирдаги Конституция бўйича 4,5 соатга мўлжалланган бепул онлайн курс яратилди;
Янги таҳрирдаги Конституциянинг ҳар бир моддаси бўйича қисқача видео материаллар тайёрланиб, тарқатилди;
“Конституцияни ўрганамиз” мавзусида қисқа муддатли ўқув курси ташкил этилди;
advice.uz платформасида янги таҳрирдаги Конституциянинг асосий мазмун-моҳиятини очиб беришга қаратилган алоҳида бўлим очилди.
Тошкент шаҳри Сайилгоҳ кўчасида, “Конституция кўчаси”да бир қатор оммавий тадбирлар ўтказилиши анъанага айланди. “Конституция кўчаси”да Конституциянинг яратилиши, такомиллаштириш босқичларини ифода этадиган “Конституция тарихи” бурчаги ва фотокўргазмаси, болалар ва ёшларга Конституцияда белгиланган нормаларнинг мазмун-моҳиятини очиб берувчи кўргазмали материаллар бурчаги, Конституцияни ўргатиш бўйича замонавий методика асосида тайёрланган дарсликлар, ўқув қўлланмалари ва махсус адабиётлар кўргазмаси ташкил этилмоқда. Шу билан бирга конституциявий ҳуқуқлар бўйича суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар бурчакларини ташкил этилиб, мазкур бурчакларда кўргазмали материаллар жойлаштирилди. “Конституция кўчаси” тарғибот ва кўргазмали баннерлар билан безатилди.
– Ёш авлодга Конституция қоидаларини ўргатиш бўйича таълим тизимида қандай чоралар кўрилмоқда?
– Янгиланган Конституциямизда алоҳида янги 79-моддада “Давлат ёшларнинг шахсий, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий, экологик ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини таъминлайди, уларнинг жамият ва давлат ҳаётида фаол иштирок этишини рағбатлантиради. Давлат ёшларнинг интеллектуал, ижодий, жисмоний ва ахлоқий жиҳатдан шаклланиши ҳамда ривожланиши учун, уларнинг таълим олишга, соғлиғини сақлашга, уй-жойга, ишга жойлашишга, бандлик ва дам олишга бўлган ҳуқуқларини амалга ошириш учун шарт-шароитлар яратади”, деб белгилаб қўйилди.
Бироқ мазкур моддада белгиланган нормаларнинг амалда ҳаётийлигини таъминлаш барчамиздан катта меҳнат, сабр-қаноат ва тизимли ишлашни талаб этади. Давлатимиз раҳбари бошчилигида жорий йилнинг 11 апрель куни ёшлар сиёсати соҳасидаги ишлар натижадорлигини ошириш чора-тадбирлари юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида ютуқлар билан бир қаторда олдимизда бажаришимиз зарур бўлган ишлар, хусусан, ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, маҳаллаларда спорт билан шуғулланишга шароит яратиш ҳамда кўнгилочар масканлар сонини ошириш, ёшларнинг чет тилларини ўрганишларини рағбатлантириш, ёшларни мафкуравий таҳдидлардан ҳимоя қилиб, уларга соғлом фикр берадиган манбаларни кўпайтириш юзасидан топшириқлар берилиб, “ёшлар билан ишлаш барча раҳбарларнинг, кенг жамоатчиликнинг, бутун жамиятимизнинг энг устувор вазифаси” экани таъкидланган эди.
Адлия вазирлиги томонидан Конституцияни болалар тилида тушунтиришга бағишланган мультсериал ва комикс китоб яратилди. Ушбу мультфильмлар сунъий интеллект имкониятлари ёрдамида тайёрланган бўлиб, болаларга содда ва ҳаётий мисоллар орқали Конституциямиз мазмун-моҳияти тушунтирилган.
Бу борада ёшлар орасида 840 199 нафар иштирокчиларни қамраб олган 47 796 та тарғибот тадбирлари ўтказилди.
Ёшларни қонунларга ҳурмат ва ислоҳотларга дахлдорлик руҳида тарбиялашга қаратилган 14 335 та, ҳуқуқий саводхонликни ошириш бўйича 13 807 та, ёшларни ҳарбий хизматга бўлган қизиқишларини ошириш, Ватанга бўлган садоқат туйғусини шакллантиришга қаратилган 4 176 та, коррупция ва бошқа салбий ёт ғояларга қарши йўналтирилган 8002 та, касбга йўналтириш ва ҳаётда ўз ўрнига эга бўлишларига кўмаклашишга қаратилган 7476 та тадбирлар ўтказилди.
Ҳудудларда ёшлар иштирокида “Ҳуқуқий заковат” ўйини ташкил этилиб, 4 000 нафардан ортиқ ёшлар иштироки таъминланди.
Барча вилоятларда “Ёшлар – ҳуқуқий сайли” ўтказилди, сайёр қабуллар ва меҳнат ярмаркалари ташкил қилинди.
“Ислоҳотларга дахлдорман” шиори остида “Тенгдош-тенгдошга” тамойили асосида 30 000 нафарга яқин ёшлар иштирокида ватанпарварлик тадбирлари ўтказилди.
Шу билан бирга ногиронлиги бўлган болалар учун Конституция китобининг аудио варианти яратилиб, барча алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган (кўзи ожиз ва заиф кўрувчи) болалар учун ихтисослаштирилган мактаб-интернатларига етказилди.
Шунингдек, болаларнинг конституциявий билимларини болалар тилида етказишга мўлжалланган “Моддалар гапиради” номли туркум видеороликлар тайёрланиб, мамлакатимиздаги барча мактабларга етказилиши таъминланди.
Ёшларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш мақсадида ҳафтанинг ҳар чоршанба куни “Ҳуқуқий ахборот куни” лойиҳасида ёшларнинг Конституция бўйича билимларини оширишга қаратилган тарғибот тадбирлари амалга ошириб келинмоқда.
– Конституциявий нормалар бузилган ҳолатларда Адлия вазирлигининг ваколатлари ва вазифалари нималардан иборат?
– Адлия вазирлиги ўз функционал вазифаларидан келиб чиқиб, давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятида янги конституциявий нормаларнинг ҳаётийлигини таъминлаш мақсадида қуйидаги вазифаларни амалга оширмоқда.
Норма ижодкорлиги йўналишида, биринчидан, вазирлик ва идораларда янги ишлаб чиқиладиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва қонун лойиҳаларининг Конституцияга мослигига эътибор қаратади.
Иккинчидан, ҳар бир вазирлик ва идора томонидан шу кунга қадар ишлаб чиқилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни янги Конституциянинг нормаларига мослиги нуқтаи назаридан инвертаризациядан ўтказишга кўмаклашмоқда. Инвентаризация натижасида ўзгартириш ва қўшимчалар киритиладиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар пакети шакллантирилмоқда.
Ташкилий-ҳуқуқий йўналишда, биринчидан, вазирлик ва идора тизимидаги давлат фуқаролик хизматчиларининг янги Конституция бўйича билимларини ошириб бориш ва баҳолаб бориш амалиётини жорий этиш. Тест натижаларига кўра қайси соҳаларда давлат хизматчиларининг билимларини оширишга эҳтиёж мавжудлиги аниқланса, шу йўналишда яна тушунтириш ишларини олиб бориш механизмини яратмоқда.
Учинчидан, вазирлик ва идоралар тизимидаги мурожаатлар билан ишловчи тузилмалар томонидан Конституциянинг ижроси юзасидан фуқаролардан келиб тушган мурожаатлар, шикоятлар ва аризалар манзилли тарзда ишлаш амалиётини жорий этиб келмоқда.
