Янгиланган Бош қомусимиз мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий, сиёсий-ҳуқуқий ва маънавий-маданий ҳаётининг барча соҳаларида изчил амалга оширилаётган ислоҳотларимиз ортга қайтмаслигининг мустаҳкам ҳуқуқий кафолати бўлиб хизмат қилмоқда. Шуни алоҳида қайд этиш керак, ўтган қисқа давр мобайнида Конституциямиздаги нормалар асосида кўплаб қонун ва қонуности ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Эътиборлиси, Ўзбекистоннинг беш устуни, яъни суверен, демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлат экани қатъий белгилаб қўйилди. Бундан ташқари, парламент палаталари фаолиятидаги параллеллик ва бирбирини такрорловчи ваколатларга аниқлик киритилди. Сенат аъзолари жами 100 нафардан 65 нафарга қисқартирилди. Шунингдек, Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосарлари сони 7 тадан 2 тага қисқартирилди. Бунда Спикернинг ўринбосарлари фракция аъзоси бўлиши мумкин эмаслиги ҳамда лавозимда бўлиш даврида сиёсий партиядаги аъзоликни тўхтатиб туриши белгиланди. Бундан ташқари, Қонунчилик палатаси ва Сенатнинг ўзини-ўзи тарқатиб юбориш ваколати киритилди. Жорий йилнинг 18 ноябрида Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг янги таркибдаги биринчи мажлисида нутқ сўзлаган Президентимиз Шавкат Мирзиёев бу йилги парламент сайловлари илк марта янгиланган Конституциямизга мувофиқ ўтказилгани, парламентнинг ҳуқуқ ва ваколатлари сезиларли даражада кучайгани, масъулияти бир неча карра ортган янги халқ вакиллиги тизими шакллантирилганини алоҳида қайд этди. Давлат раҳбари мазкур мажлисда парламентни халқимизга янада яқинлаштиришга хизмат қилувчи бир қатор ташаббус ва таклифларни илгари сурди. Кези келганда таъкидлаш лозим, барқарор миллий тараққиётимизнинг янги босқичида давлат бошқарувини янада демократлаштириш борасида 8 йил давомида амалга ошириб келинаётган ислоҳотлар натижасида миллий парламентимиз ваколатлари изчил кенгайтирилишидан ташқари олий вакиллик органи фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлиги таъминланишига эришилмоқда.
Эндиликда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси нафақат профессионал қонун ижодкорлиги фаолияти билан, балки мамлакат ички ва ташқи сиёсатига оид муҳим вазифаларни ҳал этиш ҳамда ижро ҳокимияти фаолияти устидан парламент назоратини амалга ошириш ҳамда қабул қилинаётган қонунларнинг амалга оширилаётган ижтимоий-сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ва суд-ҳуқуқ ислоҳотлари жараёнига таъсирини кучайтириш, сайловчилар билан яқиндан мулоқот қилиш билан ҳам шуғулланмоқда. Бу каби янгиланишлар давлат идораларини халқимизга яқинлаштиришга, юртдошларимизнинг давлат ҳокимиятига ишончини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда. Қолаверса, роппароса уч йил аввал, яъни, 2021 йил 1 декабрдан бошлаб Қонунчилик палатаси мажлис ларининг жонли эфирга узатила ётганлиги кенг жамоатчилик то монидан илиқ қарши олинмоқда. Тўғридантўғри эфирлар палата фаолиятини, аниқроғи, депутатлар, сиёсий партия фракциялари нинг у ёки бу қонун лойиҳаси юзасидан позициясини халқимизга жонли тарзда етказишга хизмат қилмоқда.
Хулоса қилиб айтганда, янгиланган Конституциямиз бевосита халқ томонидан қабул қилиниб, тўғридан-тўғри амалга киритилган биринчи ҳужжат бўлганлиги давлат бошқаруви соҳасига оид ўзгаришлар ва янгиланишлардан ҳам кўриниб турибди. Зеро, Асосий қонунимиздаги халқчил нормалар ҳокимият органлари масъулият чегарасини аниқ белгилаш билан бир қаторда парламентнинг бугунги даврга мос, том маънода халқчил органга айланишига хизмат қилмоқда.
Наримон УМАРОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
“Адолат” СДП фракцияси аъзоси
