Инсон қалби энг ноёб, мураккаб ва нозик олам. Боиси ундаги ҳис-туйғулар гулзордек ранг-баранг, кечинмалар дарёдек шиддатли, беқарор. Демак, қалбнинг ҳассос қирраларини англаш, унда содир бўлган ёки бўлаётган ҳис-туйғуларни ўрганиб, бартараф этиш ҳар қайси психологдан пухта касбий тайёргарлик ва чуқур ҳиссий англашни талаб қилади. Лекин бугун аксар ҳолларда ушбу нозик масала тамомила ёт ўзанга тушиб, акс талқин қилинаяпти. Илмий асос ва зарур кўрсатмалар писанд этилмасдан, оддий алгоритмлар билан иш кўрувчи “психологлар” урчиган. Ҳа, сўнгги пайтларда “Инсон руҳиятидан яхши хабардорман, муаммоларни ҳал қилиш менга чикора”, дея саёз фикрлаётганлардан аччиғинг келса, уларнинг қармоғига оппа-осонгина илиниб, ёппасига мазахўрак бўлаётган сон-саноқсиз одамларни кўриб, чуқур ўйга толасан, киши.
Хўш, жамиятда инсон психологияси билан боғлиқ ҳолатлар нотўғри талқин қилинаётганига сабаб нима?
Нега айни тоифа бизнинг қўққисдан бахтиёр, шоду хуррам ва муаммоларсиз ҳаётда яшашимизни истаб қолдийкан?
Қуйидаги мақолада шу хусусда фикр юритамиз.
Талаб борки, таклиф бор!
Бу бозор иқтисодиётининг асосий қонунларидан бири эканини яхши биласиз. Яна эслатиш зарар қилмас: бирор эҳтиёж юзага келса, уни қондиришга мойиллик пайдо бўлади. Аҳамиятлиси, турли соҳаларда ўз тасдиғини топган бу жумла айни мавзуга ҳам алоқадор. Шу ўринда муҳим бир фактга эътибор беринг.
Ҳиндистоннинг “Sapien Labs” лабораторияси 2023 йил учун дунё давлатларида одамларнинг руҳий барқарорлигига асосланувчи таҳлилий тадқиқот натижаларини эълон қилди. Унда 71 мамлакатдан қарийб 420 минг киши иштирок этиб, аноним онлайн сўровга жавоб берган.
Баҳолаш 6 та асосий тоифада шахсий руҳий саломатлик коэффициентини (РСК) аниқлашга қаратилган: кайфият ва истиқбол, ижтимоий “мен”, мотивация ва ҳаракат, ақл ва тана алоқаси, идрок, мослашувчанлик ва чидамлилик. Ўзбекистон эса юқоридаги кўрсаткичлар бўйича 71 мамлакат ичида сўнгги ўринда, мослашувчанлик ва чидамлилик бўйича 67-ўринда, ҳаракат ва мотивация бўйича 61-ўринда қайд этилган”. (Kun.uz)
Тан олайлик: биргина одатий тонгимиз ҳам баъзан дилхиралик билан бошланади. Ишга-ўқишга кеч қоляпмиз, нонуштага вақт йўқ, йўлларда тирбандлик, ишимизда камчилик, алдаб кетишган, молиявий етишмовчилик… Давом эттирсак, талай важлар бор. Ҳақиқатан ҳам, бугун жамиятда руҳий барқарорликка интилиш кучайди.
Пайти келди!
Стресс, узлуксиз ташвишлар, ижтимоий босимлар – буларнинг барчаси инсонларни ўзига психологик ёрдам қидиришга ундайди. Бизда профессионал психологларга бўлган эҳтиёж юқори бўлишига қарамай, нарх борасида мурожаатчиларнинг катта қисми ортга тисарилади. Арзонроғига рози бўлиш учун олиб борилган қидирувлар эса бахтга қарши соҳада малакали мутахассислар сони талабни қондириш учун етарли эмаслиги ойдинлашади. Хўш, бунинг асосий сабаби нима?
– Энг аввало, касбнинг қийин ва масъулиятли экани муаммони кучайтирмоқда, – дейди психолог Нозима Аҳмедова. – Чунки психология фақат руҳий муаммоларни тўғри тушуниш билан чекланмайди, балки уларни ҳал қилиш учун чуқур билим, индивидуал ёндашув ва касбий тажриба талаб этади. Афсуски, Ўзбекистонда психологик хизматларга ёрдам сифатида эмас, балки “юзаки маслаҳат” сифатида қараш ҳолатлари кўп. Бу вазият касб обрўсини тушириб, соҳани ривожлантиришга жиддий тўсқинлик қиляпти.
Психолог фикрича, шундай вазиятда юзага келган эҳтиёж сохта руҳшунослар учун имкониятлар эшигини очди. Дастлаб арзон таклиф, жимжимадор манипуляция, уюштирилган ҳамд-санолар ташланган қармоққа ўз руҳий ҳолатида барқарорликка эришишни мақсад қилган, аммо танловда янглишганини хаёлига ҳам келтирмаган минглаб инсонлар илинади. Натижага ўтишдан олдин уларнинг фаолият асосларини ўрганиб чиқайлик.
Қандай қилиб ишонч қозонилади?
Қайд этилишича, сохта психологларнинг омма эътиборини қозонишдаги асосий қуроли – интернет ва ижтимоий тармоқлар. Улар учун виртуал макон рекламадан тортиб, таъсирчан воситаларни қўллаб, оммани ўзига жалб қилишнинг энг қулай майдонига айланган. Жонли эфирлар, жарангдор шиорлар, дабдабали ваъдаларга суяниб тайёрланган видеолавҳалар, ҳаттоки ҳар кимга мос тушадиган мавҳум маслаҳатлар орқали улар кенг аудиторияларда «муваффақият сирлари» устаси сифатида танилиши мумкин.
Одатда, ишонч қозониш учун бир нечта самарали, бироқ алдовга асосланган усуллардан фойдаланилади.
1. Юзаки, жозибали мунозаралар. Муҳими, муаммоларни аниқ ва чуқур таҳлил қилиш эмас, балки аудиторияни қизиқтиришдир. Улар шахсий тажрибалардан илҳомланиб, «ҳар бир инсон ҳаётига мос» умумий маслаҳатлар билан чиқишади. Асосий эътибор жозибали сухандонлик ва ширин сўзлилик, бу эса уларга профессионал кўриниш бергандек туюлади. Бироқ бундай маслаҳатлар муаммони ҳал қилиш ўрнига, уни янада чуқурлаштириши мумкин.
2. Оммавий чиқишлар ва саҳналаштирилган “муваффақият”лар. Кенг аудитория олдидаги чиқишлар яна бир таъсирчан восита. Чиқишларда улар ўзларини “ўз муаммоларини енгиб ўтган”, “аҳмоқларга йўл кўрсатадиган” деб таништиришади. Чиройли суратлар, люкс ҳаёт тарзи, “ўз кучи билан эришган” муваффақиятлари ҳақида тўлиб-тошиб гапириш орқали одамларни ўзига жалб қилади. Асосий мақсад – инсонларнинг уларга бўлган ишончини мустаҳкамлаш, уларни сўзсиз «устоз» сифатида кўришга мажбур қилишдир.
3. Ҳақиқий психологларни танқид қилиш. Энг хавфли тенденция ҳақиқий психологларнинг обрўсини туширишда намоён бўлади. Бунда “Назариядан чиқмайдиган, бирон муаммо ҳал қилолмайдиган” деган айбловлар билан профессионалларга қарши кураш олиб борилади. “Биз ҳаётдан гапирамиз, улар китобдан”, деган шиорлар орқали ўзларини одамлар учун яхшироқ танлов сифатида кўрсатишади.
Кўрдик, ўргандик!
Ҳар қандай замоннинг “тарихий” тенденцияси борки, у одамларнинг руҳиятига таъсир қилиш орқали ўз йўлини топади. Бугунги куннинг ана шундай “тенденция”ларидан бири – сохта психологларнинг юзаки, умуман, манфаатсиз, савияси паст курслари сотувидаги “зарбдор” палладир.
Бугун уларнинг реклама олиб бориш услубларини кузатар экансиз, бир нарса ойдинлашади: қаҳрамонларимиз “таълим ва шахсий ривожланиш” ниқоби остида савдо-тижорат билан шуғулланяпти. Ижтимоий тармоқлардаги рекламаларнинг асосий қисми бундай «курслар»ни мақташ, сунъий мақтовлар ёғдириш ва одамларни ўзига жалб қилишдан иборат. Масалан:
– “Тортиш қонуни” номли курс. Рекламада “Фақат бугун! Бугун эмас, ҳозир! Нархи 100 минг эмас, 80 минг сўм!” чақириғи. Одамларнинг қизиқувчанлигидан фойдаланган ҳолда “психология” ниқобида зўраки мотивация ва жиддий илмий асосга эга бўлмаган “ақл ўйинлари” таклиф қилинади.
– “21 кунда собиқ жазманини қайтариш” курси 160 минг сўмга таклиф қилинса, “Озиш учун мини курс” ҳам шу нархда. Ёки “Расмга тушишни ўргатиш” курслари 50 минг сўм. Реалликка таянилса, мазкур курсларнинг амалда қандай самара бериши бўйича ҳеч қандай кафолат йўқ.
– “Эрнинг… бўлиш” (ҳатто ёзгани уялади одам!) каби ўқотар номлар эса бефаросатлик ва шармсизликнинг яна бир ёрқин намунаси. Бундай курсларнинг мазмуни ёзилган нархидан ҳам арзон эканини тушуниш қийин эмас.
Унутмайлик, пултопармонларнинг асосий мақсади – одамлар руҳиятидаги энг заиф нуқталарга таъсир қилиш. Ҳар бир инсоннинг орзу-умидлари, заиф томонлари улар учун “савдо объекти” бўлиб қоляпти. Айнан шунинг учун ҳам рекламада оғир иқтисодий шароит ва психологик жароҳатларга алоҳида аҳамият қаратилади.
Масала фақатгина оддий рекламада эмас, балки унинг ортида турган чуқур ижтимоий муаммоларда. Биринчидан, аҳолининг катта қисми руҳий ва ижтимоий қийинчиликларини ҳал қилиш учун малакали мутахассисларга мурожаат қилиш имконига эга эмас. Иккинчидан, ҳақиқий психологик хизматлар ҳақида етарли маълумот йўқлиги сабабли, одамлар интернетдан топган биринчи “ёрдам”га мурожаат қилишади.
Қарзга ботдим,
натижа эса йўқ!
Муниса:
– Мен психологга боришдан уяламан, шунинг учун «онлайн курс»га ёзилдим. У ерда “Муваффақият калити” деган машҳур тренингга 800 минг сўм тўладим. Бир ой давомида уларнинг асосан «ўзингга ишон», «ҳар кунингдан завқлан» каби мотивацион сўзлардан иборат видеоларини кўрдим. Қўшимча савол бериш учун эса яна пул тўлаш керак экан. Натижада муаммоларим ҳал бўлмади, лекин қарзим кўпайди.
Шоҳруҳ:
– “11 кунда ҳаётингизни ўзгартиринг” деган курсни кўриб, қизиқиб кетдим. Нархи – 1 миллион сўм. У ерда улар ҳаётдаги мақсадларни аниқлашга ёрдам беради, деб ваъда беришган. Аммо менга берилган маслаҳатлар китоблардаги оддий маслаҳатлардан фарқ қилмади. Ҳатто улар менинг муаммоларимни диққат билан эшитишмади. Ўзимни алдов қурбонидек ҳис қилдим.
Саида:
– Жуда қийин ҳолатда қолгандим, ҳаётдан рози эмас эдим. “Стрессдан қутулиш сирлари” деган курсга ёзилдим. Ҳатто телефонда улар билан гаплашдим. Мендан 5 миллион сўм тўлашни талаб қилишди, шунда мутахассис билан шахсан гаплашиш имконияти бўлади, дейишди. Лекин уларнинг маслаҳатлари мен учун умуман янгилик эмас эди. Курс тугаганда ўзимни янада ялғиз ва ёрдамсиз ҳис қилдим.
Анвар:
– “Оилавий муаммоларни ҳал қилиш” учун курс олдим. Рекламада барча муаммоларингизни ҳал қилиб берамиз, деб ёзишганди. 2 миллион сўм сарфладим. Улар менга жамоавий гуруҳларда қатнашишни таклиф қилишди, лекин ўша жойда шахсий масалаларимга оид аниқ ечим ололмадим. Ҳозир ўйлайманки, бу пулни ҳақиқий мутахассисга сарфласам яхши бўларди.
– Сўнгги пайтларда мавзу қаҳрамонларининг семинар тренинглари ижтимоий тармоқ тугул, реал ҳаётда энг кўп муҳокама қилинадиган, қизғин кутиб олинадиган резонанс сифатида баҳоланмоқда, – дейди журналист Шаҳризода Саидова. – Қаерга қараманг, ҳамма жойда “психолог”ларимизнинг “Пул оқими”, “Магнит аёл”, “Пул формуласи”, “Катта пуллар” каби ноодатий номлар остидаги рекламасига кўзингиз тушади. Бунақа жарангдор сарлавҳалар қулоққа жуда ёқимли эшитилади, албатта. Айниқса, содда инсонларни қармоққа илдиришда жуда қўл келади. Аслида эса… Дарҳақиқат, шу “соддалик”ни йиғиштириш вақти келмадимикан? Биз уларнинг биздан фойдаланишларига замин яратаверамизми? Шунчаки йўл очиб бераверамизми?
Маълумотларга кўра, Ўзбекистонда сохта психологлар фаолиятини тартибга солувчи қонун лойиҳаси ишлаб чиқилибди. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Шаҳноза Холмахаматова хабар берган.
Депутат бир неча ойлик муттасил изланишлардан сўнг Адлия вазирлиги билан ҳамкорликда “Аҳолига психологик ёрдам кўрсатиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилганини ва тез орада муҳокамага киритиш режалаштирилаётганини айтган. Шунингдек, қонун лойиҳасида акс эттирилаётган нормалар ва уларнинг мазмун-мақсадига кейинроқ тўхталиб ўтишини қўшимча қилган.
Тўғри, бу билан мамлакатда соҳага оид қонунчилик такомиллаштирилиб, ҳуқуқий асос яратилади. Лекин яна бир-икки жиҳатни эътиборга олиш муҳимлигини қайд этиш жоиз.
Биринчиси – соҳада кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан янгилаш. Билишимизча, давлат ОТМларида ҳам, хусусий олийгоҳларда ҳам психология йўналиши бўйича ўқув квоталари етарли, фақат уларнинг ўқишдан кейинги фаолияти намунали йўлга қўйилмаган. Бу эса сохта психологлар кўпайишига замин яратмоқда.
Иккинчиси – бу соҳа билан боғлиқ аҳолига бирламчи маълумот берувчи керакли хорижий ўқув адабиётларининг таржима ишларини жадаллаштириш лозим.