Туркий мумтоз шеърият тараққиётини мислсиз юксакликка олиб чиққан, миллий бадиий-эстетик тафаккурни жаҳоний миқёсга кўтарган буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий асарларида Темурийлар даври адабиёти ҳақида нодир маълумотлар берилган. Жумладан, улуғ адиб Муҳаммад Тарағай Улуғбек (1394–1449) ҳукмронлиги даврида Мовароуннаҳрда математика, астрономия, тарих каби фанлар қаторида адабиёт ва адабиётшунослик ҳам тараққий этгани ҳақида қимматли фикрларни ёзиб қолдирган.
Алишер Навоий ва темурийлар даври адабиёти мавзусида бир қатор тадқиқотлар яратилган бўлса ҳам, ушбу илмий муаммо шу пайтга қадар тўлақонли ёритилган эмас. Буюк мутафаккирнинг “Мажолису-н-нафоис” тазкирасида ва бошқа асарларида, айниқса, Мирзо Улуғбек ва унинг даври адабиётига доир қимматли маълумотлар учрайди. Бу маълумотларни тизимга солиб, илмий тадқиқ қилиш навоийшунослик олдида турган долзарб вазифалардан биридир.
Ҳазрат Алишер Навоий асарларидаги ушбу мавзуга доир фикрлар ва талқинларни қуйидаги тасниф асосида ўрганиш мумкин:
1) улуғ шоир асарларида Мирзо Улуғбек васфи;
2) унинг замонида юзага келган адабий муҳит ва ушбу муҳит намояндалари ижодига муносабат;
3) бу ҳукмдор даврида адабий-эстетик тафаккур ривожи.
Ушбу мавзунинг тадқиқи Алишер Навоий илмий-ижодий қарашларини ўрганиш баробарида Мирзо Улуғбек даври адабиёти ҳамда унинг замонида адабий-эстетик тафаккур ривожига доир янги илмий хулосаларга келиш имконини бериши билан аҳамиятлидир.
Мирзо Улуғбек васфи. Ҳазрат Алишер Навоий “Фарҳод ва Ширин” хотимасида Султон Ҳусайн Бойқаронинг ўғли Шоҳ Ғариб Мирзога насиҳат сўзларини битар экан, унинг улуғ темурий ҳукмдор Мирзо Улуғбекдан ўрнак олмоғини истаб, мана бундай ёзади:
Темурхон наслидин султон Улуғбек –
Ки, олам кўрмади султон анингдек.
Анинг абнойи жинси бўлди барбод –
Ки, давр аҳли биридин айламас ёд.
Валек ул илм сори топти чун даст,
Кўзи оллинда бўлди осмон паст.
Расадким боғламиш – зеби жаҳондур,
Жаҳон ичра яна бир осмондур.
Билиб бу навъ илми осмоний –
Ки, андин ёзди «Зижи Кўрагоний».
Қиёматға дегинча аҳли айём,
Ёзорлар онинг аҳкомидин аҳком.
Олам Мирзо Улуғбекдай султонни кўрмагани ҳақида ёзар экан, улуғ шоир унинг “абнойи жинси” – тенгқурлари барчаси дунёдан ўтиб кетганини, давр аҳли улардан бирортасини ҳам ёд этмаслигини уқтиради. Тенгдошларидан фарқли равишда илмга даст топгани боис Улуғбекнинг кўзи олдида осмон паст бўлди. У қурдирган расадхона “зеби жаҳон”, яъни жаҳонга зийнатдир. Ҳатто уни жаҳон ичра яна бир осмон дейиш мумкин. “Зижи жадиди Кўрагоний”си унинг осмоний илмларни нечоғлиқ юксак даражада билишига далилдир. Бу асарнинг аҳамияти шу қадар баландки, қиёматгача астрономия илми билан шуғулланувчилар унинг илмий ҳукмларига таянадилар. “Билик гарчи кўрунур кўзга зийнат, Вале шаҳларға бордур ўзга зийнат” деб ҳисоблаган ҳазрат Навоий бу сўзлари орқали фақат Шоҳ Ғариб Мирзогагина эмас, барча замонлардаги ҳукмдорлар ва уларнинг авлодларига билимли бўлиш заруратини таъкидлайди. Улуғ шоир фикрича, бир билим билан қаноат қилмаслик, барча илмларни эгалламоқ керак:
Вагар илм ичра бўлмай бирга қонеъ,
Баридин баҳравар бўлсанг не монеъ.
Мирзо Улуғбек қомусий билимлар эгаси экани билан ҳам ҳаммага ўрнакдир. Ҳазрат Алишер Навоий “Мажолису-н-нафоис”да таъкидлашича: “Камолоти бағоят кўп… Қуръони мажид етти қироат била ёдида” бўлган, “ҳайъат ва риёзийни хўб билган, зиж битиган, расад боғлаган” Мирзо Улуғбекдаги “бу камолот гоҳи назмға майл қилур”. Яъни, у шеърлар ҳам ижод этган. Тазкирада унинг ижод намунаси сифатида қуйидаги байт матни келтирилади:
Ҳарчанд мулки ҳусн ба зери нигини туст,
Шўхи макунки, чашми бадон дар камини туст.
Мазмуни:
Гўзаллик мулки қанчалик қўл остингда бўлса-да,
Шўхлик қилмагинки, ёмонларнинг кўзи сени кузатмоқда.
Ҳазрат Алишер Навоийнинг ёзишича, Мирзо Улуғбек табъидаги назмга бўлган майл унинг фарзандларига ҳам ўтган. Жумладан, гарчи “Мажолису-н-нафоис”да улуғ султоннинг учинчи ўғли Абдуллатиф Мирзонинг “савдойи мизож, васвасий табъ ва девонаосор киши” бўлгани, “бундан бошқа бадфеъллиқлари бор”лиги, “ўтар дунё маслаҳати учун донишманд ва подшоҳ отасин ўлтургани” айтилиши баробарида “табъи назми бор эрди ва шеърни ободон айтур эрди”, дея таъкидлайди. Қуйидаги матлаъ бунга мисол сифатида келтирилади:
Бар дилу жон сад бало аз як назар овард чашм,
Чун бигуям шукри ин, ё Раб, набинад дард чашм.
Мазмуни:
Кўз бир қараш билан дил ва жонга юз бало келтирди.
Бунинг шукрини нечук қилай, ё Раб, ул кўз дард кўрмагай!
Мирзо Улуғбек васфи ҳазрат Алишер Навоийнинг “Фарҳод ва Ширин” достони хотимасида ҳамда “Мажолису-н-нафоис”да келтирилган, холос. Унинг авлодларидан фақат Абдуллатиф Мирзо характери ва табъи назми бўлиб, “шеърни ободон айтган”и ҳақида маълумот берилган. Мирзо Улуғбек ва Абдуллатиф Мирзонинг шеърий асарларини топиш ва тадқиқ этиш адабиётшунослик олдида турган вазифадир.
