Ҳар қайси мамлакат тараққиётида ёшларнинг алоҳида ўрни бор. Шу боис юртимизда ҳам мустақилликнинг дастлабки йиллариданоқ ёш авлодни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, мамлакат ҳаётида фаол иштирок этишини рағбатлантиришга қаратилган бир қатор ташаббуслар, ҳаётбахш ишлар амалга оширилди. Мана шундай эзгу мақсад йўлида, айниқса, Конституциянинг асосий принципларини ёшлар орасида кенг тарғиб қилиш, уларнинг ҳуқуқий маданиятини янада юксалтириш орқали мустақил давлатимиз келажагини барпо этишга қаратилган саъй-ҳаракатлар давом этмоқда. Буларнинг барчаси ёшларда ҳуқуқий ва ижтимоий тафаккурни юксалтиришга, уларнинг адолат, қонун устуворлиги ва инсон ҳуқуқларига бўлган ҳурматини оширишга хизмат қиляпти. Сўзимизни “Адолат” социал-демократик партияси томонидан ҳар йили ўтказиб келинадиган «Конституция билимдони» кўрик-танлови ҳам исботлайди.
Ҳуқуқий беллашувнинг жорий республика босқичи 5 декабрь куни Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетида бўлиб ўтди. Давлат мадҳияси садолари остида бошланган танловда «Адолат» СДП Сиёсий Кенгаши раҳбарияти, хусусан, партия етакчиси Робахон Махмудова, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги «Адолат» СДП депутатлари, “Ёш адолатчилар” қаноти ҳамда “Ёшлар парламенти” аъзолари, олийгоҳ талаба-ёшлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари ва танловнинг ҳудудий босқичларида ғолибликни қўлга киритган ёш ҳуқуқшунослар иштирок этишди.
Қайд этиш жоизки, танловнинг мақсади – ёш авлодни Конституция ва қонунларга ҳурмат руҳида тарбиялаш, уларнинг ҳуқуқий онгини юксалтириш, адолат ва қонун устуворлигини қадрлаш ҳиссини мустаҳкамлашдан иборат.
Танловни кириш сўзи билан очган «Адолат» СДП Сиёсий Кенгаши раиси Робахон Махмудова мамлакатимиз Конституциясининг тарихи ва аҳамиятига алоҳида урғу берди. Шу билан бир қаторда партия томонидан бугунги “Конституция билимдони” республика кўрик-танлови, унинг қонунчилик соҳаларига қизиқадиган ёшлар ҳаётидаги аҳамияти хусусида сўз юритди.
– Ҳаммамизга маълумки, ўтган 30 йилдан ортиқ давр мобайнида мамлакатимиз Конституцияси шундай улкан вазифани бажарди. Конституциядан келиб чиққан барча қонунлар, давлат сиёсатининг асосий йўналишлари ва ислоҳотлар инсон қадрини улуғлашга, унинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашга қаратилди. Юртимиздаги бугунги тараққиётнинг, ҳар бир соҳадаги юксалишнинг бош омили – Конституциямизда ўрин олган ҳуқуқий нормалар, десам ўринли бўлади, – деди Сиёсий Кенгаш раиси.
Шунингдек, Робахон Махмудова танловнинг жорий йилги ҳудудий босқичларида иштирок этган иштирокчилар янги таҳрирдаги Конституциямиз билан бир қаторда қонунчилигимиздаги ислоҳотлар бўйича ҳам билим ва иқтидорини намоён этганини алоҳида эътироф этди.
– Бизнинг ягона мақсадимиз – сиз каби билимдон, ўз ҳуқуқларидан унумли фойдалана оладиган ёшларнинг ҳуқуқий онгини янада юксалтириш, давлат ва жамият ҳаётида фаол иштирок этишини қўллаб-қувватлаш, Конституциямизда белгиланган тамойилларни аҳоли орасида кенг тарғиб қилинишига кўмаклашишдир. Айтиш жоизки, ўтган йиллардаги танловларимиз иштирокчилари таълим, фан, спорт ва бошқа соҳаларда юқори натижаларга эришдилар. Улар ўз билим ва қобилиятлари билан нафақат ўзлари, балки бутун мамлакатимиз учун фахр-ифтихор олиб келмоқдалар. Бу эса танловимизнинг самарадорлиги ва аҳамиятини яққол намоён этади, – дея таъкидлади партия етакчиси.
Робахон Махмудова нутқи якунида иштирокчиларга омад тилаб, танловни очиқ, деб эълон қилди.
Шундан сўнг иштирокчиларга беллашувда эътибор қаратиш керак бўлган айрим жиҳатлар бўйича тавсиялар берилди ва ҳакамлар ҳайъати таркиби таништирилди. Маълум қилинганидек, танловда иштирокчилар белгиланган учта шарт асосида ўз билим ва иқтидорини синовдан ўтказди. Жараённи Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Адлия вазирлиги, Судьялар ассоциацияси ва Ёшлар ишлари агентлиги вакиллари ҳамда Қонунчилик палатасидаги «Адолат» СДП фракцияси аъзоларидан иборат ҳакамлар ҳайъати талабчанлик билан, одил ва холисона баҳолаб боришди.
– Бундай танловлар ёшларимизнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, Конституция ва қонунларимизга бўлган ҳурматни шакллантиришда муҳим роль ўйнайди, – дейди Ўзбекистон Республикаси Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси ўқитувчиси, ю.ф.ф.д., катта лейтенант, ҳакамлар ҳайъати аъзоси Барно Қодирова. – Мазкур танлов иштирокчилари ҳам янги таҳрирдаги Бош қомусимизнинг асосий принциплари ва қонунларни билишдан ташқари, жамиятдаги ҳуқуқий ўзгаришлар ва ислоҳотлардан ҳам яхши хабардор эканини намоён қила олгани билан эътирофга сазовордир. Шу билан бирга фақат ҳуқуқий билимларини эмас, балки нотиқлик, саҳнада ишлаш ва ўз фикрларини баён этиш даражасини ҳам юқори баҳоладик. Бу ёшларнинг фаол фуқаролик позициясини шакллантиришга қаратилган муҳим қадам, албатта.
Жараёнда 1-шарт бўйича иштирокчилар ўзлари таълим олаётган муассасаси, у ерда Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва амалдаги қонунчилик бўйича олган билимларини ишга солиб, “Конституция – менинг тақдиримда” мавзусини бадиий кўринишдаги тақдимоти асосида йиғилганларга намойиш этишди.
– Танловнинг финал босқичида иштирок этиш менга Конституция ва қонунларимизнинг аҳамиятини яна бир бор чуқур ўрганиш имкониятини берди, – дейди Қашқадарё вилояти вакиласи, ИИВ Қашқадарё академик лицейи ўқувчиси Мафтуна Юсупова. – Албатта, беллашувдаги тенгдошларим ҳам жараёнга қизғин ва пухта тайёргарлик кўришгани уларнинг чиқишларида сезилиб турибди. Танловнинг ёшлар учун аҳамияти жуда катта. Биринчидан, ҳуқуқий билимларни кучли рақобат муҳитида ўрганишга ёрдам берса, иккинчидан, Конституция ва қонунларимизнинг аҳамиятини теранроқ тушунишга ва амалиётда қўллашга кўмаклашади.
2-шартда эса Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ҳамда амалдаги қонун ҳужжатлари, “Адолат” СДП Устави ва Сайловолди дастурига оид саволларга тест кўринишида жавоб беришди. Якуний шартда Конституциянинг маълум бир моддасини таҳлил қилган ҳолда унинг амалиётдаги ўрни бўйича ўз фикрларини билдиришди.
– Иштирокчи ёшлар орасида Конституциямиз ва қонунларимизнинг аҳамиятига ҳурмат, адолат ва инсон ҳуқуқларига қатъий риоя қилиш каби муҳим жиҳатлар устувор мақсадга айланди, – дейди «Адолат» СДП Наманган вилоят Кенгаши раиси ўринбосари Ёрқиной Ҳожиматова. – Масалан, биз танловнинг Наманган вилояти босқичида ғолибни аниқлаш рақобатдошларнинг кучли экани билан бирмунча машаққатли кечганига гувоҳ бўлдик. Боиси Наманганимиз ёшлари бугун ҳуқуқий соҳаларда, сиёсий жараёнларда анча фаол. Ана шундай фаол иштирокчилардан бири Наманган вилояти юридик техникуми ўқувчиси Муаззам Ваҳоббоева. Унинг биринчиликни қўлга киритиб, республика босқичига муносиб ҳозирлик кўришига биз ҳам кўмаклашдик.
Танлов давомида таъкидланганидек, сўнгги йилларда “Адолат” СДП сафида ёшларнинг салмоғи сезиларли даражада ортиб бормоқда. Бугунги кунда партия аъзоларининг 39 фоизини ёшлар ташкил этиб, улар сони 430 минг нафардан ошди. Қолаверса, Олий Мажлис ҳузуридаги “Ёшлар парламенти”нинг 24 нафар аъзоси партиянинг фаол ёшлари ҳиссасига тўғри келади.
Жараёнда “Адолат” СДП ёшларнинг ҳуқуқий саводхонлигини оширишга алоҳида эътибор қаратиб, ёшлар учун ўндан ортиқ лойиҳа амалга ошириб келаётгани, шу орқали ёш авлоднинг ижтимоий-сиёсий фаоллиги ошиб, ҳуқуқий маданиятини юксалтираётгани таъкидланди. Шу жумладан, “Конституция билимдони” танлови ҳам фақат ҳуқуқий билимлар синови эмас, балки ёшларнинг ҳуқуқий онги ва фаол фуқаролик позициясини шакллантирувчи муҳим ижтимоий ташаббус сифатида эътироф этилди.
– Мамлакатнинг келажаги, унинг ривожланиши ва тараққиёти кўплаб омилларга боғлиқ. Бироқ шулар ичида энг муҳим омил – бу юртда камол топаётган, юксак маънавиятга эга, жисмонан соғлом ва интеллектуал жиҳатдан етук ёшлардир, – дейди партия Марзкаий аппарати бош мутахассиси Шерзодхон Исломов. – Танловнинг республика босқичида иштирок этган ёшларни кўриб, уларнинг билим, шижоат ва интилишларига қойил қолмасликнинг иложи йўқ. Улар нафақат ҳуқуқий билимга, балки юксак маънавият ва лидерлик қобилиятига эга эканини намоён этишди. Бу ёшлар – халқимизнинг ҳақиқий интеллектуал бойлиги, янги тараққиёт даврининг, Учинчи Ренессанснинг бунёдкорларидир.
Беллашув якунланди. Сарҳисоб эълон қилинди. Унга кўра,
учинчи ўринни Сурхондарё вилояти вакиласи Адолат Исмоилова эгаллади.
Иккинчи ўрин жиззахлик Ҳулкарой Ҳасанова ҳамда Фарғонадан келган Жамшидбек Абдуолимовга насиб қилди.
“Конституция билимдони-2024”да мутлақ ғолибликни Хоразм вилояти шаънини ҳимоя қилган Нозима Жуманиязова қўлга киритди.
Тақдирлаш маросимида партия Сиёсий Кенгаши томонидан диплом, статуэтка ва қимматбаҳо совғалар топширилди. Шунингдек, барча иштирокчилар эсдалик совғалари ва фахрий ёрлиқлар билан тақдирланишди.
“Адолат” СДП Матбуот хизмати
