Қадрли ватандошлар!
Муҳтарам отахон ва онахонлар!
Ҳурматли ака-укалар ва опа-сингиллар!
Азиз ёшлар!
Бугунги кунда бутун дунё бўйлаб ўлим кўрсаткичлари таркибида юрак-қон томир касалликларининг етакчи ўринда эканлиги бизга соғлиқни сақлаш тизимининг барча бўғинларини: маҳалла тиббиёт пунктларидан тортиб, юқори ихтисослаштирилган илмий-амалий марказларигача ушбу соҳада зарур чора-тадбирларни кўриш, мавжуд барча имкониятларимизни жалб қилишни тақозо этмоқда.
Сўнгги 7 йилда фақатгина кардиология хизмати билан боғлиқ 3 та муҳим Президент ва 1 та Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари қабул қилинди. Ушбу қарорлар билан белгиланган чора-тадбирлар ижроси учун 600 миллиард сўмдан зиёд маблағ ажратилди.
Аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифати ва кўламини кенгайтириш, соҳага илғор инновацион технологиялар, замонавий ташхислаш ва муолажа усулларини татбиқ қилиш бўйича амалий ўзгаришларни нафақат шифокорлар балки, бутун халқимиз ўз ҳаётларида ҳис этишни бошлади.
Шу жумладан, кардиология хизматини тўлиқ трансформация қилиш натижасида яхлит вертикал бошқарув тизими жорий қилиниб, хизмат кўрсатиш кўлами маҳаллагача туширилди. Авваллари фақатгина пойтахтда бажарилган операциялар бугунги кунда вилоят, ҳатто туман даражасида йўлга қўйилди.
Қисқа муддатда Марказнинг 12 та филиаллари ва 1 та Республика миқёсидаги Оролбўйи кардиология ва кардиохирургия Маркази ташкил этилди. Барчаси замонавий юқори технологик тиббий жиҳозлар билан таъминланди. Натижада республикамиз бўйича 2024 йил 55 000 дан ортиқ беморларга зарур технологик амалиётлар ўтказилди. Ушбу кўрсаткич 2016 йилга нисбатдан 7 баробар кўп, минглаб беморларнинг ҳаёти сақлаб қолинди. Ногиронликдан холис бўлишди, кардиожарроҳлик амалиётлари учун чет давлатларга фуқароларимизнинг оворагарчилиги олди олинди.
Ҳар йили 200 000 нафар эҳтиёжманд беморлар эналаприл дори воситаси билан давлат бюджети ҳисобидан таъминланяпти.
40 ёшдан ошган аҳоли қатламини “Соғлом юрак” скрининг дастуридан ўтказиш натижасида янги аниқланган юрак хасталиги билан 630 000 нафар фуқароларимиз диспансер назоратига олинди ва соғломлаштириш ишлари олиб бориляпти.
Скринингдан олдин “Д” назоратида 1 650 000 беморлар турган бўлса, ўтказилган скринингдан кейин уларнинг сони 30 фоизга ошди ва 2 230 000 беморларни ташкил этди.
Марказ ҳамда унинг минтақавий филиаллари мутахассислари томонидан ҳудудларда ҳар йили скрининг дастурлари ҳамда соғломлаштириш ишлари изчил давом эттирилади.
Эришилган ютуқлар, аҳолининг замонавий даволаш ва диагностика усулларига бўлган эҳтиёжини қондириш, саломатлигини тиклаш чора-тадбирларига қарамасдан, бугунги кунда, бутун дунёда, шу жумладан, республикамизда ўлим кўрсаткичлари таркибида юрак-қон томир касалликларининг кўрсаткичи юқорилигича (2023 йилда 61.1 %) қолмоқда.
Бундан ташқари, сўнгги илмий-тадқиқот натижаларига кўра, 18 ёшдан катта аҳолининг 38 фоизида артериал гипертензия мавжудлиги, 36,2 фоиз аҳолида кам ҳаракатлик, 36,6 фоизда ош тузини меъёрдан ортиқ истеъмол қилиш каби хавф омиллари сақланиб қолмоқда.
Мазкур ҳолатларни инобатга олган ҳолда, шунингдек, давлатимиз раҳбари томонидан биз тиббиёт ходимларига билдирилган юксак ишончни оқлаш, яратилаётган имконият ва шарт-шароитлардан оқилона фойдаланиш мақсадида, аҳолига кардиологик ва юқори технологик кардиожарроҳлик ёрдами кўрсатиш сифатини янада ошириш ҳамда бундай муҳим тиббий амалиётни туманлар даражасига тушириш бўйича 2025 йил учун бир қатор устувор вазифаларни белгилаб олдик. Жумладан:
Биринчидан, туман (шаҳар) тиббиёт муассасаларида Эхокардиография ва Холтер-ЭКГ замонавий кардиология ускуналари ва коагулометр билан тўлиқ жиҳозлаш хисобидан янги турдаги диагностика амалиётлар сонини 15 тага ошириш татбиқ қилинади.
Тошкент вилояти (Бекобод тумани), Сурхондарё вилояти (Денов туманида), Наманган вилояти (Наманган шаҳрида) юқори технологик тиббий ёрдам турларини ошириш, мутахассислар билан биргаликда бифуркацион стенозларни стентлаш, ўткир коронар синдромда диагностика ва даволаш тактикаси бўйича мутахассислар маҳорати оширилади.
Андижон, Фарғона ва Наманган вилоятларида маҳаллий мутахассислар томонидан мустақил равишда эндоваскуляр йўл билан септал деффектларни окклюдер билан ёпиш, кардиожарроҳликда миниинвазив ёндашув бўйича маҳорат курсларини ўтказиш, мобил электрофизиологик гуруҳ чиқишларида РЧА бўйича амалий кўникмаларни ошириш ва эндоваскуляр симуляцион маҳорат дарслари ўтказилади.
Сурхондарё, Жиззах, Андижон ва Фарғона вилоят филиалларида, марказнинг юрак аритмиялари ва радиочастотали абляциясини электрофизиологик ўрганиш учун мобил ускуна тўплами орқали мураккаб радиочастотали абляция амалиётларини ўтказиш йўлга қўйилади. Натижада 5 турдаги тахиаритмиялар филиалларда даволанади.
Бунинг натижасида беморларнинг ортиқча вақт ва маблағ сарфлаб хорижга, пойтахтимиз ва вилоятлар марказларига қатнашига барҳам берилади.
Иккинчидан, туман шифохоналарида фаолият олиб бораётган 1 060 нафар мутахассислар иш жойининг ўзида малакасини оширади, вилоят муассасаларидаги 50 нафар, Марказдаги 46 нафар мутахассислар 7 та чет давлатлардаги нуфузли клиникаларда малакасини оширади.
Марказ ва вилоят филиалларидан 12 та нозологиядаги кардиологик касалликлар муаммолари бўйича 40 нафардан ортиқ мутахассис илмий изланишларини олиб боряпти ва илмий натижалари амалиётга татбиқ этилмоқда.
Жумладан, миниинвазив кардиожарроҳлик, уриб турган юракда ўтказиладиган клапан касалликларини жарроҳлик йўли билан даволаш, интервенцион амалиётлар, эндоваскуляр аритмология усулида бўлмачалар фибрилляцияси ва мураккаб юрак аритмияларини даволашнинг 3-D Carto тизимида янги даволаш усуллари, коронар томирлар касалликларини ноинвазив диагностикаси, нур ташхислаш усуллари, юрак касалликларининг молекуляр-генетик диагностикаси, оилавий гиперхолестеринемия муаммолари, қандли диабетнинг юрак-қон томир асоратлари мавзуларида илмий ишлар олиб борилмоқда.
Учинчидан, ихтисослашган тиббий ёрдам хизматини туман даражасида кўтариш мақсадида Марказ ва унинг филиаллари 2025 йилда ҳар бир ҳудуддан 2 тадан (жами 28 та) туман ҳамда шаҳарларни намунавий ва илғор қилишга кафолат беради.
Тўртинчидан, кардиология йўналишида илмий тадқиқотлар кўламини ошириш, уларнинг натижаларини амалиётга кенг жорий этиш учун юрак-қон томир касалликларини эрта аниқлаш, ташхислаш ва даволаш, асоратларнинг олдини олиш ва кардиореабилитация борасидаги долзарб муаммоларни тадқиқ қилиш бўйича 5 та амалий тадқиқотлар, дастурлар ва лойиҳалар амалга оширилади.
Бешинчидан, халқаро ҳамкорликни ривожлантириш, мамлакатимиз кардиологик хизматининг мавқеи ва нуфузини ошириш, шунингдек, тажриба алмашиш, маҳаллий мутахассисларга маҳорат дарслари ўтказиш, янги технологияларни амалиётга жорий қилиш ва ҳудудларда тиббий кўриклар ва операцияларни ўтказиш мақсадида 6 та давлатдан (Хитой, Италия, Россия, Туркия, Беларус, Озарбайжон) 19 нафар мутахассислар ташрифи амалга оширилади. Бундан ташқари, кардиология соҳасида тиббий туризмни ривожлантириш тадбирлари амалга оширилади.
Олтинчидан, Марказ ва ҳудудий филиалларда функционал диагностика хоналари, компьютер томография бўлимлари, юқоритехнологик амалиёт бўлимларида дастурий таъминот ва сунъий интеллект дастурлари татбиқ қилиш орқали кардиологик хизматини яхшилаш чоралари кўрилади.
Давлат-хусусий шериклиги асосида Марказнинг фойдаланишга яроқсиз бўлган биноси негизида 6 қаватли кўп тармоқли клиника биносини қуриш ҳамда тўлиқ жиҳозлаш (МРТ, МСКТ, Ангиограф, рентген ускуналари ва ҳ.к.) ишлари амалга оширилади.
Ҳурматли юртдошлар, азиз ҳамкасблар!
Ишончимиз комил, барчамиз бугунги ислоҳотларни чуқур англаган ҳолда, уларни амалга оширишда фаол иштирок этсак, ҳалол ва фидокорона меҳнатимиз билан, албатта, янада юксак марраларни забт этамиз.
Шу ўринда, халқимиздан саломатлигини, шу жумладан, юрак-қон томир касалликларининг олдини олишда барчамиз ҳамжиҳатликда ҳаракатларни амалга оширишимиз муҳимлигини, соғлом турмуш тарзига риоя қилиш, бадантарбия қилиш, “Соғлом таом” тамойили асосида тўғри овқатланиш, жисмоний фаолликни кундалик эҳтиёж сифатида шакллантиришни сўраб қоламан.
Зеро, ҳар қандай касалликни даволашдан кўра унинг олдини олиш афзаллигини алломаларимиз томонидан кўп ва хўп таъкидланган. Шунинг учун биз, шифокорлар профилактика учун, халқимиз эса ўз соғлиғини асраш ва шифокор тавсиясини бажариш учун масъул бўлиши керак.
Биз халқимизнинг саломатлигини ишончли ҳимоя қилишдек масъулиятли ва шарафли йўлда бор куч ва имкониятларимизни тўлиқ сафарбар қиламиз.
