Сўнгги йилларда сайёрамизда қандли диабет касаллиги тобора ёшариб бормоқда. Биргина Фарғона вилоятида 25 ёшгача бўлган ёшлар ўрасида 700 нафардан ортиқ шундай бемор рўйхатга олинган.
14 ноябрь – Халқаро қандли диабетга қарши кураш куни муносабати билан “Адолат” СДП Фарғона вилоят кенгаши томонидан вилоят Эндокринология маркази, вилоят Қўғирчоқ театри жамоаси ҳамкорлигида хасталикка чалинган болажонлар иштирокида хайрия тадбири ташкил этилди.
Инсон ҳар қандай шароитда ҳам эзгу мақсад сари дадил интилса, мақсадларига эришиши мумкин. Тадбир иштирокчилари орасида спорт ва китобхонлик танловларининг ғолиблари, креатив ғоялари билан ҳунармандчилик соҳасида яхши натижаларга эришаётган иқтидорли ўғил-қизлар, ёш рассомлар борлиги эътиборга сазовор. “Адолат” СДП Фарғона вилоят кенгаши раиси Шаҳноза Ғаниева мамлакатимизда аҳоли саломатлиги, айниқса, келажагимиз бўлган ёш авлод саломатлиги муҳофазасига қаратилган юксак эътибор ва ғамхўрликлар ҳақида сўз юритиб, энг фаол ёшларга партиянинг эсдалик совғаларини топширди.
– Аҳолининг тиббий маданиятини ошириш, касалликни эрта аниқлаш ва даволаш орқали халқимизнинг саломатлиги муҳофазасига муносиб улуш қўшиш ҳамиша долзарб вазифалардан биридир. Бугунги тадбир ҳам ўғил-қизларимизни руҳан-маънан қўллаб-қувватлаш орқали уларга байрамона кайфиятни бахш этишга, барча тенгдошлари қатори эзгу мақсадларини амалга ошириш учун курашиб яшашга даъват этишга қаратилганлиги билан биз учун қадрли, – дейди эндокринология маркази шифокори Муқаддас Узоқова.
Тадбир давомида Фарғона вилоят Қўғирчоқ театри жамоаси томонидан “Қувончли кун” спектакли намойиш этилди.
– Бугун биз учун жуда ҳам унутилмас кун бўлди, – дейди Нодирахон Қосимова. – Кўп дўстларим қатори совғалар олдик. Спектакль томоша қилдик. Мириқиб дам олдик. Бунинг учун барча ташкилотчиларга раҳмат.
– Қизим Мунисахон Аҳмаджонова 7 ёшга тўлди. Бир йилдирки, диабет касаллиги билан курашиб келамиз. Эндокринология маркази шифокорлари, ҳамшираларига катта раҳмат. Айниқса, Оҳистахон Каримова, Муқаддамхон Узақоваларни алоҳида қадрлаймиз. Улар болаларимиз саломатлигини доимий назорат қилиб, барча ёрдамни бериб келишяпти. Бугун болажонларимизнинг кўзларидаги шодликни кўриб ҳаммамизнинг севинчимиз ичимизга сиғмайди. Ўғил-қизларимизнинг ҳаётга бўлган муҳаббати ва ишончи янада ортди. Қизим эндокринолог шифокор бўлмоқчи. Тинимсиз ўқиб-ўрганади. Келажакда ўзи сингари болаларни даволамоқчи, – дейди Умидахон Мўминова.
Тадбирга кўплаб тадбиркорлар ўз совғалари билан келиб, болажонларга қувонч улашдилар ва ўзларининг самимий тилакларини билдирдилар.
