Партиянинг кейинги беш йилликка мўлжалланган Сайловолди дастурида талабаларнинг истиқомат қилиш шароитлари билан боғлиқ муаммоларини бартараф этиш мақсадида ҳар бир олий таълим муассасаси ҳузурида талабалар сонига мос равишда турар жойлар барпо этиш чораларини кўриш таклифи ҳам ўрин олган эди.
Ана шундай хайрли ишлардан бири Наманган Давлат университетида ўз ифодасини топти. Мазкур таълим муассасаси талабалари учун замонавий лойиҳа асосида 7 қаватдан иборат, 650 ўринли турар жойи биноси қуриб битказилиб, фойдаланишга топширилди. Наманган шаҳрининг Бобуршоҳ кўчасидаги ҳудудда қад ростлаган мазкур ётоқхона қурилиши учун университетнинг соф фойдаси ҳисобидан 36 миллиард сўм маблағ сарфланган.
Мазкур университетда айни пайтда 17589 нафар талаба мавжуд бўлиб, уларнинг 8225 нафари кундузги тизимда таълим олишмоқда. Шундан 2311 нафар талабанинг турар жойга эҳтиёжи бор.
Фойдаланишга топширилган талабалар турар-жой биносида «Беш ташаббус» хонаси мавжуд. Шунингдек, бинода ахборот технологиялари, шахмат ва пазандачилик тўгараклари учун махсус хоналар ташкил этилгани ёшларнинг бўш вақти мазмунли ўтишини таъминлабгина қолмасдан, уларни ахборот технологиялари соҳасида қўшимча билим олиши, спорт тури билан шуғулланиши, айниқса, талаба-қизларни ошхона сирларидан воқиф бўлиб боришларига хизмат қилади. Хоналарнинг барчаси зарур техника воситалари ва жиҳозлар билан таъминланган.
Энг муҳими, янги бинонинг том қисмига қуёш панеллари ўрнатилган бўлиб, талабалар турар жойида узлуксиз ва тежамкор электр энергиясидан фойдаланиш имкони яратилган.
Университет раҳбарияти томонидан келгусида яна 1200 ўринли талабалар турар жойи биносини бунёд этиш режалаштирилган. Демак, қурилиш ишлари давом эттирилса, келгусида яна 2000 нафар талабанинг турар жойга бўлган эҳтиёжи қондирилади.
Яратилаётган шароитларга жавобан университет талабалари ҳам муносиб жавоб қайтарига ҳаракат қилмоқдалар. Жумладан, “Беш ташаббус” доирасида вилоят маҳаллалари кесимида Бош прокурор кубоги учун ўтказилган кураш мусобақасида университетнинг педагогика факультети спорт йўналиши талабалари Эъзоза Раҳимжонова, Гулҳаё Муродова, Ҳалиса Ҳабибуллаева ҳамда Муҳаммадали Тўхтаназаров, Жаҳонгир Бойларов, Жамшид Жўрабоев ғолиблик шоҳсупасига кўтарилиб, республика босқичига йўлланма олишди. “Жаҳолатга қарши маърифат” мавзусида ўтказилган маънавий-маърифий танловда юрт тинчлиги ва халқ фаровонлиги ҳар нарсадан муҳимлигини расмларда акс эттирган педагогика факультети талабаси Одина Тоҳирова, биотехнология факультети талабаси Лола Баҳодирова ва ижтимоий фанлар факультети талабаси Фотима Тожибоева маҳорат эгаси эканлигини намоён этган бўлсалар, педагогика факультети талабалари ўртасида палов тайёрлаш бўйича йигитларнинг пазандалик маҳорати синовдан ўтказилди ва “Ошпазлар” жамоаси юқори ўринга лойиқ топилди.
Муҳиддин ИМОМАДИЕВ,
Наманган вилоят Кенгаши матбуот котиби
