Устозлик улуғ мақом. Бу номга доғ тушириш ёки шунга уриниш аслида кечириб бўлмас айб ҳисобланади. Шу боис эл орасида ушбу масалага дахлдор яхши-ёмон гап-сўзлар қўзғалган пайтда хаёлимизга «Устоз – отангдай улуғ», деган ибора келади. Лекин, гапнинг очиғи, устозига ҳурматсизлик қилган ёки қўл кўтарган ўқувчилар ҳақида хабарлар тарқалса, қалбимга оғриқ киради. «Қайси хатойимиз туфайли шу ҳолга келиб қолдик? Қаерда адашдик?» деб ўзимга савол бераман. Бу каби воқеа рўй берса, унинг атрофида фисқу фасод гаплар айланаверади. Шаъни поймол қилинган ўқитувчи қўл силтаб, мактаб билан хайрлашади. Шов-шувлар «ўқитувчи ёки директор ишдан четлатилди» деган хабар билан якун топади. Ва орадан ҳеч қанча вақт ўтмасдан яна шу мазмундаги ҳолат қайсидир мактабда такрорланади. Лекин, бирорта ҳолатда устозга нисбатан ҳурматсизлик қилган ўқувчи ёки унинг ота-онаси қонун олдида жавобгарликка тортилганлиги ҳақида лом-мим дейилмайди.
Ўқитувчи ёки ўқувчи билан боғлиқ биздагидай машмашалар чет элларда ҳам содир бўладими, йўқми, билмадим, лекин ривожланган давлатларда жамият ҳаётини ўзгартиришга қаратилган ислоҳотлар, аввало, таълим тизимидан бошланганига гувоҳлигимиз бор. Бирор ижтимоий тармоқда тармоқда фалон давлатда ўқувчи устозига қўл кўтарибди ёки аксинча, ўқитувчи ўқувчини калтаклабди, деган хабарни эшитмаймиз. Аксинча, хориждаги ўқитувчининг обрўси билан боғлиқ шарт-шароит, қонун-қоидалар ҳақида ижтимоий тармоқлар ёки оммавий нашрларда тарқатилган маълумотларни ўқиб, ҳайратланамиз. Бундан шу нарса маълум бўладики, ҳар ким ўзида борини тарғиб қилади. Масалан, ишончли манбаларда маълум қилинишича, Жанубий Кореяда ўқитувчи итоатсиз ўқувчиларни жисмоний жазолаш ҳуқуқига эга бўлиб, болаларнинг кафтларига калтак билан уриши мумкин ва бунинг учун ота-оналар мутлақо эътироз билдирмас экан. Германияда ўқувчи дарсдан қочса, бу иш билан вояга етмаганлар хизмати машғул бўлиб, тегишли чора кўради. Ойига 3 кундан ортиқ сабабсиз дарс қолдирган ўқувчилар ҳақида мактаб маъмурияти полицияга хабар берса, айбнинг катта-кичиклиги ҳисобга олиниб, жавобгар шахслар 1000дан 2500 еврогача жаримага тортилади. Францияда эса ўқувчи ойда тўрт мартадан кўп дарс қолдирса, 150 долларгача жарима тўлар ва ўқишни қолдириш боланинг таълимига таъсир қилаётган бўлса, уларнинг ота-оналари 2 йиллик қамоқ жазоси ва 33 минг доллардан ортиқ миқдорда жаримага тортилар экан. Куни-кеча Қирғизистондаги мактабларнинг бирида бир аёл синф хонасига кириб, ўқитувчига тазйиқ ўтказгани учун жавобгарлик иши очилгани маълум қилинди. Ибратли ва қизиқ-а! Нега бизда шундай жазо чоралари қонунлаштирилмайди? Балки бордир, бироқ юз-хотирлик қилиб, хаспўшлаймиз…
Ушбу ҳолатларни ўрганиш ва ўз мулоҳазаларим билан ўртоқлашиш мақсадида мавзуга дахлдор мақола ёзиш ниятида юрган пайтимда, иттифоқо, тарих фанлари номзоди Бахтиёр ака Исоқов билан учрашиб қолдим ва вазиятдан фойдаланиб сўрадим:
– Бахтиёр ака, тажрибали устоз сифатида айтинг-чи, ўқитувчи ва ўқувчи орасидаги можароларнинг давомийлигига сабаб нима? Бундай хунук воқеаларнинг асл айбдори шахсми ёки шароит? – Ўқитувчилик ва шифокорлик илоҳий, – деди Бахтиёр ака, – иккиси учун чегара йўқ. Хоҳлайдими-йўқми, умрининг охиригача ўқитувчи ҳам, шифокор ҳам касбидан алоҳида яшолмайди. Агар икки касб эгасининг хаёли тирикчилик ва етишмовчилик билан банд бўлса, улар ҳеч қачон ўз касбининг эгаси бўлолмайди. Масалан, ўқитувчи ўқувчига янги гапни айтиши керак. Китобдагисини ўқувчининг ўзи ўқиб олаверади. Ўз устида ишлаш у ёқда қолиб, далага экиб қўйган пиёз, сабзи, карами ҳақида ўйлайдиган ўқитувчини «устоз» деб бўладими? Ахир дарс жараёнида унинг фикри-хаёли даласида бўлади-ку! Устознинг хаёли даласида бўлса, шогирднинг хаёли қаерда бўлади?
Одам қобилиятли бўлиши мумкин, лекин вақтини бошқа нарсага сарфласа, ундан наф йўқ…
Ўртамизда бўлиб ўтган қисқа савол-жавоб калаванинг бир учини топишга ёрдам берди.
Ўтган замонларда диёримиздан шу қадар кўп устозлар етишиб чиққанки, улар шарофати билан дунё аҳли орасида қаддимизни тик тутиб юрибмиз.
Бугун нега ўша анъаналарни давом эттирмаяпмиз? «Илгари ўқитувчининг обрўси баланд эди», дейдиган ота-оналар бугун нега бефарқ? Бугунги замонда ўзига тўқ киши фарзандини ўқитиш учун билим эмас, пул муҳим, деб ўйлайди. Бундан руҳланган бола, албатта, ўқишга эътибор қаратмайди, ўқитувчини менсимайди. Ваҳоланки, Францияда бойлар ўз яшаш жойлари билан мақтаниш учун ўқитувчилар билан бир ҳудудда яшашга интилса, Японияда ўқитувчи соясини топтамаслик учун ундан етти қадам ортда юришга даъват этилади. Швецияликлар фарзандлари ўқитувчиликни танласа беҳад хурсанд бўлишади. Демак, қайсидир пулдорга, бойваччага эмас, ўқитувчи-устозга бўлган ҳурматнинг юқори экани ҳисобига ўша давлатларда илм-фанда ва иқтисодиётда ўсиш юқори сурътда давом этмоқда.
Ўтган аждодларимиз нафақат устозининг ўзини, балки унинг яқинлари ва ҳатто унинг ҳамюртларига ҳам ҳурмат бажо келтирган. Айни замонда ҳам, эсдан чиқармайлик, чет элларда буюк боболаримиз туфайли қанчалик ҳурмат-эҳтиромга сазовор бўлиб келяпмиз.
Имоми Аъзам Абу Ҳанифа: «Устозим Ҳаммоднинг ҳурмати учун унинг уйи томонга оёғимни узатмаганман. Ҳолбуки, унинг уйи билан менинг уйим орасида еттита кўча бор эди. Ҳаммод вафот этгандан сўнг қачон намоз ўқисам ҳар сафар, албатта, ота-онамга қўшиб, унга ҳам Аллоҳдан мағфират сўраганман», деган экан.
Шундай юксак мартабага эришиш учун устоз мақомидаги киши ҳар бир босган қадами ва амаллари билан каттаю кичикка бирдек ибрат бўлиши керак. Улуғлик мақомига эришган устозларнинг кўпчилиги шундай сифатларга эга бўлишган. Афсуски, бугунги замон ўқитувчиларининг баъзилари юқорида тилга олинган хислатлардан узоқда. Ўқитувчи бўла туриб, ахлоқсизлик қилаётганлар озми? Устоз барча ўқувчига бирдек муносабатда бўлиши керак. Бироқ бир синфда таълим-тарбия олаётган ўқувчиларни кимнинг фарзанди эканига қараб муомала қилиш, баҳолаш, рағбатлантириш каби ҳолатлар урчиб ётибди. Бу ҳолат нафақат тенгсизлик аломати, балки боланинг келажак ҳаётига путур етказиш белгиси ҳам. Ўқитувчисининг маиший бузуқ эканидан хабардор бўлган ўқувчи қандай қилиб уни ҳурмат қилсин? Ўз ўқувчиси билан муштлашиб юрадиган кишини устоз деб бўладими? Фикру хаёлида бемаза фикрлар изғиб юрадиган одам устозлик қила оладими? Таъма иллат экани ҳақида оғиз кўпиртириб, ўқувчиларига тарбиявий сабоқ бераман деб, вақтини беҳуда совуриб юрадиган ўқитувчи, бетини қаттиқ қилиб, дарсга келмаган ўқувчидан пул сўрайдиган ёки ниманингдир эвазига чорак баҳоларини яхшилаб беришга шама қиладиган устоз қайси юз билан шогирдидан иззат талаб қила олади?
Ўзим мактабда сабоқ берган кўплаб устозларимни ҳали-ҳануз ҳурмат билан эслайман. Айни пайтда ана ўша устозларнинг фарзандлари ва набиралари анъанани давом эттириб, қишлоғимиздаги учта мактабда ота-боболари изидан бориб, ўқитувчилик қилишмоқда. Ҳар бирининг ўзига яраша обрўси бор. Устозларим ҳурматидан уларни ҳам иззатини жойига қўяман. Менимча, ўқитувчиликда сулола яратган бундай оилаларнинг давомчиларига ҳам олий ўқув юртларига киришда давлат имтиёзлари қўлланилса, мақсадга мувофиқ бўларди.
Таълим тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар туфайли изланувчан устозларнинг даромадлари ҳам сезиларли даражада ошиб бормоқда. Бунга Тошкент шаҳрида жойлашган Абу Али ибн Сино номидаги ихтисослаштирилган мактаб ўқитувчиси, 23 ёшли Моҳира Болтаевани мисол тариқасида кўрсатиш мумкин. 2019 йилда кимё бўйича халқаро олимпиадада кумуш медални қўлга киритган Моҳира Болтаева айни пайтда ўқувчиларини халқаро олимпиадаларда иштирокини таъминлаб, сўнгги уч йиллик натижарига кўра умумий ҳисобда 1 миллиард сўм мукофот олишга эришган. Бундай ўқитувчилар сафи таълим соҳасида йилдан-йилга кўпайиб бормоқда.
Менимча, ўқитувчиларни аттестация ва турли синовлардан ўтказиш тартибини соддалаштириш керак. Масалан, синов ва аттестацияларни ёзги таътил пайтида ўтказиб, ҳар қандай ўқитувчининг эришган натижаси, яъни ўқувчиларининг олимпиадалардаги самарали иштирокига қараб баҳолаб борилса, мақсадга мувофиқ бўларди.
Ўқувчилар масаласида тўхталадиган бўлсак, аввало уларнинг ахлоқи биринчи ўринга қўйилиши зарур. Бу борада ота-оналар билан қатъий шартнома тузиб, уларда фарзандининг келажаги учун масъуллиги ва жавобгарлигини ошириш лозим. Боланинг қандай иқтидорга эга экани оилабошиларга маълум. Ўқишга иштиёқи йўқ болани мажбурлаб ўқитиб бўлмайди. Унинг қизиқишини ҳисобга олиб, ҳунар сирларини ўргатишга йўналтириш керак. Японлар болани кичик ёшидан меҳнатга ўргатади. Болалар синфхоналарини ва мактаб ҳовлисига қўшиб, ҳожатхонани ҳам ўзлари тозалайдилар. Мактабларда интизомга қатъий риоя қилинади. Кеч қолиш, бўяниш ёки формасиз дарсга кириш жисмоний меҳнат ёки дарра билан жазоланади. Бизда бундай тарбия ҳақида оғиз очиб бўлмайди.
Ҳусайн Воиз Кошифий шогирд одоби ҳақида шундай дейди: “Устоз қабулига кирганда ёки устозини кўрганда, биринчи бўлиб салом бериш; устознинг олдида оз гапириш ва бошни олдинга эгиб туриш, кўзни ҳар томонга югуртирмаслик; агар масала сўрамоқчи бўлса, олдин устоздан ижозат олиш; устоз жавоб айтганда, эътироз билдирмаслик; устоз олдида бошқаларни ғийбат қилмаслик; ўтириб-туришда ҳурматни тўлиқ сақлаш.
Шогирднинг руҳий оламининг замини – поклик, дўстлик, ҳамкорлик, ҳамжиҳатлик, садоқат, меҳр-мурувватлилик, касб танлаш имконияти, ватанпарварлик, миллий ифтихор, инсонпарварлик, хушмуомалалик, озодалик, покизалик, самимийлик, зийраклик, ташаббускорлик, инсофлилик, ростгўйлик, ор-номуслилик, ҳамжиҳатбарорлик, андишалик, катталарни ҳурмат қилиш, соф муҳаббатни қадрлаш, вазминлик, тўғрилик, устозини ҳурматлаш, ота-онасини ҳурматлаш кабилардир”.
Менимча, Кошифийнинг бу тавсияларини японлар аллақачон пухта ўзлаштириб, тарбия мазмунига айлантириб олишган. Биз эса, бу эски замон тарбия услуби, деб хулоса чиқарамиз. Тарбиянинг янгиси бетгачопарликми, безбетликми ёки ўзбилармонликми? Агар шу янгича хислатимиз фойдамизга ишлаганда таслим бўлардик. Лекин фақат зараримизга ишлаяпти-ку! Нега кўзимиз очилмайди?
Аслида тарбиясиз оиланинг боласи ҳам ўзига ўхшаган бўлади. Ҳеч қачон қуённинг боласи бўри, чаённинг боласи чигиртка бўлмайди. Асабини жиловлай олмайдиган ўқитувчига ҳам, устозини ҳурмат қилмайдиган ўқувчига ҳам жиддий жазо чораларини кўрилиши керак.
Шу ўринда фарзанд тарбияси ва унинг таълим олиши ҳақида гап кетганда, устоз Оқшамсиддин, Мурод Иккинчи ва унинг тўполончи ўғли Султон Муҳаммад ҳақидаги воқеа ҳамма учун ибрат бўла олади, деб ўйлайман. Оқшамсиддин Мурод Иккинчи билан маслаҳатлашиб, унинг ўғлини тартибга солиш учун бир режа тузишади. Режага асосан устоз Оқшамсиддин дарс пайтида рухсатсиз кириб келган Мурод Иккинчининг (розилиги билан) юзига тарсаки тортади. Бу ҳол устозни менсимай, ҳурматсиз қилиқлар қилувчи шаҳзодани тартибга солган ва у охир-оқибат Фотиҳ Султон Муҳаммадхон бўлиб тарихда ўчмас из қолдирган.
Бу ибратли воқеа ҳақида кўп гапириб келинади. Лекин орамизда ҳеч бир мансабдор Мурод Иккинчи амалга оширган ишни такрорлашни ўзгига эп кўрмайди. Агар шу ишни кимдир уддаласа эди, унинг ҳам арзандаси Истанбулни фатҳ қилган Султон Муҳаммадхон сингари буюк шахс сифатида тарихда қолар ва ўзи эса бир умр ибратли ота сифатида тилга олинадиган бўлармиди?!
