Маълумки, ер юзида сув танқислиги йилдан-йилга глобал тус олмоқда. Ушбу муаммо дунё давлатларининг эътибор марказидаги долзарб масалалардан бирига айланган.
Ёзда кузатилаётган ҳаддан ташқари қурғоқчилик ва ғайритабиий жазирама ичимлик ва суғориш суви танқислигини келтириб чиқармоқда. Бу эса қишлоқ хўжалиги экинларининг сезиларли даражада камайишига, ҳосилдорликнинг пасайишига, озиқ-овқат маҳсулотлари нархининг ошишига олиб келмоқда.
Бу омилларнинг барчаси минтақанинг озиқ-овқат хавфсизлигига ҳам таҳдид соляпти. Глобал исиш ва рақобатнинг кучайиши эса минтақадаги сув ресурсларига босим ўтказмоқда. Шу боис, сўнгги йилларда мамлакатимизда сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Хусусан, давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 1 мартдаги “Қишлоқ хўжалигида сувни тежайдиган технологияларни жорий этишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори минтақада кузатилаётган сув танқислигининг салбий таъсирини юмшатишга хизмат қилаётир.
“Ўзбекистон – 2030” стратегиясида ҳам сув ишлатиш самарадорлигини 25 фоизга ошириш, қишлоқ хўжалиги экинларини суғоришда сув тежайдиган технологиялар билан қамраб олинган ерларнинг умумий майдонини 2 миллион гектаргача, шу жумладан томчилаб суғориш технологиясини 600 минг гектаргача етказиш устувор вазифа сифатида белгиланган.
Мамлакатимиз раҳбарининг 2024 йил 5 январдаги “Қуйи бўғинда сув ресурсларини бошқариш тизимини такомиллаштириш ҳамда сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори соҳада олиб борилаётган ислоҳотларнинг мантиқий давоми бўлди.
Президентимиз раислигида қишлоқ хўжалигида сув ва энергия манбаларидан оқилона фойдаланиш ҳамда йўқотишларни камайтириш чора-тадбирлари юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида ҳам сувдан оқилона фойдаланиш масаласига алоҳида эътибор қаратилиб, мутасаддилар олдига аниқ вазифалар белгилаб берилди.
Албатта, бугун дунёда экологик муаммолар, табиий офатлар кўпайиб бораётган бир пайтда мамлакатимизда сув тежовчи технологияларни жорий қилиш, бу неъматни асраб-авайлаш бўйича салмоқли ишлар қилинмоқда. Хусусан, 550 километр канал ва ариқлар бетонлангани эвазига 200 минг гектарда сув яхшиланди.
Фермер ва кластерлар томонидан 13 минг километр ички тармоқ бетонлашгани, сув бошқаруви ислоҳ қилиниб, туманларда сувни ҳисобга олиш тизими шакллангани, фермерлар сувни ҳисоб-китоб қилишни ўргангани ҳам бугун яхши натижа берди, десак янглишмаймиз. Шаффоф тизим йўлга қўйилгани туфайли эса бу йил ерга 2 карра кўп сув борди.
Кейинги йилларда соҳада олиб борилаётган ишлар кўлами ошгани эътиборга молик. Аммо айрим масалалар ҳам йўқ эмас. Жумладан, кластер ва фермерларга етказиб берилаётган ҳар бир куб метр сувга республика бўйича ўртача 212 сўм харажат қилинмоқда. Бухоро, Қашқадарё ва Наманган вилоятларида эса бу 2-3 баробар қиммат.
Шунингдек, ўрта ва майда насослар эскилиги сабабли сув таннархи ошиб кетмоқда. Бетонлаш ҳисобига йўқотиш 10-15 фоизга камайган бўлса-да, 20 та туманда бу кўрсаткич юқори. Шу каби муаммолардан келиб чиқиб, йиғилишда галдаги вазифалар белгиланди. Бу бежиз эмас. Сувни тежашга ўтиш суғориладиган ерлар салоҳиятини сақлаб қолиш ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш муаммосининг асосий ечимларидан биридир.
Сув хўжалиги соҳасида кескин ўзгариш қилишнинг яна бир йўли — бу рақамлаштириш, десак муболаға бўлмайди. Шу сабабли насос станцияларига онлайн назорат ва “ақлли сув” қурилмалари олиб келинган. Лекин улардан олинадиган маълумотларни жамлаб, таҳлил қиладиган ахборот тизими йўқ. Сув истеъмоли ва ҳисоб-китоби эса ўта мураккаб.
Бу борада вазирлик ҳузурида Сув хўжалигини рақамлаштириш маркази тузилиши белгилангани айни муддао бўлди. Унда сув истеъмоли ва ҳисобини юритишнинг ягона ахборот тизими ишга туширилади. Яъни, сувдан оқилона ва самарали фойдаланиш, уни бошқариш керак. Бу орқали келажакда кутиладиган сув танқислигининг олдини олиш мумкин.
Умуман олганда, сув танқислиги – глобал муаммо ҳисобланади. Бундай шароитда дунёнинг кўплаб мамлакатлари қатори Ўзбекистонда ҳам сув ресурсларидан оқилона фойдаланишга оид муҳим чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Йиғилишда белгилаб берилган вазифалар нафақат сув сарфини камайтириш имконини беради, балки яшил иқтисодиётга ўтишнинг муҳим элементига айланади.
